Китоблар “қамоқ”дан чиқарилди

Яқинда оламдан ўтган, иқтидорли журналист Қурбон Эшмат билан унинг ўлимидан 10-15 кун олдин телефон орқали боғлангандим, менинг асарларим ҳақида ёзажак мақоласининг сарлавҳасини айнан “Олим бўри судланмади, маънавият судланди…”, деб бошлаганини айт­ганди. Афсус, мақолани ўзи охирига етказолмади. Бўлиб ўтган воқеани эса ўзим қаламга олишга жазм этдим.

Азиз биродаримизни Аллоҳ раҳматига олган бўлсин.

2020 йил январь ойида Тошкент шаҳар Юнусобод туман маъмурий суди мажлисида судья С.Қўчқоров раислигида кўриб чиқилган иш юзасидан қилинган хулосада шундай дейилади: “Аниқланди. О.Бўриев 2016 йил февраль ойида “Билим ва интеллектуал” нашриёти вақтинча иш бошқарувчиси И.Абдуллаев ва бошқалар билан бирга диний китобларни чиқаришга лицен­зияси бўлмай туриб, диний мазмундаги “Икки аср ижоди” китобини қонунга хилоф равишда чоп этишади. Шунингдек, О.Бўриев 2017 йил охири 2018 йил бошида Ғафур Ғулом номидаги нашриёт раҳбари Т.Қўйлиев билан бирга лицензияси бўлмаган ҳолда “Шоҳнома” номли диний китобни чиқаришади. 2018 йилда яна лицензияси бўлмаса-да, “Икки аср ижоди” диний китобини чиқаришади. 2019 йилда эса “Камалак пресс” нашриётида “Маснавийи нур” диний китобини чоп этишади”.

Афсуски, бир томонлама кўрилган иш ҳолатидан келиб чиқиб, суд юқорида тилга олинган китобларни “йўқ қилиш” ҳақида қарор чиқарди.

Ҳазрат Низомий: “Келур олтмиш толурсан ўлтиришдан, етар етмиш чиқар аъзойинг ишдан ва гар юз йил яша, бир кун ҳаётдан кетурсан ушбу дилбар коинотдан”, деган экан. Инсон фарзанди бу дунё­­да омонат, вақтинча эканлигини анг­латиб, дилга таскин беради Низомий ҳазратлари охиратни эсдан чиқармаслик, бировга зулм қилмаслик, яхшилик қилишга ундайди. Бироқ халқнинг маънавий мулки бўлиб қолиш эҳтимоли бор китоблар устидан чақув ёзуви уюштириб, йўқ қилиш па­йида бўлган шахслар орамизда борлигидан ачинасан киши.

Менинг китобларимга қўйилган айб ғараз ниятли кишиларнинг иши бўлди. Бахтимизга тузум ўзгарди, Шавкат Мирзиёевдек адолатли Юртбошимиз Ўзбекистонни янгитдан тараққий эттириш борасида очиқлик ва ошкораликни бош мақсад қилди.

Президентимиз шаффофликни таъминлашга қаратган эътибори сабаб Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон миллий маркази раҳбари Акмал Саи­дов Олий судга ишончли ва асосли хулоса берди. Шундан сўнг, туну кун қилган меҳнатим эвазига юзага келган тўрт китобим бироз кечикиб бўлса-да ёруғлик кўрди. Мазкур масала Ўзбекистон Рес­публикаси Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатида судья Ш.Саидов раислигида қайтадан кўриб чиқилди. Китобларнинг ёзилишидан тортиб, нашриётларда чоп этилиши жараёни ўрганилди.

Ачинарли томони, ўз вақтида ушбу масала юзасидан маъмурий суд томонидан диний ташкилотларга мутасаддиларнинг экспертиза хулосасини олишга юборилган сўровнома натижасиз қолгани бўлди.

Аслида “Шоҳнома” давлат буюртмаси бўлиб, Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт университети ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси тавсия хати билан чоп этилганди.

Мен китобларим олиб кетилгандан сўнг кўплаб тегишли идораларга мурожаат қилдим, наф бермади. Иттифоқо, Юртбошимиз Акмал Саидов номзодини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси раисининг биринчи ўринбосарлигига тавсия этаётиб: “Акмал Холматович Инсон ҳуқуқлари бўйича кўплаб фуқароларга ёрдам берди”, деган гапи ёдимда қолганди. Яхши ният билан, таваккал қилиб, ҳузурига бордим. Аллоҳ ишимни осон қилди. Масалага у киши ойдинлик киритди.

