Нима бўлган эди?

ёхуд кондиционер паррагидаги жасад

Кейинги кунларда бутун дунёда кечаётган Covid-19 пандемияси сабаб турли хил нуқтаи назарлар, муҳокамалар кучайди. Жуда кўплаб мамлакатлар фуқаролари айни карантин кучайган пайтда бегона юртларда қолиб кетишди. Ҳатто Россия, Франция, Италия каби иқтисодий жиҳатдан мустаҳкам қудратли мамлакатлар ҳам бу пайтда озми-кўпми эсанкираб қолишди, асосий эътиборни мамлакат ичкарисидаги фуқароларига қаратишди. Бироқ Ўзбекистон ҳукумати ўзбек деган ном ортида турган ҳар бир фуқаронинг тақдирига эътибор ва эҳтиром билан ёндашди. Шунинг ортидан мамлакатимиз фуқаролари дунёнинг турли бурчагидан ташкил қилинган чартер рейс­лар орқали ўз она юртларига қайтарилдилар ва бу хайрли ишлар давом этмоқда. Уларга карантин марказларида зарур бўлган барча шарт-шароитлар яратилган.

Аммо яқинда ижтимоий тармоқлар орқали “карантин зонасида бир киши ўзини осиб қўйгани” ҳақидаги хунук хабар тарқалди. Бу мудҳиш хабарни Бош прокуратура ва ССВ вакиллари расмий тасдиқлади.

Хўш, бу воқеа қандай юз берди? Нимага юз берди?

Фарғона вилояти, Риштон тумани, “Хуррамобод” маҳалласида яшаган 1978 йилда туғилган Сулаймонжон Содиқов ҳам шу йилнинг 15 июнь куни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК томонидан ташкил қилинган чартер рейс орқали “Москва-Тошкент” йўналишида пойтахтимизга келганида Covid-19 коронавирусига чалинган ёки чалинмаганлигини аниқлаш мақсадида Юқори Чирчиқ туманидаги “Ўртасарой” карантин марказига ётқизилган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсиддиновнинг таҳририятимизга маълум қилишича, 20 июнь куни тахминан соат 08:00ларда ўзи ётган 21-блок, 16-хонага ўрнатилган кондиционернинг ташқи томондаги паррагига чойшаб билан ўзини осиш оқибатида вафот этганлиги аниқланган. Сулаймон Содиқовнинг мурдасида бўйин қисмидаги странгуляцион эгатдан ташқари бошқа турдаги тан жароҳатлари аниқланмаган. Вирусология маркази томонидан тақдим қилинган йўлланма натижасига кўра С. Содиқовда Covid-19 коронавируси аниқланмаган.

Ушбу ҳолат юзасидан суриштирув ва тушунтириш ишлари олиб борилганида “Ўртасарой” карантин марказига хизматга келган, Тошкент шаҳар Олмазор туман КТМП травматолог шифокори Шуҳрат Мамадалиев ўз тушунтириш хатида, 15 июнь куни “Ўртасарой” карантин марказига хизматга келганлигини, 21-блокка карантинга олинган шахсларни 14 кун давомида кузатиш белгиланганлигини, мазкур блокда 839 нафар фуқаро карантинга олинганлигини маълум қилган. Ушбу фуқаролар 15 июнь куни Россия Федерацияси Москва шаҳридан олиб келинган бўлиб, 21-блок С-31 сонли контейнерга С.Содиқов 3 нафар фуқаро билан жойлаштирилган. Шу куннинг ўзида С.Содиқов ўзини агрессив тута бошлаган,   овқатланишни рад этган, вирусга чалинганлигини, у билан бирга жойлаштирилган шахсларга касаллигини юқтириши мумкинлигини билдириб, бошқа алоҳида контейнерга жойлаштиришларини талаб қилган. Блокда тинчлик сақлаш мақсадида С.Содиқов G-16 рақамли контейнерга жойлаштирилган.   С.Содиқов психиатр Эшонқулов кўригидан ўтганида психиатр томонидан унга “психоз” ташхиси қўйилган.

20 июнь куни соат тахминан 07:30ларда ҳамшира С.Ибрагимова эрталабки нонуштани олиб келиб, контейнер эшигини очганида С.Содиқовни конди­ционер паррагига осилган ҳолатда кўрган. Марказдаги мутахассислар ва карантинга олинган шахс­лар С.Содиқов карантинда бўлиб келиши даврида ҳеч ким билан уришиб қолмаганлигини, сўнгги бор 19 июнь куни тиббий кўрикдан ўтказилганлигини, бирон-бир шубҳали ҳолат бўлмаганлигини баён қилишган.   С.Содиқов иши бўйича текширув давом этмоқда.

Ҳаёт давомида тақдир бизни гоҳо ўзи хоҳлаган томонга ирғитади, гоҳо эзғилайди, гоҳо истамаган томонларимизга суд­райди. Бироқ бизнинг жисму жонимиз марказидан кесиб ўтгувчи чизиқ бор – Ирода чизиғи. Юқоридаги қайғули манзара шубҳасиз, эртанинг бўйнига сиртмоқ солиб эмас, соғиниб ва муносиб кутишга чоғлайди. Ахир инсонликнинг бош матлаби ҳам муносиб яшаб ўтмоқликдир.

Г. Ражабова.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

sixteen + 15 =