Интиқ деразалар умиди бўртар

* * *

… Халқим, ўзлигингга ғубор қўнмасин,

Аждодлар чироғин нури сўнмасин,

Кўзларингга зинҳор ёшлар унмасин,

Ватан сувратига суврат бўл, халқим!

Кангул майдонимда ўсган сабримсан,

Оқибат-оримга тўла мардимсан,

Қадримни тик тутган – баланд қадримсан,

Ватан сувратига суврат бўл, халқим!

Табаррук туфроғнинг бағрига бойлан,

Ҳурлик насибасин жойига жойлан,

Жовид вақтнинг жовудига айлан,

Ватан сувратига суврат бўл, халқим!

Берган берганини бир кун сўрайди,

Минг хил миннат, минг таънага ўрайди,

Иддаоли сира ҳеч поримайди,

Ватан сувратига суврат бўл, халқим!

Сабаб ва таадду мўлдир ниҳоят,

Ўзин оқлаш учун тўқир ривоят,

Руҳи ўнгнинг ўзи айлар иноят,

Ватан сувратига суврат бўл, халқим!

Идрокдан йўғрилган асил иродинг,

Ғам кўрсагин, ғаминг канглум тилади,

Меҳрингнинг меҳрига жодир муродим,

Ватан сувратига суврат бўл, халқим!

У йўлдан-бу йўлга турланиб кўп бор,

Келиб-кетаверар йўловчи бисёр…

Эътиқодга қувват бўлиб интизор –

Ватан сувратига суврат бўл, халқим!

* * *

… О, она табиат – мангу синоат,

синоат қанчалар қадрли эдинг?

О, она табиат – бўлиб қаноат,

сабрни бардошга айлантирардинг.

О, она табиат – сени соғиндим,

дардингни, ғамингни ўзимга олиб.

О, она табиат – руҳингга индим,

қайғунгнинг сирини қайғумга солиб.

О, она табиат – қўйганингча лаб,

қандайин эдинга, олам имкони.

О, она табиат – тонгни бағирлаб 

қуёш бўлар эди меҳрнинг кони.

О, она табиат –  бир маҳал, бир пайт,

кенглик сиймосига интилардинг, оҳ!

О, она табиат – яна бир бор қайт –

канглумнинг тубидан кетмагин, ногоҳ!..

* * *

… Туннинг бағрини чарақлатар ой,

туннинг бағрига шуъласин қадаб.

Туннинг сатҳини ярақлатар ой,

туннинг сатҳига муродин қадаб.

Туннинг имдодига қўрларин тўкиб,

туннинг имдодини сириқтирар ой.

Туннинг ҳодисига нурларин тўкиб,

туннинг ҳодисини бириктирар ой.

Туннинг абрларига сеҳрини йўллаб,

туннинг абрларин парчалайди ой.

Туннинг шодасига меҳрини йўллаб,

туннинг шодасини нақшлайди ой…

* * *

… Бургутлар осмонга парвозин тақиб,

осмоннинг тоқида яйраб учади.

Қуёш нурларига интизор боқиб,

ҳавонинг зарбини мағрур қучади.

Бургутлар осмонга бойлагай оҳин,

қанотларин қоқиб, беҳуд талпинмас.

Осмон – бургутларнинг қадим нигоҳи,

бургутларга осмон қилгайдир ҳавас…

* * *

… Дарахтлар қушларнинг маскани,

шохлардан-шохларга қўнгайдир.

Дарахтлар бергайдир таскинин,

интилиб-интилиб ундайдир.

 

Дарахтлар новдаларин илар –

бир-бирига босганича лаб.

Дарахтлар барглари сийпалар

қушлар қоматини эркалаб.

Дарахтлар муттасил йўналар,

қушлар нигоҳига қовушиб.

Дарахтлар қушларга хушланар,

оғушига суриб довушин.

Дарахтлар қушларга беради

таъмин ҳаво нимтақасида.

Дарахтлар туташиб туради,

замин уфқин минтақасида.

Дарахтлар қушларнинг маскани,

шохлардан-шохларга қўнгайдир.

Дарахтлар бергайдир таскинин,

интилиб-интилиб ундайдир…

* * *

…Булутлар орасидан чиқиб келар ой,

интиқ деразалар умиди бўртар.

Мисоли шафақ буржи тортган ёй

булутларнинг қуроқ тўнини йиртар.

Ёритиб зулматнинг қаърин, ҳойнаҳой,

кўкнинг меҳварида фуруғ бўлиблар:

тиниқлашиб, баланд кўтарилар ой,

бойғизи*дай пастга энар булутлар…

*— Қуруқ мақтанчоқ, ҳовлиқма.

* * *

…Йўллар чеккалайди.

Бўлмайин ҳалак.

Сенга етказишни кўрмайди раво.

Канглум қаватида хўрсинган лак-лак

соғинч шодасига қилмайди парво.

Манзиллар зиғирча ёнламас ройиш,

йироқ олиб,

ўзин тортгани-тортган.

Айролиқ нақшига бериб оройиш,

канглумга ғамларни ортгани-ортган.

Сени ўйлаб,

кўксим гуллари сўлса,

начора?

Умидларим — ҳижрон озуғи.

Канглумга мулк янглиғ битилган бўлса

бу дунёда сени кутиб ўтиш ёзуғи…

                         * * *

…Сабр,

дариғ тутиб бир томчи болинг,

минг томчи оғунгни ризқ этдинг менга.

Балки,

сени раво кўрган-чун толе,

канглумга бирдайин ҲАҚ қурби энгай.

Йўлда кетаяпман.

Юрган йўлимда

дуч келса гоҳ қувонч, гоҳида жабр —

не ҳолотким,

                    Пайдо бўлиб канглумда,

паймонимга оро киргайсан, сабр.

Вужуд —

майдон.

Майдон ичра кўп таққи

ёлғон ўргимчаги тўқийди таъбир.

Сен ўзингни ёрон билганинг ҳаққи

бир умр канглумда ўстирдим сабр…

 

Икром Отамурод

Икром Отамурод — Касби туманидаги Хўжакасби қишлоғида туғилган. 1969-1974-йилларда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетида ўқиган. Шоирнинг «Вақт ранглари», «Жануб қушлари», «Тўрғайли манзиллар», «Уфқлар орти бепоён», «Харитага тушмаган жойлар»  «Узоқлашаётган оғриқ», «Сопол синиқлари», «Сен», «Ичкари ва ташқари», «Руҳимнинг қайғуси», «Канглум, ўзинг», «Тавр», «Тағаззул», «Ҳувийят» сингари шеърий китоблари чоп этилган.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

18 + 6 =