Гурвак курмакка айланмасин

ёки Вамбери мақтаган Хоразм қовунлари қани?

Жорий йилнинг 4 сентябрида “Sevimli” каналининг “Zamon” информацион дас­тури бир хушхабарни эълон қилди. Ўзбекис­тон қовунларининг килоси Дания бозорларида икки евродан сотилаётган экан. Кимлардир мазкур ёзувларни кўзининг қири билан ўқигандир. Аммо бу таъриф қовунчилик тарғиботи ила шуғулланаётган каминага қаттиқ таъсир қилди. Зотан, пахта “Оқ олтин” мақомида кўкларга кўтарилаётган даврларда асални ортда қолдирадиган қовунларимизга ўгай нигоҳлар ила қаралган эди. Хусусан, қадимда Хоразм қовунларининг шоҳи саналган, венгер олими Ҳерман Вамбери мақтаган гурвак курмакка айланиб қолганди. (Курмак деганимиз — майда-чуйда маҳсулот).

Мен 2017- 2019 йиллар мобайнида Урганч шаҳрида ишлаганимда икки гурвак пишиғи манзараларини кузатдим. Вилоятнинг энг нуфузли қовун бозорларини айланар эканман, “аввалғиларға ўхшаган” кишини сархуш қиладиган ифорга дуч келмадим. Қовунларни ҳидлаб турганимни кўрган кекса ёшдаги харидорлар, ай, қадимги гурваклар нерда (қаерда.-Б.Р.) дейсиз? Ҳозирги гурвакнинг ярми дори, қабилида гапириб, бош чайқаб ўтиб кетишарди.

Адиб оғамиз Комил Аваз менга “Кўнг­лимга мактубларим” китобини совға қилди. “Учинчи мактуб”да айни мен ўйлаб юрган гапларни ёзибди: “Бир куни шоир Маҳбубий домла қовун бозорини айланиб, ҳандалаклар уюми олдида бирпас тўхтайди ва сотувчи қарияга маҳзунваш оҳангда сўз қотади:

— Ассалому алайкум биродар, аввалги ҳандалакларда ажиб бир хушбўй ҳид бўлар эди… Ҳозир мана буларингизда ўша ёқимли ҳид йўқ.

Қариянинг ўз тенгдоши, қолаверса нозик дидли одам билан сўзлашиш иштиёқи пайдо бўлганидан суюниб кетгани унинг жавобида акс этган.

— Эҳ, тенгдош, нимасини айтасиз… Лекин, ҳозирларда авваллардагидек ажиб хушбўй ҳидли одамлар ҳам йўқ…

Қариянинг бу янглиғ илмоқли гапи Маҳбубий домланинг неча вақтдан бери қийнаб юрган саволига жавоб топилгандек юзлари ёришиб, унинг ёнига чўккалаган”. (Комил Аваз. “Кўнглимга мактубларим”, Тошкент, 2018. 16-бет).

Ушбу сатрларни ўқиб бўлгач болалик даврларимда боғимиз ичидаги бир парча ерга момомиз зомча (Хоразмда ҳандалакни “зомча” дейдилар) ва гурвак уруғлари қадагани эсимга тушди.

Момом: “Ер ҳам одамга ўхшайди – ариқлайди, семиради. Ерни боқиш керак. Ерни боқсанг сени боқади. У сув ичади, ширин нарсаларни симириб ичади” дер эдилар. Ва ана ўша гапларни “исботлаш” мақсадидами боғимизнинг нураб ётган деворларини болға билан ҳеч эринмасдан ушатиб, этагига солиб полизга тўкар эди. Сабабини сўрасам: “Бу деворлар камида йигирма йилдан бери қуёш нурларини эмадилар. Қуёш нурларида эса қувват жамланган. Кесакларни қовун отизига тўксак, сувда шакардай эриб уруғ илдизларига етиб боради” дер эди.

