“Бу ерда пул ҳам, таниш-билишчилик ҳам ўтмайди”

дейди Хитойнинг Янжоу университети талабаси Нигора Мамараимова

Бугун Ўзбекистонлик ёшлар дунёнинг ҳамма ерида бор. Улар ўз иқтидорини намоён қилиб, жаҳондаги энг нуфузли олий таълим даргоҳларида ўқишмоқда, машҳур компания ва ташкилотларда меҳнат қилишмоқда.

Биз айнан хорижий юртларда ишлаётган, ўқиётган ва узоқ юртларда ўқиб, ишлаб юртимиз номини дунёга танитишда ўз ҳиссасини қўшаётган ватандош­ларимиз билан суҳбатлар ташкиллаштиришни ният қилдик. Қуйида ана шундай ҳамюртларимиздан бири билан бўлган суҳбатни эътиборингизга ҳавола қилдик.

Нигора, аввало ўзингиз ҳақда қисқача гапириб берсангиз.

— 2001 йилда Жиззах шаҳрида туғилганман, Жиззах Ички ишлар академик лицейини тугатганман. Чет элда ўқиш ниятим ёшлигимдан бор эди. Хитойнинг таълим тизими ва имкониятлари, шарт-шароитлари маъқул бўлгани учун, қизиққан соҳам бўйича бу давлатга ўқишга келдим. Ота-онам оддий кишилар. Оиламиздагилар ҳамиша мени қўллаб-қувватлашади. Ўқишни тамомлаб, келажакда юртимизда туризм соҳасини янада ривожлантирмоқчиман, сайёҳларга фақат туристик шаҳарларимизни эмас, балки бутун республикамиздаги қадамжолар ҳақида маълумот бермоқчиман.

 

— Хитой таълим тизимининг қайси томонлари сизни ўзига тортди? Ўзбекистондан қандай фарқи ва қулайликлари бор?

— Биринчи ўринда коррупция йўқлигини айтишим мумкин. Юртимизда таълимнинг ривожланишига соя солиб, тизимни аёвсиз емираётган порахўрликка қарши яхши ишлар олиб бориляпти. Барибир юз йиллар давомида чуқур томир отган бу иллатдан бир неча йилда қутулиб бўлмайди.

Хитойда порахўрлик у ёқда турсин, ҳатто имтиҳонларда бир-биридан кўчириш, кимдир кимгадир ёрдам бериш каби ҳолатларга ҳам кўзим тушмаган. Биз ижобий маънода ниҳоятда эркинмиз. Формада бўлиш, галстук тақиш ёки йигитлар учун соч-соқол қўйиш ёки қўймаслик муаммоси… бундай нарсаларга умуман эътибор берилмайди ва талабанинг вақти қадрланади. Ҳатто конспект ҳам муҳим аҳамиятга эга эмас.

 

— Ўқитувчиларнинг дарс ўтиш салоҳияти, билим даражаси ҳақида нима дея оласиз?

— Хитойда амалиёт ўтаётган, университетни энди битирган ҳар қандай тажрибасиз кадрлар ҳам дарс ўтиб кетавермайди. Бизнинг университет дунё топ рейтинги бўйича юқори ўринда тургани учун энг оддий устозимиз ҳам докторантурани битирган, фан доктори ва профессорлик даражасига эга. Асосийси — дарс ўтиш техникаси ва тажриба! Бу ерда ёш эмас, билим муҳим роль ўйнайди ва таниш-билишчилик, пул, кимларнингдир қўнғироғи, ҳатто яқинларинг­нинг юқори мансабда ишлашининг ҳам мутлақо аҳамияти йўқ.

 

— Хитой тажрибасини кўриб, шу қозон ичида қайнаётган ёшларимиздансиз. Чин юрти таълимидаги қайси жиҳатларни Ўзбекистонда ҳам жорий этилишини истардингиз?

— Тўғрисини айтсам, ростдан ҳам Хитойдаги таълим тизимининг баъзи томонларини ўзимизга кўчириш тарафдориман! Биринчи навбатда, шаклга эмас, асосий эътибор моҳиятга қаратилиши, талабалар пули бор-йўқлиги ёки ота-онасининг обрў-эътибори, мансабига қараб эмас, фақатгина билими билан баҳоланишини истардим.

