Ярим соат дарс

ёки Финляндия таълим тизимига назар

Сайёрамизнинг энг илғор ва илмли ўқувчилари сифатида фин ёшлари эътироф этилади. Қизиғи шундаки, финляндиялик ўқувчилар бошқа мамлакатлардаги тенгдошларига нисбатан анча кам вақтини мактабда ўтказишиб, кунига кўпи билан ярим соат дарс тайёрлашар экан. Шу ва бошқа жиҳатлари билан бу давлатнинг таълим тизими дунё аҳлини ҳамиша ҳайратлантириб келади.

Финляндия “The Legatum Pros­perity Index 2019”нинг жаҳон рейтингида “Таълим” йўналиши бўйича дунёдаги 167 давлат орасида Сингапур, Жанубий Корея, Дания, Гонг Конг ва Канададан кейин 6-ўринни эгаллаган (Ўзбекистон бу рўйхатда 81-ўринда туради).

Фин ўқувчилари вазифаларни ўз салоҳиятидан келиб чиқиб бажаради, жисмоний ва ақлий ҳолати турлича бўлган болалар биргаликда таълим олади. Агар ўқувчи дарсларни ўзлаштиришга қийналса, у билан қўшимча машғулот олиб бориш учун алоҳида ўқитувчи тайинланади. Шунингдек, Финляндия ўқувчилари ўзи фойдали деб билган фанни ўрганиши мумкин. Агар дарс ўқувчини қизиқтирмаса, у китоб ўқийди ёки бошқа машғулот билан шуғулланади.

Финляндия таълим тизимида 10 баллик баҳолаш тизими амал қилади, аммо 7-синфгача фақат сўзда баҳо қўйилади: ўртадан пастроқ, қониқарли(ўрта), яхши, аъло. 1-3-синфларда эса ҳеч қандай кўринишдаги баҳо йўқ.

Бу ерда барча мактаблар кундаликка ўхшаш “Wilma” электрон тизимига уланган ва ҳар бир ота-онага тизимдан фойдаланиш учун шахсий код берилади. Унда педагоглар баҳо қўйиб, давоматни белгилаб, боланинг хулқи ва дарсларни ўзлаштириши ҳақида маълумот қолдиради. Шунинг­дек, психолог, ижтимоий хизматчи ва фельдшер ҳам ўқувчини тиббий кўрикдан ўтказиб, натижасини тизимга киритиб боради.

Яна бир қизиқ жиҳат: қўйилган баҳо ҳеч кимга ошкор қилинмайди. Ўзлаштириши ёмон, паст баҳо олган ўқувчиларни койиш, унга дакки бериш мумкин эмас. Ахир, ҳамма космик кема яратавермайди, самолёт ёки автобусни ҳам кимдир ихтиро қилиши керак-ку. Қолаверса, яна кимдир фермер бўлиб далада меҳнат қилиши, чорвани боқиши, кимдир эса қурилишда ҳам ишлаши керак.

Финляндияда таълимнинг барча босқичлари — мактабгача таълимдан олий таълим муассасаларигача мутлақо бепул. Улар таълимни ҳар доим моддиятдан устун қўйишган. Дарс­лар янги ғоя­лар, ишонч, ихтиёрийлик ва мус­тақиллик асосида ўтилади.

Мамлакатда “элита” ёки қолоқ мактаб, деган тушунча йўқ. Барча таълим муассасалари мутлақо бир хил жиҳозланган, бирдек имкониятларга эга ва бир хил молиялаштирилган. Деярли барча мактаблар давлатга қарашли бўлиб, мамлакатда атиги ўнга яқин хусусий мактаб бор. Финларга фарзанди ўқиши учун мактаб танлаш тақиқланган эди, болалар уйига энг яқин мактабда ўқишарди. Ҳозир гарчи бу тақиқ бекор қилинган бўлса-да, барибир кўпчилик ота-оналар фарзандини уйларига яқин бўлган таълим муассасасида ўқитмоқда. Зеро, бу ерда барча мактабларнинг имконият ва шароити бирдек яхши-да!

Болаларни бир-бирига таққослаш тақиқланган. Финляндия меҳнат қонунчилигига кўра, педагог ўқувчини таҳқирлашига йўл қўйилмайди. Бу ерда ҳар бир ўғил-қизга Шахс сифатида муомала қилинади. “Даҳо” ёки ақлий салоҳияти бўшроқ ўқувчилар, ҳатто, ногиронлиги бор болалар ҳам қолганлар билан бир сафда, бир жамоа бўлиб таълим олади.

Мактаблар фарқланмагани ёхуд “ажратилмагани” каби бир фаннинг бошқасидан чуқурроқ ўқитилиши ҳам мумкин эмас. Масалан, математика мусиқадан ёхуд адабиётдан муҳим саналмайди. Шунингдек, “яхши” ва “ёмон” ўқувчилар ҳам йўқ. Болаларни бир-бирига таққослаш тақиқланган. Финляндия меҳнат қонунчилигига кўра, педагог ўқувчини таҳқирлашига йўл қўйилмайди. Бу ерда ҳар бир ўғил-қизга ШАХС сифатида муомала қилинади. “Даҳо” ёки ақлий салоҳияти бўшроқ ўқувчилар, ҳатто ногиронлиги бор болалар ҳам қолганлар билан бир сафда, бир жамоа бўлиб таълим олади(Фақат кўриш ва эшитиш билан боғлиқ нуқсони бўлган ўқувчилар учун алоҳида синфлар ташкил этилган).

