Коинот пульси

ёки “Аргументы и факты” газетасининг “кўз ойнаги”

• Ҳақиқатнинг юрагига ойна тутиб…
• 33,5 миллион ададда Гиннеснинг рекордлар китобидаги газета
• Старков мактабида старт олиб…
• “АиФ”нинг “қайнар хумча”си
• Распутиннинг уч ҳисса қалам ҳақи
• Халқ қалбига қўйилган термометр

“Аргументы и факты” Россиянинг халқаро миқёсда донғи кетган газеталаридан бири. Қайси минтақада тарқалаётганига қараб 32 саҳифадан 64 саҳифагача чиқади. Газета олдин рисола(брошюра)шаклида, 1978 йилдан буён газета кўринишида чоп этилади. Адади 1 миллион 500 минг нусха. Газетанинг 66 та таҳририяти Россияда, 16 таси эса хорижда жойлашган.
“Аргументы и факты” 1990 йилда дунё­да энг кўп ададда чиқаётган газета сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига кирди. Ўша пайтда газета 33 441 100 ададда чиққан. Тўғри, газета ғаройиб адади сабаб Гиннеснинг рекордлар китобига кирган бўлиши мумкин. Бироқ ушбу ададга шунчаки пойга ўйнаб етиб олмаганлиги аниқ.

