Енгил-елпи “ямоқ”лар…

Телевидение инсонларни замон билан ҳамнафас қилиб, мамлакатда бўлаётган ўзгаришлар, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий воқеликлардан хабардор этадиган соҳадир.

Ҳар тонг дастурхон атрофида ҳеч бўлмаса нонушта вақтида бўлса-да, телевизорга қараймиз. Дам олиш кунларини-ку қўяверинг. Телевизорсиз куни ўтмайдиган одамлар ҳам бор орамизда.

Аксига олиб, бугун шунақа кўрсатувлар эфирга узатил­яптики, уларнинг кимга кераги борлигини, нима мақсадда кўрсатилаётганини тушунмайсиз. Бу дастур ва шоулар бизга керакми? Сарфлаган вақтимиз ва диққатимизга яраша нимадир оляпмизми?

Албатта, инкор қилмаган­ ҳолда айтиш керак, фойдали маълумотларни илинаётган, тафаккуримизга маънавий озуқа бераётган, ибрат бўлишга арзирли кўрсатувлар ҳам йўқ эмас. Аммо барибир гуруч курмаксиз бўлмас экан-да…

“Ҳақиқатми ёки жасорат?” ёхуд тўртбурчак шиша қолип­лар ва афсонавий “Жуманжи” ўйинининг фильм воқеаларини эслатувчи чангалзор ҳаёти билан боғлиқ кўнгилочар шоулар… Англаганингиздек, гап “Zo‘rTV” телеканалининг   “зўр” шоу-дастурларидан “Алдама мени” ва “Hello Afrika” ҳақида гапиргинг ҳам келмайдию, лекин начора, дилинг оғрийди, асабинг қақшайди-да. Таниқли ижодкорлар, актёр, актриса ва спортчиларнинг шахсий сирларини, миш-мишларни катта экранларга олиб чиқиш қанчалик тўғри? Бунинг кимга фойдаси бор?

Ўзбек халқи азалдан сўзига мустаҳкам, андишаси баланд, сирдош, содиқ халқ. Қолаверса, у санъаткорми ёки ҳаваскор актрисами, ким бўлишидан қатъи назар, халқ уни ижоди ва одамийлик фазилатлари, хулқ-атвори туфайли эъзозлайди. Уларнинг шахсий ҳаёти, ўзини ҳурмат қиладиган инсон учун, заррача қизиқ эмас. Минглаб томошабинларнинг олдида ноўрин миш-миш­ларни савол тариқасида бериб, уларни обрўсизлантириш, халқнинг ижодкорга бўлган ихлосини қайтаришлик миллат маънавияти ва менталитетимизга зид эмасми?

“Халқимизда ёпиғлик қозон ёпиқлигича қолсин”, деган нақл бор. Муборак китобларда: “Сен кишиларнинг айби ва камчилигини суриштириб юрсанг, хабар тўпласанг, айбларини кишилар олдида ошкор этсанг, уларни бузиб қўясан. Ким ўзининг айбига қараса, бошқаларнинг айби билан иши бўлмай қолади. Тилингизни умматларимни бузиб қўймоқликдан сақланг. Бир-бирингизга содиқ, иймонли бўлингиз”, дея таъкид­ланади.

Қолаверса, ҳақиқатни айтишни, тан олишни истамаган кўрсатув меҳмонлари “жасорат кўрсатиш” учун ҳайвонот боғидан келтирилган махсус “совғалар” билан турли амаллар бажариши кимгадир қизиқ, деб ўйламайман. Аслида, кўрсатув меҳмони билан дилдан суҳбат қилиб, мухлисларга ижодини намоён этиш имконини бериш керак. Кўрсатув томошабинга ниманидир ўргатиши, виждонини уйғотиши ва якунда хулоса бериши лозим.

Иккала кўрсатувнинг ҳам ҳар бир сонида қисқа сигналлардан иборат номаъқул сўзлар ишлатилган кадрларни кўриш мумкин. Ёки бир соатлик кўрсатув меҳмонининг дас­тур сўнгидаги фикри кишини ажаблантиради: “Қатнашиш учун рози бўлмаслигим керак экан. Бошқа келмайман, иштирок этишни маслаҳат бермайман!” Атиги бир соатда мезбоннинг “илтифоти”ю меҳмондўстлиги меҳмоннинг жонига тегди. Хулоса ўзингизга ҳавола…

Бу кўрсатувлар томошабинга ҳайвонларнинг инсонга қиладиган ҳужумидан “завқланиш”дан бўлак ҳеч нарса бермайди. Ўзбек экранларидаги бундай намойишлар бизнинг миллий менталитетимизга тўғри келмайди, миллатимиз савиясига муносиб дастурлар эмас. Уларнинг таъсири фарзанд тарбиясида билинишини ҳам инкор этишнинг имкони йўқ. Ёшларимизнинг дунёқарашини салбий томонга ўзгартириб, енгил-елпи ҳаёт тарзига ўргатиб қўяди. Бизга бунақа шафқатсиз томошалар, инсон зотидан ҳайвонлар исканжасида тажриба қуёнчаси сифатида фойдаланишлар ва бу жараённи “адреналин” деган ажнабий тушунча билан ифодалашлар керакми?!

Хуллас, хусусийми ё нохусусийми, телевидение деган номи бор бу “Zo‘rTV”дан борган сари кўнгил безор бўлиб бормоқда.

Малика Ҳодиева

Навоий вилояти.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × four =