Адашимиз ёхуд “HÜRRIYET” туркия матбуотининг байроғидир

Дунёда адашингнинг борлиги яхши, шунинг баробарида ёқимли ҳам. Исмда тақдир бор ахир. Зотан оти бирнинг жони бир, деб бекорга айтишмаган. Айниқса, у “озодлик”, “ҳурлик” сўзининг синоними ва яна унинг ҳар бир сўзи миллат тараққийси хусусидаги ўйларга қоришиб кетган бўлса…

Дунёнинг қатор мамлакатларида “Ҳуррият” деб номланувчи газеталар чоп этилади, фақат уларнинг талаффузи айрича, ёзилиши бўлакча. Туркияда бир неча юз минглаб нусхада нашр қилинаётган “Hürriyet” эса ҳар жиҳатдан бизнинг — ўзимизнинг “Ҳуррият”имизга отдош ва тақдирдошдек, фикрдош ва ғоядошдек туйилади.

Ахир бизнинг ҳам илк “Ҳуррият”имиз 1917 йил апрелидан 1918 йил апрелигача – роппа-роса бир йил фаолият кўрсатган ва Чор ҳукумати томонидан ёпилган. Жадид боболаримиз матбуотининг гултожи — “Ҳуррият” газетаси қисқа вақт ичида халқчил марказий газеталар қаторига, мавқеига кўтарилган. Ҳа, бугунги “Ҳуррият”имиз жадид боболаримиз орзу-истаклари рўёби акс этган ёрқин ойна ва Туркия “Hürriyet”ининг ҳаммаслагидир, десак хато бўлмаса керак..

Тўхтамайдиган қайиқ

Туркия матбуоти ўзининг ёниқлиги ва эркинлиги билан эътиборни тортади. Бу мамлакатда бугун 45 та марказий, 15 та инг­лиз тилида, 235 та маҳаллий ва 10 та интернет газеталари чоп этилади. Энг қизиғи, уларнинг кўпчилиги кунлик чоп этиладиган нашрлардир. Ўйлаймизки қардош турк биродарларимиз орзу-истакларининг, мақсад ва интилишларининг, миллий қарашларининг инъикоси ўлароқ юқоридаги каби бир-биридан тезкор газеталар чоп этилади. Ва бу сафда – бизнинг адашимиз — “Ҳуррият” газетаси ҳам бор. Унинг саҳифаларини кузатар эканмиз, адашимиз бу “ғадир-будир” ҳаёт йўлларида адашмаслигига ва энг муҳими, алдамаслигига амин бўлдик.

Инсон борки унинг дилида ҳурлик истаги бўлади. Бу истак ҳар бир инсонда туғмадир, табиийдир. Инсоният орзу-истакларининг авж нуқтаси ҳам шу неъмат қатимларига сингиб кетган. Хуллас, бугун айтмоқчи бўлган ҳамма гапларимиз – адашимиз ҳақида.

Аёнки, “Ҳуррият”, “Озодлик”, “Истиқлол” номи билан аталадиган ҳар қандай газета бизни ўтмишга етаклайди, аждодларимизнинг асрлар қаърига сингиган умумистакларининг инъикоси сифатида қалбимизга нақш ташлайди. Ахир бу номда газета бўлиш, қолаверса, шу номни кўтариб Осиё ва Европага – бутун дунёга донг таратиш ҳазилакам гап эмас-да. Хўш нима бўлибди, дерсиз?! Бироқ, ишонаверинг бу истак – яъни, ҳурлик орзуси асрлар қаъридан, инсоният аввалидан сузиб келаётган қайиққа ўхшайди: ҳеч қачон тўхтамайдиган қайиққа. Шу маънода ҳар бир миллатнинг, ҳар бир халқнинг ўз “Ҳуррият”и бўлиши аъло матлабдир.

“Туркия туркларникидир”

Шундай қилиб, Туркиянинг “Ҳуррият” газетаси илк бор 1868 йилда Янги усмонлилар уюшмасининг газетаси сифатида Намиқ Камол томонидан Лондонда чоп этилган. Бироқ 1870 йилга бориб газетанинг 88 сони нашрдан чиққач, турли босимлар сабабли ўз фаолиятини тўхтатган.