 

— Ўн тўққиз ёшли ўзбек қизи учун хорижда ўқиш, ота-онасидан олисда ҳаёт кечириш қийин кечмаяптими?

— Университетда онтракт нархи жудаям қиммат. Хайриятки, мен юз фоиз бюджетда ўқийман ва контрактга тушмаслик учун жон-жаҳдим билан ўқиб-изланаман. Қолаверса, ўзим танлаган, яхши кўрган соҳам бўлгани учун биров мажбурламаса ҳам ўқийвераман. Дарслар тўлиғича инглиз тилида олиб борилади. Сўнгги 8-9 йил ичида бу тил билан мунтазам шуғулланиб келаман. Шу боис ўқиш заррача қийинчилик туғдирмаяпти. Соғинчдан бошқа муаммо йўқ…

 

— Дунё бўйича ваҳима қўзғаган пандемия даврида нега Ўзбекистонга қайтмадингиз, яқинларингиз хавотир олишмадими?

— Ҳа, Хитойда коронавирус билан оғриган илк бемор аниқланганидаёқ, ота-онам уйга қайт, дея койишди, насиҳат, маслаҳатлар беришди. Мен эса уйдагиларни ва юртдошларимизни ўйлаб ортга қайтмадим. Йўлда коронавирус юқтириб, уни юртимизга олиб киришдан қўрқдим. Чет элда ўқишни мақсад қилдимми, қанақадир вирус ёки икир-чикир масалалар мени бу йўлдан қайтара олмаслиги керак.

 

— Пандемия даврида ўқишлар қай тартибда кечмоқда?

— Карантин вақтида заррача ҳам қийналмадик. Олдиндан университетимизда онлайн таълим йўлга қўйилган. Хитой интернет тезлиги энг юқори давлатлардан биридир. 5G, 6Gни ҳам бемалол ишлатиш мумкин ва “Wi-Fi”лаштирилган ҳудудлар ҳам кўп. Айни пайтда бизга онлайн тарзда 6та фан ўқитиляпти. Ҳафтанинг ҳар душанба куни бир неча фанлардан китоб, машғулот ҳамда бир ҳафталик топшириқлар берилади. Талабалар якшанбагача уй ишларини бажариб, Wе-Чат ижтимоий тармоғидаги махсус очилган гуруҳларга юклайди.

Айни кунларда Хитойда аҳвол қандай, тартибқоидалар, чет элликларга бўлган муносабат ҳақида ҳам гапирсангиз?

— Мамлакат карантиндан тўлиқ чиқиб бўлди. Шундай бўлса-да, назорат кучли ва тартиб-қоидаларга тўлиқ амал қилиняпти. Муҳожирлар, чет эллик ишчилар ва бизга ўхшаган талабалар ҳаёти суғурта қилинган. Мабодо, мен билан боғлиқ нимадир кор-ҳол рўй берса, соғлиғимни тиклаш учун давлатдан маълум миқдорда маб­лағ олиш ҳуқуқига эгаман. Одатда чет эллик фуқаролар кўчага чиқишига йўл қўйилмаяпти ва фақат зарур эҳтиёж юзасидан — банк, озиқ-овқат, дори-дармон учун рухсатнома билан юришингиз мумкин.

Зарурий ҳолатлар юзага келганида ҳам университет ҳудудидан бир кунда фақат 10 нафар талаба кўчага чиқиши учун рухсат берилади. Мана шундай кучли назорат ва кўрилган тадбирлар натижаси ўлароқ, биномиз ҳудудидан биронта ҳам коронавирус юққан бемор аниқланмади.

 

— Хабарингиз бор, юртимизда ҳам сўнгги 2-3 йил ичида нодав­лат таълим муассасалари, ўқув марказларининг фаолияти анча кенгайди. Хитойлик ёшлар ҳам биздагидек “репетитор”га борадими, умуман нодавлат ўқув марказларининг фао­лияти билан танишмисиз?

