Зулфинг каби тўлғонар оқшом

Кўнгил

Кўнгил қолди…

Қайларда қолди?

Айтинг, қачон йўқотдим уни?

Топиб беринг, ахир ким олди?

Кўрган борми, ғариб кулбамни?

Қадаҳларим тўлар пайдар-пай,

Ичиб бўлмас, шароби тахир.

Сиз ҳаётга чорлайсиз тинмай,

Боролмайман, кўнглим йўқ ахир!

* * *

Шом қуйилар…

Ёдингдек қаро,

Юлдузлари кўзингдек маҳзун.

Кулгуларинг шамоллар аро,

Яна дилга бошлайди ҳузун.

Зулфинг каби тўлғонар оқшом,

Нафасингдир – еллар беомон.

Тун – қўлимда оғу тўла жом,

Сен тунларга айландинг қачон?

Ҳар тун тонгни кутарман дилхун,

Энди висол умиди сўнди.

Кетишингдан қўрқардим у кун,

Келишингдан қўрқаман энди.

 

Хаёл

Баллада

Юрак мисол увишар оқшом,

Кўл юзида титрар юлдузлар.

Қоп-қора тун – кўнгилдаги ғам,

У ҳақида нимадир сўзлар.

Аста ортга бошлайсан йўлни,

Пешвоз чиқар қадрдон толлар.

Қачонлардир кўмилган дилни,

Тирилтирар масиҳ хаёллар.

Жилмаяди бепоён кеча,

Сирли-сирли шовуллайди сой.

Шунда аста булутлар ичра,

Чиқиб келар сен йўқотган ой.

– Нега кетдинг, қара, дилда дард,

Оғуларга тўлди ҳар оним.

– Мен кўнгилга кетдим то абад,

Висолсиз ишқ мангудир, жоним.

– Сенсиз ўтган кунларим оғрир,

Хаёлингни кўмаман шеърга.

Елкамдаги тоғларим оғир,

Ботиб борар оёғим ерга…

– Умрим ўтди висолни кутиб,

Кўнгил уйи ҳамон бўм-бўшдир.

Келолмади бизгача етиб,

Бахт – қаноти кесилган қушдир.

Қуюқлашар булутлар аста,

Вужудингга киради титроқ.

Ой юзини тўсиб бир пасда,

Гумбурлайди момоқалдироқ.

Чўчиб тушар кеча даъфатан,

Узоқлашиб кетар самоват.

Сен афтода ортга қайтасан,

Кутиб турар тонг – аччиқ ҳаёт!

 

Йўловчи

Кетиб борар ҳорғин йўловчи,

Ёлғизоёқ сўқмоқлар аро.

Рутубатли самоватлар ва

Шом қўйилиб келар тобора.

Олисларда бойқушлар сайрар,

Чорлагандек бўлади кимдир.

Йўл четига ташлаб жандасин,

Чўзилади ҳорғин мусофир.

Самоларга кетар хаёллар,

Тушиб келар юлдузлар бари.

Сукунатни бузади гоҳо,

Туннинг оғир хўрсиниқлари.

 

Алишер Назар

Алишер Назар — 1976 йили Чироқчи туманида туғилган. 1998 йили Халқаро Гуманитар академиясини тамомлаган. «Бизга аталган тонглар» шеърий мажмуаси (1999) ва «Холислик эҳтиёжи» пуб­лицистик тўплами (2012) чоп этилган.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × 4 =