“Тарбия”нинг қайтиши

Инсоният тараққиётида авлоддан-авлодга ўтиб, изчил ривожланишни таъминлайдиган хазиналар кўп: келажакка мерос қоладиган уй-жой, мол-мулк ва албатта, тарбия. Уларнинг дастлабки иккиси яна бошқа шундай бойликлар билан қўшилиб, тирикликнинг моддий асосини таъминласа, тарбия бу борада яшашнинг маънавий асоси бўлиб хизмат қилади. Бизнинг тилимиздаги “тарбия” сўзи арабчадаги “робби” – яратувчи сўзи билан бир ўзакдан. Қолаверса, тарбияни ота-онадан фарзандга қоладиган энг катта бойлик ҳам деб баҳолайдилар (Мақол: “Олманинг тагига олма тушади”). Дунёга энди келган зурриёд ҳам яшашнинг илк сабоқларини ота-онадан олади (Мақол: “Қуш уясида кўрганини қилади”). Фарзанд вояга етиб, жамоага қўшилар экан, одамзот осмонида янги бир юлдуз пайдо бўлгандек туюлади, атрофдаги ҳамма унга қарайди, у доим жамоанинг назарида (Мақол: “Бир болага етти маҳалла ота-она”). Жамиятнинг бир тенгҳуқуқли аъзоси ана шундай сўқмоқлардан ўтиб, инсоният оламига қўшилади. Бу ҳол бизнинг гўзал турмуш тарзимизда ажиб бир тарзда мазмун кашф этган: бир фарзанд билан бутун жамоанинг эзгу орзулари улғайиб боради, ундан (зурриётдан) дунёнинг корига ярайдиган бир бунёдкор пайдо бўлишини истайди. Халқимизнинг азалий турмуш тарзи ана шундай мезонга асосланган, яхшидан ҳамма баравар қувонади. Аксинча, ёмондан ҳамма бирдек азият чекади.

Бундай муносабат бизда тарбиянинг ижтимоий қиёфасини тайин этади. Демак, тарбия ҳамманинг ҳар куни қиладиган иши. Азалдан турмуш тарзимизда тарбияга қаттиқ амал қилинган, дастурхон атрофида, ўқиш, меҳнат жараёнларида, кўча-кўйда юриш-туришда катталар муттасил ёшларга танбеҳ бориб боришлари одат тусига кирган, шундан болалар ҳам ўзига ҳушёр, атроф-теваракка тарбияли муносабатда бўлишга ҳаракат қилиб ўсишган. Кексаларга рўбару бўлиш худди қаттиққўл устозга имтиҳон топширгандек масъулиятли бўлган, шундан ҳадеб уларга дуч келинавермаган, агар катталар гаплашиб турган бўлса, бошқа кўчадан айланиб ўтилган. Тарбиянинг юки шу даражада оғир бўлган. (Ҳозир ҳам шундай тартиблар амал қиладиган қишлоқлар жуда кўп). Тарбияга жиддий эътибор берилганидан таълим ҳам тарбиянинг бир бўлаги деб қаралган, илм ўрганиш, аслида, тарбияни илмий ўрганиш усули бўлган. Тарбияли одамнинг бир фазилати унинг илмли экани ҳам ҳисобланган.