“Аргументы и факты” 1978 йил январь ойидан чиқа бошлаган бўлса, ўзининг мазмун-мундарижасию, ташқи дизайнларини бир неча бор ўзгартирган. Лекин унинг ўқишлилиги, савияси, ҳаёт томирларига тўғри туша олиш сало­ҳияти ўзгаргани йўқ. Ушбу нашр шу пайтга қадар Россия газеталари ичида ҳажм нуқтаи назаридан лидерликни қўлдан бой бергани йўқ. Мана қўлимда “Аргументы и факты”нинг 2020 йил 21-27 май кунларидаги нашри. Унинг саҳифаларидан бир-биридан қизиқ, ўтли мақолалар, фоторепортажлар ўрин олган.
Юқорида биз газета орадаги йиллар мобайнида бир неча марта шаклу шамойилини ўзгартирганлигини айтиб ўтдик: 1983 йилда газета замонавий шакл­­га кирган, 2006 йилдан эса рангли тарзда чиқа бошлаган.
Газета 60 дан ортиқ мамлакатга тарқалади. Битта сонини тахминан 4,5 миллион одам ўқийди. Сайтига эса ҳар куни 28 миллион одам ташриф буюради. 2015 йилда “АиФ” “Урушнинг болалик китоби. 1941-1945 йил кундаликлари” номли китоб ва аудиокитобни нашрдан чиқарди. Бу китоб “АиФ” саҳифаларидан ўрин олган сара ҳикоя, мақола ва эсселардан иборат бўлиб, катта ададларда чоп этилди ва китобхонлар орасида юқори баҳоланди.
Газета ўз тарихида уч нафар бош муҳаррирни кўрди: Владислав Старков (1978-2001), Николай Зятьков (2001-2016), Игорь Черняк (2017 йилдан то ҳозиргача).
“АиФ” жуда кўп мамлакакатларда газетхонлар қўлига етиб боради. МДҲ давлатлари, АҚШ, Канада, Австралия, Исроил, Европа мамлакатлари газетхонлари ушбу газетани бирдай яхши кўриб ўқишади. Хўш, бугун манаман деган зиёлилар ҳам “Газета ўзи керакми?” деган мавзуни қўйиб турган бир пайт­­да “АиФ”нинг бу қадар барча мамлакатларда шуҳрат қанотини ёзишини нима таъминлаб берган? Аввало, газетадаги мавзулар ранг-баранглиги ва унинг ёритилиш услуби. У Россия ва хориждаги воқеаларнинг ёритилишига бирдай эътибор қаратди. Таҳлил ва изоҳ, маданият ва спорт, иқтисод ва бизниес оламидаги умумлашма ва таҳлилий қарашлар ҳамманинг эътиборини тортди. Энг муҳим янгиликлар қисқа, максимал даражада лўнда ва аниқ қилиб берилади ва олдинги саҳифаларга жойлаштирилади. Ўқувчи булар учун 10-15 дақиқа вақт сарфлайди, мамлакат ва хориж ҳаётидаги муҳим иқтисодий, сиёсий, маданий ҳодисалардан огоҳ бўлади. Газетадаги “АиФ Мос­ква”, “АиФ Боғҳовлида”, “АиФ супер­юлдузлар”, “АиФ тарих”, “АиФ она ва қиз”, “АиФ юз ёшлилар”, “АиФ мен ҳаммасини билишни истайман”, “АиФ оилавий маслаҳат”, “АиФ болалар энциклопедияси” каби рукнлар бир қарашдаёқ кўзга ҳам, кўнгилга ҳам ёқади.
Энг муҳим жиҳат, ҳақиқат газетанинг қиёфасига айланди. Халқ бу газетани яхши кўрди. Чунки газетада халқ ўзининг дардларини, уқубатли ҳаёт тарзини шудгорланган далага сочилган уруғ янглиғ кўрди. Шу боис газетанинг халқ ҳаётидаги ўрни кундан-кунга кенгайди. Муҳими, “АиФ” халққа ёт тилда эмас, унинг ўз тилида гапира бошлади. Шу учун одамлар ушбу газетани ўқишни ўзининг ҳаёт тарзининг бир бўлагига айлантириб олишди. Газета мухбирларининг тезкорлиги, ёлғон ёзмаслиги, халқ томонидан туриб фикр юритиши, сиёсий нейтрал ҳолатда қолмаганлиги, газетани кундан-кунга ўқишлилигини оширди, ер шари бўйлаб шуҳрат келтирди. Газетада реклама ва оммабоп материалларга ўрин ажратилмади. Журналистлар доим халқ орасида бўлиб оддий халқ дардини ўрганиб, унга тўғри ташхис қўя билишди. Шу учун ҳам “АиФ” мақолаларига кўзингиз тушиши билан халқ дарди миянгиз ва юрагингизда портлай бошлайди.
Газета юқори малакали журналистларнинг профессионал даражадаги материаллари билан кескин ажралиб туради. Газетанинг бу даражага кўтарилишида унинг илк бош муҳаррири Владислав Андреевич Старковнинг хизматларини алоҳида эътироф этиш керак. Хусусан, “АиФ”нинг 2020 йил 27 февраль – 4 март сонларида чоп этилган Наталья Желнорованинг “Школа Старкова” мақоласида ҳам бош муҳаррирнинг илмий, дунёвий ва журналис­тик салоҳияти ҳақида сўз юртилган. Владислав Старков сабаб газета 33,5 миллион ададга кўтарилган, юқорида айтилганидек, Гиннеснинг рекордлар китобига кирган. Горбачев билан Старков орасида иқтисодий-ижтимоий-сиёсий масалалар муҳокама қилинган. Ҳатто, СССРнинг парчаланиб, Горбачевнинг чекинишида ҳам Старковнинг ҳиссаси катталиги айтилади. Старков ишни бошлар экан жамоадошлари билан, аввало, фақат ҳақиқатни ёзишга, ёлғон ёзмасликка, қаерда халқнинг оғриғи, дарди бўлса, уни излаб топишга онт ичишади.
