Узумингизнинг данаги тиллоданми?..

Халқимизда “Отанг-бозор, онанг-бозор”, деган нақл бор. Бироқ бугунги пандемия шароитида одамлар кўп йиғиладиган бозорлар ҳар биримизнинг ҳадик ва хавотирларимизни туртиб уйғотади. Бундай пайтда эса маҳалладаги ёки уйимиз яқинидаги дўкон ва маркетлардан маҳсулот харид қилиш қўл келади.

Ғори тўлмаган рўзғор камчиликларини бутлаш мақсадида куни-кеча пойтахтимизнинг Абай кўчасида жойлашган “Кorzinka” супермаркетига кирдим. Аввало, ушбу тизимдаги дўконларнинг пандемиягача бўлган даврда тунги соат 1.00гача, ҳозирги карантин пайтида эса 22.00га қадар ишлаётгани,   маҳсулотларининг сифатлилиги, юқори даражадаги хизмат кўрсатиш тартиби одамнинг дилини яйратади. Чунки, марҳамат, бозорга улгурмадингизми, супермаркет сизга ҳар доим мунтазир. Айниқса, пештахталарга олийнасабларга хос дид билан териб қўйилган маҳсулотлар бозордагидан ширинроқдек, ундан тотлидек туюлаверади. Буниси тасаввурнинг найрангидир, эҳтимол.

Супермаркет пештахтасида ҳар бири ёнғоқдек келадиган “Ризамат” навли узумга кўзимиз тушди. Қойил, соҳибкор деҳқонларимизга, июнь ойининг йигирманчи кунидан ўтиб, аслида ўзи “июль ойининг охирига бориб” етиладиган меваларни шундай бадастр қилиб қўйишганига! Одамнинг сўлак безлари шу тобда шитоб билан ишлай бошлайдию, узумга яқин бориб нархига қараймиз: 137.990 сўм. “Ё тавба, узум дегани ҳам шунчалар қиммат бўладими ё адашдикми”, деган ҳадик билан ушбу нарх тахтасига яна кўз югуртирамиз. Ҳечам адашмабмиз, айнан шундай: 137.990 сўм. Беихтиёр одамларга қарайсан, йўқ, Худога шукур, Америка эмас, Ўзбекистондаги маркетлардан бирида эканмиз. Биз мақтанадиган мўл-кўлчилик шуми, ахир? Эҳтимол, бу каби нарх-наво Америка ёки Шимолий ярим шарда жойлашган мамлакатларда бўлса тушуниш мумкиндир. Бироқ Ўзбекистондай қуёши беминнат нур сочадиган заминда пишган узумга қўйилган ушбу нархни “ҳазм” қилиб бўлмайди. Икки килодан зиёд гўштнинг нархидаги узумнинг данаклари тиллодан эмасмикан, деган ўйга бориш мумкин. Эҳтимол, юртимиз осмонидан учиб ўтган турнанинг тумшуғидан тилло тухум тушиб қолган бўлса-я!.. Ахир йўқ эса узумнинг нархи ҳам, ўзи ҳам бу қадар осмонга олиб чиқиладими? Юртимизда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам (базавий ҳисоблаш) миқдори 223 минг сўм бўлса… Шунингдек, бугун 800-900 минг сўм ойлик маош олиб ишлаётган одамлар ҳам йўқ эмас. Ўйлаб кўринг, улар бу узумдан харид қилиб, болаларига едира оладими? Ёки бу каби супермаркетлар фақат оқсуяклар учун ихтисослашганми?

Ушбу савдо мажмуасини айланар эканмиз, яна нархларнинг белгиланишига эътибор қаратдик. Ҳар бир маҳсулотнинг нарх тахтасида албатта, 990 рақами бор. Хўш, бу нима дегани ўзи? Бу дўкондорлар оддий халқни ёш болани алдагандек аврашими ёки даромад топишнинг янги услубими?! Яна бир савол: муҳтарам депутатлар, мутасадди ташкилот раҳбарлари бу ердан маҳсулот харид қилишмайдими?

Халқимизда “Инсоф сари барака”, деган гап бор. Эл бу – инсоф, эл бу – иймон дегани. Биз эса иймонни ҳам, инсофни ҳам бўш идишдай четга суриб қўйиб, Яратганнинг чексиз сахийлигида пишиб ётган меваларга осмоний нарх белгилашимиз қайси инсоф, виждонга тўғри келади?!

Ҳикматулло Қодиров.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one + eight =