Нурмат Атабеков: “Коронавирусни тўлиқ енгиш учун балки бир неча йиллар керак”

Бугун катта-кичикни бир нарса жуда қизиқтиради: дунёда қачон Covid-19га чора топилади? Одамлар қачонгача эҳтиёт чораларини кўриб, ниқоб тақиб юришга мажбур?! Карантин қоидалари ҳали узоқ давом этадими? Бу вирус, бу бало қаердан пайдо бўлди, уни айрим “башоратчилар” айтаётганидек чиндан ҳам инсон яратдими? Хуллас, коронавирус пандемияси деган мудҳиш офатни енгиш учун яна нималарга эътибор қаратиш лозим?

Қуйида халқимизга, асосан, телевидение орқали узатилаётган матбуот анжуманларидаги чиқишлари билан яхши таниш бўлиб қолган инсон Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи — Ўзбекистон Республикасининг Бош давлат санитария инспектори — Атабеков Нурмат Сатиниязовичга юқоридаги саволлар билан мурожаат қилдик.

— Биласизми, дунё яралибдики, инсоният ўз бошидан турли офат, бало, қонли тўқнашувларни кечирди.

Бу бўлинган дунёни қайта бўлиб олиш пайида бўлган гегемон давлатлар сабаб содир бўлган урушлар ҳам вабодан кам эмас. Қанчалаб одамлар чиркин ғоя қурбони бўлишди, қирилиб кетди. Айниқса, табиий офатлар ҳам бедаво дарддан қолишмайди. Ундан ҳам осонгина нажот топиш қийин.

Тарихнинг бирор йили йўқки, даҳшатли ҳодисалар, инсоният ҳаётига раҳна соладиган турли балолар, юқумли касалликларнинг оммавий тарқалишисиз ўтмаган бўлса.

Ҳа, бир неча ойдан бери бутун дунё Covid-19 коронавирус панде­миясини енгишга ҳаракат қилмоқда.

Маълумки, унинг тарқалиши 2019 йил охирида Хитойнинг Ухань шаҳридан бошланганди. Аммо бу инсоният дуч келган биринчи пандемия эмас. Шуни ҳам унутмаслик керакки, тарих ўн миллионлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган, “COVID-19”га нисбатан анча даҳшатли ва ҳалокатли кечган касалликлардан гувоҳлик беради.

Вабо, чин чечак ёки гриппнинг “Испанка” номи билан тарихда қолган тури ҳар қандай қуролли тўқнашувлардан кам бўлмаган талафотларга са­бабчи бўлган. 1817 йилдан 1961 йилгача дунё­­да еттита вабо пандемияси қайд этилган ва бу каби пандемиялар миллионлаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлган. Лекин бундай юқумли офатларга даво топилгач, ҳаёт яна аста-секинлик билан ўз изига тушиб кетган. Шундай экан, вақт олий ҳакам, биз Худо хоҳласа, пандемияни ҳам енгиб ўтамиз. Одамларнинг қанча муддат тиббий ниқоб тақиб юриш­ларига келсак, бу вирусни тўлиқ енгишимизга ва барқарор эпидемик вазиятга эга бўлишимизга боғлиқ.

— Коронавирусга чалинган беморларни даволаш дунёнинг турли давлатларида турли усулларда олиб борилаяпти. Дейлик, АҚШда, Россия ёки Хитойда даволаш усуллари бир-биридан фарқ қилар экан. Бизнинг юртимизда қайси усул танланди ва бунда нималарга асосланилди?

— Коронавирусга чалинган беморларни даволаш жараёни дунё­нинг турли давлатларида турли усулларда олиб борилаётгани рост. Ҳозирги кунда дунё бўйича 150 дан зиёд турли хил дори-дармонларнинг коронавирус касаллигини даволашда самарадорлигини баҳолаш устида тадқиқот ишлари олиб борилаяпти. Ҳатто улар орасида энг умидбахшларини вирусга қарши синаб кўриш ишлари ҳам бошланган.

Албатта, ҳар бир давлатнинг даволаш услублари бир-биридан фарқ қилиши табиий. Масалан, АҚШ, Россия, Хитой, Италия ва Ўзбекистон Республикасида ҳам бир-биридан фарқ қиладиган даволаш стандартлари амалиётда қўлланиб келинмоқда. Нега шундай бўлаяпти деган савол пайдо бўлиши табиий. Негаки, ҳанузгача COVID-19ни тўлиқ йўқ қилиб ташлашга қодир препаратлар топилгани йўқ. Шунинг учун барча давлатлар ўз тажрибаларидан келиб чиқиб, бу масалани ҳал этмоқдалар. Қачонки аниқ битта препаратнинг самарадорлиги исботланиб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти уни COVID-19ни даволаш баённомаларига киритса, у ҳолда барча давлатлар ушбу баённомаларни ўзларининг тиббиёт амалиётларига мослаштирадилар.