Шундан сўнг халқ ҳаётини кийиб яшаш газетанинг шиорига айланди. У ҳеч қачон бировларнинг илтимоси билан газета саҳифасида мақолалар тайёрлаган эмас. Чунки газетада эълон қилинадиган ҳар бир материалнинг ортида халқ турарди. Старков “Қайнар хумча”га ўхшарди. Ичида ғоялар қайнаб ётар, жамоанинг ҳар бир аъзосини қаттиқ ҳурмат қилар ва уларни тинглашни хуш кўрарди. Унинг энг хуш кўрган одати – газетхонлардан келадиган мактубларни ўқиш эди. Сўнг эса янги-янги ғоялар билан газетани бойитарди. Старковнинг ориентири виждон эди. Шу учун на ўзининг, на газетанинг виждонига хилоф иш қилмади. “АиФ” худди эластик қанотли қушдек ер шари бўйлаб қанот қоқди, одамлар қалбини қўнимгоҳ қилди.
Айтишларича, кунларнинг бирида Валентин Распутин билан газета учун суҳбат уюштирилади. Распутиннинг жуда камтар ҳаёт кечиришини билган Владислав Андреевич унга уч ҳисса қалам ҳақи қўяди. “АиФ” ва Старков мактаби – ҳалол меҳнат мактаби сифатида бутун дунёга татийдиган журналистлар шажарасини етказиб берди.
Айтилган ҳар бир оғиз сўз учун бош кетиши аён бўлган қалтис Собиқ Иттифоқ дорида юриш ҳамма учун эмас эди. Газета эса айнан ўша қалтис дордан юриш йўлини танлади. Газета ва газета ходимларининг қобилияти, довюраклиги, юрак деган маёқ билан ҳақиқат чўққиси томон дадил ҳаракати ҳаммани қайта-қайта ҳайратлантирган ва ҳайратлантиришда давом этмоқда.
Унинг муқоваларида бир-бирини так­рорламайдиган, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий муаммоларни кўтариб чиққан расмларга кўзингиз тушади. “Сколько денег дадут ребёнка” (Бола учун қанча пул беришади?), “Чаепитие с сахаром или без?” (Шакарли ёки шакарсиз чой дастурхони), “Нужна победа” (Ғалаба керак), “Рубль ослаб, чем укрепить его иммунитет?” (Рубль қадрсизланди, унинг иммунитетини қандай кўтариш мумкин?), “Будут деньги – будут дети” (Пул бўлса, бола туғилади) каби фоторепортажлар юрагингизнинг энг оғриқли нуқталарига тегиб, дардингизни қўзғайди, пармалайди, ҳаётнинг кўзларига янада тикроқ қарашга чоғлайди.
Баъзан бировнинг дардини эшитиш учун кучимиз етмайди: сабримиз тугайди, чарчатади, тани бошқа дард сезмас қабилида иш тутамиз. Бутун халқ дардига қулоқ қўйиб яшаш эса, ўҳ-ҳў-ўўўў, қўяверинг буёғини. Хўш, “АиФ” халқни тинглашдан, унинг танасига ҳадеб термометр қўйишдан чарчамадими? Газетанинг 2020 йилда чоп этилган тахламларини кўздан кечираман “Нищему пожар не страшен” (Камбағалга ёнғин қўр­қинчли эмас) (№13,2020), “Страна полицаев!” (Сотқинлар мамлакати) (№13, 2020), “Не весёлые старты” (Шодликсиз ибтидолар) (12,2020), “Красная зараза, чёрная смерть” (Қизил мараз, қора ўлим) (№10, 2020), “Истории детей, вернувшихся с вой­­ны” (Урушдан қайтган болалар тарихи) (№14,2020) каби мақолаларнинг ҳар бирида катта муаммоларнинг учқур ечимини кўрасиз. Журналист билан бирга гоҳ урушга отланасиз, гоҳ иқтисодий бўҳронларнинг туб-тубида сузасиз, гоҳ аланга ичида қоласиз. Нима бўлганда ҳам воқеаликни сиз кўзойнак орқали эмас ўз кўзларингиз билан кўрасиз. Сизда дардтортиш иллюзияси пайдо бўлади.
Биз бир одам ҳақида эмас, бутун бошли газета, унинг ботир, виждон ва ҳақиқат соясида камолга етган жа­моаси ҳақида гапиряпмиз. Бир пайтлар “АиФ”да буюк инсонларни тушликка таклиф қилиш баҳонасида катта-катта дунёвий масалалар кўтарилган, ушбу суҳбатлар асносида газетада катта-катта материаллар уюштирилган экан. Демак, газета ва газетада ишловчилар учун ҳеч қачон ишдан ташқари ҳолат бўлмаган.
Ҳар гал “АиФ”ни қўлга олар эканман, бизнинг газеталаримиз ҳам қачон мана шундай газеталар билан беллаша оларкин дея, орзу қила­ман…

Гўзал Бегим.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × five =