— Ўзбекистондалигимда 14-15 ёшимданоқ инглиз тили фанидан абитуриент тайёрлар эдим, ўқувчиларим ўзимдан 4-5 ёш катта бўлган. Хитойда ҳам фаолиятимни давом эттириш учун иш қидириш асносида кўпгина ўқув марказларидаги муҳит билан танишдим. Афсуски, бу ерда талабанинг ишлаши мумкин эмаслиги боис, университет раҳбарияти рухсат бермади.

Кечирасизу, биздаги ўқув марказларининг биронтаси қўшимча таълим бермайди. Мактаб дастурини қайта тезлаштириб ўқитиш эса қўшимча таълимга кирмайди. Хитой ўғил-қизлари одатда фақат чет тилини ўрганиш, шеърият, журналистика ёки рассомчилик каби алоҳида иқтидор талаб этадиган йўналишларда қобилиятини ривожлантириш учун кўпчилиги ўқув марказларига мурожаат қилади. Бу ерда мактаб дастури шунчалик сифатли йўлга қўйилганидан, қўшимча дарсга ҳожат йўқ. Яна ўзим гувоҳи бўлган ҳолатлардан бири, Хитой ёшлари чет тили билан ҳаётда қоқилиб, боши деворга урилганда эмас, балки 4-5 ёшидан шуғулланади. Энг ёши катта ўқувчилар нари борса 14 ёш бўлади.

 

— Демак, Хитойда репетиторга бормасдан ҳам, мактабдан олган билим билан талаба бўлиш мумкин экан-да?

— Хитойда ўғил-қизларнинг миясига худди роботга маълум дастур юклаган мисол ўқиш фақат ўзи учун фойдали экани сингдирилади. Улар имтиҳонни ўқитувчи бўлмаса ҳам бир-биридан кўчирмасдан, ёрдам сўрамасдан ёзиб бера олади. Унга: “Нега кўчирмаяпсан, ўқитувчинг чиқиб кетди-ку?”, десангиз, “Нимага кўчиришим керак, бу ўзим учун, кўчиргандан нима наф?”, — дея узил-кесил жавоб беришади.

Бу фикрларим билан Ўзбекистонда таълим тизими умуман сифатсиз демоқчи эмасман, бизда ҳам яхши томонлари кўп.

 

— Хитойда давомат масаласига қандай қаралади?

— Жиддий! Давомат кучли назоратга олинган. Барча ўқув хоналари камералаштирилган ва талабалар юз фоиз дарсга қатнашаётгани, ўқитувчи дарсини ўтаётгани мунтазам кузатиб борилади. Бу борада муаммо бўлмайди. Қолаверса, хорижга ўқиш учун келдикми, вақтимизни беҳуда ўтказишга ёки дарс қолдиришга ҳаққимиз йўқ, деб ўйлайман.

 

— Бу ерда сизга маъқул бўлмаган жиҳатлар ҳам бўлдими ёки…

— Йўқ, албатта, менга ёқмаган томонлар ҳам бор. Хитойда жуда кўп миллат вакиллари яшайди ва хитойликларнинг ҳаёт тарзи масаласи мени кўп ўйлантиради. Яъни бу ерда ота-она­га меҳр-муҳаббат, фарзанд тарбияси, оилага садоқат каби қад­риятлар деярли йўқолиб кетган. Бу муқаддас тушунчалар уларнинг кўпчилигига бегона.

 

— Шунча қийналиб ўқиётга­­нинг­из­­га яраша юртимизга қайт­гач, фақат энг зўр даромадли соҳаларда ишласангиз керак?

— Мендан кўпчилик Ўзбекистонни соғиндингми, дея сўрайди. Ҳа, соғиндим! Ҳамма-ҳаммасини соғиндим, уйи­мизни, ота-онам, қариндош-уруғ­ларим, ўртоқларимни… Лекин очиғи, келажакда фақатгина юксак мансаб, мўмай даромад ва яхши маош учун ишлашни ўйлаб юрганим йўқ. Юқори малакали касб эгаси бўлиб, Ватанимга, юртимга фойдам тегишини кўпроқ ўйлайман…

Абдулазиз Аҳмедов суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × two =