Адабиётнинг махфий “коди” қаерда?

Таниқли ёзувчи ва таржимон Олим Отахон билан суҳбат

Ҳаётда энг рост сўзни, энг довюрак сўзни миллат дардини ўз дарди деб билган ёзувчи айта олади, шоир айтади. Шу боисдан ҳам халқ шоирларга ишонади, ёзувчига “миллат виждони” деб қарайди. Бугун ҳаётнинг, жамиятнинг муаммолари қалашиб ётган бир пайтда ижодкорнинг ўз юраги ичига қамалиб олишга ҳаққи йўқ! Чунки халқ ҳам, миллат ҳам ундан кечикмайдиган, ўз виждонига ойнага боққан янглиғ қарайдиган Сўзни кутмоқда.
Биз бугунги адабиётнинг жамиятдаги ўрни, айниқса, ўзбек таржимачилигининг нуфузи, таржимачилик заҳматлари ҳақида таниқли ёзувчи Олим Отахон билан суҳбатлашдик. У “Болалик кабутари”, “Оқшом хаёллари”, “Озод қушлар ҳақида қисса”, “Адоқсиз кўчалар” каби китоблар муаллифи, Хулио Кортасарнинг “Биз Глендани шундай яхши кўрамиз”, Ясунари Кавабатанинг “Оқ гуллар” китоблари ва кўплаб жаҳон адиблари асарларининг таржимони сифатида машҳур. Марҳамат, азиз муштарий Сизни ёзувчи билан юзма-юз қолдирамиз!

— Истайсизми-йўқми, ёзувчи-шоирга нисбатан жамиятнинг илғор бир қатлами сифатида муносабатда бўлиб келинади. Бироқ қайсидир (ҳозир номини эслолмадим) рус ёзувчисининг фикрларига кўра, табиатдан баҳра олиш, гулларга соатлаб термулиб завқ туйиш, фасллар алмашинувидан таъсирланиш, бу ижодкорнинг мутлақо ўз қалбига дахл қиладиган ҳодисалар, яъни жамиятга мутлақо дахлсиз… Сиз бу фикрларга қандай қарайсиз?

— “Жамиятнинг илғор қатлами…” Буни қандай тушуниш керак, бу учун нималар қилиш керак? Бу жуда катта муаммо! Аслида ёзувчи ўзи шундай, туриш-турмуши билан жамиятнинг илғор вакилидир. Ҳар бир ҳодиса, жамиятдаги ҳар қандай воқеа унга таъсир этади, таъсир этмай иложи йўқ. Оддий нарса: ёмғир ёғаяпти, каптарлар учди, қор учқунлади, бола сувга калла ташлади, қовунни сўйиб роҳатланди — буларнинг ҳаммаси ёзувчи, таржимонга ёққани учун ҳам унинг қулфи-дили бирдан очилиб кетади.
Энди шунинг тескариси: адолатсизлик, зулм, кўпчиликнинг озчиликни эзиши, раҳбарга “пахта” қўйиш, зиқналик, қизғаниш, уриш ва ҳоказо ишлар ўша одамнинг кайфиятини бузади, у ачинади, изтироб чекади, қайғуради, унга малол келади, ўзини айбдор санайди, ҳатто йиғлайди, қон-қон йиғлайди… Бу одам ўзига ўхшаган одамга шундай муносабатда бўлади. Ана шу инсон жамиятнинг илғор қатламига айланиши мумкин. Шунинг оқибати ўлароқ, у ўзини қандай тутиши ҳақида ўйламайди. Адабиёт одамдан одамийликни аямайди.

— Бугунги адабиётни кузатиб хаёлингиздан нималар ўтади?