Дарвоқе, биз газда ёки электр чойнакда сув қайнатиб, чой ичардик. Момом эса темир қудуқнинг сувини хуш кўрмас, кўпинчи солма (ариқ) сувидан олиб, қумғон остига ғўзапоя ёқиб, қайнатарди. Ўчоқ чойлари таъмини ҳозиргача эслайман; хаёлан газ чойи билан ўчоқ чо­йини қиёслаб кўраман. Ажабо, бу она табиатдан узоқлашганимизнинг аломатимикан, дейман ичимда. Икки хил чой — тафовути осмон ила ерча?!

Айни даврда биз Қуёш ва Ер тўғрисида етарлича мулоҳаза юритяпмизми? Улуғ мақомшунос Матёқуб Харрот Ойни “Оллоҳнинг чироғи” деган ва ўша бир оғиз тагдор қочирими боис қанча жабру ситам кўрган. Астойдил ўйлаб кўрсак, биз само жисмларига жиддий нигоҳларимизни қадамаётганимиз ойдинлашади. Аждодлар эса бундоқ қилмаганлар.

Манбаларда ёзилишича, “Хоразм” атамасининг луғавий маъноси хусусида турлича тахминлар билдирилган экан. Шулардан бири – “Хварризем”, яъни “Қуёш қабиласининг ери” демак. Қадимги даврларда хоразмликлар Қуёшга сажда қилганлар. Аждодларимиз байрамларининг аксарияти Қуёшга аталган. Ўлканинг ёзи қаттиқ иссиқ, қиши эса қаттиқ совуқ бўлган. Гужум дарахти – қадимги Хоразмнинг тимсолларидан биридир. Айтишларича, гужумдан табиий кондинционер сифатида фойдаланадилар. Ёз чилласида гужум соясида ўтирсангиз ҳаво ҳароратини умуман сезмайсиз.

Тахминимизча, “гурвак” атамаси негизида “қўр”, яъни, иссиқлиқ аломати мужассам. Гурвак баҳор қуёшининг ҳарорати ила етиладиган эртапишар қовундир. Камина мамлакатимизнинг бошқа вилоятларида гурвак етиштирилишини эшитмаганман. Бухорода гурвакнинг айрим турлари бор, дейдилар. Чунончи, гурвак ҳам Хоразм вилояти тимсолларидан бири ҳисобланади.

Давлатёр Раҳим ва Шихназар Матрасул қаламларига мансуб “Феруз” номли китобда тасвирланишича, венгер олими Ҳерман Вамбери ёз фаслида Хивага саёҳат қилади. Хива ҳукмдори Саййид Муҳаммадхон Ҳерман жанобларига қалъани кезиб чиқиши учун оқ эшак совға қилади. Меҳбон бозорларга боради, хоразмликларнинг урф-одатларини ўрганади. Кейинчалик у: “Айниқса, Ҳазорасп олмаси, Хева нашватиси ва анори, қовунлари ҳатто Россия бозорларида ҳам анча қадрли ва қиммат туради” деб ёзган” (Қаранг: Давлатёр Раҳим, Шихназар Мат­расул. “Феруз”, Тошкент, 2011. 22-бет).

Сайёҳ Вамбери Хоразм қовунларининг турлари ҳақида фикр-мулоҳаза юритмайди. Тахминимизча, у тилими тилни ёрадиган гурваклардан тановул қилган бўлиши керак. Чунки, июлда гурвак пиша бошлайди.

