Бир аср қувончу ташвишлари

“Хоразм ҳақиқати” — 100 ёшда

Ахборот булоғи, янгиликлар уммони, ҳаёт кўзгуси, жамият минбари, омма фикрининг ойнаси — бари-бари газета аталмиш номда жам. Оммавий ахборот воситалари — ахборот тарқатиш, тарғибот-ташвиқот юргизиш, бир сўз билан айтганда, муштарийларнинг   маънавий онгини ўстиришда ишончли ва қудратли восита ҳисобланади.

Газетхон бўлмай туриб, журналист сифатида, касб-корининг устаси бўлиб танилганлар деярли йўқ. Шунингдек, инсон идрокини забт этишда матбуотнинг ўрни ва роли беқиёс ва бу мухлисларга аллақачон аён бўлган ҳақиқат.

Камина, ярим асрдан буён матбуотнинг пешини тутиб келаман. Аммо ҳали-ҳамон ўқишда, ўрганишда давом этаяпман. Қаламкашликнинг қоидаси шу — бири биридан ўрганиб меҳнат қилишни ўзига ҳам   фарз, ҳам қарз санайди. Бу таҳририят анъанаси, устозлар йўли.

Бугун юз ёшни қаршилаётган — “Хоразм ҳақиқати”нинг қизғин ва долғали фаолиятини кўздан кечириш асносида, ўтган машъум қирғинбарот урушлар, очарчилик ҳамда кейинги йиллардаги тахламларини варақлаб, таҳририятдаги рутубатли ижодий меҳнат қаламкашни шон-шарафдан кўра қисматга кўпроқ етаклаганига гувоҳ бўлдим.

Аслида ҳам газетчилик жўн касб эмас: бу йўлнинг талай қийинчилик, машаққат ва тўсиқлари бор. Тахламларни кўздан кечириб, не ранжу заҳмат ила таҳририят топшириғини сидқидилдан бажарган-у, бунинг учун “раҳмат” ўрнига калтакка дуч келган, қатағон ва сазойи қилинган азиз устозларнинг ҳам тақдиридан хабар топдик. Энг ачинарлиси, уларни кўпинча ўзи ишлаётган газета саҳифалари орқали савалашгани ўша саҳифаларга жо бўлганча турибди ва таъбир жоиз бўлса, касбдошлар учун бу ҳам бир оғир ҳаётий сабоқлардир.

Журналистиканинг меҳнати машаққатли бўлса-да, нони, гарчи чимдимгина эса-да, ҳалол. Кейинги 50 йил мобайнида “Хоразм ҳақиқати”, “Хорезмская правда” газеталари захматкашлари билан ҳамдам, ҳамнафас, ҳамқадам ҳолда баҳоли-қудрат қалам тебратаяпман ва буни ўзимга шараф деб биламан.

Сирасини айтганда, “Хоразм ҳақиқати” воҳадаги аксарият қаламкашлар учун ҳақ сўз, ҳақ фикр минбаридир. Раҳматли Эгам Раҳимдан кейин рўзнома ҳамда вилоят журналистлар уюшмасига етакчилик қилган забардаст адиб Эркин Самандаров наинки раҳбарлик бурчи, балки устоз ва раҳнамолик бобидаги фарзини ҳам канда қилмай адо этгани ва ҳатто шу пайтгача газетчиликка юраги дов бермай келаётган каминани ҳам ҳамкорликка чорлагани умрнинг унутилмас онлари сифатида хотиримга муҳрланган.

Матрасул   Худойберганов, Отамурод Авазмуродов, Жуманиёз Абдураҳимов, Озод Рўзиматов, Султон Нодирматов, Неъматжон Солаевдай устозлар билан бўйлашар даражада мақола битишга йўл бўлсин? Айнан шунисидан истиҳола қилар ва газета талабига монанд мақола битишга ожизлигимни туйганим боис, бу мўътабар даргоҳни кўпинча четлаб юрардим. Эркин аканинг раъй-хоҳишидан сўнг дилдаги истиҳола ва иккиланишлар барҳам топди. Дилга ижод   ва илҳом тўлқини тошди. Отахон газета билан то ҳозиргача давом этаётган ижодий ҳамкорликнинг тамал тоши ана шу тариқа қўйилди. Каминага бир гал кимсан, Эркин аканинг ўзи қўнғироқ қилиб қолди. Оддий қаламкашга шу янглиғ таниқли ижодкор, номдор ва мартабали кишининг шахсан сим қоқишини ўшанда ҳатто тасаввур ҳам этолмасдим. Бош муҳаррир гапни раҳмат айтишдан бошлади ва Урганчда вилоятнинг барча раҳбарлари иштирокида кўп кишилик йиғин бўлганини билдирди.

Айтишича, вилоятнинг биринчи раҳбари камина битган ва газетанинг сўнгги сонида чоп этилган мақолани мажлис аҳлига бафуржа ўқиб берибди ва негадир айрим “ёшулли”лар кўзига чалинмаган камчиликни четдан борган бир оддий мухбир дарров пайқаганини уларнинг юзига солибди, шу янг­лиғ мақола учун муҳаррирга миннатдорчилик билдирибди.

