Мўлжалланган сафарга тадорик

Бугунги синовли кунларда дунёда энг катта зарар кўрган соҳалардан бири — туризмдир.

Сабаби — ҳаммага маълум. Дунё бўйлаб ёйилиб кетган офат — пандемия. Деярли барча мамлакатлар ўз чегараларини ёпди. Барча авиа, темир йўл ва бошқа турдаги хизмат кўрсатувчи воситалар тўхтатилган вақтда саёҳат қилишни ким ҳам ўйлар эди.

Аммо мана, яна секин-аста кўплаб давлатлар ўзаро авиа, темир йўл қатновларини йўлга қўймоқда. Одамлар ҳам уйидан чиқиб, мўлжаллаган узоқ-яқин сафарга оид тадоригини кўра бошлади.

Аксарият давлатларда туриcтларга, биринчи навбатда, криминал унсурлар хавф солиши эътиборга олиниб, ўзини ҳимоя қилиш чораларини кўриши мумкин. Албатта, ўзини ҳимоя қилиш учун тиғли анжом сотиб олиб, ёнида олиб юриш шарт эмас, балки ҳар бир давлатнинг ички қонун-қоидаларидан келиб чиқиб, назарда тутилган хавфсизлик  чораларидан фойдаланиш учун туристларга рухсат этилади.

Кейинги йилларда мамлакатимизда ҳам туризмни янада кенг ривожлантириш, юртимизга ташриф буюрган сайёҳларнинг қадимий қадамжолар, тарихий обидаларимиз билан танишиш асносида сўлим ва бетакрор табиат бағрида мароқли дам олиш­лари, шунингдек, юртимиз миллий урф-одатлари, анъаналари ҳамда халқимизга хос меҳр-оқибат, меҳмондўстлигидан улгу олиш­лари борасида барча шарт-шароитлар яратилаяпти.

Бу борада 2019 йил 18 июлда “Туризм тўғрисида”ги Ўзбекис­тон Республикаси Қонуни қабул қилингач, чет эллик туристларнинг хавфсизлиги давлат томонидан кафолатланди.

Бухоро, Самарқанд, Хива, Қўқон, Шаҳрисабз ва бошқа шаҳарлардаги табаррук обидалар хорижлик меҳмонлар онгида ўта янги муҳит яратишини ҳисобга олсак, уларнинг бемалол келиб-кетишларига, албатта, тўлиқ шароит яратиб беришимиз лозим. Ана шунда Ўзбекистон хавфсиз ҳудуд, тинч ва ишончли мамлакат мақомини олади.

Албатта, туристларнинг хавфсизлигини таъминлашда Ўзбекистон ИИВ фаолияти алоҳида ўрин тутади. Сайёҳлик мажмуалари ва қиёфасини асрашда,  ҳудудларда, биринчи навбатда, маҳаллий ва хориждан келган одамларнинг ички тартибини сақлаш, туристларни жузъий таҳдидлардан, агар бор бўлса, хабардор қилиш, шу­нингдек, уларнинг соғлиқларини ҳимоя қилишда “Тез ёрдам” хизматини сифатли йўлга қўйиш алоҳида аҳамиятга эга.

Темир йўл ва ҳаво транспорт инфратузилмаларида хавфсиз хизмат тури жорий қилинмоқда. Президентимизнинг 2019 йил 6 мартдаги соҳага тааллуқли қарорига биноан хавфсиз туризмни таъминлаш концеп­цияси босқичма-босқич Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ва Сурхондарё вилоятига татбиқ этилаяпти.

ИИВда транспортда хавфсизликни таъминлаш Бош бошқармаси ташкил этилгани бунга мисол. Бошқарманинг асосий вазифаси — темир йўл ва ҳаво транспорти, автоулов, метрополитен объектларида жамоат тартибини сақлаш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдан иборат. Ўтган йилдан эътиборан ихтиёрий равишда хоҳловчиларга туристларнинг автотранспортларда ҳаракатланиш вақтида кузатиб бориш ҳамда номоддий ва маданий мерос объектларида жамоат тартибини сақлаш бў­йича пулли хизматлар кўрсатишга рухсат этилди.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда туристик маршрутларни сертификатлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Шу боис хориждан таклиф этилаётган ва маҳаллий туристик фирмаларнинг вакиллари хавфсизлик бў­йича қонунда белгиланган тартибда назоратдан ўтказилади.

Айниқса, юқорида айтганимиздек, дунёни ларзага солган коронавирус пандемияси мамлакатимизга ҳам ўз салбий таъсирини кўрсатаётган бир даврда касалланишнинг четдан кириб келишини олдини олиш мақсадида хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилиш, карантин талаблари таъминланган ҳолда туризмни йўлга қўйиш чоғида, ҳар қачонгидан ҳам, соҳада янгича ишлашни тақозо этади.

И. Бекчанов,

Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси

ўқув Маркази ўқитувчиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 + 15 =