— Бугунги адабиётни мен кам биламан, кам ўқийман демоқчи эмасман, одам ёши ўтган сайин кўп нарсаларнинг баҳридан бемалол, оқибати нима бўлишидан қатъи назар, кеча олади. Чунки ўша, у баҳридан кечган китоблар чиндан ҳам у ўйлагандек фойдасиз бўлади, баъзилари ортиқчалик қилади.
Яқинда Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Донишманд Сизиф” асарини ўқиб тугатдим. Асар менга фавқулодда ёқди. Нега? Чунки Сизиф — ўзбекнинг қаҳрамони ҳақида ёзилмаган, бу асар ўзбекнинг муаммолари ҳақида ўйлатади. Тўғри, Сизиф ўзбекнинг таомилларидан бутунлай узоқ, лекин у ИНСОН, уни қизиқтирган, ўйлантирган муаммолар ўзбекни ҳам инсон сифатида ўйлантиради, қаҳрамон Сизифни севинтирган, уни шодлантирган нарсалар дунёда бор — демак ҳаммани ўйлантиради, севинтиради. Баъзан “доно” фикр эшитиб қоласан: афсус, шу қаҳрамон ўзбек бўлганда… деган гап ўтади. Хўп, ўзбек бўла қолсин, моҳият ўзгарадими? Йўқ, лекин инсон фикр юритади, мулоҳаза қилади.
Энди келинг, муҳим гаплар ўрнига номуҳим гапларни айтмайлик, чунки ўзбек доим ўзбеклигида қолиши керак!

— Таржиманинг жамиятда, адабиётда ўрни қандай? Таржима адабиёти билан шуғулланишингизга илк бор нима туртки берган?

— Таржимасиз жамият ҳам, халқ ҳам, адабиёт ҳам ривожланмайди. Бу оддий ҳақиқат. Оддийгина дунёда бугун кечаётган вазиятни кузатинг. Битта эпидемия сабаб, бутун дунёда иқтисодий бўҳронлар бошланди. Таржима адабиётининг эшиклари тақа-тақ бекитилишини бир тасаввур қилиб кўринг энди. Унда бундан минг ва ҳоказо чандон оғирроқ ҳолатга тушишимиз аниқ.
Алишер Маҳсумов деган дўстим бўларди. У аслида физик эди-ю адабиётга қизиқарди. Доим бадиий китоблар ўқиб юрарди. Кунларнинг бирида у менга “Звезда Востока” журналидан олинган русча ҳикояни тутқазди. Муаллифига қарасам — Ясунари Кавабата. Қўйиб қўйдим-да, анча вақтдан кейин бу ижодкорнинг “Шафтоли гули ва бамбук сояси” деган ҳикоясини ўқий бошладим. Мутолаа давомида қўпол қилиб айтганда, эсим оғиб қолди. Шу чоққача ўзбек ва рус ёзувчилари ижодидан қанча ҳикоя ўқиганман, лекин бунақа оддий, чуқур маъноли, бунақа самимий ҳикояни кўрмагандим. Шошиб қолганимдан асарни қайта ва қайта ўқийвердим. Орадан 3-4 йил ўтди ҳамки, ижод аҳлининг орасига кириб борсам, бу ҳикояни ҳеч ким гапирмаяпти, ҳеч ким билмайди. Шунда бир таржима қилайчи, нима бўларкин, дедим. Ҳикояни ўзбекчага ўгирдим. Бироқ бу билан иш битгани йўқ. Унинг устида 8-9 марта қайта ишладим.

— Бугун таржима қилгувчилар (Таржимонлар эмас!) кўпайиб кетди. Тил билгичлар, ҳатто билмагичлар ҳам бу иш билан шуғулланиб кўряпти. Бироқ ҳаммасига қози — вақт. Вақт ҳар бир асарни сарагини саракка, пучагини пучакка ажратиб бераверади. Бу йўлни жиддий қисматим деб билганларга таржимада кўпроқ нималарга эътибор қаратишни маслаҳат берган бўлардингиз?

— Биринчи марта таржима қилганимда асарнинг кўпроқ мазмунига эътибор қаратаман ва иложи борича матндан чиқиб кетмасликка ҳаракат қиламан. Матнни, асар тилини иложи борича сақлаб қолишга уринаман. Кавабата ҳикояларини таржима қилганимдан сўнг “Шарқ юлдузи” журналида эълон қилинди. Асар эълон қилингач, уни анча вақтгача кўтариб юрганман.
1985-йиллардан таржимачилик фаолиятимни бошлаганман. Иттифоқо, ўзим радиода таржимон бўлиб ишлаб қолдим, бу машғулот қисматимга айланди. Кейин Лотин Америкасининг ҳикояларини таржима қила бошлаганман.