Биз бугун сизлар билан фикр юритмоқчи бўлган “Ҳуррият” газетаси кундалик, кунлик нашр бўлиб, узоқ йиллик танаффусдан сўнг 1948 йил 1 майда Седат Симавий томонидан ташкил этилган. Бугун у Doğan Yayın Holding таркибидаги газета ҳисобланади. Газетанинг қоқ пешонасига ёзилган “Туркия туркларникидир” шиори туркий тилли ҳар қандай миллатни бир байроқ ва бир мақсад остида сафланишга чорлайди. Халқнинг ўз тупроғида озод ва ҳур яшаш, бу йўлда ҳеч ким ва ҳеч нима тўсиқ бўлолмаслиги ушбу шиорда акс этган.

Газета 1948 йилда Садат Симавий томонидан ташкил этилган ва 1948 йил 1 майда “Иордания ва Ироқ қўшинлари Фаластинга киришди” сарлавҳали мақола билан илк сонини нашр этган. 1953 йилда Седат Симавий вафотидан сўнг, унинг ўғиллари Халдун Симавий ва Эрол Симавий даврида ҳам газета ўз йўналишини давом эттирди. Халдун Симавий 1971 йилда “Веб-офсет” гуруҳини тузиб чиқиб кетганидан сўнг, газета тўлиқ Эрол Симавий зиммасига ўтди.

Қароргоҳ безовта

1971 йилдан кейин навбати билан Измир, Aнқара, Aдана ва Эрзурумда ўз ваколатхоналарини очган “Ҳуррият” газетаси, 1973 йилда офсет тизимини бошлади. Айниқса, рангли фотосуратлар ёрдамида катта афзалликларга эга бўлди. Бугунги кунда газетанинг бутун дунёда 50 дан ортиқ вакиллиги бўлиб, бу ерда 600 дан ортиқ журналист меҳнат қилади. Газетанинг “Бозор ва иқтисод”, “Ёшлар учун”, “Интернет”, “Адабиёт” каби иловалари чоп этилади. “Ҳуррият”нинг “Hürriyet Daily News” деб номланган инглизча версияси ҳам ўқувчилар қўлига етиб боради. Унинг электрон шакли 1997 йилдан буён интернетда ўз аксини топган.

1990 йил 7 мартда кенгаш аъзоси, ёзувчи ва газетанинг собиқ бош муҳаррири Четин Эмеч кетаётиб қуролли ҳужум туфайли ҳалок бўлади. 1988 йил 1 майда “Ҳуррият” ўз логотипини ўзгартиради. Бу Эрол Aқсой, Динч Билгин ва Халдун Симавий қўшма корхонаси бўлди. 1994 йилда акцияларнинг 70 фоизи “Doğan Yayın Holding” томонидан сотиб олинади. 20 йил давомида Эртуғрул Ўзкўк газета бош муҳаррири бўлиб фаолият олиб боради.

Ҳанде Фират томонидан ёзилган “7 саволга 7 та жавоб” мақоласи “Қароргоҳ безов­­та” рукнида 2017 йил 25 февралда чоп этилган. Мақоладан сўнг кўп ўтмай 2017 йил 1 мартда Седат Эргин Бош муҳаррирлик лавозимини тарк этади.

Ёнаётган турк байроғи

“Ҳуррият” газетаси тарихида гоҳ журналистларига, гоҳ улар жойлашган бинога ҳужумлар уюштирилганлигидан кўп азият чеккан. Шундай ҳужумлардан бири 2015 йил 6 сентябрда бўлган эди. Маълумки, “Ҳуррият” Туркиянинг энг таъсир доираси кенг газетаси бўлиб, у озодлик рамзидир. “Ҳуррият” ўзининг тарихида ҳақ сўзи учун, адолатли ва кескир мақолалари учун тўлаган тўловлари кўп бўлганлигини юқорида ҳам айтиб ўтдик. Ана шу тўполонда “Ҳуррият”нинг биносига тошлар отилиб, бино олдидаги байроқ ёқиб юборилган. Ёнаётган байроқ миллионлаб туркларнинг фахру ғурури эди…Бу билан бирга уларнинг орзулари, армонлари, энг улуғ мақсадлари алангаланарди.

