Жимлик фалсафаси

Кунини аниқ эслолмайман, 1969 йилнинг сентябрь ойи охирлари эди, чамамда. ТошДУ (ҳозирги Миллий университет)да шоир ва ёзувчилар билан ғоят қизиқарли учрашув бўлиб ўтди. Биз – журналис­тика факультетининг биринчи босқич талабалари меҳмонларнинг кўпини илк бор кўраётганимиз учун уларнинг сўзларини алоҳида қизиқиш билан тингладик. Биринчи бўлиб Абдулла Ориповга сўз берилди, олқишлар остида шоирнинг кўп шеърларини тингладик, ўктам овози катта зални титратиб юборгудай эди. Кейин 4-босқич талабаси Абдулла Шерга навбат берилди. Шеърхонлик баланд авжларда давом этди. Университет домлаларидан бири (кейин билиб олдик – Абдуғафур Расулов экан) ёзувчи Ўткир Ҳошимов ижоди хусусида жуда ёрқин нутқ сўзлади.

Учрашув якунида талабалардан бири қўл кўтариб, ижозат берилишини кутмай, дадил юриб минбарга чиқди, ўзини таништириб “Бугун Абдуллаларнинг куни экан, мен шоир Абдулла Турдиев бўламан”, деди-да, шеърхонликни давом эттирди.

Ушбу учрашув тафсилотлари ёдимда аниқ қолганининг боиси бор. Биринчиси, шеър ёзиш бош­қа-ю, уни қиёмига етказиб ўқиш бошқа экан. Иккинчиси, Расулов домла қоғозга қарамай, жуда равон ва таъсирчан оҳангда гапирди. Ҳавасим келиб кетди. Учинчиси – учрашувни қойиллатиб бошқараётган профессорнинг нотиқлик маҳорати, ҳазил-мутойибалари, ўрни келганда ажойиб қочиримлар қилиши мени лол қолдирди. “Профессор шунақа бўлар экан-да”, деган хаёлга бордим. Бу домла – Лазиз Қаю­мов экан.

Домлани муҳим тадбирларда бир-икки кўрганимдан кейин у кишининг мухлисига айландим. Турли йиғинлардаги маърузаларини эътибор билан тингладим, нотиқлик маҳоратлини ўргана бошладим. Аммо домланинг олдига боришга кўп вақт ийманиб юрдим. Кутилмаганда бунинг учун яхшигина имконият туғилди.

Нашриётлардан бирида Лазиз Қаю­мовнинг “Меридианлардаги учрашувлар” номли публицистик мақолалар тўп­лами — саёҳатнома босилиб чиқди. Бу пайтда Лазиз ака ҳозирги “Ўзбекистон овози” газетасининг муҳаррири, мен эса телевидениенинг “Бугун оламда нима гап?”, “Халқаро шарҳ” кўрсатувларини олиб борардим.

Китоб бошдан-оёқ муаллифнинг хорижий давлатларга сафарлари, турфа хил учрашувлар ҳақида экан. Ғарб дунёсининг бизга тўғри келмайдиган кўп жиҳатлари сиёсий сатира остига олинган ва шубҳасиз, ўзимизнинг турмуш тарзи афзалликлари, капиталис­тик дунёнинг “айниган маънавий қиёфаси” очиб берилган эди. Домла хориждаги меҳмонхоналардан биридаги ғаройиб шароит ҳақида шундай ёзадилар: “Ҳаммаёқ ораста, дам олувчига зарур бўладиган нарсалар муҳайё. Уйқу олдидан ахборот, мусиқа тинглашингиз мумкин. Уйқу келавермаса, кроватнинг махсус жойига танга ташласангиз, у аста ҳаракатга келиб, сизни майин аллалай бошлайди. Ёдимга Чустий домланинг “Пул ўлсин-а, пул ўлсин” деган сатрлари келади…”

Китобни қизиқиш билан ўқидим ва унга тақриз ёздим. Тақриз ёшлар газетасида эълон қилингач, домла ўқиб чиқиб, “Бу бола бўладиганга ўхшайди, менга кирсин”, дебдилар. Кирдим. “Шу соҳага қизиқсанг ёмон бўлмайсан”, дедилар. Шу-шу халқаро шарҳга жиддий берилиб кетдим.