Бош муҳаррирнинг раҳбарлик салоҳиятидан дарак берувчи ибратга лойиқ жиҳатлар анчагина. У киши учун икир-чикир саналгучи нарсанинг ўзи йўқ ва ҳатто энг кичик ҳамда арзимасдек туюлувчи биттагина камчилик ҳам ғоятда катта   қусур. Уни вақтида бартараф этган раҳбарнинг эса ошиғи олчи ва келгусида юз бериши, болалаши эҳтимоли бўлган жиддий хатоларнинг олдини олиш, пайини қирқишда катта аҳамият касб этади. У киши саҳифадаги атиги битта нуқта ёки вергул учун газета нашрини бир неча соатга тўхтатиб қўйгани ва унга барҳам бериши зарур бўлган матбаачининг уйидан қайтишини, тун ярмидан ўтган бўлса-да, босмахонада соатлаб кутганига каминанинг ўзи кўп бора гувоҳ бўлганман.

Газета нуфузи, қаламкашнинг обрў-эътибори ҳар нарсадан устун бўлмоғи даркор. Унинг фикрича, газета лўнда ифода, аниқлик, ҳозиржавоблик, долзарбликни хушлайди. Газета бугун етилган   ҳар қандай воқеа, хабар, янгиликни шу бугуноқ ўз ўқувчисига тақдим этмоғи зарур. У кечикса газетхон қалбига чўғ ташлай олмайди. Бундай пайтларда “бугун, унинг иложи бўлмаса, ҳеч қачон” деган қоидага амал қилиниши керак. Эркин ака ана шу олтин қоидага амал қилиб ишлади, амал қилиб яшади. Бир гал у киши ва собиқ вилоят матбуот бошқармаси бошлиғи К.Аксенов ўртасидаги кес­кин тортишувга рўпара келдик. Маълум бўлишича, таҳририятга Қўшкўпир туманидан фактлари тасдиқланган кичиккина шикоят   тушган. Унда мазкур туманда табиий газ таъминоти билан шуғулланувчи бир ходим аҳолига сотиш учун мўлжалланган газ баллонларининг ҳар бирини ўз нархи 1 сўму 40 тийиндан эмас, балки 1 сўму 50 тийиндан сотгани баён этилган. Таҳририят, хусусан, бош муҳаррир атиги 32 сўздан иборат бўлган ушбу митти танқидий хабарни саҳифага жойлаш ва газетхонларга тезроқ етказиш па­йида бўлган. Босмахонадагилар эса вақт тиғизлигини айтиб, митти мақолани кутмаёқ, чоп этишга киришамиз, дейишган. Натижада можарога вилоят матбуот бошқармаси бош­лиғи ҳам аралашиб, газетани ана шу танқидий хабардан холи қилишни талаб қилган. Ўшанда вилоят ҳокимлигида матбуот бўйича йўриқчи вазифасида ишлардим. Вазиятга вилоятнинг мафкуравий ишлар бўйича мутасаддиси аралашди. Шундай қилиб, бор-йўғи 6 қатордан иборат хабар шу куни газета юзини кўрди.

Аллақачонлар расм бўлган ибратли анъанага кўра, газетанинг янги сонини бу гал ҳам биринчи бўлиб вилоят раҳбари ўқиди. Нигоҳи ушбу хабарга тушгач: “Бизга худди шундай газета керак”, деди завқ билан ва дарҳол бош муҳаррирни йўқлатди. У етиб келгунича Қўшкўпирга шахсан ўзи сим қоқди, масаланинг моҳиятига етди. У ердагилар вилоят раҳбари эътиборини тортган кўримсиз воқеа чиндан ҳам рўй берганини тан олдилар.

Муҳаррир билан суҳбат қисқа бўлди. У кишига ушбу кичиккина хабарни саҳифага олиб чиқишга бош қўшганларнинг барига раҳмат айтиш топширилди, шу сингари мўъжаз ҳамда салмоқли танқидий-таҳлилий чиқишларни кескин ва дадилона кўпайтириш таклиф қилинди. Ўша куни бундан-да ҳайратомуз бош­­қа бир воқеа ҳам рўй берди. Газетадаги хабар   муносабати билан махсус қарор қабул қилинди. Унда аҳолига хизмат кўрсатиш соҳасидаги ишларни тубдан кучайтириш, йўл қўйилаётган камчилик ва нуқсонларга барҳам бериш, Қўшкўпирда юз берган воқеанинг айбдорларига чора кўриш, газета ходимларини рағбатлантириш ҳақида вазифалар белгилаб берилди.

Кези келиб, Эгам Раҳим, Эркин Самандарлар яратган ажойиб “ижод боғи” мўл ва тотли “мева” берганини, албатта, таъкидламоқ ва эътироф этмоқ лозим. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, воҳада қаламкашларнинг қобилу-қодир авлоди камолга етди. Кўпгина оддий мухбирлар пировардида ҳассос қаламкаш, салоҳиятли публицист сифатида танилдилар. Буни устозлар меҳнати, сабоғи, ўгит ва маслаҳатининг муносиб меваси, деса ўринли бўлади.