Уни 2018 йил 22 мартда Demirören Holding компанияси сотиб олган. Сотиб олгандан сўнг, 50 га яқин муаллифлар жамоавий равишда ишдан мажбуран олиб ташланди. Ушбу ишлар юқори раҳбарият томонидан газета бош муҳаррири Ваҳап Мунярга хабар бермасдан амалга оширилади. Ваҳап Муняр ҳам бу воқеадан сўнг истеъфога чиқишга мажбур бўлади. 1997 йилдан бери “Ҳуррият” газетаси Туркиянинг матбуот байроғига айланди. 2020 йил апрель ойида Интернет янгиликлар сайти рейтингда энг кўп одам ташриф буюрган сайтлар қаторида дунё бўйлаб нуфузли ўринга кўтарилди. Ва hurriyet.com.tr веб-сайти 2011 йил июнь ойида 9,5 миллион ташриф буюрувчилар билан Европадаги энг йирик сайтга айланди.

Бу ерда Доган Ҳизлан, Эртуғрул Ўзкўк, Седат Эргин, Фотиҳ Cекирге, Aҳмет Хоқон, Aбдулқодир Селви, Ялчин Байер, Гила Бенмаёр, Aкиф Беки, Проф. Доктор Усмон Муфти ўғли, Туна Киремитчи, Ҳаёт Гедик, Женгиз Семерcи ўғли, Қанот Aткая, Мелике Каракартал, Верда Озер, Гохан Ҳечким, Угур Мелеке, Aли Еcе, Хоқон Унсал, Кенан Басаран каби ёзувчи ва журналистлар фаолият олиб борган. Ўз навбатида улар “Ҳуррият”нинг ҳар бир хонадонга кириб боришини таъмин этганлар.

Франкфуртдаги “Ҳуррият”

“Ҳуррият” илк бор 1950 йилда “Ҳуррият Пазар” мультфильм форматига ўтган. Орадаги йиллар давомида у таркиб ва визуал жиҳатдан янгиланган.

“Ҳуррият” газетасига қўшимча “Ҳуррият Пазар” 1950 йилдан то ҳозирги кунгача чоп этиб келинади. Бу газета 2011 йил 24 апрелда қўшимча газета форматига ўтказилди. “Туркия ҳайрат шиори билан бозорга айланади” деб эълон қилган эди вақтли нашрлар ва бу бозорнинг мазмуни кенгайтирилди. Буни кенгайтиришда Aҳмет Ҳакан ва Эртуғрул Ўзкўк каби ёзувчилар ҳиссаси бениҳоя катта бўлди. “Ҳуррият Пазар” 36 саҳифада нашр этилади.

“Ҳуррият Кампüс” газета иловаси 2010 йил мартидан бери турли университетларнинг талабалар шаҳарчаларида тарқатилади. “Ҳуррият” ушбу илова билан ёш аҳолига мурожаат қилиб, таклифлар киритади, шунингдек, фестиваль ва танловларни ташкил қилади. Унинг ҳар ойнинг иккинчи ва охирги жума кунлари чиқадиган қўшимчаси 2002 йил ноябрь ойида телевизион вариантни эфирга узатишни бош­лади.

“Ҳуррият” Германияга ишлаш учун кетган турк ишчиларининг Туркия ва жаҳон янгиликларига эҳтиёжларини қондириш учун 1964 йилдан буён Германия ва бошқа мамлакатларга самолётда олиб борилган. Шунингдек, уни Европа мамлакатларига ҳам тарқата бошлашади. Талаб ошгани сайин 1970 йилларнинг бошида Герма­нияда ҳам “Ҳуррият” газетасини нашр этишга қарор қилинади. Бугунги кунда “Ҳуррият” газетаси Германиянинг Франкфурт шаҳри яқинидаги муассасаларида нашр этилмоқда.

Энг ишончли бандаргоҳ

Ташкил топганидан бери “Ҳуррият” газетаси турк матбуотининг етакчи ташкилоти сифатида ўзининг журналистик саёҳати ва салоҳиятини давом эттирмоқда. Ушбу муваффақият ортида универсал матбуот тамойиллари асносида сақланиб турадиган аниқ, ишончли ва холис журналистикани кўриш мумкин.