Биз пахта яккаҳокимлиги қандай салбий оқибатларни келтириб чиқарганлигини ўз кўзларимиз билан кўрганмиз. Ёдимда отамаконимиз — Шовот вилоятидаги Ижтимоият қишлоғини кесиб ўтган лойқа сувли Рўзимёп канали соҳилларига ёндаш шўрҳок ерларга Хоразм қовунларининг ўнлаб навлари экиб парваришланарди. Қўшниларимиз Матюсуф бобо ва Қорахон боболар полизга чайла қуриб, баҳордан токи кузаккача ўша ерларда яшар эдилар. Биз ёш колхозчилар полизга қовун тергали борардик. Йиғим-терим ниҳоясида чапани табелчимиз: хоҳлаган қовунларингиздан хоҳлаганингизча енглар, дея буйруқ берарди. Оҳ, ўша замондаги қовун тиликлари! Асалдан ҳам ширинроқ эди. Тўғрироғи, ширин сўзининг энг кучли сифатини англатмак учун “қовун” дейишнинг ўзи кифоя эди. Шунгаям қирқ беш йиллар бўлибди. Шунча йиллар туманлари аро бир во­қеани аниқ-тиниқ эслайман. Ҳаммамиз тановулни охирлатиб палагу кесакларга бармоқларимизни артиб қўзғалганимизда бир лўппи қиз ўтираверганди. “Бўл, тракторга чиқ!” десалар: “Туриб билмайман ахир?!” дея йиғлаб юборган. Бечора тилик ширинлигидан тўйганини ҳам сезмай қолган экан… Қани ўша қовунлар? Вамбери мақтаган қовунлар қани? Ҳозир эса сувдан салгина таъмлироқ қовунни тановул қилсак, яхши экан-ку, деярак севинамиз. Таъмнинг озгинасига қаноат қиламиз. Аввалги қовунлар тилни ёрарди, ҳозиргиларнинг тилга кучи етмайди.

Куч етмайди, деганларидай… 1990 йилнинг баҳори. Яхши эслайман, қиш­лоқдаги эски ҳовлимизда боғ ичкарисига қовун уруғларини экдик. Ариқ бўйларига қовоқ… Шунингдек, картошка ҳам экдик. Ўзимча, минерал ўғитларсиз ҳосил кўтармоқчи бўлдим. Қовунлар муштдай бўлганича қолди. Бужмайди… Демакки, қовун етиштиришга ернинг кучи етмаган. Бундан хулоса чиқариб, картошка даласига минерал ўғитлардан кўпроқ қуйдим. Поялари ғовлаб кетди. Мен бундай тез ўсадиган пояни кўрган эмасман. Картошкалар эса…. бедана тухумидан сал йирикроқ бўлди. Қўни-қўшнилар ҳазил аралаш: “Баҳромбой, бизларга қачон ушр берасиз?” дедилар. Аммо қовоқ шундай ҳосилга кирдики, ҳаттоки ток ходаларига ҳам, ўрик шохларига ҳам осилдилар. Ҳаммаёқни олтинранг қовоқлар эгалладилар. Бундан шундай хулоса чиқардим: деҳқончилик ҳам ўзига яраша илм. Хусусан, қовунчилик соҳаси.

Яна бир воқеа эсимга тушди. Университетни тугаллаб Шовот туманининг “Совет пахтакори” ( Эндиликда “Шовот истиқболи”) газетасида эндигина иш бошлаган кезларим. Ўша даврлар туман Қишлоқ хўжалиги бўлими мудири лавозимида ишлаётган ҳамқишлоғим Абдулла Ваисов: “Сизни машҳур қовунчи билан таништираман. Тезда райқўмга етиб келинг” дея ишхонамга сим қоқди. 1984 — йиллар… Нуқул пахта мавзусида мақола ёзамиз. Қовун хусусида эса ҳеч ким қайғурмайди. Хуллас, бўлим мудири ҳамроҳлигида қайдасан “Ўзбекистон” колхози, дебон йўлга тушдик. “Ўзбекистон” колхози — Туркманистон Республикаси чегарасидаги ҳудуд. Ерлари Шовот каналига яқинроқ. Унумдор.

Абдулла ака мени ўз қишлоғидан довруғи четга чиқмаган машҳур қовунчи Оташ ака билан таништирди. Қотмадан келган, тез гапирадиган, чапанироқ одам экан. “Раисдан ёнтоқ ўсиб ётган қаровсиз жойни сўрадим. У: “Бундай ерларда экин-тикин битмайди” деди. “Шу ерни беринг, бошқаси билан ишингиз бўлмасин!” деб туриб олдим. Берди. Ёнтоқларни илдизини қолдириб ўрдирдим. Кейин эса илдизларга қовун уруғини қадаб чиқдик. Шундай ширин қовунлар дўрадики ( пайдо бўлди.-Б.Р.) бол унинг ёнида ҳижолатда. Одамлар эллик йил аввалги қовунлар шундай эди, дея талашиб-тортишиб харид қилдилар”, — деди у.

