Эркин сўзга ва эркин сўзлига таҳдид

ёхуд навоийлик журналист маҳалла оқсоқолига туҳмат қилганмиди?

Навоий шаҳри ҳокимлиги муассислигидаги “Навоий зиёси” газетасининг 2020 йил 6 август­даги 30-31-қўшма сонида чоп этилган ёш журналист Маҳфуза Пўлатованинг “Эфир учун қилинаётган эҳсонлар” сарлавҳали мақоласи ва ундан кейин юз берган ҳодисалар ижтимоий тармоқлар ва турли матбуот манбаларида кўп­лаб муҳокамаларга сабаб бўлаяпти. Очиғи, ўзгараётган жамият учун буни ижобий эътироф этиш керак, назаримизда.

“Эфир учун қилинаётган эҳсонлар”

Мақолада муаллиф хўжакўрсинга эҳсон қилинаётгани, айрим саховатпешаларимиз доно элимизнинг “Ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин” деган доно нақлини унутгани ва бу хайрия қилинаётган юртдошларимиз орини топтаётганини, эфир учун эмас, чин кўнгилдан савоб учун эҳсон қилиш кераклигини куюниб баён этади ва Кармана туманидаги “Боғи шамол” маҳалласидаги ҳолатни мисол тариқасида қайд этади.

– Ахир, “Яхшилик қил, сувга от, билса балиқ, билмаса Ҳолиқ билади», деган нақл бежиз айтилмаган. Бироқ заррадек саховатни кўз-кўз қилиш “эпиде­мия”си бугунги яшаш тарзимизни намоён этаётгандек. Ҳар бир қадамимиз расмхонлик, қоғозбозлик, ҳисоботчилик устига қурилар экан, қилган кичкина саховатимизни бир баҳя эфир қаршисида кўрсатиб қўймасак, кўнгил қурғур ўз жойига тушмайдигандай, – дея ёзади Маҳфуза Пўлатова ўз мақоласида.

Маълум бўлишича, ўтган ҳафтанинг пайшанба куни “Боғишамол” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мақсуд Пардаев ва МФЙ котибаси журналист Маҳфуза Пўлатованинг яшаш хонадонига борганлар. МФЙ ходимлари Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси Маҳфуза Пўлатованинг ота-онасидан “Журналист қиз қани?” дея кинояли саволга жавоб сўрайдилар. Ўша вақтда ичкари уйдан чиққан мақола муаллифига маҳалла оқсоқоли “Мени танийсизми ўзи” дейди. “Йўқ, танимайман”, дея жавоб қайтаради М.Пўлатова. Маҳалла раиси эса кинояли саволларини пайдар-пай давом эттиради: “Қанақа мақола ёзганингизни биласизми?”, “Ўзингиз ўқиб чиқдингизми?” Мақсуд Пардаевнинг бу каби саволларига “Мақоламни ёддан биламан, ҳамма ёзганларимга жавоб бераман” дея қатъий жавоб қайтарган Маҳфуза. Ушбу баҳс устига журналистнинг кам таъминланган бир қўшниси келиб қолган ва “Нима ёрдам қилаяпсизлар маҳалла бўлиб?”, дея маҳалла идорасидан келганларга савол беради. Кўп ўтмай журналист ҳовлисида бақир-чақир кўтарилди. Маҳалла раиси ва котибаси ҳовлидан чиқишларидан аввал “Ундан кўра, ютуқларимизни ёзинг, мақтаб ёзинг”, дея журналистга “тавсия” беришади.

– Шундан сўнг улар кетишди. Билсак, мен мақолада мисол келтирган онахоннинг уйига бориб, қизидан бизга маҳалла ҳар доим ёрдам беради мазмунида пўписа қилиб тилхат ёздириб олибди. Қизиғи, мақолам эълон қилингач, онахоннинг уйига бориб ўқиб бердим. Онахон ҳам, қизи ҳам “Қизим, тўғри ёзибсиз, бу ерда ҳеч қандай туҳмат йўқ”, дея маҳалланинг бош­­қа кирдикорларини ҳам гапириб берганди. Ўзларининг шароити ҳақида ҳам йиғлаб гапирди онахон. Лекин маҳалла раи­сининг таҳдиди учун улар қўрққанидан, ўзлари хоҳламаган ҳолда тилхат ёзишди.