Мамлакатимизда коронавирусга чалинган беморлар самарали даволанаётганлиги сабабли ўлим кўрсаткичлари анча паст. Бу барчамизнинг ютуғимиз. Аммо шуни ҳам айтай, жаҳон олимлари коронавирус касаллиги ва унинг асоратлари ҳақида бир фикрга келиб бўлишди. Айни пайтга келиб, ушбу касалликдан юзага келган ўлим сабаби коронавирус эмас, балки у яратиб берган шароитдан кескин кўпайиб кетган бактериялар (ҳатто сапрофитлар) ва замбуруғлар таъсири билан боғлиқ деган фикрлар ҳам илгари сурилмоқда.

Назаримизда, бизнинг респуб­ликамиздаги ижобий натижаларнинг бош омили беморларни эрта аниқлаш, алоҳидалаш, шифохонага ётқизиш, даволаш ва реабилитация қилиш ишлари ўта тартибли йўлга қўйилганида билинади. Аксарият беморларда касалликнинг енгил ва ўрта оғирликда кечиши, охир-оқибат даволаш самарадорлигида ҳам намоён бўлмоқда.

— Маълумки, коронавирусга чалинган беморларда ҳолсизланиш, тана ҳароратининг кўтарилиши, нафас олишга қийналиш, ҳид сезиш қобилиятининг сусайиши каби аломатлар касалликнинг биринчи белгиси сифатида баҳоланади. Аммо айрим беморларда юқоридаги белгилар кузатилмаётган экан. Шу ростми?

— Пандемия билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш баробарида, дунё олимлари коронавируснинг ғалати ва одамни хавотирга соладиган хусусияти борасида тобора кўп далил-исботларни қўлга киритдилар. Маълумки, инфекцияни юқтирганларнинг аксариятида йўтал, иситма, таъм ва ҳидни сезмаслик каби кўринишлар намоён бўлган бир пайтда, ҳақиқатан ҳам айрим касалликни юқтириб олган шахс­ларда бу каби белгилар кузатилмаяпти ва ушбу шахслар COVID-19 ни юқтириб олганликларини ўзлари ҳам билмай қолмоқдалар.

Бу ҳолат дунёдаги барча давлатларда кузатилаяпти. Агар шундай бўлса, эпидемик вазиятни жиловлаш янада қийин кечади, негаки касалликка хос клиник белгилар кузатилмаган ҳолларда «симптомсиз касаллик тарқатувчи»лар эътибордан четда қолиб кетади. Панде­миянинг ҳаракатлантирувчи кучи айнан COVID-19 вирусининг ўзи, аммо организмга тушган вирусга нисбатан организмнинг муносабат билдириши, яъни клиник белгиларнинг у ёки бу тарзда намоён бўлиши ушбу организмнинг иммун тизимига боғлиқ бўлади. Бироқ, пандемия бош­лангандан бери COVID-19 вирусининг олтита ўзгарган мутант вариантлари пайдо бўлганлиги ҳақида ҳам хабарлар бор.

— Албатта, юртимизда ушбу вирусни билиб-билмай юқтириб олган ватандошларимиз тўлиғича бепул даволанаяпти. Аммо иқтисодий жиҳатдан бой мамлакатларда ҳам фуқаролар ўз ҳисоб­ларидан даволанишмоқда. Биз сингари халқини COVID-19 касаллигидан бепул даволаётган давлатлар ҳам борми?

— Кўпгина давлатларда юқумли касалликка чалинган беморлар давлат ҳисобидан даволанадилар. Негаки, ушбу шахслар вақтида даволанмаса, бошқаларга ҳам касалликни юқтириш хавфини туғдириши мумкин. Бизнинг давлатимизда юқумли касалликлар ижтимоий аҳамиятга эга касалликлар сирасига киритилган бўлиб, уларга ташҳис қўйиш, даволаш ва реабилитация қилиш билан боғлиқ харажатлар ҳар доим давлат бюджети ҳисобидан қоп­ланган. Ҳатто баъзи ривожланган Европа давлатларида COVID-19га чалинган шахслар даволаниш учун ўзлари пул тўламоқдалар. Баъзи давлатларда эса беморларни даволаш билан боғлиқ харажатларни суғурта компаниялари қопламоқда. Шуни ҳам айтиш керакки, кўпгина ривожланган давлатларда иқтисодий инқироз шу даражага етиб борганки, эндиликда суғурта компа­нияларнинг ўзи танг аҳволга тушиб қолди.