Афсуски, кейинги пайтларда тарбия тор оилавий масала сифатида чекланиб, илм – таълим етакчи ўринга чиқди. Киши фаолиятига илмига қараб баҳо бериладиган бўлди ва бу баҳонинг мезонлари ишлаб чиқилиб, ижтимоий ҳаётда мажбурий қилиб қўйилди. Илм ҳамма йўллар билан рағбатлантирилди, ўқиш-ўқитиш муассасаларида таълим йўналишига урғу берилди, илмий унвонлар жорий қилинди: фан номзоди, доктори, профессор, академик… Бу ҳолнинг сабаби – миллий қадриятларга ўт очилган ва инсонга катта механизмнинг бир винти деб қаралган тузумда яратувчининг кимлиги эмас, унинг меҳнат маҳсули лозим эди. Тарбия эса томирига сув етмаган дарахтдек қуриб бораверди. Ана шундай бир томонлама ёндашув туфайли одамзот “оқибатда, илму урфон (таълим)да энг баланд нуқтага – апогейга етди. Дунёнинг бундан кейинги тақдирини эса тарбия ҳал қилади”. (2009 йилда ёзилган “Жаноб” тарбия” мақоласи шу сўзлар билан якунланган). Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, илм туфайли одамзод ақли бутун галактикани кезиб чиқди, одамнинг шиша найчадаги намунаси – клон яратилди, вируслардан ажал қуроли сифатида фойдаланиш мумкин бўлди ва ҳоказо. Маънавият эса тубанлашиб, бир жинсли никоҳ ва бошқа кўргуликларгача борилди. Икки оёқли хилқат баъзи қилиқлари билан тўрт оёқли ҳайвонни ҳам ортда қолдирадиган бўлди. Демак, кечдан кўра ҳеч, деганларидек, вазиятни ўнглаш учун кескин чоралар кўриш лозим бўлиб қолди. Ана шундай шароитда мамлакатимизда замон сўроқларига ҳозиржавоблик билан Тарбия дарсларининг жорий қилиниши айни кўнгилдаги гап ҳисобланади.

Тарбия ҳар лаҳзада керак бўладиган амал. Гавжум шаҳар транспортига чиқиб олган одам шундоқ эшикнинг олдида туриб қолади, йўловчилар уни туртиб, у ёқ-бу ёққа ўтадилар, бироқ у бир қадам ичкарига киришни, чунки бу жой бўш, фаҳмлай олмайди. Ҳатто, ноз-неъмат тўла дастурхон атрофида ўтирганда тановул қилишни нимадан, қандай бошлаш лозим – ҳамма билавермайди. Қачон қўл олиб кўришилади, қачон бош ирғаб саломлашилади – ва ҳоказо миллионта майда икир-чикирлар. Уларнинг одобини билмай, кўпга эргашиб ҳам юравериш мумкин, лекин узукни бармоққа, билагузукни қўлга тақиш маданият ҳисобланади. Кўп такрорланадиган МАДАНИЯТ деган катта бойлик ана шундай майда унсурлардан ташкил топади. Маданият жорий бўлган тузум маданиятли ҳисобланади ва унда ғайриинсоний қилиқларга ўрин бўлмайди – тарихимиз ана шундай жаннатаро даврларни кўрган. У пайтда иқтисодиёт, илм-фан, санъат юксалган, бу юксалишни маданият таъминлаган.

Кўп асрлик тажриба ва закий олимларнинг саъй-ҳаракати билан тарбияга доир улкан илм шаклланган. Ҳозирги ахборот асрида ана шу илмдан хабардор бўлмай, чин маънодаги комил инсон бўлиш мумкин эмас (бехабар бўлса, умри қийинчиликда ўтади холос). Бу илмга киришишдан олдин бир аниқ ҳолни эътироф этиш лозим: ижтимоий борлиқда пайдо бўлган зурриёт илк тарбияни ота-онасидан олади! Ҳатто, тарбия унсурларини ирсий ҳам дейишади (Мақол: “Қазисан – қартасан, бир кун аслингга тортасан”). Тарбиянинг биологик генлардан ўтиш ҳодисасидан ташқари тарбияда ҳомиланинг қандай луқма (ҳалол – ҳаром) билан улғайгани асосий ўрин оладики, ҳатто, тарбияни моддий ҳодиса, дейиш ҳам мумкин. Шундай экан, ҳалолидан буюрсин, “ҳаром луқма билан улғайган бола дўзахга ўтин бўлишдан бошқасига ярамайди” (Ҳадисдан). Ҳа, инсоният дунёсининг талаблари шафқатсиз, битта яхши инсоннинг дунёда қойим бўлиши учун қанча шартлар лозим – шунинг учун атрофимизда яхши одамлар кам.