Шу куни журналист Маҳфуза Пўлатованинг отаси кечқурун тунги навбатчилик учун ишга кетади. Журналистнинг отаси, 4 сентябрь куни 9:00 лар атрофида ишдан қайтаётганида эса ён қўшниси “…қизинг маҳаллани ёмонлаб ёзиб чиқадиган бўлдими?” дея баҳслашиб кетган. Ўша вақт уйдан қўшнисининг ўғли ҳам чиқиб, биргалашиб журналистнинг отасини дўппослашган. Камига отасига “Ҳали қизингни Тошкентда тинч қўймайман” деб дағдаға қилишибди.

– Ўйланиб қолдим. Эндигина бу соҳага кириб келаяпман. Қизиқ, нега танқидни тўғри қабул қилмаймиз? Маҳалла раисининг менга уни эмас, буни ёз, дейиши ёки ўша онахондан тилхат олиши қанчалик тўғри? Маҳаллага масъ­­ул одам сифатида қўшнимиз ва отамнинг ўртасида адоват юзага келишига сабабчи бўлганини қандай изоҳлаш мумкин? – дейди Маҳфуза Пўлатова.

Kun.uz журналисти Исомиддин Пўлатов “Боғишамол” маҳалласи раиси Мақсуд Пардаев билан телефон орқали боғланганида раис бу гаплар туҳмат эканлигини айтган. Аммо ҳақиқатан ҳам М.Пўлатованинг уйига борганлигини тасдиқлаган, аммо журналистга босим ўтказмаганлигини маълум қилган.

Маълум бўлишича, ёш журналистга таҳдид қилингани учун маҳалла раиси устидан прокуратурага мурожаат қилинган. Бош прокуратура ахборотига кўра, мазкур ҳолат Навоий вилояти прокуратураси томонидан Бош прокуратура назорати остида ўрганилмоқда, ўрганиш натижалари ҳақида хабар қилинади.

“Аслида, журналист мавжуд қонунчиликка кўра, бирор ахборот юзасидан маълумот тўплаши, мақола ёзиши, уни оммавий ахборот воситаларида эълон қилиши мумкин… Афсуски, бундай очиқликка айрим масъулларнинг ҳали тайёр эмаслиги юқоридаги каби ҳолатларга сабаб бўлаяпти”, дейилади Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Навоий вилояти бўлими муносабатида.

Эҳсонни ОАВда ёритиш шартми?

Мақолада муаллиф куюнчаклик билан фикр билдирган. Ёзганларида жон бор. Аммо…

Аммо камбағал оилаларни мисол қилиб, мақолада уларга нега моддий ёрдам кўрсатилмаётганини сўроқлайди журналист. Расмиятчилик учун эҳсон қилинаётгани ва унинг кўз-кўз қилинаётганини танқид қилади. Хўш, моҳият аслида нимада? Камбағалликдами? Камбағаллик мезонларининг аниқ эмаслигидами? Ёки сўз эркинлигига таҳдиддами?

Гап шундаки, аҳоли орасида камбағаллар борлиги учун уларга эҳсон қилинган. Бу мақолада бафуржа айтилган. Ҳатто, Жанубий Кореяда ҳам карантин даврида аҳолига озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилгани баён қилинади. Буни яширишга ҳожат йўқ. Хўп, эҳсон қилинди, лекин шуни ёритиш шартми? Ахборотга ўч омма учун асосий янгиликми шу? Хўш, юртнинг куюнчак фуқароси сифатида ўз муносабатини билдирган журналист бунинг учун таҳдид остида қолиши, оила аъзоларига жисмоний тазйиқ ўтказилиши қанчалар мақсадга мувофиқ? Ўз-ўзидан бу сўз эркинлигига қилинган тажовуз эмасми?!

