Эътиқодим титрагайки эҳтирос айлар кўзинг

Муаллиф ҳақида: Рустам Мирвоҳид — 1987 йили Тошкент шаҳрида туғилган. 2007 йилда Тошкент Давлат шарқшунослик институтини тамомлаган. “Биринчи китобим” лойиҳаси асосида “Бу – ошиқ сўзим” номли китоби чоп этилди. Шунингдек, “То қуёш сочгайки нур: Эркин Воҳидов ҳаёти ва ижоди замондошлари нигоҳида” ҳамда “Баҳрдан баҳралар” китоблари нашрдан чиқди. Ҳозирда Ўзбекистон Рес­публикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти бош мутахассиси вазифасида ишлайди.

* * *

ХХ асрбутун кўҳна Туркистон (Ўрта Осиё) шоирлари учун янгича шеърият даври бўлган эди. Бу “янгича”лик фақат шаклда эмас, мазмунда ҳам воқеъ бўлди. Ҳолбуки, бизга янгича туюлган бу шакллар аслида мумтоз шоирларимиз қитъа­ларида, Махтумқули, Муқимий шеъриятида юз кўрсатган эди.

Шўро даврида ғазал санъати гўё эски, гўё ўта анъанавий, деган бирёқлама фикр шаклланди. Ана шундай даврда устоз Эркин Воҳидов “Ёшлик девони” орқали адолатсиз фикрларни чилпарчин қилиб:

Эй мунаққид, сен ғазални

кўҳна деб камситмагил,

Севги ҳам Одам Атодин

қолган инсон қонида! –

дея, гап шаклда эмас, гап мазмун ва руҳда эканини баралла эълон қилди. Ва устознинг ўзи ғазал санъатига янгича мазмун, янгича руҳ бағишлади. Очиғини айтганда, теран тасаввуфий-маърифий моҳиятга эга бўлган ғазал санъати янги даврда замиридаги маърифий ҳақиқатларни ечиб, фақат мажоз шеъриятига айланиб қолди. Муҳаббат ҳам Илоҳий муҳаббат либосларини ечиб, мажозий муҳаббатга айланди.

Эркин Воҳидовдан кейин янгича ғазал анъанасини Жамол Камол муваффақиятли давом эттирди. Кейин эса таниқли олим ва шоир Маҳмуд Ҳасаний ғазал санъатининг қадимий ҳақиқатларини сақлашга уриниб, “Ишқ девони”ни тузди. Ҳозир бу санъатни Дилором Эргашева деган шои­рамиз маърифий руҳи ила ўзига хос давом эттирмоқда.

Бу кун менинг хурсандлигим шундаки, шоирларимизда ғазал иштиёқи ҳали сўнмаган экан, бу ўлмас санъатни устоз Эркин Воҳидовнинг садоқатли шогирди Рустам Мирвоҳид қайтадан уйғотишга киришибди ва кўркам ғазаллар битибди. Унинг сўз танлашида ҳам ғазал талабига мос изланувчанлик бор, мумтоз сўзларга янгича руҳ бағишлашга уриниш бор. Шоирнинг бу йўлдаги изланишларида мамнуният ила муваффақият тилаб қоламан.

Мирзо Кенжабек.

* * *

Айни дам

Келди умринг ёзи, шоир,

ёз ғазаллар айни дам,

Ким сенга руҳий ғизодур –

соз ғазаллар айни дам.

Бул ғазалнинг завқу шавқи,

ишқию машқи бўлак,

Омма эрмас, хос элига –

мос ғазаллар айни дам.

Дилда илҳом пардасидин

кўриниб, кўринмайин,

Воҳ, гўзаллар янглиғ этгай

ноз ғазаллар айни дам.

Айни дамда айни ғамким:

булҳавас шоирталай,

Ёзилур кун-кундин аммо

оз ғазаллар айни дам.

Тенги йўқ тенгдошлар ичра

елкадошлар чиқсаю

Назм аро урф ўлса, шояд,

боз ғазаллар айни дам.

Яхши ният – ёрти мол, лек

“қиш”да хўб “қишлай” десанг,

Келди умринг ёзи, Рустам,

ёз ғазаллар айни дам.

Инъикос айлар кўзинг

Келди миш-миш: ишқи лоф деб

эътироз айлар кўзинг,

Бир назар сол, кўзларимга –

инъикос айлар кўзинг.

Жозиб ул ўтли қарошинг

ёдима тушган маҳал

Эътиқодим титрагайки –

эҳтирос айлар кўзинг.

Кипригинг тансоқчи эрса,

қорачўғ хонқиз эрур,

Билмадим тобеъ ё монеъ –

турфа ноз айлар кўзинг.

Кимсалар хирмонда ҳозир,

на ўроқ, бошоқда бор,

Тобакай ғайрига бундоқ

имтиёз айлар кўзинг?

Не ажаб, сидқу вафонинг

бобида ноқис улар,

Гўйиё жабру жафога

ихтисос айлар кўзинг.

Дард элин ашки хирожин,

кел, санам, тўхтатмасанг –

Бил, жаҳоний иқтисодий

инқироз айлар кўзинг!

Рустамо, не ўзни алдаш,

гарчи мағрурсан, вале

Ҳар қарашда ёрга “кел” деб

илтимос айлар кўзинг.

Нигор

Токи кўнгил ичра ишқинг

ганж этиб кетдинг, нигор,

Нақди умримни балога

харж этиб кетдинг, нигор.

Тилланинг васвоси тушган

кимсадек безовтаман,

Мисли сокин сувда бўрон,

мавж этиб кетдинг, нигор.

Кўзларим йўлингда зор-у,

минг нигорон бўлди, лек

Бир қадам ранжида қилмай –

ранжитиб кетдинг, нигор.

Боғда булбул бирла қумри

оҳ урарлар басма-бас,

Чунки, додимни тобора

авж кетиб кетдинг, нигор.

Битта таскин шул эрурким:

Рустамингга дил аро

Сабрини дардига монанд

дарж этиб кетдинг, нигор.

Найланиб бормоқдадир

Руҳ қамишдир. Пуфладинг – ул

найланиб бормоқдадир,

Дил узумдир. Эздинг – ул ҳам

майланиб бормоқдадир.

Бул найу майли мажолис

ун нафоисда, пари,

Кўзларинг нўш айладим, бош

айланиб бормоқдадир.

Мастманки онқадар,

туткил қўлимдан, йўқ эса

Боқ, асо бўлмоққа хома

шайланиб бормоқдадир.

Бир қараб офтобга ўрнин

кўрсатиб қўй, ҳусн аро

Тобакай шоҳликка сўрмай

сайланиб бормоқдадир?!

Рустамингдай ҳажр ўтида

нола чекмай, найласин,

Руҳ қамишдир. Пуфладинг – ул

найланиб бормоқдадир.

Шому шамъ

Зулфу ҳуснинг ёдга тушса

ёдланармиш шому шамъ,

Ишқ аро бу рутбасидан

шодланармиш шому шамъ.

Гоҳи ҳажрингда риё чун

қўзғатиб рашшоклигим,

Тунланармиш… пирпирармиш…

додланармиш шому шамъ.

Мен-ку Қайс авлодиман деб

ифтихор этсам, қара,

Лайлининг зурёди биз деб

зодланармиш шому шамъ.

Беқарормиш тил учида

васли бомдодинг учун,

Ёрланармиш ёт-ла, ёр-ла

ётланармиш шому шамъ.

Ҳар на қилсун, лек садоқат

отлиғ ул шатранж уза

Дона сурса Рустаминг-ла

мотланармиш шому шамъ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 3 =