Қуёшим энам

сардан парча)

Меҳрнинг қудрати

Отам маърифатли инсон эди. У қишлоғимиздаги мактабда директор бўлиб ишлаган пайтлари ҳар байрамда адабий-бадиий кечалар уюштириларди. Ҳатто мактабда отамнинг ташаббуси билан қурилган клубда ўқитувчи, ўқувчилар ўзлари роль ижро этишиб, Ҳамза, Комил Яшин, Уйғун асарларидан, отамнинг талаби билан, спектакллар саҳналаштиришган.

Отам фарзандлари ичида Неъматилла акамни ўзгача яхши кўришининг оғриқли сабаби бор эди. Энамнинг айтишича, отамнинг энг суйимли, туғишган укаси Холбой амаким ўттиз беш ёшида оғир хасталикдан вафот этади. Амакимнинг жанозаси куни эса Неъматилла акам туғилган. Отам кечки пайт жанозадан қайтиб:

— Куйган журагимга кулча бўлдинг, болам, — деб йиғлаган экан.

Мактаб ўқитувчилари отамнинг нозик жойини жуда яхши билишган. Шунданми, мактабда байрам тадбири ўтадиган бўлса, ўқитувчилар уйимизга келиб Неъматилла акамни олиб кетишаркан. Эндигина беш ёшга тўлган акам саҳнада “Ошпаз қўшиғи”ни ижро этаркан.

Ошпазлик касби корим,

Меҳнатим ифтихорим.

Куймасин деб тагини, тагини,

Пасайтирдим оловни.

Тезроқ пишиб чиқсин деб,

чиқсин деб,

Дамлаб қўйдим половни…

Қўшиқни тамомлаб, таъзим қилганда, йиғилганлар уни қийқириб олқишлашганини эшитганман. Шундан сўнг ўқитувчилар акамни яна уйга олиб келиб қў­йишган.

Кейинчалик ҳам отам иш, мажлислардан дилгир бўлиб келса, Неъматилла акамдан бош­­қа ҳеч ким унинг ёнига йўлолмасди. Акам сочлари жингалак, қўй кўзли, мактабда аълога ўқирди. У асабий, важоҳатла уйга келган отамга қандай муомалада бўлишни биларди.

— Ота, сизди яхши кўраман-да, — дерди у.

Отам эса кап-катта акамни бағрига босарди.

— Улимдан, менам силарди яхши кўраман, — дерди.

— Бугун математикадан беш олдим. Оббосова мени жуда мақтади. Отангнинг улисан-да, деди.

Отам ҳарчанд кайфиятсиз ўтирган бўлса-да, бу эътирофдан яйраб кетарди.

— Ҳа, улимдан, оно шундай поқот бешга ўқи. Менинг болам бўсангнар, шу қишлоқлардан жориб чиқингнар, — дерди отам…

Совуқ қиш кунларининг бирида Неъматилла акам қаттиқ шамоллаб қолди. Отам дарҳол янги суйилган қўйнинг думбаси билан қизил шолғом қайнатишни буюрди. Энам пишган таомни сузиб келиб, мажбурлаб акамга ичирди. Сўнг қорабоғлик Пирмат дўхтир чақиртирилди. Бир кўзи ақий (ғилай) бу дўхтир оиламизнинг қадр­дони эди. Кулганда ана шу кўзи қўрқинч­­ли бўлиб кетса ҳам биз болалар уни ҳурмат қилардик. У киши акамни текшириб дори-дармон ёзиб берди. Отам Эркин акамга отни тайёрлашни буюрди. Кўп ўтмай қизил каштали “дигдика” (отам отини шундай деб атарди) лари эгарланди. Отам отга бир сакрашда минди-да, ҳовлиданоқ қамчи босди.

Кўп ўтмай отам бир халта дори-дармон кўтариб кириб келди. Пирмат дўхтир яна келиб акамга укол қилди. Аммо акамнинг иситмаси ҳадеганда туша қолмади. Шунданми, отам уйда акамга қараб туриш учун нав­батчилик тайин­лаб қўйдилар. Катта ака-опа­ларим узоқ шаҳарларда ўқиётганлиги учун Гулсора опам билан мен навбати билан қарардик. Бир куни менинг навбатим эди. Кечки пайт, ҳамма ухлаганда Неъматилла акам астагина:

— Гули, шўр анор егим кел­япти, — деди.

Акамнинг товуши хасталигидан бўғиқ базўр эшитиларди. У мени безовта қилаётганидан хижолат бўлдими, кўзлари андак намланганини сездим. Пушкиннинг эртакларини ўқиётган эдим, китобни аста ёпдим. Уйда анор қолмаганини билардим. Ҳасан тоғамнинг эса ҳовлисида катта анорзор бор. Ортганини ғамлаб қўйишади.

— Ака, фонусни олсам майлими? Қўрқмайсизми? — деб сўрадим.

