Эслаб қололмадим гулнинг ҳидини

Муаллиф ҳақида: Баҳром Рўзимуҳаммад — 1961 йилда Шовот туманида туғилган. 1983 йилда Тошкент Давлат университети(ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини тамомлаган. “Товушсиз қадам”, “Теракка яқин юлдуз”, “Икки нур”, “Давсаман”, “Тинч гуллайдиган дарахт”, “Кундуз сарҳадлари”, “Соялар суҳбати”, рус тилида “Звезда над тополями”, “Последняя ночь ангела” номли шеърий тўпламлари эълон қилинган. Шеърлари турк, озарбайжон, туркман, қорақалпоқ, инглиз, немис, француз, испан, ассам тилларига ўгирилган. Шоирнинг “Ich habe mein Selbst vergessen “ (“Мен ўзимни унутдим”) номли шеърлар тўплами 2013 йилда Германиянинг “Leipziger Lituraturverlag “ (“Лейпциг адабиёт нашриёти”) нашриётида ўзбек ва немис тилларида чоп қилинган.

 

Кўк кўйлакли қиз

У юрганда — йўллар чароғон,

қизилликка бурканиб дала,

қадамидан бўлур машъала —

чарос кўзи мавжланган замон.

Ёнар эди ёноқлари ҳам…

Ипак сочи қора қаймоқдай

елкасида товланган чоқда

ҳар юракка ташларди қадам.

Оқ навога йўғрилган хилқат,

у гул эди қизга айланган,

ғоят нафис табассум билан

қараганда забт этарди қалб.

У адашди, алам беҳуда,

парчалади ногоҳ ғурурин,

юлдуз нури дея ой нурин

гўё кўрди сувда – кўзгуда.

Руҳим ичра термулар элас…

О, табиат, уйғотма уни,

севгимизни илк баҳор куни

яшил тусда эсга олсанг бас.

Қайтиш

Умрим гулин терувчи шодон,

мен серҳайрат, завқпараст сайёҳ,

кўз — қуёшдан узилган шабнам,

қалб — кўксимга михланган фараҳ.

Сакраб ўтгум кўлмаклар оша,

ҳув кенгликлар жилоланса шан,

булоқларга шивирларман боз:

фақат, фақат кенглик истайман.

Кўланкалар қочур ёнимдан,

мовийликка тутқунман асли,

ва вужудим шаффоф, зангори

ҳаво билан тўлиқ муттасил.

Йўл юрарман куйлаб осуда,

ёришади тобора ичим —

чексизликлар ёйилмасида

ўз-ўзимга етмайди кучим.

Ёмонлик йўқ дунёда буткул,

ўзлигингни англасанг аввал,

ҳар одамнинг кўксини кўрсанг

қалб ёқутдай ёнади ял-ял.

Кўзлар

Бу дунёга келиб кўрмадим

қиз кўзидан ортиқ сеҳрни —

узр сўрар гўзаллигидан

тиниқ кўзлар кулиб меҳрли.

Шундай кўзки — гўё кўзгудай,

қорачиққа илкис тик қараб

сувратингни томоша ҳам қил,

гар истасанг сочингни тара…

Кимлигингни айтиб беради

қорачиқлар — сокин ифода.

Ишонасан,

чунки кўзлардан

тиниқ нарса йўқдир дунёда.

Тош

Оқиб кетгиси келади тошнинг

балиқларга қўшилиб

енгил,

узоқ-узоқларга оқиб кетгиси.

Дарё

қаҳ-қаҳ отар

мовий ранг билан

ҳарсанг тошлар теварагида.

Тинчлик

Дубулғани

гултувак деб ўйлади

ниш отаётган уруғ.

Оппоқ орзулари ила

кўмилган жангчининг

қирмизи қонин эмиб кўкарди гуллар.

Энди ўша гуллар

ва мовий осмон оралиғида

сукунатдан бошқа ҳеч нарса йўқдир.