Шундай мулоҳазалардан келиб чиқиб, тарбияни ички (ботиний; фитрий) ва ташқи (зоҳирий; касбий) йўналишларга ажратадилар. Профессор Абдурауф Фитрат 1914 йилда ёзилган “Оила” рисоласи (китоб 1998 йил “Маънавият” нашриётида босилган)нинг иккинчи қисмида фарзанд тарбияси масаласига батафсил тўхталади (рисоланинг биринчи қисми уйланиш зарурати ва масъулияти масалаларига бағишланган) ва олим тарбияни уч қисмдан иборат деб ҳисоблайди. 1). Бадан тарбияси (овқатланиш, уйқу, поклик, ҳаракат). 2). Ақлий тарбия. Ташқи маълумот манбалари (кўз, қулоқ, тил, бурун, тери) орқали; ички маълумот манбалари (ҳис, ақл, диққат, идрок, хотира, муҳокама) орқали. 3). Ахлоқий тарбия. Феъл (тасаввур, муҳокама, солиштириш, қарор, ижро); майллар (шахсий, ижтимоий, олий) орқали инсон шахсининг юксалишига таъсир этиш. Ҳар бир атама миллий шароитдан келиб-чиқиб, батафсил изоҳланади. Бунда жадид бобомизнинг ислом дини арконлари билан бирга Европа илмидан ҳам чуқур хабардор эканлиги маълум бўлади. Бу ҳол рисоланинг қимматини оширади.
Рисолада ҳар бир тарбия бўғинига алоҳида таъриф берилар экан, уларни такомиллаштириш ва амалиётга жорий этиш усуллари дунё илмидаги қоидалар орқали тушунтирилади. Албатта, бу қарашлар бир муаллифнинг ўзи кашф қилган, дунёвий илмларга асосланган ва мавжуд ижтимоий ҳаёт (ХIХ аср, Бухоро)дан олган мисоллари асосидаги илмий хулосалари. Рисола ўз пайтида Ўрта Осиё илмий жамоатчилиги ўртасида анча машҳур бўлган. Фитрат домланинг қўлига қалам тутқазган масалалар эса халқимиз маданий савиясининг ривожланган давлатлар, хусусан, муаллиф ўзи кўрган юртлар даражасидан пастлиги туртки бўлган. Бу ҳол турмушнинг барча жабҳасида, жумладан, ажралишларда ҳам акс этаётганди. Оилалар бузилишининг кўплигини “Биз туркистонликлар ўртасида ахлоқий фазилат ва исломий тарбия жорий этилмагани ва ундан маҳрум бўлганимиз сабабли” деб шарҳлайди. Бу масаланинг жузъий томони. Тарбия шунчалик ночор йўлга қўйилганки, мусулмон биродарларимиз бирон соҳада камолга етишни ўйламайдилар. Одамларнинг лоқайдлигидан изтироб чекиб, шундай деб ёзади Фитрат: “Битта яҳудий савдогар қанча туркистонлик савдогарларнинг кўзини боғлаб қўяди ёки бир армани қанча бухоролик дурадгорни қойил қилиб қўяди” дейди ва шундай савол қўяди: “Нима сабабдан?” Жавоб эса жуда оддий: “Чунки улар билағон: муҳокама, мулоҳаза ва тафаккур қиладиганлардир”. Бизнинг мардумлар эса тақдирга тан бериб, “чордона қуриб ўтираверадилар”. (Бу ҳолнинг шу кунлардаги кўриниши: масжидга югурадилар ва ҳамма нарсани Худога ташлаб, осмондан чалпак ёғишиги кутиб ўтираверадилар. Ҳаракат йўқ ёки жоиз эмас). Кўриниб турибдики, бир аср олдин қаламга олинган муаммолар бугун ҳам бегона эмас.