— Қўрқмайман, олавер, — деди акам менинг нима қилмоқчилигимга тушунмай.

Елкамга энамнинг қизил шол рўмолини ташладим, фонусни қўлимга олиб ҳовлига чиқдим. Яримта ой осмонда хира нур сочар эди. Атрофга назар ташлаб кўзимни ўргатиб олдим. Ваҳимали туюлган нарсалар — дарахтлар, ошхона олдида қорайиб турган нарса — сўкичак эканини, унинг устидаги улкан сават, саватнинг устида гўштни ёввойи мушукдан ҳимоялаш учун қўйилган катта болта, сим дорда осилиб турган — опам ювган ки­йимлар, анави узала тушиб ётган нарса эса дов-дарахт сояси, қорайиб турган тандир-ўчоқ, устунга осилиб турганни тузлиқ, исириқ халта, ҳар замонда эшитилаётган пишқирган товуш отамнинг оти эканлигини яхшилаб билиб, анг­лаб олдим.

— Қўрқмайман, ҳаммасини кундуз куни кўрганман, — дедим ўз-ўзимга шивирлаб.

Сўнг ошхона олдидаги баландлиги ярим метр келадиган деворнинг устига чиқиб нариги тарафга — Ҳасан тоғамнинг боғига сакраб тушдим. Қўлимдаги фонус ликиллар, унинг ёруғи узоқни ёритолмас эди. Кузакнинг изғирини этларимни чимчилар эди. Мен ўзимни овутиш, қўрқувни босиш учун хиргойи қилмоқчи бўлдим. Аммо эпини қилолмадим. Қоронғида тоғамнинг боғидаги тераклар, мевали дарахтлар, йўнғичқазорлар, кузда ағдариб ташланган полиз ўрни, чап томонимдаги молхона, отхоналарнинг туйнуклари қўрқинчли кўринар, шунданми, ҳеч қаёққа қарамай тез-тез юриб борардим.

Барибир қўрқув мени ортга қайтаролмасди. Акамга анор олиб келишим керак эди. “Қўрққанга қўша кўринади”, дейишгани рост. Худди ортимдан бир нима қувиб келаётгандай, шол рўмолимни маҳкам ушлаб, бир бориб, бир келаётган фонусни ликиллатганча тоғамнинг ҳовлиси томон интилардим.

Ё тавба, кундуз кунлари бу боғдан эрмакка неча бориб, неча қайтамиз. Пастқам деворлар устида сакраб ўйнаймиз. Акаларим, тоғаларим неча марта бу йўнғичқазордан, полиздан илон тутиб олганига, уни бел ёки паншаха билан ўлдирганига, камига оловга ташлаб куйдирганларига гувоҳ бўлганман. Момом илонни ўлдирсанглар оловда куйдиринг­лар, бўлмаса авлодлари қидириб келади, деган гапларини ҳеч бир қўрқувсиз эшитганман. Бегали тоғамнинг оёғига илон чирмашганини, жасур, қўрқмас тоғам илоннинг бошини шартта ушлаб оёғидан ажратиб олганини, ўзини зириқтириб отганини кўрганман. Ҳозир, айнан битта ўзим бу боғдан ўтаётганимда ана шу кўрганларим баттар этимни жунжиктирар, қўрқув босиб келарди.

Хаёлимда тоғамнинг ташқарига фонус илинган ҳовлисига етишим қийиндек, манзил жудаям узоқдек эди. Ниҳоят, хилват боғ ортда қолди. Боғ билан тоғамнинг ҳовлиси оралиғига ўрнатилган омонатгина даричани бор кучим билан очдим-да ҳовлига отилиб кирдим. Момом ухлайдиган хона деразасидан лампа чироқнинг ёруғи пирпираб турарди. Тўғри шу томонга юрдим.

— Момо, момо менман, — тит­рабгина товуш бердим момомга ва эшикни очдим.

Кўзлари уйқуга илинган момом талмовсиради. Ва тез ўрнидан турди. Момом ухлайдиган хонада тоғамнинг қизлари Хосият, Гулнора холам қотиб ухлаб ётарди.

— Ҳай Гулимисан? Болам ярим кечаси нима қип жўрибсан? — қотмадан келган момом отилиб ўрнидан турди-да, мени бағрига қаттиқ босди.

— Акам анор жейман, деяпти. Бугун мен қараб турувдим, — дедим титраб ва йиғлаб юбордим.

— Вой, отангга айтсанг бўмайдими, битта ўзинг қоронғида журмай, — деди момом хавотирли товуш билан. — Онор силардан айлансин, ҳозир болам.

Мен хира чироқ ёруғида момомнинг хатти-ҳаракатини кузатиб турдим. Бўйчан, қотма, кўк сатин кўйлагининг енглари ҳилвиллаган момом ўртага гарди рўмол ёзди. Токчадаги катта товоққа солиб қўйилган анорлардан танлаб-танлаб олди. Анорларни рўмолга тугиб, эгнига йўл-йўл қизил кандир пешматини кийди, қора шол рўмолини ёпиниб, желагини бошига ташлади.

