Табу

Ҳикоя

Чорибой қалдирғоч уясидан нигоҳини олиб, ўрнидан турди-да, ўғлига юзланди:

— Даштти иши шу, ўғлим — деди у толиққан, оғриётган тиззаларини уқалаб. — Жазирама бўмаса, бу шабаданинг ҳузурини бандаси қаердан ҳис қилсин. Худо бандаларига нима кераклигини ўзи билади. У — буюк донишманд.

Чорибойнинг ўғли катта шоир бўлмоқчи эди. Ота хуржунга бир тўрва чакки, патир нон, тандир гўшт солиб, елкага ташлади-да, ўғлини олиб, таниқли шоирлар эшигини тақиллатиб борди.

— Мани тарихимни ёзасан, ўғлим, яхши замонлар келади ҳали, — деди ота бир кун кўзларига ёш олиб. — Бобонг Сибирга сургун қилинди, болаларини бойнинг ўғли деб қамади…

— Бу ишни…

— Жим! — деди Чорибой ранги қув учиб. — Ҳамма гапни гап деб гапираверасанми? — У ёқ-бу ёққа қараб олиб гапида давом этди ота. — Қудалар бор-а.

— Қудалар? – теварак-атрофга аланглади Шокир.

— Қоидаси шундай, ўғлим. Сизга неччи марта айтаман, отини тутманг деб, — дея ота жаҳл билан бошидан дўпписини олиб ерга қўйди-да, чордона қуриб ўтирган кўйи, кети билан ўғли томонга бироз сурилди, сўнг дўпписини яна олиб бошига кийди.

— Ўша қудаларингизни устида ўртоқ Ста…

— Э-э, ота денг, тамом. Ҳали боласиз. Ундан кейин сизни булар билан нима ишингиз бор. Ундан кўра шеър ёзинг, китобингизни чиқаринг.

— Китоб бўмади, — деди ўғил бошини қуйи солиб. — Қайтариб қўлимга тутқазишди. Шеърларим мавҳуммиш, тушкунмиш.

— Қўйинг, ўғлим, жаҳлимни чиқарманг мани. Қўшни қишлоқдаги Жаббор бувани ўғли билан таништириб қўйдим, шу-шу ёнига қайтиб бормадингиз, — Чорибой икки кўрсаткич бармоғини оғзига тиқиб, икки томонга жириб тортди-да, жаҳл билан гапини давом эттирди: — Манқа, дедингиз, жирриқ дедингиз. Манқа бўлсаям юрибди-ку қўша-қўша орденларди тақиб. Сизни ким танийди, ким билади? Одам деган қўтир эчкидек бўлиши керак. Бирини тоға, бирини ака деб кетавермайсизми? Воҳ, ўғлим бўлсангизам, манга ўхшамагансиз-да…

Ота ичини кемираётган барча гапларини мавриди келганидан бўлса керак, бирдан тўкиб солаётганди. Ўғил ўз қарашини отасига англатмоқчи бўлди:

— Ота, мен буларни шон-шуҳрат учун эмас, ўзим учун, ўзимни анг­лаш…

— Э, йиғиштиринг сафсатангизни! Бўладиган гапни гапирингда, ўғлим! — Чорибой ўғлининг гапини ярмидан бўлди-да, тандирхона томонга қараб қичқирди. — Ўв, Жўра! Чойинг қайнамасга кетдими, обке тезроқ!

Бирпасда тандирхона томондан юзлари қизариб, бўйинларидан чакиллаб тер томчилаётган, устига эски, ямоқ тўн илиб олган хотини зипиллаб келди-да, қўлидаги таги тутундан қорайган темир чойнакни дастурхонга дўқ этиб қўйгач, бошига ўраган гулоби рўмолининг бир учи билан юз-бўйнини артди. Сўнг норози оҳангда жавранди:

— Ҳанифа, ноним пуштлаб кетди. Шуни Шокирга айтсангизам обкелади-ку, ёш нарса!

— Сан айт, Жўра, ўғлингга тушунтиролмаяпман. Худораҳмати отам отсиз, дерди, бешбўғин дерди. – Чорибой “уф” тортди-да, икки қўлини тиззасига тираб қаддини кўтарди. — Бу лаънати отсиз туғилгунчаям онасининг ичак-чавоқларини еб битириб, кейин қорнини ёриб чиқаркан…

— Ҳа-а, чаёнми? — деди хотин тандирхона томон хавотир аралаш қараб оларкан.

— Тур-э! Ман нима дейману…

Аёл “Э-э!” деб қўлини силтади-да, тандирхона томон яна зипиллаб жўнади. Пешайвонда куйган пахталикнинг аччиқ ҳиди қолди.

Чорибой яна ёстиққа ёнбошлади-да, қанотларини йиғиб жойлашиб олган қалдирғоч инига тикилди. Она қалдирғочнинг фақат боши кўриниб турарди. Қуёш қизариб, ботай деб қолган. Дастурхонда турган овқатга қўл ҳам урилмаган. Пиёлада совуб қолган чой заъфарон тусга кирган, худди шафақ ўз нурлари билан пиёлани тўлдиргану, Чорибой пиёлага сузилган шафақдан бир-бир ҳўплаб сўнг жойига қўйгандек.

Кутилмаганда қалдирғоч безовталаниб, ин атрофида парвона бўла бошлади. Чорибой эса кўзларини қалдирғоч инига тикканча узоқ хаёлга чўмиб, оғир хўрсиниб қўйди. Шу пайт Шокир бақириб юборди:

— Ота, илон!

Чорибой сапчиб ўрнидан турди.

— Қани?! – деди атрофга олазарак қараб.

— Ана, ана! Шифтда! — деди Шокир болорлар орасида ўралашаётган билакдек келадиган оппоқ илонни кўрсатиб.

— Арғамчи десанг-чи! — кулди Чорибой. Сўнг маҳзун тортди-ю, устунга суяниб ўтирган кўйи давом этди:

— Шу замонда пулнинг ўзи йўғу шифтда бойлик ўралашиб юрганини қара.

Илон ғойиб бўлди. Уясини тарк этган қалдирғоч эса Чорибойнинг боши устидан ғужурлаб айланарди.

Табу — ибтидоий даврларда одамлар қўрқув   уйғотадиган сеҳрли ва зарарли ёвуз кучлар — жин, арвоҳлар, офатли касаллик ва йиртқич ҳайвонлардан сақланиш учун уларнинг номини тилга олмаслик керак, деб ҳисоблашган.

Ҳабиб Абдуназар

Ҳабиб Абдуназар — (Абдиев) 1968 йил Музработ туманида туғилган. ТошДУ(ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини тамомлаган (1993). «Манзара» (1995), «Анжир гули» (1999), «Гулларни қўмсаган оғоч» (2007) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen + 7 =