Ўқувчисини излаётган матбуот

Яқинда менга бир журналист синглимиз шундай савол берди: бугунги журна­лис­тиканинг йигирма-ўттиз йил аввалгисидан фарқи нимада?

Рости, ҳам осон, ҳам қийин савол. Осони шуки, “бугун журналистика жадал ривож топмоқда, сиз айтган пайтдаги журналистларнинг имкони етмаган ишлар бўляпти. Мана, интернет журналистикаси орқали хабарларни кўз очиб юмгунча кўриш, эшитиш мумкин”, дея гап бермай кетавериш мумкин.

Аммо қийини ва аччиқ бўлса-да, ҳақиқат шуки, фарқ йўқ, асло!

Интернет журналистикасини олсак, бу журналистикани олдинга тортгани, тараққиётга элтаётгани ҳам нисбий хулоса.

Тўғри, хабарлардан тезкор огоҳ бўлаётганимиз бор гап. Аммо журналистика фақат тезкорлик-у хабардорлик дегани эмас.

Хулосам шуки, агар соҳамизни бир бутун уйғунликдаги жамият дейдиган бўлсак, жамиятимизнинг баъзи соҳаларга оид салоҳияти бундан йигирма беш-ўттиз йил олдингисидан деярли фарқ қилмайди.

Нега бундай мутлақ тўхтамга келяпман?

Биз кўп йиллардан буён журналистикада ихтисослашув деган гапни айтиб келамиз. Аммо бунга эришолмадик. Назаримда, ҳамма гап шунда… Энг муҳими, биз журналистика жанрларини унутдик. Жумладан, унинг таҳлилий жанрларини. Хусусан, бугун бизда иқтисодий таҳлил қарийб йўқ ҳисоби!

Ҳаётий мисол айтай: муҳаррир сифатида баъзан иқтисодий мавзуда бирон жиддий таҳлилий материал тайёрлаш учун кимга, қайси журналистга мурожаат қилишни билмай қоламиз.

Биласизми, бу ўта жиддий масала! Бу журналистиканинг муҳим вазифаси – жамият дунёқарашини шакллантириши билан боғлиқ. Баъзида ижтимоий тармоқларда урҳо-ур бўлаётган мавзуларга берилаётган шарҳлар, ажабтовур муносабатларни кўриб, ахборот хавфсизлиги ҳақида эмас, ахборотнинг хавфли “жиҳат”лари ҳақида ўйланиб қоласан киши. Виртуал оламда тарбияланаётган авлоднинг келажагидан хавотир оласан. Шунда ёдга бир донишманднинг ёз­мишлари тушади: “…миш-мишларни ҳар ким гапириши мумкин, аммо ҳақиқатни кам одамларгина тушунтириб бера олади”.

Аччиқ ҳақиқат шуки, афсуски, ўта долзарб мавзуларни матбуот ҳам, телевидение ва радио ҳам давримиз талаби даражасида таҳлил этиб беролмаяпти…

Сўз эркинлиги ва ҳақиқатни айтиш ҳақида гапирсам, у адолатдан қувват олиши лозим. Аммо бугун ўзини блогерман деб билмишлар баъзи шахслар учунгина чала-ярим сўзини айтаётгани айрим журналистларнинг масаланинг моҳиятига чуқур кириб боролмаётганида ана шу мезоннинг бузилаётганини кўряпмиз.

Бугун матбуот қандай нафас олмоқда? Бу саволга чуқур нафас олиб, жавоб бераман: қийин! Тўғри, эркинлик бор. Ҳақиқатни   очиқ айтиш мумкин. Аммо кимга айтасиз? Ўқувчи кам бўлса… Айтганингиз қаергача боради?   Муассис эса… Менга ва мен раҳбар бўлган жамоага тегишли бўлмаган жиддий муаммо бу!   Баъзида “Маърифат”ни варақлаб ўтириб кўнгилга оғриқ киради. Назаримда,   худди жадид боболаримиз руҳи чирқираётгандек бўлаверади. Ахир бу газета аслида “маърифат” асосий иши бўлган Халқ таълими вазирлиги учун жавоҳирдай гап-ку! Нега бу нашр ҳар бир ўқитувчининг севимли нашри бўлиб кетмаётганига ачинаман. Ёки “Hurriyat”нинг чанқоқ дилларга малҳам берувчи мақолалари учун тасаннолар айта туриб, ададига кўзим тушади-ю… яна ўша гап!   Аслида бундай газеталар ўз-ўзи­дан чиқиб қолмайди. Унга қанча дил қўри бағишланган ахир…

Байрам баҳона бироз оғриқли гаплар хаёлга келганида ҳам бир ҳикмат бордир, балким. Энг асосийси, журналистикада ўсиш бор, даврий нашрларнинг қиёфаси, мазмун-мундарижасида кескин янгиланишларни кўрмаслик мумкин эмас. Демак, эртанги кун ўқувчиси учун кураш жадал давом этмоқда. Бу – яхши кўрсаткич!

Шундай кунда барча ҳамкасбларимга касбга садоқатли бўлиш бахтини тилайман. Ўша садоқатда гап кўп – барака, файз,   ҳалол нон… Шунисидан қўймасин!

Ҳусан Эрматов,

“Ишонч” ва “Ишонч-Доверие”

газеталари Бош муҳаррири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 − 9 =