Теран назар солсанг ҳаёт саҳнига

Тожли вирус сабоғи

Банибашар бугун жонсарак, бедор,

Тож кийган офатга бўлмайин, деб ем.

Унинг чангалида ўзи лол, бемор,

Ўзи сарсон унга излаб даво, эм.

 

Кўринади фақат жони кўзига,

Унутилган бошқа дарду касали.

Уйидан чиқолмай, ўзи ўзига —

Бу Ҳақ синови, деб берар тасалли.

 

Ҳа, чиндан ҳам Оллоҳ синовидир бу,

Талқини мангуга татирлик сабоқ.

Заминдошим, теран фикринг эт кўзгу,

Бугун сийратингга, ортинга бир боқ.

 

Имонинг пок сақлаб яшадингми, айт,

Неки вожиб эрур амал қилдингми?

Ҳақ томон турдингми зарур бўлган пайт,

Эл-юрт ишончини оқлаб билдингми?

 

Тинчми уй-рўзғоринг, оқилми боланг,

Яшайсанми ўзни бахтиёр сезиб?

Ёки кўкка ўрлаб пушаймон, ноланг,

Кетганмисан насиб ҳаётдан безиб?

 

Пинҳон шум режалар тузмаганмисан,

Юксак тутганмисан Инсон қадрини?

Ўзгалар тинчини бузмаганмисан,

Ҳеч ким тортмаганми фитнанг жабрини?

 

Қай бир дўст тутганинг нохос суринса,

Қўлинг чўзганмисан турса жойидан?

Ёки дуч келганда алқаб, бурилса —

Йиқитмаганмисан чалиб пойидан?

 

Юрган эмасмисан лафзингдан тониб,

Иқрор бўлганмисан қилганда хато?

Амал, бойлигингга мафтун, ишониб,

Санамаганмисан ўзингни якто?

 

Баланд турган ҳолда сиртда мартабанг,

Зимдан тубанликка тутмадингми юз?

Ўзганинг ризқига солмадингми чанг,

Мулки-ю ерига тикмадингми кўз?

 

Жонинг қутилганча танингдан токи,

Курсига канадай ёпишганмисан?

Буқаламунликми юрмишинг ёки

Казо-казоларга чатишганмисан?

 

Рўйирост саволлар бердим Заминдош,

Қани, жавоб қайтар рўйирост Сен ҳам;

Англаб саждагоҳга урган каби бош,

Имон келтиргандай Ҳаққа сўнгги дам.

 

Биламан, бундай пайт ким қўли тоза,

Ҳақгўй, тили бурро, ёруғ юзлари.

Ким талмовсирар, рост айтишдан тонар,

Маразлигини фош этар кўзлари.

 

Заминдош, амалинг оқ эмас нуқул,

Қора ҳам эмасдир барча билмишинг.

Ишларинг кўп эрур ҳалол ва оқил,

Лекин кам эмасдир тубан қилмишинг.

 

Бугун ҳаловатсиз онадай олам,

Ахир у барчага тириклик қасри.

Менинг назаримда яхшиларга ҳам,

Ургандай туюлар ёмонлар касри.

 

Гарчи, на кундузи, на тун татийди,

Хатардан тўсилган гарчи чор томон;

Оллоҳга шукрона айтсак арзийди,

Нетардик бўлганда бундан-да ёмон?!

 

Шукр, таҳликада ҳарқалай бор ҳад,

Дунё аҳли уни енгар бирлашиб.

Лекин нетар эдик тожли бу офат,

Тарқалса ҳаво ё нурга илашиб?!

 

У пайт бўлмас эди омон қолгувчи,

Қутилмоққа мутлақ йўқ эди имкон.

Қирилиб битарди нафас олгувчи,

Заминда юргувчи барча тирик жон.

 

Ўйласам даҳшатдир!

Бошдан учар ҳуш,

Ер юзин қамрарди нидосиз фарёд.

Қасрлар, саройлар турарди бўм-бўш,

Эгасиз қоларди ғазна, бор бисот.

 

Тирикликнинг оддий азмига кўра,

Мазмун, моҳиятин йўқотарди вақт.

Яхши-ю ёмонга паноҳ ер узра,

Юз берган бўларди мудҳиш охират.

