“Мен ўзбек халқига таъзим қиламан”

Мексиканинг Канкун шаҳрида бўлганимда халқимизга хос меҳр-муҳаббат, бағрикенглик, эзгулик фазилатларининг дунё миқёсида нечоғли баланд эканига яна бир бор ишондим.

Дўстимиз Низомжон Рустамов билан узоқ йиллар суд-ҳуқуқ соҳасида ишладик, у пайтлар чет давлатларга чиқишнинг имконияти бўлмади. Низомжон билан нафақага чиққанимиздан сўнггина хорижга чиқиб, дунёни кўришга отландик.

Америка Қўшма Штатларининг Нью-Йорк шаҳрида жияним Саиджон яшайди, тўғри уникига бордик. Бу шаҳар бизда ўзгача таассурот қолдирди. Умринг бино бўлиб, биринчи марта Ватандан ташқарига чиқгач, оламнинг кенг эканлигини теран англай бошлар экансан-да.

Саиджоннинг “туризм режаси” бўйича шаҳар кеза Мексиканинг Канкун шаҳрига бориб қолдик. Канкун ҳақиқатан ҳам дунё туристларини ўзига жалб қиладиган, ниҳоятда сўлим шаҳар экан. Ҳар куни нонуштадан сўнг ошхона ёнидаги сув бўйида дам олиш менга жуда ёқиб қолди.

Бир куни Низомжон билан дарахт соясидаги ўриндиқда суҳбатлашиб ўтиргандик, ёнимиздан ёшлари анча улуғ, икки нафар ўрис эр-хотин ўтиб қолди, бизларнинг ўзбекча гаплашаётганимизни эшитиб, яқин келишди. Ўзини Иван деб таништирган нотаниш киши қаердан эканимизни сўради. Ўзбекистон номини эшитгач, кўзига ёш олди, ишонқирамай қаради бизга. Ҳозир буни ифодалашим қийин, аммо у ўта хурсанд кайфиятда эди.

Иван ака, биздек қадрдон одамлар билан учрашиш ўзи учун қувонарли ҳол эканини таъкидлади. Шунда аёли қаергадир боришлари зарурлигини айтиб қистай бошлади, Иван ака биз билан суҳбатлашиши ҳамма нарсадан устун ва аҳамиятли эканини айтиб, аёлининг ўзини жўнатиб юборди.

Иван ака гап бошлади:

— Мен дунёнинг кўплаб давлатларида бўлдим. Лекин, бирор жойда ўзбек халқидек меҳридарё, бағрикенг, саховатли, олийжаноб   халқни учратмадим. Онам ёшлигимда вафот этган. Болалигим етимликда ўтса керак деб ўйлардим. Тенгқурларимнинг етим деб устимдан кулишлари менга алам қиларди.

Кейинги тақдирим бошқача бўлди. Ўзбекистонга келиб мен ўзимга она топдим. Етимлигим ҳам эсимдан чиқиб кетди. Биласизларми, бу воқеа­лар уруш йилларида бўлганди. Мен ўшанда 7 ёшда эдим. Мен тенги минг­лаб болалар Ўзбекистонга эвакуация қилингандик. Уларнинг кўпини танирдим, чунки эшелонда бирга келганмиз. Ҳеч бири кўчада қолмади. Бизнинг исмимиз ўрисча, шарифимиз ўзбекча эди. Бундан фахрланардик.

— Сиз қайси шаҳарда яшагансиз? — қизиқиб сўрадим.

— Аввал поездда 10 кун юрдик, сўнг бизни Фарғона шаҳрига келганимизни айтишган. Хаёлимдан: энди қандай қиламан, бегона юртда, бегона болаларнинг ичида дўст топа оламанми, деган ўй роса қийнарди. Биздан катта ёшлилар: “Энди бизни болалар уйига топширишади. Биз бегонамиз, маҳаллий болалар уришади. Чидайсизлар”, дейишди. Қўрқиб кетдим. Аммо ундай бўлмади.

Эсимда, ўшанда Фарғона вокзали аёллар ва болалар билан тўлиб-тош­ган эди. Ҳар тарафдан бақириқ-чақириқлар эшитиларди. Атрофга олазарак боқардик. Ичимизда хавотир бор эди.

Бир ўзбек аёли, эри урушда, бунинг устига еттита фарзанди бўлишига қарамай, уч-тўртта болага қўшиб мени ҳам уйига олиб кетди.

Кутмагандим, ҳаммаси бошқача бўлди. Мен янги оила, янги онамни топгандим. Бу қадар меҳридарё инсонларни бошқа бирор юртда учратмадим. Сизларни кўриб худди туғишганларимни кўргандек бўлдим. Ўзбекис­тон, Фарғона эсимга тушди. Ахир у юрт — менинг юртим.

Биласизларми, илк бор меҳр-муҳаббат билан суғорилган тафтни ўз онам бағрига олганда ҳис қилган бўлсам, иккинчи бор ўзбек аёли — онам тимсолида яна ҳис қилганман.

Баъзан мексикаликлар билан гаплашиб қолсам, қаердансан, деб сўрайди. Дарров фахр билан Ўзбекистондан, деб қўяман. Ўзим ҳам айтган гапимдан қувониб кетаман. “У юрт қаерда?” — деб сўраганларга билганимча айтиб бераман, — деди Иван ака.

Инсонни улуғ меҳр-муҳаббатга ва юксак маънавиятга   ундовчи бундай хотираларни эшитиб, беихтиёр бизнинг кўзимизга ҳам ёш келди.

Иван аканинг айтишича, ўзбек онаси ўз болаларини ухлатганидан сўнг уни ҳам бағрига олиб, алла айтиб ухлатар экан. “Алла мен учун энг тотли ашула эди”, — дейди у.

Кейинчалик хонадонига эшикдан бир генерал-полковник кириб келибди, Иван аканинг айтишича, бу унинг отаси бўлган. Ўғлини суриштириб топиб келган. Шунда ўғлини худди ўз онасидек — ўзбек аёли бағрига босиб олганини кўрган генерал: “Мен ўзбек халқига таъзим қиламан”, деб онаси қошида уч марта таъзим қилган экан.

“Мен ҳарбий кишиман, санъатдан хабарим йўқ, шу сабабли уни қандай бўлишини билмайман. Лекин бу бағрикенг ўзбек халқига энг чиройли ва маҳобатли ҳайкал ўрнатилиши керак”, деган экан ўшанда отаси…

Иван ака: “Биласизларми, мен учун дунёда энг тотли нарса нима? — сўради ва ўзи жавоб берди. — Бу тандирда ёпилган ўзбек нони! Ўзбек тандир нонини жуда соғиндим”.

Биз Америкага келишда ўзимиз билан бир дастурхон патир нон олгандик. Патир нондан Иван акага АҚШнинг Бостон штатидаги доимий яшаш уйига етказамиз, деб ваъда бердик. Ва Саиджонникига қайтиб борганимизда ваъдамизни бажардик.

Каримжон Саидов,

суд тизими фахрийси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

9 + 17 =