— Ҳа, Лотин Америкаси адиблари ижодидан бир қанча ажойиб асарларни ўзбек тилига ўгиргансиз. Улар нимаси билан сизнинг меҳрингизни қозонган?

— Лотин Америкаси адабиёти ўзбек адабиётига жуда яқин. Ҳатто рус адабиётидан ҳам яқинроқдек, назаримда. Лотин Америкаси адиблари асарларини ўқиш, таржима қилиш асносида шундай фикрга келдимки, улар кўпроқ ўзбекнинг гапи, ўзбекнинг муомаласи, ўзбекнинг дунё­қараши ва феъл-атворига яқин туради. Адолатни тушуниш, билиш, ҳис қилиш ва у учун курашиш жуда кучли. Яна бир жиҳати шундаки, Лотин Америкаси адабиётида амалдорлар ҳақида жуда кўп асарлар ёзилган. Бизда ёзилмаган. Ёзувчилар фантазиясининг бойлиги қайта-қайта ҳайратга солаверади.
Бизда собиқ Иттифоқ даврида очерк­­ка яқин турадиган адабиётлар юзага келган. Марио Варгас Льоса, Мигель Отеро Сильва(“Йиғлагим келса ҳам йиғламайман”)нинг романларини қаранг. Ҳайрон қоласиз! Адабиёт Хуан Рульфодан бошланади. Унинг машҳур асари бор — “Педро Парамо”. Бу асарни ўқиб, аввал тушунмаганман. Сўнг, уч, тўрт, беш марта мутолаа қилдим. У ҳақидаги асарлар билан яқиндан танишдим. Кейин унинг нима демоқчилигини, асар моҳиятини тушунганман. Сўнгра Хуан Рульфо, Льоса, Кортасар асарларини таржима қилдим, улардаги тас­вир ва воқеалар ривожи инсонга шунақа таъсир қиладики, таърифга тил ожиз.

— Хулио Кортасарнинг “Биз Глендани шундай яхши кўрамиз” китоби сизнинг таржимангизда чоп этилибди. Бу китоб ўзбек ўқувчисига нимаси билан қизиқ?

— Хулио Кортасар менинг энг севган ёзувчим. Унинг “Ишғол қилинган уй” ҳи­коясини ўқиб, адабиёт нималигини тушунганман. Айрим асарлари магистик реализм асосида ёзилган, яъни магия жуда кучли. Шундан сўнг унинг ҳамма ҳикояларини ўқий бош­ладим. Азбаройи яхшилигидан таржима ҳам қилганман. Кортасар асарлари жуда мураккаб, шунақа мураккабки, ундан қочиб қутулолмайсиз. Баъзан ўзимча енгил йўлини топиб, ўзбекчага ўгириб келаман, барибир нимадир камдек ту­йилаверади. Уни ҳазм қилолмайман. Таржимани қайта бошлайман. Кўп асарларни 8-9 марта устида ишлайвериб, кўп сайқаллайман. Ҳар сафар ўзгартираман. Бўлмаса кўнглим тўлмайди. Таржима кўнгилдагидек чиққанидан сўнг ўқиб роҳатланаман.

— Бугун назаримда адабий омманинг маълум тоифаси тобора енгил адабиётларга кўникма ҳосил қилиб бораётгандек. Шундай экан, Кортасарнинг ўзбек ўқувчилари бармоқ билан санарли бўлса, қилган меҳнатларингизга ачинмайсизми?

