Оила — муқаддас ҳаёт ўчоғи

Халқимиз қадимқадимдан оилани муқаддас билади. Албатта, оиланинг мустаҳкамлиги жамиятда тинчлик ва ҳамжиҳатлик барқарорлигини таъминлайди. Айниқса, бугунги синовли кунларда ҳар бир оилада маънавий муҳит соғлом бўлиши алоҳида аҳамиятга эга.

Хабарингиз бор, юртимизда Республика Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилиб, тизимга Рес­публика Хотин-қизлар қўмитаси, Оила илмий-амалий маркази сингари ташкилотлар бирлаштирилди. Яқинда ушбу янги вазирликда онлайн тарзида ўтказилган селектор йиғилиши бўлди. Унда жорий йилнинг ўтган даврида 9465 та оила ажрашиши қайд этилгани, ажрашиш ёқасига келиб қолган оилалар сони эса 10740 тани, ноқонуний никоҳ асосида яшаётганлар 8313 тани ташкил этаётгани айтиб ўтилди. Низоли оилалар 12931 тани ташкил этиб, энг юқори кўрсаткич Хоразм, Фарғона, Самарқанд вилоятларига тўғри келиши, оилавий низолар ва муаммоларнинг вужудга келишига турли сабаблар мавжуд бўлиб, улардан бири — хотин-қизлар ўртасидаги ишсизлик муаммоси ҳам айтилди.

Шу ўринда, жойларда ажрашиш ёқасига келиб қолган оилаларни яраштириш, мустаҳкамлаш борасида Бухоро вилоятининг Олот, Когон, Вобкент туманларидаги аҳвол атрофлича ўрганиб чиқилди.

Шуни таъкидлаш керакки, оилавий ажримдан, энг аввало, аёл, вояга етмаган гўдаклар азият чекмоқда. Таҳлилларга кўра, турмуши бузилган аёлларнинг 50 фоизидан ортиғи ўртаҳол ёки кам таъминланган, яшаш шароити оғир оилалар фарзандларидир. Энг ёмони, ажрашган аёл фарзандларини боқиш, уй-жой қилиш илинжида хорижий давлатларга ишлагани кетмоқда. Бу одам савдоси, аёллар иштирокидаги жиноятлар ортишига олиб келса, фарзандлар тарбиясига, оилалардаги маънавий муҳит барқарорлигига салбий таъсир кўрсатади.

Зеро, оила фаровонлиги — миллат фаровонлиги асосидир. Миллий анъаналаримизга назар ташласак, ҳалоллик, ростгўйлик, ор-номус, шарму ҳаё, меҳру оқибат, меҳнатсеварлик каби инсоний фазилатлар, энг аввало, оилада қарор топади ва авлоддан-авлодга ўтиб боради.

Албатта, анъаналаримиз негизига қурилган оилаларда соғлом маънавий муҳит мавжуд. Ана шундай оила бағрида камол топаётган фарзандлар эл-юртнинг муносиб ўғил-қизлари, Ватанимизнинг ҳақиқий баркамол фуқаролари бўлиб вояга етиш­ларига шубҳа йўқ.

Оила — жамиятнинг асосий негизи. Соғлом оила муҳитини яратиш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантириш замирида соғлом келажакни яратиш асоси бор. Энг муҳими, оила ҳаётнинг давомийлигини, яъни авлодларни ҳаётга учирма қиладиган, барҳаётликни таъминлайдиган, муқаддас урф-одатларимизни ўз бағрида асрайдиган, шу билан бирга, келажак авлод қандай инсон бўлиб етишишига бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғи эканлигини ҳар доим ёдда тутмоғимиз керак.

Абира Ҳусейнова,

Олий Мажлис Сенати аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

6 + 18 =