Муносабатларимиз яхши эди, аммо ўша пайтда Марказқўм деб юритилувчи ҳукуматга ишга ўтиб, энди иш бошлаганимда кўнгилсиз бир воқеа юз берди. Бир гуруҳ ёшлар домланинг икки томлик китоби хусусида бош идорага шикоят хати ёзишди. Домла, шикоятчилар ва бош идоранинг масъул ходимлари иштирокида ўта оғир муҳокама бўлди. Ёшлар (улар орасида шу икки томликка муҳаррирлик қилган ношир ҳам бор) домлани “китобга киритилган мақолаларда бошқа авторларнинг (шогирдларнинг – А.М.) мақолаларидан ҳаддан ташқари кўп иқтибослар “сноска”сиз, шунчаки “Қаранг” деган изоҳ билан берилганликда айблашди, домла уларга муаллифлик этикаси бузилмаганини вазмин оҳангда тушунтирди. Шикоятчилар ҳиссиётга берилиб, фикрларида қатъий туриб олишди.

Бу воқеа домлага ёмон таъсир қилди, аммо ўша пайтдаги тартибга кўра шикоят хатларини жиддий ўрганишсиз, томонлар иштирокидаги муҳокамасиз назоратдан чиқариб бўлмасди.

Бошқа бир воқеа мен адабиёт газетасида ишлаб юрган кезларим юз берди. Домла таваллудининг 60 йиллиги яқинлашмоқда эди. У пайтлари бундай қутлуғ санага бағишланган мақолалар газеталарнинг кўримли жойида эълон қилинар, унда юбилярнинг бой ижод йўли, ёзган асарлари, ибратли ишлари бирма-бир саналарди. Лазиз Пўлатович узоқ йиллар “Ўзбекистон мада­нияти” (ҳозирги “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”) газетасига муҳаррирлик қилган, ишчан, салоҳиятли жамоани шакл­лантирган эди. Шу боис ҳам биз бу санага беэътибор бўла олмасдик.

Таҳририятда маслаҳат қилиб, домланинг уч-тўрт шогирдидан газета учун мақола ёзиб беришни илтимос қилдим, аввалдан мақола тайёрлаб қўймасак, юбилейга оз қолганида уч-тўрт киши ёзиб келса, ноқулай аҳволга тушиб қолмайлик, деб ўйлагандим. Беҳуда ташвиш қилган эканман. Шогирдларнинг бирортасидан ҳам садо чиқмади. Домланинг ёнида узоқ юрган олимлардан бири: “Мен эмас, фалончи ёзса маъқул бўларди-да”, деб ўзини четга олди, бошқаси ўта бандлигини рўкач қилди.

Вақт ўтиб борарди. Беш-олтита савол тузиб, олдиларига кирдим. Домла саволларимга бир қарадилар-у, гап нимадалигини дарҳол англаб, “Сиз ташвиш қилманг, ўзим бир нима ўйлаяпман”, дедилар кўзларини юмган ҳолда.

Орадан бир ҳафта ўтиб, газетамизда домланинг ўзлари тайёрлаган суҳбат-мақола босилиб чиқди. Бу янгилик эмас, матбуотда, бадиий адабиётда шундай муҳим анъана ҳам бор. Инсон гоҳо ўзи билан ўзи суҳбатлашиб, виждони, иймонини безовта қилаётган саволларга жавоб ахтаргиси, ўзини ўзи тафтиш қилгиси, ютуқ-камчиликларини баҳолагиси келиб қолади. Лев Толстойнинг “Иқрорнома”сида бунинг айрим аломатларига дуч келамиз. Балзакнинг “Француз ёзувчиларига мактуб”ида ҳам.

Шу маънода домланинг ўзлари билан қилган суҳбатини кўпчилик тўғри қабул қилди, аммо “Бу одам авваллари давраларнинг тўрида эди, мана энди, четга чиқиб қолиб, атрофида ҳеч ким йўқ, ўзи билан ўзи суҳбат қуришга мажбур бўлди”, дегувчилар ҳам топилди. Домла буни ҳам вазмин қабул қилдилар.

Орадан бир-икки ой ўтгач, Лазиз Пўлатовичга учраб, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ҳақида “Биз билган ва… билмаган Ҳамза” мазмунида мақола ёзиб беришларини илтимос қилдим. Ёзиб бердилар, одатларига кўра, “Бир нима қораладим, кўринглар-чи, маъқул келса берарсизлар”, дедилар. Ўқиб чиқдик.