— Охирги пайтларда АҚШ, Россия, Франция, Германия, Хитой каби мамлакатларнинг лаборато­рияларида коронавирусга қарши малҳам топилди, деган гаплар пайдо бўлмоқда. Айтингчи, бу борада жаҳонда бирор янгилик, ўзгариш борми? Ўзбек олимлари ҳам ушбу дардга чора топиш учун изланишлар олиб бораяптими?

— Ҳа, дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги олимлар янги турдаги коронавирусга қарши дори воситалари топилганлиги, вакциналар ишлаб чиқилиб, клиник синовлар бошланганлиги ҳақида эълон қилишмоқда. Ишлаб чиқилган вакциналарнинг бир қисми ҳайвонларда синаб кўрилаётган бўлса, бошқа қисми кўнгиллилар орасида синаб кўрилаётгани ҳақида маълумотлар бор. Албатта, тиббиёт илми ушбу касалликка чалинганларни тўлиқ даволаш имкониятига эга бўлган дори воситасини, профилактика мақсадида ишлатиладиган вакцинани яратиш бўйича тинимсиз изланишда. Бундан буёғига эса юқоридаги сингари янгиликлардан тез-тез бохабар бўлиб турамиз. Негаки қарийб етти ойдан бери олиб борилаётган изланишлар натижа бера бош­лаши керак.

Аслида янги дори воситасини ёки вакцинани яратиш ўта мушкул ва узоқ вақт талаб қиладиган иш. Дастлаб ушбу дори воситалари синтез қилинади, сўнг вакциналар ишлаб чиқилади, кейинги босқичда эса улар клиник синовлардан ўтиши, самарадорлиги баҳоланиши, тасдиқланиши ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тан олиниши керак. Шундан кейингина айнан ушбу нуфузли ташкилот амалиётда қўллаш учун тавсия этади.

Қайд этиш лозимки, ўзбекистонлик олимлар ҳам бу каби изланиш­лардан четда туришгани йуқ. Ўзбекистон Рес­публикасидаги қатор илмий текшириш институтлари янги дори воситаларини ва вакциналар яратиш устида кўплаб тадқиқотлар олиб бормоқдалар.Умуман мамлакатимизда бу борада дунё ҳамжамияти тан олган ишланмалар ҳам талайгина. Азалдан юртимизда вакцина ва зардоблар ишлаб чиқариш бўйича катта мактаб ва тажриба мавжуд бўлганлигини ҳам унутмаслигимиз керак.

— Сизнингча, инсоният коронавирусни қачон енгади?

— Инсоният вирус юқтириш ҳолларини камайтирса ҳам, бу ҳали пандемия тугайди, деганини англатмайди. Коронавирус келтириб чиқарган тўлқинни даф қилиш учун, балки бир неча йил керак бўлар. Ҳаётимизнинг баъзи жабҳаларига киритилган чекловларни узоқ муддатда ушлаб туриш қийин, албатта. Лекин, ушбу чекловларнинг ижтимоий ва иқтисодий бадали жуда катта бўлади. Касаллик манбаини жиловлайдиган чекловлар бекор қилингани билан касалликнинг авж олиши яна кузатилиши мумкин. Аммо коронавирус бутунлай йўқолиб кетади деб хомтама бўлмаслигимиз керак, энди у йўқолиб кетмайди, балки “ўзимизники” бўлиб қолади.

Ҳаётимизнинг изга тушиб кетиши эса дастлаб касаллик пандемиясини жиловлашимизга, кейинчалик, ушбу касаллик қўзғатувчиси билан бирга “қўшни бўлиб” яшашга ўрганишимизга боғлиқ.

— Шубҳасиз, коронавирусга чалинмаслик учун гигиеник талабларга қатъий риоя қилиш керак. Буни юртдошларимиз яхши англаб етишган. Аммо ҳамма бирдек шифокорлар бераётган тавсияларга амал қилмаса, хавф-хатар сақланиб қолаверар экан-да?

— Тўғри, аҳоли томонидан карантин ва чеклов қоидаларига риоя этилмаётгани хавф-хатарнинг узоқ муддат сақланиб қолишига сабаб бўлувчи омил ҳисобланади. Боз устига, амалдаги тартиб-қоидаларни менсимаслик, санитария-гигиена талабларини бузиш, мулоқот пайтида оралиқ масофани сақламаслик, қўл бериб ёки қучоқлашиб кўришиш, ҳимоя ниқобини тақмаслик кабилар вазиятни янада мураккаблаштиради, холос.

Коронавирус касаллигини жиловлаш мумкинлигини биз ўз ҳаётимизда исботладик, кучайтирилган карантин ва чеклов тадбирлари пайтида ҳатто коронавирус касаллиги билан янги касалланганлар умуман аниқланмаган кунлар ҳам бўлди. Демак, исбот талаб қилинадиган нарсанинг ўзи қолмади, биз ўз кўзимиз билан шундай кунларни кўрдик ва ўз қулоғимиз билан шундай натижалар ҳақида эшитдик.