“Ҳуррият” кун тартибини белгилаш учун ҳаётнинг барча соҳаларини қамраб оладиган иқтисодиётдан сиёсатгача, кунлик воқеалардан спортгача бўлган жараёндаги қизиқарли мақола ва хабарларни тезкорлик билан тарқатиб боради. Турк матбуотида янгилик ва замонавий ҳаракатларнинг кашфиётчиларидан бири бўлган “Ҳуррият” босма оммавий ахборот воситаларида технологияни ривожлантириш билан ўз ишини рақамли технологияга кўтарди ва бу ерда етакчиликни намоён этди. Йигирма йилдан зиёд вақтдан буён нашр этиб келаётган hurriyet.com.tr сайти туфайли ишончли янгиликлар миллионлаб рақамларга тез ва қулай тарзда етиб боради.

“Ҳуррият” ходимлари томонидан ёзилган янгиликлар газеталар, hurriyet.com.tr ва ижтимоий тармоқлар орқали ҳафтанинг 7 кунида 24 соат давомида муштарийларнинг янгилик ва хабарларга бўлган ташналигини қондиради. Интернет муҳитида “янгиликлар ифлосланиши”га ғарқ бўлишни истамаган ўқувчилар “Ҳуррият”ни ўзлари учун энг ишончли бандаргоҳ деб билишади. Худди шу тарзда, реклама берувчилар ҳам “Ҳуррият”ни ушбу далил асосида ушлаб, ўз рекламаларининг мақсадли аудиторияга етиб боришини афзал кўришади.

Якшанба байрамлари

Ҳар якшанба нашри хонадонларга бошқача руҳда кириб боради. Гўё бу кун турк оилалари учун “Ҳуррият” билан бирга байрамдек гап. Рақамли янгиликлар билан тажрибали янги дунё динамикаси ва иқтисодий ўзгаришлардан ҳаприққан Туркиянинг “Ҳуррият” газетаси бутун дунё газетхонлари қалбида инқилоб қилишда давом этади. Чунки якшанба нонуштасига ўтирган турк халқи “Ҳуррият”нинг якшанба сонларини ўзгача бир хотиржамлик ва куйинчаклик билан ўқиб чиқишади.

Шанба — одамлар ўз оилалари, фарзандлари ва дўстлари билан режалар тузишни, шаҳар ҳаётида қатнашишни ва дўконга боришни хоҳлайдиган кун. “Ҳуррият” газетаси шанба куни Угур Вардан, Ведат Милор, Саваш Ўзбей, Толга Акйилдиз, Баҳар Чухадар ва Элчин Яхши каби мутахассислар билан ўз ўқувчиларига раҳбарлик қилади. Маданият, санъат, харид қилиш ва тадбирларнинг кун тартиби сифатида кинодан мусиқага, театрдан китобга, услубдан телевидениега қадар қамраб олинади. “Ҳуррият” шанба юлдузлари тизими билан баҳо бериб, “энг яхши” махсус интервьюлар, шарҳлар ва динамик дизайни билан шаҳар қўлланмаси сифатида ҳафта охирига ранг ва бойлик қўшди.

“Ҳуррият Пазар” иловаси биринчи нав­батда якшанба завқига олиб киради. Ўзининг таниқли исмлари, махсус янгилик­лари, шунингдек, ҳажвиялар, овқатланиш, табиат, технология каби долзарб масалалар билан Туркия бўйича кун тартибини, файлларни, дунё бўйича эксклюзив интервьюни ва бошқа мақолаларни сизга туҳфа этишдан чарчамайди. Меҳмет Ўз, Эбру Эрке ва Ҳакан Генcе каби ўз соҳасининг энг машҳур ва муваффақиятли номлари ўқувчилар билан юзма-юз бўлади. Якшанба кунлари Туркиянинг бозордаги энг обрўли брендларидан бири бўлган “Ҳуррият” газетаси, бутун ҳафта давомида турк халқининг чарчоқни ҳис қилмасликларига, ишонч ва қатъиятига дастак бўлади.