— Йўқ, ачинмайман. Мен жиддий ва шунинг баробарида зерикарли адабиётни яхши кўраман. Фёдор Достоевский, Михаил Булгаков, Лев Толстойлар шунақа жиддий ёзишадики, кимларнингдир таърифича “зерикарли” асарларини ўқиб, мен маза қилардим, ҳеч зерикмасдим. Улар ҳаётни жиддий қабул қилишади. Бу касаллик даражасида ҳатто!
Льосанинг чуқур мушоҳадали, Онеттининг ўта ғамгин ҳикояларида фикрлашга ундайдиган мисралар ниҳоятда кўп. Бу балки характердандир, билмадим, табиатан жиддий, оғир-вазмин асарларга ўчман, енгил-елпи адабиётни жиним суймайди. Ўзим енгил, шўх асарларни ёқтирмайман.
Достоевскийнинг “Ўлик уйдан мактуб­лар” асарини таржима қилганман. Таниқли таржимон Иброҳим Ғафуров мен “Қиморбоз” романини ўзбекчага ўгиряпман, вақтим тиғиз, Дос­тоевскийнинг бирон асарини топиб, таржимани бошланг, дея таклиф берганлар. Шундан сўнг, “Ўлик уйдан мактублар” таржимасига киришдим. Асар ниҳоятда оғир. Бунда узоқ Сибирдаги қамоқхона, маҳбуслар ҳаёти, қамоқхонадаги арслонлар тасвирланган эди. Асарни ёзиш учун Достоевский қамоқда яшаган, деган маълумотлар ҳам йўқ эмас. Таржималаримнинг кўпи шунақа оғир, жиддий адабиётлар.
— “Бу ҳикояларни қабул қилиш ва анг­лаш, уларнинг моҳият негизидаги теран инсоний туйғуларни ҳис қила олиш учун япон халқининг табиат ва ҳаётдаги гўзаллик тўғрисидаги тушунчалари, кундалик турмушдаги нарсалар ва ҳодисаларнинг ўзига хос рамзий маъноларидан бохабар бўлиш даркор. Бу гўё эшиги-туйнуги йўқ ғору, фақат махфий кодлардан ташкил топган калитлар орқали очилади”. Бу фикрлар Кавабата ижоди ҳақида ёзилган “Сэнсэй” номли мактуб-мақолангиздан. Айтинг-чи, Кавабата асарларининг махфий коди қаерда?

— Кавабата ҳақида жуда кўп гапиришим мумкин. У ҳақидаги қоғозларим аралашиб, қалашиб кетган, кўплигини айтмайсизми… Уни шунчалик ўқиган сари ўқигингиз келаверади. Кавабатанинг асарлари менга кафтимдаги чизиқлардек таниш — оддий, содда, гўзал! Энг асосийси, у япон халқининг миллий ўзига хослиги, дунёқараши, одамлари ҳаётини кўрсатиб бера олган ягона ёзувчи деб биламан. Унинг жуда машҳур “Қор ҳақида мактуб” ҳикояси бор. Умр йўлдоши ҳайдаб юборган аёл эрига шунақа хат ёзадики, мактубда эрининг камчиликларини ҳам ғойибдан берилган истеъдод, бир ютуқдек тасвирлайди. Хат орқали нафақат эридан, балки ҳаммадан кечирим сўрайди. Шу ҳикоя ҳам мен учун энг зўр ҳикоялардан бири!

— Қайси таржимонларнинг меҳнатини эътироф этган бўлар эдингиз?

— Ҳозир таржимон қўл билан саноқли. Лекин илгари Мирзакалон Ис­моилий, Озод Шарафиддиновлар даврида таржимончилик мактаби гуллаб-яшнаган эди. Озод Шарафиддинов Добролюбовдан қилган китобини энг камида ўн мартадан кўп ўқиганман. Достоевский, Толстой, Кольцов, Островский ҳақида шунақа фикрлар борки, уни ўқувчига худди шундай ширали ва маъноли қилиб етказиб бера олган. Кейин Мирзакалон Исмои­лий таржимасида “Анна Каренина” романи бемисл таржима. “Уруш ва тинчлик” романининг 1-2-қисмини Абдулла Қаҳҳор таржима қилганди, 3-4-қисмларини умр йўлдоши Кибриё Қаҳҳорова ўзбек тилига ўгирган. Жуда гўзал таржима! Бизда қандай таржимонлар бор эди: Қодир Мирмуҳаммедов, Низом Комилов… Фақат Қодир аканинг битта “хатó”си бор эди. У киши асар танлашни билмас эди. Унга мана буни қилинг, деб бирон асарни таклиф қилсангизгина, ўзбекчага ўгирарди. Қодир ака билан Тагорнинг романларини таржима қилганмиз. Ундаги ҳар бир гапни ўқиб, ёдлаб олгим келади. Қодир ака Жек Лондоннинг “Мартин Иден”, Булгаковнинг “Уста ва Маргарита” асарларини ҳам маромига етказиб она тилимизга ўгирган.