Кумушранг гул

Кумушранг, момиқ гул тушимга кирди,

алвон уфқдан сирғалиб тушди,

алвон уфқда йўқ эди туман.

Энг майда гиёҳгача

акс этди тушимда.

Тонггача яшади момиқ гул…

оҳ, эслаб қололмадим гулнинг ҳидини.

Теракка яқин юлдуз

Бошқа юлдузлар-ла иши йўқ унинг,

уни чорлаётир ягона юлдуз,

юлдуз — дарахтсиз кумуш бир мева,

у теракники бўлар бир куни —

терак ўсаверса юлдузга қараб.

Ярим йўлда қолиб кетди гужум ҳам,

дарахтларнинг энг дарози — терак

кун сайин ўсади юлдузга қараб.

Юлдуз… мевалигин билармикан у,

зумрад япроқчалар кўкиш нурига

чамбарчас боғланиб оқ, оппоқ шуъла

юлдуз силжирмикан бир кун ўрнидан?

… “Ҳозир юлдуз учди” деган хабарга

терак ишонади ҳаммадан кўпроқ.

Ғира-шираликда

Ёқут гуллар бош эгиб нафис,

ҳамон сўзлар — бийрон шивири

эшитилмас шабадаликда.

Вақт шамоли кўксини йўнгач

кўпни кўрган донишманд мисол

ҳарсангтошлар ғўлдирар ҳамон

Кўк тубида бинафша ранги

қуюқлашиб қора ранг билан

юлиб олар қуёшнинг тилин.

Ғира-шира тун тиғида жим

тил сўрайди мендан теварак.

Дераза пардаси яшилланмоқда

Дераза пардаси яшилланмоқда

ойнадан тушмоқда ям-яшил шафақ

қаранг истеъфога чиқибди бугун

қуёшда қизил ранг чарчаб ниҳоят

яшил қуёш кўтарилар энди уфқдан

бу дарахтга қаранг таажжуб

япроғи қоғоздай оқ ва йилтироқ

баҳор қаергадир ғойиб бўлибди

ўрнин эгаллабди қандайдир фасл

ана тепаликда тунука дарахт

барг ёзиб дафъатан ўса бошлади

фақат ўз шаклида кечиккан қушлар

йилтироқ дарахтга келиб қўнишди

тунука дарахтнинг илдизларига

бақрайиб қотиб қолди қуртбоши

бир лаҳза тин олди бошқа қуртлар ҳам

кейин эса бир думалаб бу тўда

кумуш қуртлар тўдасига айланиб қолди

қоронғи ер остида

илдизларнинг учқуни каби.

* * *

Ташқарига чиқдинг

сени қуршаб олди бошқача ҳаво

юракдан ташқарига чиқдинг дийдираб

излаган нарсангни топмайсан

хасга ёпишасан шуъламикан деб

зерикиш ҳидини туясан қаттиқ

бу ҳид ўлдиради сени бир куни

тамаки чекасан

кулранг шу тутунга кийинасан ниҳоят

ва кўрасан тунд қиёфаларни

ҳаммаси бир чиқиб

қайта уясини тополмаган қуёнлар каби

безовта

кулранг кўйлак сўрайди улар

берасан

дийдираб кетасан дафъатан.

* * *

Йиғига ўхшаб

ҳўнграб йиғлаганига ўхшаб аёлнинг

ёлғиз от келмоқда сояси уп-узун

қумурсқалар илма-тешик кўзида

увалиб-увалиб устихони

ўрмалаб келмоқда ёлғиз от

асрлардан асрларга қувдилар

ўз жисмидан қувғин бўлди у

руҳи учқун каби сачраб кетди ҳам

ўрмалаб-ўрмалаб

ёлғиз от келмоқда

муҳими оёқда туриб билади

йиғлаб билмайди лекин

армонга ўхшаб

узун бир армонга ўхшаб

бизнинг ёнимиздан ўтиб кетди от

ўтиб кетди қайсар бир чарчоқ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 − 8 =