Афсус, бехос эсган   вақт ва замон шамоллари ана шу “боғ”да камолга етган бир қанча дўст-биродарларни орамиздан олиб кетди. Карим Қурбонов, Рустам Искандаров, Юсуф Иброҳимов, Владимир Мильготин, Виктор Прутян, Ҳабиб Самигуллин, Озод Рўзиматов, Уллибиби Отаева, Жумабой Матёқубов, Султон Нодирматов, Неъматжон Солаев, Отамурод Пирматов, Қўзи Қадамов, Исмоил Шомуродов, Кўклам Раҳимов, Шариф Сафаров, Шехназар Аҳмедовлар каби қалами ўткир, забардаст журналистлар бугун орамизда йўқ…

Сураткаш мухбир Қўзи Қадамовнинг митти “дастёри”дан тушиб келган ҳар бир тас­вир гўёки бутун бошли бир асар эди. Суратини томоша қиласиз-у, ўзингизни яна бир яхши мақолани мутолаа қилгандай ҳис этаверасиз. Жиддий, камгап, бироқ чин ижодкор инсон эди, Қўзи ака. Балким шунинг учундир ҳазил ёки қочиримли гапларни жини суймас, бировдан шу оҳангда ҳазиломуз сўз эшитса, уни кўпинча чинга йўйарди. Буни билган айрим биродарларимиз эса тез-тез уни қочиримли ҳазил сўзлар билан сийлашар, Қўзи ака эса одатдагидай жиддий қабул қилар, сўнг фиғони ошар, аммо бир пасдан кейин яна мийғида табассум-ла: “Майли, гапираверишсин”, деб ишга шўнғирди. Ижод ва дўстлик уйғунлигида кечган бундай онларни хоразмлик қаламкашлар тез-тез эслашади.

Ҳозирги кунда ҳам ўз касб-корига чин меҳрини берган, ҳаётини усиз тасаввур ҳам этолмайдиган, қаламидан ҳикматли сўзлар ёғилгучи ҳассос қаламкашлар, иши ва бурчига ҳамиша содиқ, садоқатли ва жонкуяр ижодкорлар меҳнат қилишаяпти бу мўътабар даргоҳда. Айни кезда Қадам Отаев, Ҳусайн Раҳмонов, Зарифбой Иброҳимов, Сотимбой Авазов, Оймонжон Эгамова, Арслон Отажонов, Раъно Каримовалар кексалик гаштини сураётган бўлса, уларнинг захматли меҳнатини бош муҳаррир Солияжон Раҳимберганова, 50 йил муқаддам қўлга олган қаламини то ҳануз авайлаб асраётган, сайқаллаётган доимий навбатчи Оллаберган Ражабов, шунингдек, Феруза Танг­риберганова, Дилбар Бекчонова, Абдулла Сафоев, Ўғилжон Раҳимова, бу табаррук даргоҳга эндигина кириб келган Отахон Раҳим, Севара Рўзиматова сингари ҳамкасбларимиз давом эттиришаётибди.

Таҳсин ва ибратга лойиқ хайру-савоб амалларнинг яна бир қиррасини бир пайтлари адиб ва журналист Эркин Самандаровнинг саъй-ҳаракатлари билан Янгиариқда барпо этилган “Ижодкорлар боғи” фаолиятини Рес­публика Журналистлар ижодий уюшмаси ҳамда унинг вилоят филиали маҳаллий ҳокимият органлари билан ўзаро ҳамкорликда қайта тиклаш масаласи кун тартибига қўйилгани мисолида кўрасиз.

Ушбу олийжаноб ниятнинг амалдаги ижобати давлатимиз тарафидан қалам аҳлларига қилинаётган доимий ва кундалик ғамхўрликнинг яна бир ажойиб намунаси, десак муболаға бўлмайди.

Газета ҳозир ҳам фавқулодда катта ва ишончли куч. Мазкур қудратли восита билан ҳисоблашмаслик ёхуд унган қўл силташ — ишончли ҳамкор, ҳозиржавоб мададкордан жудо бўлиш билан тенг десак хато бўлмас.

Бугун Хоразмнинг отахон газетаси фаолияти бир асрлик йўлни босиб ўтди. Бу йўлда қанчадан-қанча топиш­лар-у йўқотишлар, дебсинишлару юкса­лишлар мужассам. Муҳими, ушбу нашр ўзининг ўрни, салоҳиятини сақлаб қолди. Тўғри, бугун ушбу таҳририят жамоасидагиларга ҳам осон бўлаётгани йўқ. Хоразм вилоят ҳокимлиги — газета муассисини ўз нашрига жон куйдираяпти деб бўлмайди. Буни газетанинг айни пайтдаги ададидан ҳам билса бўлади.

Аммо… тушкунликка асло ҳожат йўқ! Чунки ушбу газета чин маънода Хоразмнинг тарихи, кечаги куни ва эртасини жонлантирувчи кўзгудир, маънавий юзидир.

Абдулла Собиров,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

6 − 3 =