Газетанинг тонги отаверади

Ҳудудий нашрлар, хусусан, туман газеталари кўпинча ўзини ҳамма нарсадан четда қолгандек, гуллаб-яшнаган ҳаёт пойтахтда-ю улар қолоқ бир муҳитнинг чоҳига тушиб қолгандек ҳис қилишади ўзини. Марказий нашрдагилар эса аксинча, уларни қайнаб ётган ҳаётнинг ичида юрганлигига, ҳаммаёғи тўла ёзишга мавзу эканлигига ҳавас қилса, ажаб эмас. Бугунги туман газеталарининг аҳволи ҳар биримизни ўйлантиради. Негаки, айни пайтда пойтахт нашрларида ишлаб миллат ривожига ҳисса қўшаётган ёшлар борки, ҳаммаси аслида туман газеталари мактабларидан етишиб чиққан. Бироқ бугун туман газеталарида аҳвол қандай?

Ўқишни битираётган ёшларнинг кўпчилиги марказда қолишга ҳаракат қилмоқда, бу туман ва қишлоқларда малакали кадрлар танқислигини келтириб чиқармаяптими? Биз ана шу саволлар доирасида Навоий вилояти, Қизилтепа туман ҳокимлиги нашри бўлмиш — “Қизилтепа тонги” газетаси доирасидаги   мулоҳазаларни сизларга ҳавола этяпмиз.

“Қизилтепа тонги” газетаси ўтган давр мобайнида ижтимоий ҳаётдаги муаммоларни рўй-рост ёритишга, мухлислар ишончини оқлашга ҳаракат қилди.

Газета ўз ўтмишида ҳар қандай кунларни бошдан кечирди. Собиқ Шўро даврида ғўза зараркунандаларига қарши кураш мақсадида далаларга энг ўткир заҳарли дорилар сепилар эди. Айниқса, ғўза баргини сунъий тўкиш мақсадида “Бутефос” деган заҳарли кимёвий дори сепилганда деҳқонлар нафас ололмай қоларди.

Бунинг устига, Навоий шаҳридаги саноат корхоналари сабаб туман аҳли жуда ҳам азият чекарди. Ўша пайтларда Навоий электрокимё заводининг Қизилтепа туман ҳудудидаги ҳавзаси чиқиндиси 8 миллион тоннага етган. Ана шу жараёнларни ўрганиб “Заҳарфурушларга жазо борми?”, “Ажал ҳавзаси ва унинг олдини олиш учун даъват” мақолалари ушбу газета саҳифаларида чоп этилди. Ўша вақтларда ёзган ҳар бир сўзимиз учун жавоб берганмиз.

Бу 32 йиллик муҳаррирлик фаолиятим давридаги ягона воқеа эмасди.

Жамиятдаги муаммолар қаршисида ҳеч вақт гарангсиб қолмадик, ёзишдан тўхтамадик. “Ароқхўрлик фожиаси”, “Ўгай бола. У нега кўпаймоқда?”, “Ўқувчи нега репититорга бор­япти?”, “Истеъмолчи ҳуқуқини ким ҳимоя қилади?” — каби мавзулардаги материалларимиз туманда яхшигина муҳокама қилинган.

Аслида газета ўқимишлилигини фақат танқидий чиқишлар белгиламайди. Унинг материаллари, аввало, одамлар тушунадиган тилда равон ёзилиши, мавзу ўқимишли бўлиши алоҳида ўрин тутади.

Бизда, (мақтаниш бўлса ҳам) уч юзга яқин жамоатчи мухбирлар бор. Улар тумандаги мактаб­лар ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабалари ва профессор ўқитувчилар ҳамда фахрий отахон, онахонлар. Таҳририятга ҳар куни 15-20 тагача хат келади. Хатларда кўтарилган мавзулар газета саҳифаларига олиб чиқилади.

Ҳар йили турли йўналишда танловлар эълон қиламиз. Энг қизиғи, 1979 йилдан буён таҳририятимизга журналист-мутахассис кадр сифатида икки нафаргина киши улар — бугунги кунда таниқли шоир Азиз Саид ва истеъдодли журналист Клара Бозоровалар ишга келган. Кейинги йилларда малакали, иқтидорли кадрлар тақчиллиги яққол сезилмоқда.

Ўтган йилларда Ҳомид Азимов, Мансур Аслонов, Ҳусан Саидов, Жамолиддин Аҳтамов, Истам Ҳасанов, Илҳом Исломов, Самад Даминов каби иқтидорли жамоатчи мухбирлар газета таҳририятида ишлаб, унинг мавқеини оширишга хизмат қилди. Ҳозирги пайтда меҳнат қилаётган Озода Мақсудова, Баҳодир Эгамов ва Насиба Тўлаева каби ходимларимиз жамоатчи мухбирларимиздан эди. Ўзим ҳам ўқувчилик йилларимдан шу газетанинг мухлиси бўлганман. Ўзимнинг ҳам мутахассислигим олий маълумотли физика-математика ўқитувчиси, иқтисодчи, аммо журналистика касби-корим бўлиб қолди.

Илмий-ижодий ҳамкорлик туфайли “Қизилтепа тонги” кутубхонаси сериясидаги туман тарихига оид “Қизилтепа қади­миятидан лавҳалар”, “Қизилтепа тарихи” (I-II-III-IV нашри), “Хожагон тариқати ва Хожа Ҳасан Андоқий” каби илмий, адабий-бадиий китоблар кутубхонамиз жавонини тўлдирди.

Газетани обуначиларга етказиш, етказганда ҳам нашр бўлган кунининг ўзида эгаларининг қўлида бўлишини таъминлаш бугунги куннинг долзарб ва оғриқли муаммоси бўлиб қолди. Яширишнинг ҳожати йўқ, аксарият нашрларни обуначилар асосан кечикиб олади, баъзан умуман ололмай қоладиган ҳолатлар ҳам бор. Ушбу муаммони ечишда биз дунё тажрибасидан фойдаланаяпмиз. Газетамиз ҳафтасига бир марта — ҳар жумада нашр этилади. Қарийб йигирма йилдирки, газетага муштарийларни тўғридан-тўғри шартнома тузиб обуна қиламиз ва ўз автоуловимизда обуначиларга етказиб берамиз.

“А3” форматда, 6 саҳифали, 1-6-бетлари рангли чиқаётган газетамизнинг 2020 йилдаги йиллик обуна баҳоси 94000 сўм бўлса, адади 7600 нусхани ташкил этмоқда.

Айни пайтда манаман деган марказий нашрларда ҳам обуначилар сонини ошириш, газетани газетхонга ўз вақтида етказиб бериш каби муаммолар долзарб бўлиб турибди. Бироқ газета ва газета ходимларининг “Одамлар газета ўқимай қўйди” деб қўл қовуштириб ўтиришга ҳаққи йўқ. Газета рост сўзни ёзар экан, қарсакбозликдан юз ўгирар, виждон изидан қадам ташлар экан унинг тонги, албатта қизариб отади.

Раҳим Мақсудов,

“Қизилтепа тонги” газетаси бош муҳаррири,

Халқаро “Олтин қалам” миллий мукофоти соҳиби.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

8 + 13 =