Гулнинг табассумида уйғонган кўнгил

Сизнингча, шоира, олима, адибанинг ижодий ҳаёти нимадан бошланади? Қачон кўз очиб, куртак тугади? Оқ қоғозни қоралаганларини, илк машқларини юрак ютиб, таҳририятларга олиб борган куниданми? Ёхуд, биринчи шеъри ёки ҳикояси эълон қилингандан кейин асл ижоди барг ёзадими? Бир қарашда барча саволларнинг ўзида жавоб бордек. Бироқ ҳаққоний жавоб ижодкорнинг кўнглида сирли, маъсумлигича қолаверади.

Биобиблиографик мажмуаларда адиб­ни илк асари чоп этилгандан бошлаб ижодий ҳаёти палак ёзади, деб ёзишган. Аслида ҳам шундаймикан? У, аслида, қалдирғоч, самара, илк муваффақият нишонаси-ку! Чунки, ўқиб кўриб, маъқул топиб, чоп этилиши — дастлабки қутлуғ қадам.

Гуландом Тоғаевадан унинг таассуротларини сўраганимда, чуқур ўйга толганди. “Қайдам… ”, “Нима десам экан”, деганди. Шеърий китоби қўлёзмасини ўқиш учун олиб келганида илк шеърининг туғилиши ҳақида гапирди. Қишлоқ мактабининг биринчи синфида ўқиётганида муаллима китоб саҳифасига чизилган суратни болаларга кўрсатиб, “Унда нима тасвирланган, номини айтинг”, дебди. Синфдошларидан кимдир “баҳор” деса, яна бири “гул”, бош­қаси “очилган гул”, деб атабди. Гуландом “гулнинг табассуми”, дея таъриф берган экан. Ана сизга шеърнинг туғилиши…

Гуландом Тоғаевада гўзалликни ҳис этиш туйғуси ўша аснодан кўз очган бўлса ажабмас. Дилида ниш урган туйғу кўкариб борди. Чақмоқ чақинидан дув-дув тўкилган хўрсиниқларни ҳовучига йиғди. Деворларда қолган булбул панжасининг изларидан маъно ўқиди. Кўнгли тоғ қушлари каби учди.

“Ухлатиб юрибман дил оғриқларин, хаёлнинг енгига артиб-артиб”, дейди шоиранинг лирик қаҳрамони “Жуволдиз инида жовидан яшар” шеърида.

Бугунги кунда Гуландом Тоғаева­­ни шои­ра, олима, таржимон сифатида илмий-ада­бий жамоатчилик билади. Зукко олималик билан солиҳ шоиралик Гуландом Тоғаева салоҳиятининг қўш қаноти. Олима-тадқиқотчилиги шоиралигидан, поэтик изланишлари эса илмий кузатишларидан қувватланади.

Гуландом Тоғаева “Ўзбек матбуотида тасаввуф таълимотининг ёритилиши: муаммолари, тамойиллари, шакллари” мавзуида филология фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун диссертация ёқлади (2007 йил). “Чақмоқ хўрсиниқлари” (1995), “Муҳаббат асри” (2004), “Мен излаган кема” (2016), “Ўн етти ёшлилар мамлакати” (2017) номли китоблари босилиб чиқди. Шу тариқа ижодий изланишлари, кўнгилтортар намуналари жамланган “Сувайдога йўл” (2019) мажмуаси юзага келди.

Гуландом Тоғаева тасаввуф илмининг ўзбек вақтли матбуотида ёритилиши масаласига бағишланган тадқиқотида Абдуҳолиқ Ғиждувоний, Аҳмад Яссавий, Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий, Сўфи Оллаёр сингари мутафаккирлар ижоди, адабий-бадиий, ижтимоий-фалсафий мероси қай тариқа ифода этилганлигини  теран ўрганган. Бунинг учун ўтган асрдаги матбуот органларини, кундалик нашрларни объект қилиб танлаган.

