Ўзбек бренди дунё кезади

Эндигина 30 ёшни қаршилаган Фаррухбек Шодибоев болалигидан жуда тиришқоқ, ўзига талабчан бўлиб улғайди. 2009 йилда Тошкент Молия институтини битиргач, давлатимиз томонидан тадбиркорларга яратиб берилаётган қулайликлардан руҳланиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлади.

2018 йилда 1 миллиард 600 миллион сўм кредит олиб, «Тожмаҳал Ҳакансавдо» МЧЖ тасарруфида «Tajtekstil» ишлаб чиқариш корхонасини очди.

Корхона Андижон вилоятининг Балиқчи туманидаги «Мумтоз» МФЙ ҳудудида жойлашган бўлиб, 2019 йилнинг июнь ойида илк фаолиятини бошлаб, туман аҳолисининг 150 нафардан ортиғини иш билан таъминлади.

4000 га яқин киши истиқомат қиладиган ҳудудда ушбу   корхонанинг ташкил этилиши ҳам халқимиз турмуш тарзини яхшилаш йўлида олиб борилаётган самарали ислоҳотларнинг бири десак, муболаға бўлмайди.

— Тадбиркорлик қонимизда бор. Дадам Патиддин Шодибоев ҳам узоқ йиллар давомида вилоятимиздаги текстиль корхоналарида раҳбарлик лавозимларида фаолият олиб борганлар, — дея сўз бошлади биз билан суҳбатда Ф. Шодибоев.

— Оилада тўрт ўғилмиз. Ҳаммамиз тадбиркормиз. Фаолиятимизни кенгайтириш мақсадида Андижон вилояти ҳокимлигига мурожаат қилдик.

Андижон вилояти ҳокимининг инвестициялар, иннова­циялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бў­йича ўринбосари Бахтиёр Ҳамроев кў­макларида Балиқчи тумани, «Мумтоз» МФЙ ҳудудида жойлашган коллежнинг ётоқхона биноси корхона учун ажратиб берилди.

Бинони таъмирлаш ишлари ва тикув дастгоҳлари келтириш учун МЧЖнинг айланмаси ҳисобидан 3 миллиард сўмдан ортиқроқ маблағ сарф қилинди.

Хитой технологиялари асосида иш бошладик. Фаолиятимизнинг асосий тури эркаклар ва аёлларнинг мавсумий спорт кийимлари ишлаб чиқаришдан иборат.

Биз хомашёни, асосан, вилоятимиздаги «Динар текстиль» корхонасидан сотиб оламиз. Корхона раҳбари Ҳадятилло Тиллабоев ҳам бизга устоздек бўлиб қолган. Дадам ва у кишининг маслаҳатлари ва кўмаклари билан ана шундай натижага эришдик.

Корхона биноси   уч қаватдан иборат бўлиб, 1-қавати матоларни бичиш хонаси ва идора ходимлари учун мўлжалланган. 2-қаватида тикиш, кийим-кечакларни дазмоллаш ва қадоқлаш ишлари амалга оширилади. 3-қаватида эса ошхона ташкил этилган бўлиб, ишчилар тушлиги ҳам ўз навбатида корхона ҳисобидан амалга оширилади.

Ҳозирги коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида бир муддат корхона фао­лияти тўхтатилган эди. Карантин қоидалари юмшатилгач, яна фаолияти давом эттирилди.

Айни дамда корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар Россия, Молдова, Украина, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон Республикаларига экспорт қилиняпти.

Корхонада туркиялик мутахассис Эрдаг Энгин ўз ҳиссасини қўшаётганидан хурсанд. Тикувчи қизларга қўлидан келганича кўрсатмалар бериб, уларга иш ўргатяпти.

Ҳар бир ишга меҳр билан, бор имкониятларни ишга солиб ҳаракат қилинса, натижа беради, самара беради. Буни «Тожмаҳал Ҳакансавдо» МЧЖ фаолиятидан ҳам билса бўлади.

Маъруфа Солиева.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

6 + 16 =