 

Кузатиб дунёнинг бугунги ҳолин,

Шахсий қарашимни этаман изҳор:

Заминдошим, Ҳақнинг ушбу синови,

Огоҳ этганидир балким сўнгги бор.

 

Ахийри киргайсан туйнуксиз уйга,

Ахийри бир энлик ерга эгасан.

Лекин ўпқон нафсинг солар ҳар кўйга,

Айт, тўймас нафсингни қачон енгасан?!

 

Оллоҳ даргоҳи кенг, айлагай шафқат,

Амал, мол-дунёга бўлма бунча ўч.

Ўтинчим, тавба қил, бу ёғи фақат

Ҳақ йўлин тутишга топ ирода, куч!

 

Гуноҳ кимда кўпдир, қай бировда кам,

Оллоҳ имкон берди, умидвор кутар…

Шунда ҳам қолмасак билганимиздан,

Охир қиёматга бир кун дуч этар.

 

Саккизликлар

 

Донога ишора етарли, англар

Бисмиллоҳдан нима мақсад, муддао.

Нодон балки қанча гапирсанг тинглар,

Тегишли хулоса чиқармас аммо.

 

Ким билмас не зарар, нимадир фойда,

Ўйлаб, берасан бир ҳақиқатга тан:

Баъзан донолар ҳам фойда бор жойда,

Ўзларини нодон тутиб ўрганган.

         * * *

Фарқлашга фаҳми-ю ақли етади,

Ўзаро курашса “қора” билан “оқ”.

Кузатар, дамини ичга ютади,

У доим чеккада туради бироқ.

 

Теран назар солсанг ҳаёт саҳнига,

Беадад нафратинг ортади кўриб.

У ҳамд-сано айтиб ғолиб шаънига,

Мағлубга тош отар биринчи бўлиб.

         * * *

Лол қолди, тан берди меҳмонга келган:

Бу қандай беқиёс зеб очган диёр.

Қаёққа қараса ютуқ акс этган,

Энг олий мақсадлар акс этган шиор.

 

Ёздик: кам эмасмиз бизлар ҳеч кимдан,

Муддао, сўзимиз фақат эзгулик.

Яшадик амалда бўлмаганда ҳам,

Қоғозу шиорда ҳавас этгулик.

         * * *

Сўзнинг мўъжизакор қудрати бисёр,

Инсон сабоқ олар изҳори сўздан.

Билсанг, тўғри танқид торттирар ҳушёр,

Мақтов кўп ҳолларда кеткизар ўздан.

 

Ўйлаб кўр сўзловчи ғанимми, дўстми,

Айтганлари билан эришар нега?

Қандай қабул қилмоқ тинглаган сўзни,

Боғлиқ эрур фақат эшитгувчига.

         *   * *

Учиб бораётир қушлар галаси,

Қанот қоқиб эркин, йўқдек ғов, хатар.

Пастда, бутазорда овчи милтиғин

Ўқлаётганидан буткул бехабар.

 

Босилади фурсат ўтмай тепки ҳам,

Ўқ хато кетар ё тегади бориб.

Қай бирин нишонга олиш ушбу дам,

Ўлжа пайидаги овчига боғлиқ.

         * * *

Инсон гоҳ ошкора, гоҳида пинҳон,

Яратиш йўлида изланар нуқул.

Неки кашф қилгандир ўзи ҳукмрон,

Айни пайтда унга ўзи эрур қул.

        

Гоҳ беҳад енгиллик келтирар иши,

Гоҳ сабабчи афсус, кўзин ёшига.

Қўрқаман, қайсидир ўз яратмиши,

Бир кун етмасайди ўзин бошига.

Жаҳонгир Исмоилов

Жаҳонгир Исмоилов — Қизилтепа тума­нида таваллуд топган. ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини тугатган. 40 йилдан ортиқ матбуот соҳасида фаолият юритган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси. “Юрт меҳри”, “Соғинч”, “Баҳордан кузгача”, “Тош­бой гаи ҳангомалари”, “Сўнгги манзи­л”, “Таназзул”, “Ёниб яшаш завқи”, “Чиптасиз одамлар”, “Вақт қадри” сингари шеърий, нас­рий ва публицистик китоблар муаллифи. Ўзбе­кистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen − 12 =