Олим бундай нохуш ҳолнинг сабабини тарбиянинг нақадар ибтидоийлигида, деб билади ва ўз миллат-дошларини дунё тажрибаси, илмидан баҳраманд этиш учун шу рисоласини яратади. Очиғи, бундай илмий ва дидактик адабиётлар етарли, ҳаёт эса янги муаммоларни кўндаланг қўяверади. Бугунги кунда ёш авлод тар-бияси ҳар қачонгидан ҳам долзарб. Масаланинг нозиклиги шундаки, ахборот воситалари ўта кўп ва уларни жиловлашнинг иложи йўқ. Шундай шароитда шахс тарбияси масалаларнинг масаласи бўлиб майдонга чиқаяпти. Шахс камолотида тарбияни идиш, таълимни унга қуйиладиган суюқлик, маълумотни эса суюқликнинг нималиги: шаробми, шарбатми ёки оддий сувми – шунга қиёслаш мумкин. Ёхуд тарбия – либос, таълим – чўнтакдаги пул. Хуллас, бу борада қиёслар ҳам, мулоҳазалар ҳам етарли. Умуман, кузатишларимни тартибга солиб ва тарбиянинг долзарблиги ҳамда ижтимоий аҳамияти юқорилигини аниқ мисоллар билан далиллаб, бир мақола ёзгандим ва у “Тарбияни яшириб бўлмайди” деган сарлавҳа билан “Ҳуррият” газетасининг 2010 йил 10 февраль сонида босилганди. Мақола яхши кутиб олинган, муштарийлар анча жўяли фикрларни изҳор этишганди. Кейин уни яна ҳам мукаммаллаштирдим ва “Жаноб” тарбия” деган ном билан “Умид манзили” (“Ўзбекистон” наш-риёти, 2016 йил. 30-56 бетлар) китобимга киритдим. Бу саъй-ҳаракатлардан мақсад – бир фуқаро, қолаверса, 10 йил мактабларда ўқитувчилик қилган устоз сифатида Тарбиянинг инсон ҳаётидаги муҳим ўрнини таъкидлаш, шу билан бирга жамиятда, ўқитиш тизимида унга лозим даражада жиддий аҳамият берилиши шартлигини ўқдириш эди.

Тараққиётнинг ҳозирги босқичида савод ўргатиш ёки маълумотли қилиш деярли ҳар бир кишининг шахсий иши ва муаммосига айланди. Давр шу даражада тараққий этдики, эндиликда илмли бўлмай яшашнинг умуман иложи қолмади. Шундай шароитда бу масала кейинги қаторга ўтди, дейиш мумкин. Зотан шахснинг кимлиги, борлиққа муносабати, унинг ички олами асосий ўринга чиқди. Фикрлар, манфаатлар курашида кимнинг ютиб чиқиши эмас, қандай одамнинг (ёки ғоянинг) ютиб чиқиши муҳим бўлиб қолди. Кейинги саъй-ҳаракатлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш, унумдорликни ошириш ёки мўл-кўл маҳсулот яратиш эмас, дунёни шу борича ушлаб туришга қаратилмоқда: қуролланишнинг ошиб кетгани, экологик ва бошқа фожиалар энди тараққиёт тезлигини жиловлашни тақоза этмоқда. Ана шундай таҳликали шароитда тарбия масаласи, яъни инсоннинг маданияти масаласи етакчи ўринга чиқди. Бу ҳақиқат. Албатта, мактабларимизда жорий этиладиган Тарбия дарслари бой маънавий, тарихий меросимизнинг энг нодир дурдоналари асосида тузилади ва келажак авлодимизни дунё тамаддунида ўз ўрнини тайин этадиган кишилар бўлиб етишишига хизмат қилади.

Ҳаким Сатторий,
Республика Маънавият ва маърифат маркази масъул ходими.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × four =