Тишланган олманинг довруғи

ёки Стив Жобснинг сўнгги мактуби

  • Порлоқ келажакнинг қайғули одимлари
  • Оддий гараждаги доҳиёна ихтиро
  • Жомадонли уйча
  • Чўнтакдаги мингта мусиқа
  • Юрагингиз изидан юринг
  • Дуённинг энг бой одами сотиб ололмаган умр

Айтишларича, дунёни учта олма мутлақ ўзгартирган экан: Момо Ҳаввонинг олмаси, Ньютоннинг олмаси ва Стив Жобс­нинг олмаси. Момо Ҳаввонинг ва Ньютоннинг олмалари ҳақида бир неча асрки гапириб келинади. Бизнинг мулоҳазаларимиз бу ҳақда эмас. Қуйида “Apple” асосчиси Стив Жобснинг тишланган олмаси ҳақидаги бутун ҳақиқатлардир.

Стив Жобс ашаддий орзупараст эди. У ҳар бир   мактаб партасида, ҳар бир одамнинг қўлида компьютер бўлишини орзу қилди. Ва унинг орзуси амалга ошди. Бутун дунё илмлари қамалган компьютерни жомадон янглиғ қўлда кўтариб юрар эканмиз, олаётган илмларимиз сабаб Стив Жобсга миннатдорлик билдирамиз.

Унинг тишланган олмаси эса дунёдаги энг бахтли олмалар сафида юрагимизда бўй таратади.

Стивен Пол Жобс ахборот технологиялари асрида даҳо кашфиётчи сифатида кенг тан олинган саноат дизайнери, “Аpple” ва “Pixar” асосчиларидан бири, бош директоридир.

Стивен Пол Жобс 1955 йил 24 февралда туғилган. Унинг ота-онаси: суриялик Aбдулфаттоҳ (Жон) Жандали ва немис мухожирлари католик оиласидан Жоан Шиббле бўлган. Жоан Вис­консин университетининг магис­тратурасида бирга таҳсил олган ва Жандали у ерда ёрдамчи ўқитувчи бўлиб ишлаган. Жоаннинг қариндошлари уларнинг муносабатларига эътироз билдирганлиги, вафот этган отаси меросидан маҳрум қилиш таҳдиди билан қўрқитганлиги сабабли, у Сан-Францискода хусусий шифохонада туғиб, болани асраб олишга топширишга мажбур бўлган. Стив Жобс порлоқ келажагининг илк қадамлари ана шундай қайғули бош­ланади.

Болани Пол Жобс ва арман миллатига мансуб америкалик Клара (Агопиян) Жобс асраб олди. Улар асраб олинган ўғлини Стивен Пол деб аташди. Отаси автоулов механиги бўлиб, молиявий компанияда ишлаган. Отаси уни автомашиналар орқали радиотехника асослари билан ҳам таништирган.

Стив мактабда қунт билан ўқишга киришади, у ўқув йилининг охирида имтиҳонларни шу қадар муваффақиятли топширдики, директор уни бирданига тўртинчи синфдан еттинчи синф­­га ўтказишни таклиф қилди.

Рид коллежида Жобс Возняк билан бирга талабалар кенгаши президенти, “Аpple” фирмаси менежери Даниэл Коттке билан учрашди. Бу Жобснинг ҳаётида муҳим воқеа бўлди. Олти ойлик машғулотлардан сўнг Жобс коллежни ташлаб кетади. Зерикарли мажбурий дастур уни қизиқтирмагани учун, уни ўрганишдан маъно кўрмайди. 1974 йилда Жобс Атари компаниясига техник бўлиб ишга киради. Компания видео ўйинлар ишлаб чиқариш билан шуғулланиб, соатига 5 АҚШ доллари олиб иш бошлайди. Бирпасдаёқ дастлабки 50 нафар ишчининг ягона энг кучли ишчисига айланади.

20 ёшида яқин дўсти Стив Возняк унга илк бор ўзи ихтиро қилган шахсий компьютерини кўрсатади. Возняк уни компьютер ихтиро қилиб сотиш ишлари билан шуғулланишга кўндиради. Улар 1976 йил 1 апрель куни “Аpple” компьютерини ихтиро қилишди. Буни яратиш учун Стив Жобс ўзининг микроавтобусини, Возняк эса дастурлаштирилган калькуляторини сотди ва улар “Аpple”ни яратиш учун жами 1300 АҚШ доллари миқдорида пул сарфлашган.   Мана шу 1300 АҚШ доллари кейинчалик дунёда энг олдинги сафларда турувчи миллиардер пулларининг хамиртуруши эди. Иккита Стив компьютернинг қулайлик ва афзаллик жиҳатларига дўкон эгасини ишонтиргандан сўнг маҳаллий дўкон эгаси улардан 50 та компьютер харид қилади. Компьютерлар харидининг оммалашишида Вознякнинг техник даҳолиги ва Жобснинг афсонавий нотиқлик қобилияти муҳим роль ўйнайди. Шундай қилиб отасининг гаражида ясалган тишланган олма русумидаги “Аpple”нинг довруғи дунёни тутади.