Қизиғи шундаки, ўқитувчи ўқувчининг ота-онаси кимлиги, иш жойи, лавозими ва бошқа шунга ўхшаш маълумотларни сўраши қатъий тақиқланган. Ҳар қандай қоидадан четга чиқиш ўқитувчи билан имзоланган шартноманинг бузилишига олиб келади. Фин ўқитувчилари фақат таълим бериш вазифасини бажаради.

Финляндияда ўрта таълим бепул, шу билан бирга тушлик, мамлакат бўйлаб саёҳат, музей ва дарсдан ташқари ҳар қандай фаолият учун мутлақо пул тўланмайди. Агар мактаб 2 километр­дан узоқда бўлса, болани уйидан олиб кетувчи ва дарсдан сўнг қайтариб олиб келувчи автобусга ҳам пул берилмайди. Ҳар бир ўқувчига дарсликлари, барча ўқув қуроллари, калкульятор, ҳатто планшет ва ноутбуккача мактаб томонидан текин берилади. Ота-оналардан пул йиғишга мутлақо йўл қўйилмайди.

Фин ўқитувчиларининг шио­­ри: “Ё ҳаётга тайёрлаймиз, ёки имтиҳонларга. Биз биринчисини танлаймиз!”. Балки шунинг учундир, уларда мутлақо имтиҳон бўлмайди. Мактабни тугаллашда биргина тест синови ўтказилади, холос. Лекин ўқувчи ва ўқитувчилар бу тестнинг натижаси учун заррача қайғурмайди, хато белгилаган жавоб учун ҳеч кимга ҳисоб бермайди, ҳеч кимдан гап эшитмайди. Болалар ҳам унга жиддий тайёргарлик кўришмайди — борига барака!

Фин мактабларида турли текширувлар ҳам, таълим беришга оид “янгича услуб”ларни ўргатувчилар ҳам йўқ. Мамлакатда таълим дастури ягона, фақат умумий тавсиялар бор, холос. Ҳар бир педагог ўзи тўғри деб билган услубни қўллайди. Асосийси, самара ва натижа!

Мактаблар ҳудуди ўралмаган, кираверишда қўриқчи ва тўсиқлар йўқ. Аксарият мактабларнинг кириш дарвозаси автоматик тизимга эга, ўқувчилар бинога дарс жадвали асосида киришади.

Дарсда болалар парта ва столда ўтириши белгиланмаган, улар полда(гиламда), ҳатто диван ва креслоларда ўзига қулай ҳолда ўтириб, дарсни ўзлаштиришади. Форма йўқ, умуман, кийинишга нисбатан ҳеч қандай талаб қўйилмаган.

Одатда уйга вазифа берилмайди. Болалар дам олиши керак. Ота-оналар фарзанди билан дарс қилишга мажбур эмас, бунинг ўрнига педагог­лар музей, ўрмон ёки сузиш ҳавзасига оилавий бориб, вақтни мазмунли ўтказишни тавсия қиладилар.

“Доска олдида” ўқитиш усули бу давлатда амал қилмайди, ўқувчилар мавзуни сўзлаб бериш учун доскага чиқарилмайди. Ўқитувчи дарсга умумий тус беради, сўнг ўқувчилар орасида юриб, уларга топшириқларни бажаришга ёрдам беради ва жараённи назорат қилади. Ўқитувчининг ёрдамчиси (фин мактабларида ўқитувчи ёрдамчилари ҳам бор) ҳам худди шу иш билан банд бўлади. Барча педагог­лар фақат 1 йилга шартнома имзолашади, бу муддатни узайтириш ва тўхтатиш мумкин. Меҳнати эвазига ҳавас қиларлик миқдорда — фан ўқитувчисига 5000, ёрдамчисига 2500 еврогача ҳақ тўланади.

Балки бу тизим кимгадир нотўғридек туюлар. Финлар мукаммалликка даъво қилмайди ва эришган ютуқлари билан ҳам чекланиб қолмайди. Улар мактаб тизими жамиятдаги ўзгариш­ларга қанчалик таъсир кўрсатаётганини доимий тадқиқ қилишади.

Қувонарлиси шуки, финларнинг фарзандлари тунда алаҳсираб, асабий зўриқишдан қўрқиб уйғонмайди. Тезроқ катта бўлишни орзу қилиб, мактабдан нафратланишмайди. Ўқувчилар имтиҳонга тайёрланиб, ўзи ва бутун оила аъзоларини қийнамайди. Хотиржам, сермулоҳаза ва бахтли фин болалари китоб мутолаа қилади, таржимасиз(оригинал тилда) фильмлар кўради, компьютер ўйнайди, ролик ва велосипедларда учади, концерт, театр томошаларига боради… Улар ҳаётнинг ҳар бир лаҳзасидан завқ олиб, қувониб яшайди ва шу билан бирга таълим олишга ҳам улгуришади. Зеро, PISA нуфузли ташкилоти томонидан ҳар 3 йилда ўтказиладиган тадқиқотлар ва бошқа халқаро рейтингларда фин ўқувчилари дунё рейтингида ҳамиша юқори натижа қайд этишади…

Хуллас, дунёда ривожланган мамлакатлардан ҳисобланган Финляндия халқ таълим тизими ана шундай эркин усулда фаолият олиб боради. Бу юрт мактабларида биринчи навбатда болалар ўз “мен”ини танишига эътибор қаратилади. Ким бўлса ҳам, муҳими, ўз фикри, ҳаётга мустақил қараши бўлсин!

Хўш, бизнинг таълим соҳамиз ҳақида нима дея оламиз?

Ўзимизда қандайлигини яхши биламиз…

Абдулазиз Аҳмедов.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen + 11 =