Агар аввалроқ соҳага дахлдор идора ва ташкилотлар ҳам бу борада озгина эътибор қаратишганида эди, мен бунча сарсон бўлмасдим. Ўзбекистонда адолат устувор, лекин ўз ҳуқуқингни ҳимоя қилиш осон эмас, дегани ростга ўхшайди.

Истиқлолнинг янги поғонасида, янгиланаётган Ўзбекистон остонасида турибмиз. Ҳали ҳеч бир халқ раҳбари Президентимизчалик ўз ватандошларини китобхонликка тарғиб қилмаган эди. Устоз ҳазрат Абдураҳмон Жомий: “Китобхонлик бу оламда саодат, китобхонликни доим айла одат”, деганлар. Давлатимиз раҳбарининг китобхонликка эътиборидан илҳом олиб, шахсий жамғармам ва обуна қилиш йўли билан Низомий Ганжавийнинг “Хамса” асарини ҳам таваккал қилиб, чоп эттиришга журъат қилдим.

Сўнг 2018 йил “Икки аср ижоди” куллиётимни чоп эттирдим. Ҳар иккала китобга академик Азиз Қаюмов сўз боши ёзган, масъ­­ул муҳаррир бўлган. Бундан ташқари, Ғафур Ғулом НМИУ да “Шоҳнома” эпопеям ҳам устоз Азиз Қаюмов сўзбошиси ва масъ­­ул муҳаррирлигида босилиб чиққанди. Мазкур китоб “Ўзбекистоннома” номи билан Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт университети ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси шеърият кенгаши тавсияси билан давлат ҳисобидан нашр этилгани мен учун катта мукофот бўлганди. Бироқ асар уч минг йиллик Ватанимиз тарихи ва бугунига оид бўлгани учун номини “Шоҳнома” деб, ўзгартирганман.

2019 йилда “Камалак пресс” нашриётида “Қуръоннома” (Қуръони карим маънолари таржимасининг мазмуни) ва “Маснавийи нур” (Қуръони карим таржимасининг назмий тафсири) Шайх Абдулазиз Мансур сўзбошиси ва масъ­уллигида, Диний идора фатвосига асосан уламолар тақризи билан чоп этилган. Тўртала китоб ҳам Юртбошимиз таъкидлаган ҳикматомуз ғояларни тараннум этувчи, халқимизга керакли тарихий-маънавий, диний манбаларнинг назмий ифодаси эдики, кам нусхада қимматбаҳода сотилгани билан ўз харидору мухлисларини топди.

Хуллас, менинг сўровим ерда қолмади. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати ишни холис ўрганди, керакли хулосани берди. Маъмурий судлов ҳайъати қарорида шундай де­йилади: “Юнус­обод туман маъмурий судининг 2020 йил 27 январдаги қарори ва Тошкент шаҳар маъмурий суди кассация инс­танциясининг 2020 йил 3 мартдаги қарори ўзгартирилсин. Суд қарорлари билан ашёвий далил сифатида олинган 100 дона “Икки аср ижоди”, 70 дона “Шоҳнома”, 81 дона “Қуръоннома” ва 75 дона “Маснавийи нур” номли китоблар тегишли тартибда “йўқ қилиш” қисми бекор қилинсин”.

Энг асосийси, ашёвий далил сифатида олинган китоблар диний экстремизм, фундаментализм ва қонун билан тақиқланган бошқа диний оқимларнинг ғояларини тарғиб этувчи китоблар эмас, аксинча, академик Азиз Қаюмов, дин арбоби Шайх Абдулазиз Мансур ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази директори, академик А.Саидовнинг мазкур китоблар китобхонлар учун фойдали эканлиги тўғрисидаги хулосалар суд ҳукмларининг адолатли қарор топишида муҳим манба бўлди.

Адолат қарор топди. Китобларимни 2020 йил 18 август куни келтириб беришди. Бу китоблар бир йилу бир ой «қамоқда» сақланди.

Лекин ўтган бир йиллик азоб менга қанча маънавий ва моддий зарар келтирди, буни бир мен ва Худо билади. Муҳими, адолат қарор топди. Дилимни эзган ғам қоронғулиги ўрнини севинч қуёши нурлари забт этди. Адолат тантана қилишининг ўзи “салла деса, калла келтирадиганлар”га муносиб жазо, деб ўйлайман.

Олимжон Бўриев.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fifteen − 6 =