Қалбдаги “Hürriyet” кошонаси

Шуни таъкидлаш керакки, кейинги пайт­ларда Туркия ҳукумати ва турк журналистлари ўртасида тушунмовчилик ва келишмовчиликлар кўп содир бўлмоқда. Олдинлари ҳарбий, диний ҳужумлар сабаб журналистлар жонига суиқасд қилиш ҳолларига дуч келинарди. 2012-2013 йилларда Туркия журналистларни ҳибсга олиш бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллади.

Бугун “Ҳуррият” газетаси фақат газетчилик билан шуғулланмайди. У ўзининг мустақил телеканали, нашриёти ва бир қанча хусусий корхоналарига эга. Қоқ манглайига “Hürriyet” деб ёзилган ҳашаматли кошонани кўрган ҳар кишининг бундай жойда ишлагиси келади. Ахир бугунги кунда аксарият “билағонлар” “Газета керакми?” деб элга маърифатни кўп кўриб турган бир пайтда тили, дини, анъаналари деярли биз билан бир хил бўлган турк журналистларининг “эркаланиб” ишлаб юришлари кишининг ҳавасини келтиради. Зеро, умрини майда-майда ҳарфларни териб, маърифат сочишга қаратган ҳар бир зиёли, ҳар бир ижодкор мана шундай бахт­дан баҳраманд бўлиб ўтказишга ҳақлидир.

Шу маънода ҳур фикрлилик, ёниқлик, миллат ҳаётига масъуллик каби фазилатларнинг турк газеталарининг, хусусан, “Ҳуррият”нинг фазилатига айланиб кетганлиги одамга эртанги кун ишончини туҳфа этади. Зеро, ҳақиқат ҳар қандай матбуотнинг юзига тутилган кўзгудир. Бу кўзгудан юзни яшириш, бутун умр бошни яшириб ўтиш билан баравардир .

“Эркинлик бу ёлғон гапирмаслик ҳуқуқидир!”

Ушбу мақолани тайёрлаш жараёнида бир ижодкор дўстимиз билан турк матбуотининг эркинлиги ҳақида суҳбатлашар эканмиз, у турклар энг йирик сиёсий воқеликдан тортиб, нуфузли ва зодагон оилаларнинг майда-чуйда ҳашаки жанжалларигача – ҳамма-ҳаммасини матбуотда жуда тезкорлик билан ёритилишини айтди. Бўлса, бордир. Бироқ ўйлаймизки, юрт ва миллат қайғусида бўлган “Ҳуррият” деб номланган ҳар қандай нашр бу каби енгил-елпиликдан юз ўгириши табиий.

Эркинлик, бу — ёлғон гапирмаслик ҳуқуқидир, деган эди француз ёзувчиси Альбер Камю. Биз буни Туркиянинг бир неча газеталари, хусусан, “Ҳуррият” газетаси тимсолида кўриб турибмиз. Зеро, рост сўзнинг, адл сўзнинг кўлами ҳудуд билмайди. У эшитмайдиган қулоққа ҳам етиб боради. Бугун ўзининг бой тарихи, журналистларининг эгилмас ва синмас қаламлари, муҳими, хўрланмаган, тутқун бўлмаган Сўзи билан дунё аҳлини лол қолдирмоқда. Биз эса бир ҳамкасб сифатида “Ҳуррият” фаолиятига ҳавас қила туриб, ҳурриятингиз кирланмасин, зўрланмасин, дегимиз келади.

Ҳар кимнинг исми айтилганда бу қулоғига жаранглаб эшитилади, бехос бурилиб қарайди. Биз ҳам бугун жаҳон афкор оммаси орасида “Ҳуррият” газетаси эътироф этилар экан, бехос қайрилиб қараймиз, эшитиш сезгиларимиз яйраб кетади. Зотан бу уларнинг муваффақиятига шерик­лик ҳиссидан эмас, ҳавас, умид, ишонч ҳисларидандир. Бизнинг Ўзбекис­тонимизнинг “Ҳуррият”и ҳам турк биродарларимиз “Hürriyet”и қадар дунё саҳнида қанот ёйишидек ёқимли ва севинарли умидларни туйиб қоламиз.

Гўзал Бегим.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 2 =