Виртуал қарамлик

Ишхонага келаётувдим анчадан буён кўришмаган бир танишимни учратиб қолдим. У нима билан бандлигимни сўради. Мен: “Уяли алоқа воситалари, интернет ҳақида” мақола ёзмоқчиман дедим. У: “Ҳа, ҳаётимизни компьютерсиз, айниқса, телефонсиз, интернетсиз тасаввур этиб бўлмай қолди. Айниқса, бугунги ёшлар — XXI асрнинг боласи-да. Фарзандимиз ҳеч кимдан кам бўлмасин, деймиз. Қимматбаҳо телефон олиб бермасанг ўртоқлари устидан кулади, деймиз. Олиб берамиз-да”, дейди.

Тўғри, ҳозирги ёшлар — йигирма биринчи аср ёшлари, ахборот технологиялари асри болалари. Лекин бола — бола-да, аввал ижтимоий тармоқда ўз саҳифасини очади. Виртуал дўстлар орттиради. Аммо берилаётган ахборотлар, видеотас­вирга олинган воқеалар ҳақиқатан борми-йўқми, бирон ҳужжатга асосланганми, буни билишга интилмаслиги-ку ёмон, қизиқиб ҳам кўрмагани ўта хавфли.

Ижтимоий тармоқлардаги ёлғон тарғиботлар сабаб қанчадан-қанча ёшлар бизга бутунлай бегона ҳар хил оқимларга кириб, ота-онасидан ташқари, жамиятга ҳам анча ташвиш туғдирди. Айниқса, тармоқлар орқали, илгари ҳеч учратмаган, умуман нотаниш одам билан сирдош бўлиб олиши, натижада, баъзи ахборот манбаларида ёзилганидек, кўча-кўйга норасида гўдакларни қолдириб кетиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Ёки ўзаро келишув асосида бир оила бўлиб яшаётганлар борлигига қандай чидаш мумкин?!

Ана шу ёшлар ҳам бир ота-онанинг жигарбанди, кўзининг қораси. Шундай экан, болага қимматбаҳо телефон олиб беришдан олдин, унинг тарбиясига таъсири қандай бўлишини ўйлаб олиш фойдадан ҳоли бўлмайди. Ёш-ўспириннинг виртуал суҳбат­дошлари кўпайиши кўпроқ вақтини “онлайн” тарзда ўтказишига, одамлар, ошна-оғайнилари, дўстлари билан камроқ мулоқот қилишига олиб келади. Шу тариқа у худбин, лоқайд, ишёқмас бўлиб улғая бошлайди. Баъзи тадқиқотчилар бу жараён ёлғизликда қолгани (виртуал олам аслида жонсиз мулоқот тизими, ким нимани хоҳласа шуни гапириши мумкин бўлган муҳит) туфайли кечади, де­йишмоқда. Аммо руҳшунос тадқиқотчилар бундай фикрнинг ёлғонлигини эътироф этмоқда.

Чунки, ҳар бир ўспирин таълим олиш учун ўқув муассасаларига қатнайди. Демак, унинг ким биландир дўстлашишга имкони бор. Синфдош­лари билан фикр алмашиш, сирлашиши мумкин. Аммо виртуал ҳаёт болани шу қадар ром этадики, ўзи билмаган ҳолда унинг қулига айланади. Ўзи ҳам, гарчи тўғрими-нотўғрими, буни ҳали англаб етмаган бўлса-да, “ақл ўргатувчи” гаплар ёза бош­лайди. Бу унга ниҳоятда ёқиб тушадики, парвонасига айланади. Негаки, виртуал тармоқда энди уни тинглайдиган (аслида ҳеч кимга унинг ақлий гаплари керакмас, шунчаки, + тугмасини босиб қўяди холос) “ҳамфикрлар” пайдо бўлади.

Баъзи ота-оналар фарзанди вақтини нимага сарфлаётгани билан мутлақо қизиқмаслиги ачинарли ҳол. Балки улар ҳам ижтимоий тармоқлардаги суҳбатлар билан банддир. Ахир “Қуш уясида кўрганини қилади”, деб бежиз айтишмайди-ку! Масалан, оналар учун мавзу ахтариш шарт эмас, ҳар доимги гап: дугонаси Туркия ёки бошқа хорижий давлатда ишлаб чиқарилган янги либос олиб кийгани, қайси тамаддихонада таом егани туганмас мавзу, бугунги оталар учун эса мансабдор бўлиш, кўпроқ бойлик тўплаш учун нима қилиш кераклиги, ким билан гаплашса бўлиши кўпроқ қизиқ.

Ўз орзу-ҳаваслари билан овора ота-она фарзандларини тўғри тарбиялаш учун вақт “тополмайди”. “Оdnoklassniki.ru” каби ижтимоий тармоқлар ло­қайдлик, ҳаёсизлик, тубанлик тарғиботига “хизмат” қилаётгани айрим кишиларни ташвишга ҳам солмай қўйди. Интернет имкониятларидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга уринаётган, онги, ҳаётий қарашлари шакл­ланиб улгурмаган ёшларни тўғри йўлдан чалғитишга уринадиган ғаразли кучлар борлиги борасида-ку, ўйлаб ҳам кўрмайди.