— Бугун турли тиллардан, яъни аслиятдан таржима қилувчи ёш таржимонлар оқими шаклланяпти. Нима деб ўйлайсиз, улар асар бадиятига путур етказмай, шоир ёхуд ёзувчининг бадиий мақсадидан чалғимай юксак асарларни бизга эсон-омон етказиб бера олишига кўзингиз етадими?

— Йўқ, менинг назаримда уларнинг ҳаммаси ҳам ҳақиқий таржимон бўлолмас, чет тилини билгани билан ўзбек тилини билмайди, шунинг учун жаҳон адабиётининг классик асарларини бекаму кўст таржима қилишларига ишонишим қийин. Бизга улар Фолкнер, Фицджеральд, Брехт, Дюренмат ва Роберт Музилни таржима қилиб беролмайди. Кўзим етмайди уларнинг таржима қила олишларига…
Марсел Прустнинг бир романи бор, битта гап етти бетни ташкил этади. Бу асар Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган. Ўша ерини қандай таржима қиласиз, ундаги қочиримлар, нозик ҳолатларнинг ҳаммасини матнни йўқотмасдан, худди ўзидай чиқара олиш лозим. Бўлмаса асарга тегмаган маъқул.

— Барибир қайси асарларни ўзбек тилига таржима қилиш шарт деб ҳисоб­лайсиз?

— Жуда кўп асарлар бор — уларни таржима қилиш шарт! Масалан, Жан Поль Сартрнинг кўпгина китоблари, бу асарлар ўспирин болаларнинг дунёқарашини бо­йитиб, ҳаётга фалсафий мушоҳадалар билан қарайдиган қилиб тарбиялайди. Бу асарлар бизга зарур! Лекин одам қаригандан кейин барча ўйлаганини ҳам амалга ошира олмас экан. Шунинг учун ёшликдан кўп китоб ўқиб, таржимачиликка қизиқса, фақат ва фақат ўз устида ишлаши керак.
Ёш таржимонларимиз, албатта, дунё­нинг энг сара китобларини она тилимизга таржима қилишлари керак. Марио Варгас Льосанинг учта романи бор, “Война, конца, света” деган (адашмасам 700 бет эди) — бу романлар ниҳоятда қизиқарли, шиддатли, шу билан бирга оғир… “Зелёный дом” яна бир буюк асарлардан “Шаҳар ва кўппаклар” бор, уни ҳам албатта таржима қилинса, соз бўларди. Бу асарларни икки-уч ўқиганингиздан кейин ҳам кўп нарсани анг­лолмай қоласиз, жуда мушоҳадага ундайди. Кейин “Разговор в Соборе”, “Хулио ва қаламкаш” деган романлар шунақа ҳазил-мутойибага бой, шунақа шўх, шунақа чиройлики… “Капитан Панталеон ва унинг саргузаштлари” деган роман бор. У топган воқеа бизга, менталитетимизга тўғри келмайди. Қотиб-қотиб куласиз ўқисангиз, аслида бу асарнинг моҳиятида жамиятни қоралаган. Жамиятнинг шу даражада ифлослангани, ёмонлашгани, манфур одатлар пайдо бўлганини очиб берган. Мен Толстой, Дос­тоевский деб ўтирмайман. Уларни бошда тилга олиб, айтаримни айтиб бўлдим. Улар тобора яшариб боряпти. Уларни инсон тавсия билан эмас, ўзи учун, руҳини озиқлантириш учун ҳам ўқиши шарт. Куба ёзувчиси Алехо Карпентьер бор (қайсидир ҳикоясида 90 ёшли қария чолнинг ҳаёти тасвирланади. У 70, 50, 30, 10 яшарлигида қандай бўлганини тес­карисига – орқага қараб кетиб очиб беради.)
Шунақа таржимонлар чиқиши керакки, у асарни ҳис этиб, асарда яшаши лозим. Масалан, Флобернинг романини таржима қилган аёл ўзи пиа­нино чалган, мусиқачи бўлган. Бу аёл асарни жуда гўзал таржима қилган! Мана шундай адабиётни севадиган одамлар майдонга, адабиёт майдонига келсагина таржимачилик ҳам ри­вожланади.