У академик Ботир Валихўжаев, профессорлар Абдуқодир Ҳайитметов, Нажмиддин Комилов, Иброҳим Ҳаққулов, Ориф Усмон, Ҳамиджон Ҳомидий, филология фанлари номзодлари Ёқубжон Исҳоқов, Султонмурод Олимнинг мақолалари, суҳбатлари, асарларидаги тил ва услубий хусусиятлар, мавзу-масалага ёндашиш ва ифода йўсинларини, ижодий индивидуалликларини таҳлил ва тадқиқ эта олди.

Маълумки, ўзбек фани, адабиёти, маданияти тасаввуф илми асосида ривож топ­ган. Жаҳон тамаддунида мумтоз мавқе ва маснадга эга. Профессор Нажмиддин Комиловнинг “Тасаввуф”. Биринчи китоб. (Тошкент; 1996), “Тасаввуф”. Иккинчи китоб, тавҳид асрори (Тошкент, 1999) асарлари Гуландом Тоғаеванинг асосий тадқиқот объектига айланган.

Олима диссертациянинг “Тасаввуфий адабиётни ўрганишда матбуотнинг аҳамияти” номли иккинчи фаслида умумбашарий қадриятлар (адолат, ҳақиқат, ахлоқий покдомонлик, виждон сингари)ни ҳимоя қилишга қаратилгани, тарғиб ва ташвиқ этилганлиги масаласига диққат-эътиборини йўналтиради. Сўфийлик илмида маънавий-ахлоқий қадриятлар халқимиз ҳаётининг мағиз-мағзига сингиб кетганлигини алоҳида таъкидлайди.

Гуландом Тоғаева хоҳ илмий изланиш­ларида, хоҳ поэтик ижодида бўлсин, ҳамиша янгиликка интилади. Мавзу-масаланинг янги қирраларини топиш ва ёритишга шеърий изланишларида эса янги бадиий ечимлар топишга, ёритишга, образлар воситасида фикрлашга катта рағбат, иштиёқ кўрсатади. Айниқса, илмий-ижодий майлларида адабиётшунослигимизда кам ўрганилган, эътибордан четда қолиб келаётган муаммоларни тадқиқ этишга алоҳида эътибор қаратади.  Кейинги йилларда эълон қилинган  илмий-публицистик мавзудаги  “Матбуот ва тасаввуф” (2006), “Миллий тафаккур поэтикаси қирралари” (2010), “Эзгуликнинг бадиий инъикоси” (2010)   каби китоблари ҳам ана шу муҳим мавзулар муҳокамасига бағишланган.

“Умр — бу изҳори дил учун имкон…” дей­ди шоиранинг лирик қаҳрамони “Яшаш нима ўзи, тириклик нима” шеърида. Кўнгил чиғириғидан сизиб чиққан кечинмалар, кайфият ва руҳоний ҳолатлар суратини чизиш, ҳис-туйғулардан унган фикрларни бадиий умумлашмалар шаклида ифодалаш шоира шеърларининг бош хусусияти. Шу маънода бугунги лирикамизда фикрсизлик хасталиги кучайган, фикрий қайтариқлар, образлар такрори тобора болалаб бораётган бир пайтда ҳар бир шеърида янги фикр айтишга интилади.

Гуландом шеърларида табиат унсурлари хўрсинади, кулади, йиғлайди, хаёлга толади, куйлайди, ғам-ташвишга ботади, интиқ соғинчда кимнидир кутади, азоб чекади, уялади, кимдандир, нимадандир тортиниб, кўзларини беркитади, шивирлайди, жимжит жолаларини яширади. Улар инсоний хислат-хусусиятлар касб этган. Энг муҳими, одамларнинг фикрлари, кечинмалари, ҳис-туйғуларини ўзига сингдирган бир вужуд сифатида жонланади.

Мен кимнинг Ушалган сўзи эканман,

Ким таниши учун тақилган халқа.

Булбул панжасининг излари қолган

Бу девордан ортиб Не дегум Халққа?! —

Истеъдодли шоира Гуландом катта ижод йўлида сара поэтик образлари, айнан, ўзи яратган шеър боғининг сархил гуллари бўлиб қолишига тилакдошмиз.

Нўъмон Раҳимжонов,

филология фанлари доктори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen − 2 =