— Жўр, болам, мен сен билан бораман. Битта ўзинг қўрқасан, — елкаларимни сийпалаб қўйди момом.

Менга жон кирди. Момомнинг қўлларидан маҳкам ушлаб олдим. Яна ўша хилват боғдан ўтдик. Аммо бу сафар қўрқмадим. Чунки момом ёнимда мени алқаб келарди:

— Ака-укалар, опа-сингиллар бир-бирига меҳрибон бўлиши керак. Сенинг меҳрибонлигингни қара. Бошқа жомон сингил бўлганда акасига анор қидириб, ярим кечаси бу боғдан ўтмайиди, — деди момом.

Уйга кирганимизда ҳамма ухлаб қолган, биргина Неъматилла акам ухламай бизни кутиб ётган экан. Фонусни дераза токчасига қўйдим. Момом атрофга аланглаб дарров пичоқни топиб анорни кесди. Доналарини пиё­лага ситди. Мен акамнинг оғзига қип-қизил анор доналаридан эҳтиётлаб сола бошладим. Акам мазза қилиб битта анорни еди. Кейин менга қараб шундай чиройли кулиб қўйдики, кўзлари нурланиб кетди. Мен акамнинг кўрпасини тўғрилаб қўйиб, печга яна ўтин солиб қўйдим. Кўп ўтмай акам ухлаб қолди. Шундан сўнг­гина ўзимга солинган ўринга момом билан чўзилдик.

Эртаси Неъмат акам кечагидан кўра анча дуруст бўлиб уйғонди. Чой ичаётганимизда момом кечаси бўлган анор воқеасини отамга айтиб берди. Отам, ҳамма нарсадан ҳам хурсанд бўлавермайдиган отам яшнаб кетди. Менинг сочларимни силаб алқади.

— Ҳа, энамдан, — деди отам. — Бугун районга тушаман. Айтган эртак китобларингди апкеламан.

Бу воқеадан кейин жуда кўп йиллар ўтган бўлса-да, ҳали ҳам анор еб, мазза қилган акамнинг кўзидаги чўғланишни унута олмайман. Энди ўйласам акагинам­ни ўша анордан ташқари, бизнинг меҳримиз ҳам даволаган бўлса керак. Акамнинг кўзларида ялтиллаган чўғланиш эса ҳар хотирлаганимда ҳаяжонга солади. Юрагимга ғалаён олиб киради.

Бу ғалаён акагинамнинг биз жигарларига беқиёс меҳри-муҳаббати, эътибори билан, қолаверса, тақдири, умр чизиғи Холбой амакимникига ўхшаб якун топгани билан боғлиқ, деб ўйлайман. Неъматилла акам Москвадаги Автомобиль йўллари институтини имтиёзли диплом билан тамомлаб, тўғри Самарқандга ишга йўлланма олган. Вилоят автомобиль йўллари бошқармасида ўн бир йил ишлаган акам:

— Ота-онам кексайиб қолди. Энди Қамашига қайтаман. Уларга хизмат қилишим керак, — деб Қамашидан уй-жой қилди.

Вилоятда яхши лавозимда ишлай бошлади. Ота-онам бағри тўлганидан хурсанд эди. Аммо кунлардан бир куни акамни ўз синфдош дўстлари меҳмонга чақиришиб, орқасидан пичоқ санчиб ўлдиришади. Нима сабабдан эканлиги бизга ҳалигача қоронғи бўлиб қолди.

Менга акамни охирги марта кўриш насиб этмади. Фақат ўлимидан бир кун олдин уйимга қўнғироқ қилиб:

— Гулижон, байрамда болаларинг билан албатта келинглар. Поезддан тушишингга эгнинг­­га зар кўйлак кийдираман, сингилжоним. Сизларни соғиндим, — деган гапи қулоғимда бир умр сирға бўлиб қолди.

Фожиадан хабар топгач Қамашига учдим. Акамни сўнгги маконига олиб кетишган экан. Менга акажонимдан ана шу меҳрли гап мерос бўлиб қолди…

 

Гулжаҳон Мардонова

Гулжаҳон Мардонова — 1961 йил Қамаши туманидаги Бадахшон қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори.

Унинг “Нур тўла уй”, “Алла айтай, жоним болам”, “Хушрўйлик сирлари”, “Ори қўшиқ бўлган юрт”, “Фарзандингизга ўйинлар”, “Оилада болаларни алла воситасида маънавий-ахлоқий тарбиялаш”, “Истиқлолдан яшнаётган юрт”, “Онам айтган аллалар”, “Ўзбек халқ қўшиқлари” каби қатор китоблари нашр этилган.

Қуйида муаллифнинг “Қуёшим энам” асаридан парча эълон қилинди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 − 7 =