“Қалб” кодекси

Ишхонага ошиқиб таксига чиқдим. Манзилимга бир бекат қолганида йўловчилардан кексароқ онахон:

— Болам, мана йўл ҳақини ол. Бир ярим минг. Беш юз сўмим йўқ экан. Рози бўларсан. Дуо қиламан, — дедию, чўнтагидан ғижимланган пулни узатди. Жиғибийрон ҳайдовчи эса:

— Сизга ўхшаган дуогўйлардан учтасини машинамга миндирсам, кунлик топганим ўзимга етмайди-ку, хола! — дея жеркиб ташлади.

Жаҳлим чиқди. Юрагимнинг бир четлари жиз этиб кетди…

— Холажон, тушаверинг, — дедим-у, у киши учун ҳам йўл ҳақини узатдим. Ҳижолатомуз бўлган онахоннинг аҳволини тасаввур қилиш қийин. Кўнглидан нималар ўтмади экан? Қалби оғригандир…

Ишга келиб, ҳужжатларни битирган киши бўлдим-да, мактабдаги соат ўнда бошланадиган тадбирга ошиқдим. Ҳар доимгидек ёшлар тарбияси. Очиқ мулоқот. Мактаб директоридан тортиб, маънавиятчи-ю маҳалла раиси, маслаҳатчилари сўзга чиқди. Шу пайт лирик чекиниш қилиш мақсадида ижодкор ёшлар бўлса, шеър ўқишлари сўралди. Орқа ўриндиқнинг бир четида қимтиниб, дугоналаридан ажралибгина ўтирган қизалоқ кўзлари чарақлаб, “мен ўқисам майлими”, — дея таниқли шоирлардан бирининг гўзал мисраларини айта бошлади. Унинг овозини эшитган бир ўқитувчи жойидан сапчиб турди-да, “тўхта” ишорасини бериш учун қўлини кўтарди. Залда бирданига кулги овози жаранг­лади.

Кимдир ёнидаги ўртоғига у ҳақда пичирлаб кулса, яна кимдир лабини тишлаб, ачингандек бошини сарак-сарак қилиб қўярди. Ҳижолат бўлган қиз нима қилишини билмай тўхтаб қолди. Яна жаҳлим чиқди. “Тушунмадим” дея ёнимдаги мактаб маънавиятчисига юзлансам: “Эътибор қилманг, меҳмон. У қизимиз ўзи шунақа. Ҳамма жойга ўзини тиқиштираверади”, — деди.

Баттар асабийлашдим. Ахир, бу нимаси? Мактаб шаъни учун катта бир тадбирда чиқиб шеър айтган бола минг ёмон талаффузда айтса ҳам, “ўқитувчи, устоз, муаллим”, деган буюк зотлар уларни маънан қўллаши керак эмасми?

Шунча одамнинг олдида изза бўлган қизчага далда бериш учун: Раҳмат сенга, мингга яқин ўқувчиси бўлган мактабда дадиллик билан туриб, шеър ўқиганинг учун. Насиб этса, сендан ажойиб ижодкор чиқади, — дедим ҳам унга, ҳам ўзимга тасалли бериб. Бироқ, унинг кўзларидаги томчилар қалбининг озор чекканидан далолат бериб турарди. Кўнглим беҳузур бўлиб кетди…

Тадбир тугаб, “маънавиятчи”нинг кузатар чоғида айтган гапи юрагимни тешиб ўтди.

— Кечирасиз, синглим. Бояги ҳолат учун узр сўрайман. У қизнинг онаси “баклажка” териб сотади. Шу сабаб юриш-туриши ҳам ўзига яраша. Синф раҳбари билан бироз муносабатлари терс, кўрганингиз бояги киши синф раҳбари эди…

Қизиқ, қачондан бери таълим-тарбия инсонларнинг ижтимоий келиб чиқишига қараб берилаётган бўлса? Устозларни ўқувчи ота-онасининг бойлиги-ю мансаби қизиқтирса? Бу ҳолатдан дилим эзилди… У қизнинг аҳволини эса тушуниш қанчалар оғир…

Мактабдан чиқиб, йўл-йўлакай китоб дўконига кирдим. Ҳамма ўзига керакли асарни қидириш билан оввора. Шунда бир йигит:

— Илтимос, менга “Маъмурий”, “Жиноят”, “Оила”, “Меҳнат” кодексларини берсангиз. Қолганини кейинги ойлигимдан оламан. Ҳамма кодексларни ўрганмасам бўлмаяпти. Ҳақ-ҳуқуқимни ўрганмоқчиман! Қонунни билмасангиз, одамлар эзғилаб ўтишга уринади, — деди-да китобларни харид қилиб, чиқиб кетди.

Шунда сотувчига юзланиб, кечирасиз, “Қалб кодекси” борми, десам, менга ҳайратланиб қаради. Унинг зардали боқишидан, “шу замонда қалбга бало борми? Пулдан гапиринг, пулдан! Пулинг бўлса, ҳаммаси бўлади. Керак бўлса, Қалбни ҳам сотиб олиш мумкин”, — деган маънони уқиш мумкин эди…

Бизга бир-биримизнинг дилимиздан, кўнг­лимиздан, қалбимиздан не фойда? Муҳими, пулимиз бўлсин. Қолгани бир тийин! Ким хафа бўлади, ким ранжийди, ким озор чекади… Уларнинг наздида қалбни даволаш осон. Жа, бўлмаса унутиб юборади. Айниқса, аёлларимиз бир йиғласа — олам гулистон. Ҳозир қалбимиз билан ҳисоблашадиган вақт эмас. Биз пул топишимиз, янада кўп топишимиз керак. Ахир, Қалбни яралаб, тузатишимиз, тугаб қолса Меҳр сотиб олишимиз керак-ку… Улар топилади, сотилади. Фақат… Фақат… пулимиз бўлса бўлгани…

Дилноза Абдуҳамидова.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

6 + 6 =