Жобс қаттиққўл раҳбарга айланади. Бироқ у умри давомида фақат Вознякка овозини баланд кўтармайди. Тез орада “Аpple” компьютери учун 50 миллион донага талаб келиб тушади ва Стив Жобс 25 ёшида миллионерга айланади. Жеф Раскин ва Жобс 1980 йилда янги лойиҳа устида иш бошлайдилар. Раскин бу лойиҳани ўзи яхши кўрган олма нави билан “Макинтош” деб номлайди. Стив қаттиққўллиги сабабли улар орасида бир қанча келишмовчиликлар бошланади. 1985 йилда эса уни ўзи ясаган кемадан тушишга мажбур этишади. У “Аpple”га тааллуқли акцияларини сотиб, бу ерни тарк этади. У Пиксар аннимация студиясида дунёга донғи кетган мультфтильмлар   ва видео ўйинларини яратади.

Стив кетганидан сўнг “Аpple” компанияси ишлари кундан-кунга ёмонлашади. 1996 йилда уни қайтиб келишга кўндиришади. У     иккинчи марта корхонани оёққа қўяди. 2000 йилда ойига бир миллард доллар даромад топаётган миллиардер сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киради.

Жобс 2001 йилда мусиқа эшитиш ускунаси (плеер)ни   iPod номи остида ихтиро қилади. Кейинчалик корхонанинг асосий даромади ана шу ускуна ҳисобига қўлга киритилади. Ушбу кичкинагина қутича ниҳоятда ихчам бўлиб, “Чўнтагингизда мингта мусиқа” шиори билан сотувга қўйилади. Ушбу ихтиролар тобора мукаммаллашиб, 2004-2005 йилларда iPodга қўшимча рангли экран ихтиро қилинади, унда видео ўйинлар ўйнаш қулайликлари яратилади.

2007 йилда сенсорли iPhone телефонлари кашф қилинади. Албатта, бунгача 2000 йилда Эрриксон ўзининг илк сенсорли телефонини чиқарган эди. Бироқ Жобснинг iPhone телефони ўзининг қулайлиги, ниҳоятда нозик дид билан ясалганлиги, тармоқларга симсиз уланиш қобилияти туфайли бирпасда дунё аҳлини ўзига ром этди. Айфон тугмачали телефонлар даври якунлашини тантанали нишонлаб ҳар йили янгидан-янги русумларини намойиш этади. 2015 йилда планшет ишлаб чиқарилади. Муҳими, Жобс харидорларни ушбу маҳсулотга жуда муҳтож эканлигига ишонтира билди. Чунончи, планшет компьютер ва телефонлар соясида қолиб кетади, деб тахмин қилинаётган бир пайтда бундай бўлиб чиқмади, йилига 15 миллион донага яқин планшет сотилди.

Аслида Жобснинг ишлари ҳар бири катта янгилик эмасди. У муҳими, ўз ишини ҳаддан ортиқ севарди, орзу ва хаёлпарастликдан чарчамасди, яратилган техникаларни қайта мукаммаллаштириб, нозик дид билан безарди. Унинг шарофати билан биз кичик жомадончали уйимиз — компьютеримизни қўлда кўтариб юриш бахтига муваффақ бўлдик. Дунёни доҳиёна янгиликлар билан лол қолдираётган Стив Жобснинг тишланган олмасига ҳеч қачон “қурт” тушмади. У ҳар доим аҳоли орасида севимлилигича қолди.

Стив Жобс икки марта турмуш қурган. Биринчи турмушидан битта қиз ва иккинчи турмуши Лорэн Пауэллдан битта ўғил, икки нафар қиз фарзанди бор. 2004 йилда Жобсга ошқозон ости бези ўсмаси ташхиси қўйилади. 2009 йилда саратондан зарарланган жигари олиб ташланиб, ўрнига соғлом жигар кўчириб ўтказилади.

2011 йил 5 октябрь куни дунёнинг энг бой одами, даҳо ихтирочи Стив Жобс вафот этади. У ўзининг ҳамма пулларини Аpple компаниясига қолдиради.

Видо мактуби

Мен бизнес оламида муваффақият чўққисига чиқдим, бошқаларнинг наздида менинг ҳаётим муваффақият тимсолига айланди. Иқрорим шуки, ишдан ташқари, ҳаётимда қувончлар жуда оз. Охир-оқибат, бойлик — бу мен одатланган ҳаёт ҳақиқати бўлиб қолди. Шу лаҳзаларда мен касаллик тўшагида ётар эканман, бутун ҳаётим кўз олдимдан ўтарди. Мен жуда ғурурланадиган барча тўхтам ва бойлик мен сари яқинлашаётган ўлим қаршисида ўз аҳамиятини йўқотганини тушундим.

