Журналистнинг қалби ёниб турсин

Республикамиз матбуоти соҳасида узоқ йиллар ишлаган, бугунги кунда нафақада бўлган фахрий журналистларни қўллаб-қувватлаш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш Ўзбекистон Журналистлари   ижодий уюшмаси фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Зеро, умрнинг залворли довонини, қалб қўрини матбуотга бахшида этган устозларимиз ҳамиша эъзозга лойиқдир.

27 — июнь Матбуот ва омма­вий ахборот воситалари ходимлари куни арафасида узоқ йиллар давомида матбуот ва оммавий ахборот воситалари ривожига беминнат хизмат қилган, бугунги кунда ҳурмат-эътиборда бўлиб келаётган нуроний-фахрийларимиз ҳолидан хабар олинди.

— Биласизми, журналистнинг қалби ёниб туриши керак. Ёнмаган, ўзидан учқун чиқармаган қалб билан ёзиш қийин, — дейди 100 ёшни қаршилаш арафасида турган фахрий журналист Фарида Усмонова.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг вилоят бўлимлари ҳам байрам арафасида вилоятда истиқомат қилаётган, узоқ йиллар журналистикага хизмат қилган фахрийларимиз хонадонларида бўлишди.

— Ҳар гал шогирдларим келганида қувониб кетаман. Ёшларга чиндан ҳавасим келади. Улар икки-уч, ҳатто ундан ортиқ тилларда равон сўзлаша олишади. Замонавий технологияларни ҳам биздан кўра яхши билишади. Улардаги жўшқинлик, касбига бўлган иштиёқ қўлимга қалам олишга, яна ижод қилишга етаклайди, — дейди сурхондарёлик фахрий журналист Усмонали Норматов.

Шогирдлар камолини кўриш, албатта, устозлар учун   катта бахт. Уюшма қошида ташкил этилган Фахрий ҳамда Ёш журналистлар билан ишлаш кенгашлари фаолияти бир-бирига боғлиқ бўлиб, биргаликда тадбирлар, учрашувлар ташкил этилаётгани келажакда забардаст журналистлар етишиб чиқишига замин ҳозирлайди.

Набижон Раҳимов.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five − 1 =