Эндиликда карантин ва чеклов тадбирларининг юмшатилиши билан аҳоли ўртасида коронавирусга чалинганлар сонининг яна кескин ортиб кетаётганлигига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Албатта, қарийб уч ойдан кўпроқ вақт мобайнида давом этаётган карантин моддий аҳволимизга ҳам таъсир кўрсатмасдан қолмади. Айниқса, кундалик топгани билан рўзғорини тебратиб турган оилаларда бу анча сезилиб қолди. Бундай вазиятни давлатимиз раҳбарияти ҳам билиб турибди. Шунинг учун ҳам карантин тадбирларини босқичма-босқич юмшатиш бў­йича кўрсатмалар берилаяпти. Лекин, минг афсуски, карантин тадбирларининг юмшатилишини кўпчилик бошқачароқ қабул қилишди ва бирданига барча эҳтиёт чораларини унутиб қўйишмоқда. Бу жуда катта хато.

Яна карантин ва чеклов тадбирлари кучайтирилишини хоҳламасак, беписанд бўлмайлик, коронавирус касаллиги бўйича эпидемик вазият янада мураккаблашиши мумкинлигини унутишга ҳаққимиз йўқ. Вазият бу тарзда мураккаблашиб кетаверса, карантин ва чек­лов тадбирлари қайтадан кучайтирилиши табиий. Биз ўзимизнинг масъулиятсизлигимиз, белгиланган карантин-чеклов талабларга бефарқ бўлишимиз билан давлатимиз раҳбариятини яна талабларни кучайтириш тўғрисида қарор қабул қилишга мажбур қилиб қўймаслигимиз керак.

Берилган имкониятлардан тўғри фойдаланиб, карантин ва чеклов тадбирларига тўлиқ риоя этсак, мазкур касаллик бўйича эпидемик вазият мураккаблашиб кетишига йўл қўймаймиз ва шундагина кундалик фаолиятимизни давом эттиришимиз мумкин бўлади.

— Коронавирус пандемиясидек офат, назаримизда шу пайтгача барибир дунё тарихида учрамаган ва ҳеч бир офат бутун ер юзини бир вақтнинг ўзида қамраб олмаган. Шундан келиб чиқиб, турли қарашларга кўра, бу пандемиянинг келиб чиқиши инсон омилига боғлиқ деган қарашлар ҳам мавжуд. Наҳотки шундай бўлса?

— Албатта, кўтарилган савол жуда ўринли, нега айнан COVID-19   вируси чақирган касаллик дунё бў­йича бу каби кенг кўламда тарқалиб, пандемияга сабаб бўлганлигига қарашлар, фикрлар жуда кўп ва ҳали бир тўхтамга келингани йўқ. Ҳар хил гипотезалар олға сурилаяпти ва уларнинг тарафдорлари ва   талқинлари ҳам хилма-хил. Ҳаётнинг кўп оғир синовларини ва яхши-ёмон кунларини бошидан кечирган халқимиз ҳаммасини тўғри тушуниб, масалага онгли ёндашмоғи лозим.

Халқимиздан, биринчи навбатда, шифокорлар тавсияларига амал қилиб, шахсий гигиена ва санитария қои­даларига (оиласида, ишхонада ва кўча-кўйда) қатъий амал қилиши зарурлиги тинмай сўралаяпти. Касалликни яширмасдан, ўз вақтида мурожаат қилиш унинг олдини олишда энг самарали чора эканлиги эндиликда ҳаммага аён. Ушбу вирус билан касалланиш ҳар бир инсоннинг турмуш-тарзига боғлиқлиги тўғрисида жуда кўплаб гапирилди.

Энг асосийси, биз қандай қилиб ушбу касалликдан ҳимояланиш мумкинлигини бугун биламиз, бироқ билиб туриб белгиланган талаб­ларга риоя қилмаймиз, ўзимизни хавф остига қўямиз, таваккал қиламиз, худди берилаётган тав­сиялар бошқаларга тааллуқлидек, билиб қўяйлик, бу касаллик бизни четлаб ўтади деган фикр мутлақо нотўғри фикр. Яна бир бор эслатиб ўтамиз, коронавирус инфекцияси миллатни, ирқни, ёшни ва жинсни, на вазифасию мартабани танламайди. Ушбу касалликка чалинмайди деб ҳеч ким кафолатланмаган, негаки бу касаллик янги касаллик. Ушбу касалликни инсоният ҳали бошидан кечирмаганди, демак, унга нисбатан ҳеч бир кишида иммунитет йўқ.

Юсуф Жўраев ёзиб олди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × one =