Қоронғуликда туриб ям-яшил ҳаётга қарар эканман, ускуна ичидан мен сари келаётган ҳаёт   овозини эшитаман. Шунинг баробарида   ўлим яқинлашаётганини ва Худонинг нафасини ҳис қиламан. Айни пайтда бизда пул етарли экан, ҳаётдаги бойликка дахли бўлмаган мутлақо бошқа масалалар ҳақида ўйлайман …

Ҳаётда жуда муҳим нарсалар кўп. Эҳтимол, ким учундир бу муносабат тарзи, бошқалар учун — санъат ёки болалик орзуларидир… Фойда кетидан қувиб доимий пойга ўйнаш одамни қўғирчоққа айлантиради. Ва бу менинг ҳаётимда ҳам содир бўлди. Худо яқинларимизга севгимизни бахш этиш учун бизни ҳиссиётлар билан кийинтирди. Умрим давомида орттирган бойлигимни ўзим билан олиб кетолмайман. Мен олиб кетадиган нарсалар шунчаки севги билан боғлиқ хотиралардир. Биз билан изма-из юриши, ҳамроҳ бўлиши, кузатиши, ҳаракат қилиш учун қудрат берадиган ҳақиқий бойлик мана шулар экан.

Севги узоқ масофаларни босиб ўтишга, ҳар қандай тўсиқни енгишга қодир. Ҳаёт чексиз ва чегарасиздир. Ўзингиз кўзлаган чўққиларни забт этинг. Юрагингиз сизни чақирган томонга қараб юринг. Буларнинг барчаси ўзингизнинг қўлингизда. Пул эвазига ўрнингизга кимнидир машина ҳайдашга ёллашингиз, сиз учун бошқа бировни пул ишлаб топишга масъул қилишингиз мумкин, аммо пул бериб кимнидир касалликларингиз азобини тортишга ёллай олмайсиз. Моддий буюмларни топишингиз ва сотиб олишингиз мумкин. Aммо битта нарса бор, муддати тугаганда улар сотиб олинмайди – «ҳаётни», узоқ умрни сотиб олиб бўлмайди.

Ёшимиз улғайган сари биз ақлли бўламиз ва 30 долларлик ва 300 долларлик соат ҳам бир хил вақтни кўрсатишини англаб етамиз. Биз 30 долларлик ҳамённи оламизми ёки 300 доллар турадиганиними икковига ҳам бир хил миқдорда пул солинади. 150 минг долларлик ёки 300 000 долларлик машина ҳайдасак ҳам – йўл ва масофа бир хил, биз битта манзилга етиб борамиз. 300 квадрат метр уйда яшаймизми ёки 3000 квадрат метр ҳовлида – ёлғиз яшар экансиз, унинг бариси бефойда.

Ҳақиқий ботиний бахтингиз дунёнинг моддий нарсалари билан бирга тарозига қўйилмайди. Сиз биринчи ёки эконом классда учасизми, Худо кўрсатмасин, самолёт қуласа бунинг аҳамияти йўқ, сиз у билан бирга ҳалокатга учрайсиз. Ва бундай паллаларда сизнинг ёшингиз ва нималарга эришганингиз ҳам муҳим эмас! Пардалар тушириладиган кун ҳаммамизнинг ҳаётимизда рўй беради… Сизнинг бори хазинангиз — оилангиз, севгилингиз, қариндошларингиз ва дўстларингизга бўлган муҳаббатингиздир. Ўзингиз билан бирга бошқаларга ҳам ғамхўрлик қилинг!

Бешта баҳслашиб бўлмайдиган ҳаётий далил бор:

  1. Фарзандларингизни бой бўлиш эмас, бахтли бўлиш илинжида тарбияланг. Уларни бахтли бўлишга ўргатинг. Шунда, улар улғайгач, нарсаларнинг нархини эмас, қадр-қийматини англайдилар.
  2. Озиқ-овқатга табиий дори сифатида муносабатда бўлинг. Aкс ҳолда, овқат ўрнини босгувчи дорилар ҳам бор.
  3. Сизни севадиганлар ҳеч қачон ташлаб кетмайдилар. Aгар сизни ташлаб кетиш учун юз фоиз сабаби бор бўлса ҳам — у ҳар доим битта қатъиятлилик сабабини топади ва сизни тарк этмайди.
  4. Одам бўлиш ва одамийлик ўртасида катта фарқ бор.
  5. Aгар сиз шунчаки тез юришни хоҳласангиз, ёлғиз кетинг! Aгар узоққа бормоқчи бўлсангиз, бирга одим ташланг!

Шунингдек, дунёда энг яхши олтита шифокор бор: қуёш нури, дам олиш, жисмоний машқлар, парҳез, ўзига ишонч, дўстлар. Уларни ҳаётнинг барча босқичларида сақланг ва соғлом ҳаётдан завқ олинг!

Гўзал Бегим.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 − eleven =