Ўша пайтлари ёзилаётган мақолалардан кам эмас. Берса бўлади. Аммо… кўнглимда бир дадиллик туғилди. Хоналарига кириб, мақолани газетанинг навбатдаги сонига режалаштирганимизни айтдим. Кейин мақсадга кўчдим: “Домла, Ҳамза ҳақида янги тадқиқотлар юзага чиқаяпти, янги қирралари очиляпти. Мақолага “Авваллари Ҳамза ижодига собиқ тузум мафкураси нуқтаи назаридан ёндашганмиз…” маъносида бир-икки жумла қўшилса, қандай бўларкин?”, — дедим.

Домла бу гапни мендан кутмаганлари аниқ, кўзларини юмиб, бироз туриб қолдилар, орага ноқулайлик чўкди. Сўнг креслони дераза томондан мен томонга ўгирдилар-да : “Ҳамза ҳақида айтадиганларимни айтиб бўлганман, шундоқ кетаверсин”, дедилар. Мақола шундоқ кетди.

1992 йилнинг кузида АҚШга хизмат сафари билан бордим. Калифорния университетида профессор Эдвард Ольворт кафедрасида бўлиб, бу машҳур олимнинг қўлида таҳсил олаётган ёш тарихчи олимларга мустақилликка эришган Ўзбекистон ва унинг дастлабки қадамлари ҳақида сўзлаб бердим, маъруза ўқидим. Тингловчиларни республиканинг янги раҳбари олиб бораётган сиёсат, дин ва матбуот­­га муносабат масалалари жиддий қизиқтирди. Савол-жавоблар узоқ давом этди. Ольворт домла “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафталигининг мус­тақилликни қўлга киритишдаги хизматларига баҳо бериб, газетамизни “Осиё тарафдан эсаётган бир қултум тоза ҳаво” деб баҳолади ва шу мазмунда мухтасар мақола ёзиб берди. Гап орасида “Бизнинг дўстимиз Лазизхон яхши юрибдиларми?”, деб сўраб ҳам қўйди. “Ҳа, яхши юрибдилар”, дедим. Домла билинар-билинмас бош чайқаган ҳолда: “Эҳ, бу шўро деганлари кўп­ларни чалғитди-да”, деди. Бу қисқа жумла ҳали-ҳануз қулоқларим остида жаранглаб туради. Унинг тагзамиридаги олам-олам маънони кейинчалик жуда чуқур тушуниб етдим.

Сафардан қайтгач, Ольворт домланинг фикрини газетанинг биринчи саҳифасида эълон қилдик. Аммо у кишининг афсусини Лазиз Пўлатовичга айтишга журъат этолмадим.

Йиллар бир-бирини қувлаб ўтар экан, ўша тарихий тўқсонинчи йиллар воқеалари биздан узоқлашиб бораверади. Бугунги аксар ёшлар истиқлол арафасидаги талатўпларни, эски ва янги тузум ўртасидаги мафкуравий курашда кимлар қайси позицияда тургани, кимлар ҳар эҳтимолга қарши четга чиқиб, воқеалар ривожини зимдан кузатиб турганини, кимлар бир юмалаб янги демократларга айлангани ва узоқ йиллик фирқавий садоқатини унутиб, “Бизлар минг йиллардан бери шу кунларни орзу қилгандик”, дея қулоқларни қоматга келтирганини яхши билишмайди. Шундайлар ҳам бўлдики, ҳали-ҳануз гап-гаштакларда буюк истиқлол биносининг биринчи ғиштини бош меъморга узатиб туришганини исботлашга ҳаракат қиладилар.

Лазиз Пўлатович бундай қилмади, ўзига, ҳаёти ва ижодий принципларига фавқулодда содиқ қолди. Ўз йўли ва қарашларини ўзгартирмади. Биргина у киши эмас, бошқа кўплар ҳам шундай қилишди. Улар бу билан ўзларини тарбия қилган ва маълум поғоналарга кўтарган, турфа хил имтиёзларга кўмиб ташлаган давр, сиёсат, мафкура юзига челаклаб қора бўёқ суришмади. Шўролар салтанатининг инқирози муқаррарлигини тушуниб, бу тузумнинг халқимиз бошига солган адоқсиз кулфатларини тан олсалар-да, ҳаммасидан ва яна кўп­ларидан яхши хабардор бўлсалар-да, бошқа янги поғона ва имтиёзларни қўмсаб, тилёғламалик қилишмади. Энг муҳими — янги жараёнлар, буюк янгиланишлар йўлига тўғаноқ бўлишмади. Ҳеч бўлмаса, жим турайлик дейишди. Жимлик одоби билан кетишди.

Менингча, шунинг ўзи ҳам алоҳида ҳурматга лойиқ.

Аҳмаджон Мелибоев.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × four =