Масалан, эндигина тетапоя бўлиб юра бошлаган гўдак бир амаллаб стулга, сўнгра столга чиқади-да, ҳали ўз танаси мувозанатини сақлай олмаслиги, хавф-хатар нималигини билмаслигидан йиқилиб тушади. Мабодо жиддий шикастланса, ота-она, аслида ўзларига таскин бериб, “бола йиқилиб катта бўлади-да” дея овунишади. Бу билан боланинг соғлиғи, унинг баркамол вояга етишидаги ўзларининг масъулиятини хаспўшлашларини ўзлари билармикинлар?.. Бу ота-оналар виртуал тизимда ўтирган боласига нисбатан ҳам шундай фикрлашга бориб қолишмаяптимикин?..

Албатта, ёшларда ахборот истеъмоли маданиятининг сустлигига сабаб турли хабарлар оқимидан энг зарурини ажратиб олишда билим, малака, кўникма етишмаслигида. Натижада фойдасиз суҳбатлар билан овора бўлиб қимматли вақтини ҳавога совуришади. Интернетда “топишган”лар ҳам бир-бирларини умуман билишмайди. Бундай пайтда ижтимоий тармоқда ўзини оиласиз деб таништирган одам бола-чақали эканлигидан нолиган қизлар ҳам учраб қолса ажабланмаса бўлади.

Ёки ўзини пулдор, бойвачча қилиб танитган одам тирноғигача қарздор экани, бойвачча хонимни “илдирса” қутилиш илинжида юрганини ёзган алданган аёлнинг “профил”ини ўқиб ёқа ушлашдан бошқа иложингиз қолмайди. Ҳомийликка даъват қилаётганлар-чи, ахир баъзиларининг ғирт киссавур эканлигини орган ходимлари исботлашмоқда-ку! Бу сингари мисолларни истаганча келтириш мумкин.

Шу нарса аниқки, ёш-ўспирин йигит ёки қиз ҳаётда айтарли дўст топишга улгурмай, интернет орқали бутун дунёнинг бекорчиларини яқин танишига айлантириши эҳтимолдан холи эмас. Интернет ана шундай “улкан имконият”лар ҳам тақдим этади. Лекин ҳали шахс сифатида шаклланмаган, ўзининг мустақил фикри ва соғлом дунёқарашида собитлик бўлмаган ёшлар учун бугун интернет муайян даражада хавфли ҳудудга айланди. Сабаби, одамлар билан муомала қилишда етарли тажрибага эга бўлмаган ўсмир билиб-билмай буз­ғунчи кучлар, одам савдоси билан шуғулланувчи жиноий тўдалар таъсирига тушиб қолиши ҳеч гап эмас.

Қолаверса, ижтимоий тармоқларга кирган кишини қўрқувга соладиган воқеа-ҳодисаларни жойлаштирувчилар сони ҳам ортиб бораяпти. Кимдир автомобиль ҳалокатига тасодифан гувоҳ бўлади-да, қўлидаги телефонида шошилмасдан тасвирга олади. Ёки тепа қаватдан кимдир ўзини пастга ташласа, рўй бераётган фожиани ҳис этмай, бамайлихотир видеога олиб, ижтимоий тармоққа “онлайн” тарзида тўғридан-тўғри узатишни қандай тушуниш мумкин? Ахир тасвирга олиш эмас, биринчи навбатда, жароҳатланган одамга ёрдам кўрсатиш керак эмасми?!

Маълумотларга қараганда, бир неча йиллар илгари Жазоирда фақат интернетга, ижтимоий тармоқларга муккасидан кетган, Африка қитъасидаги “интернет-фанатизми” касалига чалинганларни даволайдиган ноодатий клиника ўз иш фаолиятини бош­лаганди. Шахсий аккаунтига кирмасдан, янгиликлар лентасини доимий кўриб чиқмасдан, виртуал дўстларнинг фотосуратлари ва “постлар”ини кўздан кечирмасдан тура олмайдиган даражага келиши касалликнинг асосий белгиси сифатида эътироф этилганди. Бир қарашда хавфсиз туюлган ижтимоий тармоқлар руҳий зўриқиш, асаб касалликларини келтириб чиқаради.

Кўриниб турибдики, буларнинг барчаси, ҳеч шубҳасиз, шахсни таназзулга олиб келади. Бирон нарсага қарамлик одамни ташқи дунёдан мутлақо узиб қўяди. “Мен уйимнинг дарвоза ва эшикларини доим маҳкам беркитиб ўтира олмайман. Чунки унга тоза ҳаво кириб туриши керак. Ва шу баробарида эшик ва деразаларимдан кираётган ҳаво довул бўлиб хонадонимни ағдар-тўнтар қилиб, ўзимни йиқитиб ташлашини ҳам хоҳламайман”, деган экан Ҳиндистоннинг машҳур давлат арбоби Маҳатма Ганди.

Демак, интернет тармоқларидан ўринли фойдаланиш, ижтимоий тармоқлардаги ахборотларни ҳам юксак савия билан фарқлаш учун ҳар бир инсонда, аввало, савия, тафаккур бўлиши, шаклланиши зарур. Йўқса, инсон гўёки ўзини жарликка, таназзулга етаклайди. Бунинг учун эса оилада шакл­ланадиган тарбия, маънавият сарчашмаларидан бўлган китоб, газета ва журналлар муто­лаасидан баҳраманд бўлмоқликдан ўзга нажот йўқ!

Анвар Қобилов,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen − 7 =