Оташ қовунчига “Полизга минерал ўғитларни қандай миқдорда ишлатасиз?” деб савол бердим. “Мен икки хил усулда қовун етиштираман. Биринчисига маҳаллий ўғитлардан ишлатаман. Иккинчисига эса минерал ўғитлар қўллайман. Биринчи усулдагиси ўта ширин қовун бўлади. Иккинчисидаги ҳосилнинг шираси камроқ. Сезаётган бўлсангиз керак — ўта ширин қовунлар ёшуллилар ( раҳбарлар.- Б.Р.) дан ортмайди. Ишонасизми-йўқми, обком Мадиёр Худойбергановни ҳам мен ўзим қовун билан таъминлайман”, деди у.

Раҳматлик Мадиёр ака бизга қўшни “Ўзбекистон” колхозида туғилиб-ўсган. Муаллимлик қилган. Бизнинг Алишер Навоий номидаги мактабда директор бўлиб ишлаганини ёши улуғ кишилар эслаб юрадилар. Обкомнинг биринчи котиби лавозимида фаолият юритган кезларида хос қовунчиси Оташ акага ёрдам бера олмади. Чунки, ўша замонларда собиқ Иттифоқ раҳбарларининг кўзига “оқ олтин”дан бошқаси кўринмас эди.

Камина Оташ қовунчи фаолияти хусусида мақола ёзиб, эълон қилдирдим. Кейинчалик эса Шовотда картошкачиликка асосланган совхоз бор, нега қовунчилик совхози ташкил қилинмаган, Хоразм ширин-шакар қовунларнинг ватани-ку ахир, қабилидаги савол белгиларини қўйиб мақолалар ёздим. Жавоб битта бўлди: қовуннинг нархи бозорларда ниҳоятда паст – бу экин ўз харажатларини қоплаб билмайди, деҳқон ўз зарарига ишлаши мумкин эмас.

Чиндан ҳам ўша даврларда қовуннинг баҳоси қарийб сув нархига тенг эди. Бинобарин, камина мантиқли жавоблар олдида ожиз қолдим. Табиийки, Оташ қовунчининг тажрибалари-ю ихтиролари ўз қиш­лоғида қолиб кетди…

Бугунги аҳвол тамомила ўзгача. “Қозончининг эрки бор қайдин қулоқ чиқарса” деганларидек, даласига қандай экин экишни деҳқоннинг ўзи ҳал қилади. Қовунчилик соҳасидаги бир қатор ўзгариш­ларга ҳам кўзим тушди. Воқеан, Хоразмда ишлаганимда бир маротаба Урганч хиё­бонида ўтказилган қовун сайлида қатнашганман. Қовунчилик бобида танловлар ўтказилганини кўрдим. Бироқ, ҳали бу кам. Масалан, Лотин Америкаси кишилари ўз қаҳваларини миллат ифтихори мақомига кўтарганлар. “Муҳаббат қаҳваси” янглиғ телесериаллар фикримизга далил бўлаолади. Хўш, нега ўзбекистонлик­лар Гурвакни ёки бошқа ўнлаб турдаги полиз маҳсулотларимизни шу мақомга олиб чиқмаяптилар? Машҳур бир тадбиркор айт­ганидек, гурвакдан жаннат иси келади. Табиий усулда етиштирилган гурвакнинг пўчоғини ҳам тановул қилмоқ мумкин. Косаласангиз “қаймоғи” тиллодек товланади. Гурвак емабсиз — дунёга келмабсиз. Шундоқ табиат мўъжизасига қачон эътибор қаратамиз? Қачон “Гурвак” мурабболари, шарбатлари жаҳон бозорига олиб чиқилади? Дарвоқе, гурвак Дания бозорларига олиб борилса, нархи қанча евро бўлиши мумкин? Бу саволлар — жавоб олиниши лозим бўлган саволлардир.

Баҳром Рўзматов,

журналист.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four + twelve =