Демак, масаланинг биринчи жиҳатига эътибор қаратамиз.

2013 йил 15 февралдаги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 44-сонли қарори билан тегишли Низом тасдиқланган. Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомнинг II боб 8-моддасига мувофиқ нафақа ё моддий ёрдам ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик жами даромад миқдори аниқланаётган давр учун белгиланган энг кам ойлик иш ҳақи (ҳозирда базавий ҳисоб­лаш миқдори)нинг 1,5 бараваридан ортиқ бўлмаган оилаларга тайинланади.

Низомга мувофиқ, агар оилада ойлик даромад киши бошига 334 500 сўмдан ортса, ўша оилага моддий ёрдам берилмайди. Маҳалла идорасидагилар байроқ қилиб тутиб олган мезон – шу. 50 кг. уннинг нархи қаерда-ю, мезон қаерда? Тағин муаммони кўтариб, камчилигингизни ошкор қилган журналист таҳдидда қолса?

Энди иккинчи масала: эҳсонни ОАВда ёритиш шартми? Бизнингча ҳам, йўқ. “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати ташкил этилганида янгиликларни пешма-пеш узатиб туриши керак эди ОАВ. Аммо омма учун ҳозирда бунинг аҳамияти йўқолди. Саховатпеша ватандошларимиз ҳақидаги бадиий асарлар, очерк ва лавҳаларни ОАВда бериш мақсадга мувофиқ бўлар балки. Ҳисобот учун, далолатнома учун суратга олиш учун эса албатта, фуқаро розилиги керак. Устига-устак бу ишда ниҳоятда эҳтиёт бўлиб, фуқаро ориятини инобатга олиш зарур.

Дарвоқе, “Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, айни пайт­­да юртимизда 5 миллионга яқин киши камбағалликда ҳаёт кечирмоқда. Бироқ, бу ижтимоий муаммони бартараф этишда эҳтиёт бўлиш, инсонларнинг иззат-нафсига, ориятига тегиб қўймаслик ҳақида сўз юритилди. Зеро, халқимиз характерида орият туйғуси кучли бўлиб, уларга “камбағалсан” деб очиқ айтиш оғир оқибатларга олиб келиши мумкин”, — деган эди Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева шу йил Сенатнинг иккинчи ялпи мажлисида.

Демак, журналистга танқидий-таҳлилий мақоласи учун таҳдид ва сўз эркинлигига тажовуз, бу – бир; камбағаллик ва моддий ёрдам мезони, бу – икки; ишга масъулият, бу – уч. Шу уч масала атрофлича кўриб чиқилса, мақсадга молик бўларди.

Янгиланаётган жамият учун ижобий ҳолат

Очиғи, юқорида таъкидлаганимиздек, бу каби ҳолатлар демок­ратик жамият учун ижобий ҳолатдир. Эркин жамиятда журналист ҳар доим музокара ва тортишувлар орасида юриши табиийдир.

Аён бўладики, газеталаримизда, айниқса, маҳаллий нашрларимизда жиддий ўзгаришлар олиб борилаяпти. Санжар Қурбонов бош муҳаррирлигидаги “Навоий зиёси” газетаси ва Маҳфуза Пўлатованинг мақоласи бу фикримизни далолатлаб турибди.

Авваллари фақатгина интернетда шу каби ҳолатлар кузатиларди. Навоийдаги воқеалар шундан далолат берадики, очиқлик, эркин фикр газеталар саҳифаларида янада ёрқинроқ бўй кўрсата бошлади. Янгиланаётган жамият учун эса янгиланаётган газеталар сув ва ҳаводек зарур.

Дарвоқе, тўғри сўз тўқмоғи билан бўлади. Гап шундаки, у фақатгина айбдорлар бошини “ёради”. Ҳақиқат ва ҳақгўйлар бошини эса омон сақлаши шарт.

Отабек Исроилов,

журналист.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 + twelve =