— Сизнингча, бадиий асар қандай баҳоланади? Бадиий дид, баҳолаш мезонлари вақт, давр ўтиши билан ўзгариб, янгиланиб борадими?

— Баҳо бериш, фикр айтиш … Буям осон эмас. Дунёда ҳар бир фикр­­га қарши фикр билдириш мумкин, аччиқни аччиқ кесади, деганларидек фикрга қарши фикрлар бор, бу бир томони, иккинчи томони “бадиий асарни баҳолаш мезонлари”га баҳо бераётган одамнинг билими, диди, талаби бошқача бўлиши мумкин. Мен адабиётни баланд қўяман, лекин инсон миясининг маҳсули бир фоиз ҳақиқат бўлса, ҳақиқий адабиёт 99 фоиз тўқима бўлади, шу бир фоиз 99 фоизга тенг, татигуликдир, деб ишонаман. Адабий асарда энг асосий мезон — ёзувчининг позицияси деб биламан. Шу мезон билан бадиий асарга баҳо бераман. Бадиий дид-ку гоҳ баланд­­га, гоҳ пастга қараб ўзгариб боравериши мумкин. Баъзан адабий асар ўз баҳосини олгунича ёзувчи ёки шоир бу дунёдан ўтиб кетиши мумкин. Чунки дунё адабиётида ўз даврида баҳосини олмай, кейин кашф қилинган асарлар анчагина.

— “Шоир ҳаммадан ҳам дардтортар инсон” деган шоирларимиздан бири. Сизнингча ёзувчи ким?

— Бадиий асарни, у табиийки, эълон қилингандан кейин мен шундай ёзаман. Ҳеч нарсани ёзувчи бўлиб ўйлаб ўтирмаганман, фақат ядроси бўлади бадиий асарнинг, ана шу ЭВРИКА орқали келади. Қолгани инс­тинкт. Бошқа нарса менга номаълум… Ёзувчи ким? Таржимон ким? Уларнинг эътиқоди, виждони, ўй-қарашлари… Атрофдагилардан қай жиҳатлари билан фарқ қилади…Ўҳ-ҳў, ҳамма нарсаси билан. Дунёда энг биринчи ўринда нима туради? Бу – энг асосий савол. Чунки ҳамма нарсани шу ҳал қилади, шу бўлмаса ҳеч нарса бўлмайди, дегани.
Адолат – дунёнинг устуни, меҳвари, борлиги. У бўлмас экан, тамом, ҳеч нарса татимайди. Кейин – инсон, диё­нат! Ижодкор — у ёзувчи бўладими, таржимон бўладими, фарқи йўқ, у — ижодкор. Демак, у инсон, диёнатли бўлиши шарт, вожибдир. Учинчиси, у раҳмдил бўлиши керак. Бу унга фарз, агар қўйиб берса шулар унинг қалби, шулар унинг ҳусни, шулар унинг одамийлиги. Энди айтинг, ҳаётда ким шундай бўла олади? Ижодкор! Ишонаман, буюк истеъдодларни берган юртимиз адабиёти келажакда ҳам кам бўлмайди. Зеро, адабиётга шунча эътибор, ғамхўрликлар қилинаяптими, у албатта ўз мевасини бериши керак.

Гўзал Бегим суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × one =