“Гурвак…” қоғозда қолиб кетмасин-да!

Куни кеча дўстларимдан бири: “Ҳуррият” газетасида Сизни қизиқтирган мавзуда мақола чиқибди. Шу газетни топиб ўқинг, деди. Очиғини айтсам, кейинги йилларда матбуотга аввалги шайдолигим сусайган эди. Сабаби, давр шитоб билан ўзгармоқда-ю, ана ўша ўзгариш жараёнлари газеталарда акс этмай турибди. Қисқача қилиб айтганда, босма нашрлар электрон матбуот “чангида” буткул қолиб кетган деб ўйлаб юргандим. Йўқ, хато ўйлабман. Ҳали жонли чиқишлар қилаётган босма нашрлар бор экан. Фақат матбуот саҳифаларини кузатмаётганим бу — катта хотоимлигини англаб етдим. Бинобарин, камина интернет “титкилаб” ахборот олишга кўниккан эдим.

Хуллас, дўстим маслаҳатига кўра “Ҳуррият” газетасининг жорий йилги 9 сентябрь сонини варақладим-у кўзларим қувнади. Сарлавҳаларнинг ўзи диққа­тингни “қўйиб юбормайди”: “Матбуот ўз ёлғонларининг қурбони бўлди…ми?”, “Мавлон Умурзоқов: “Сиёсатчи ҳам романтик бўлмоғи керак”, “Китоблар “қамоқдан” чиқарилди”, “Жимлик фалсафаси”, “Гурвак курмакка айланмасин ёки Вамбери мақтаган Хоразм қовунлари қани?”… Суҳбатлар, мақолалар бири -биридан қизиқ экан. Иштиёқ кучайиб, газетани бошдан-аёғ ўқиб чиқдим-у ичимдан: “Ана энди бу газета ўз номини оқлабди” деб қўйдим.

“Ҳуррият”нинг ўзаги “Ҳур”. “Ўзбек классик адабиёти асарлари учун қисқача луғат” китобида бу атама қуйидагича изоҳланган: “ҲУР — ­­­­1) озод, эркин; 2) покиза”. Яна мазкур атама мажозий маънода ҳам ишлатилар экан: “ҲУРВАШ” — ҳурга ўхшаш, жуда гўзал”. Менинг наздимда “Ҳуррият” жуда гўзал газетга эврилгандек. Дўстимнинг тавсияси боис ушбу даврнинг доимий муштарийлари сафидан ўрин эгаллашни ният қилиб қўйдим.

Энди “Гурвак курмакка айланмасин ёки Вамбери мақтаган Хоразм қовунлари қани?” сарлавҳали мақолага муносабат билдириб ўтсам. Кўнглимиздаги гап газетга чиқибди. Мавриди келганида бир ҳангомани айтиб ўтмоқчиман. Айни пахта яккаҳокимлиги даври қизғин тус олган маҳалларда “Хоразм педагоги” махсус поездида Ленинград (эндиликда Санкт- Петербург) шаҳрига борган зиёлиларимиз “Белая ночь” (Ойдин оқшомлар)ни кўриб, лолу ҳайрон бўлиб қолган эканлар. Шунда муаллимлардан бири: “Йўқ, оқ тунлар бизга тўғри келмайди. Шу тун Хоразмда пайдо бўлса, бригадирлар бизларни терим мавсумида кечалари ҳам пахта тердирадилар” деб барчани кулдирган экан. Бу ҳақиқатан ҳам рўй берган воқеа. 1974 йил июнь ойи охирларида…

Хўш, нима демоқчиман? Пахта яккаҳокимлиги бутун мамлакат аҳли, шу жумладан, хоразмликларнинг ҳаёт тарзини, онг-шуурини ўзгартириб юборган эди. Ана ўша инерция ҳали таққа тўхтамаган.

Ўзингиз ўйлаб кўринг: қайси давр­ларда Хоразм пахтачилиги билан жаҳонга довруқ таратган? Биз буни билмаймиз. Аммо қадимда Хоразм болдан тотли шифобахш қовунлари боис етти иқлимга овоза бўлганини манбалардан ўқиб билган эдик. Хоразм қовунлари махсус совутгичли қолипларда Араб давлатларига олиб борилгани ва шу аснода қовунларимиз жаҳон бозорларида катта пулларга сотилгани хусусидаги хабарлар ёзиб қолдирилган.

Журналист Баҳром Рўзматов ўша мақоласида Ҳерман Вамбери фикрларини шарҳлаб ўтибди. Иқтибос менга жудаям маъқул тушди: “Ке­йинчалик у “Айниқса, Ҳазорасп олмаси, Хива нашватиси ва анори, қовунлари, ҳатто, Россия бозорларида ҳам анча қадрли ва қиммат туради” деб ёзган”. Мен иқтибос олинган Давлатёр Раҳим ва Шихназар Матрасул қаламларига мансуб “Феруз” китобини мутолаа қилганман. Муаллифлар Вамберининг Хоразм аҳли характери, яшаш тарзи, боғдорчилиги, деҳқончилиги тўғрисидаги мулоҳазаларини чиройли зайлда шарҳлаганлар.

Мен ўзим Ҳазорасп туманининг Пичоқчи қишлоғида туғилиб ўсганман. Қирқ етти йилдирки, Тошкент шаҳрида яшаяпман. Ҳар гал қишлоғимга қовунларимизни, олмаларимизни қўмсаб бораман. Мўъжизавий неъматларни тановул қилар эканман, худди болаликка қайтгандек бўламан.

Шу ўринда қизиқ маълумотни келтириб ўтмоқчиман. Вамбери “Ҳазорасп олмаси” деб ёзганида Карвак олмасини назарда тутгани эҳтимолдан холи эмас. Бунинг сабаби шундаки, бизнинг Карвак қиш­лоғида олманинг ғаройиб тури ўсади. Ранг-рўйи кўримсизроқ, аммо ўша олмани есангиз карсиллаган овозни эшитасиз — бол ва гул иси аралаш бир неъмат димоғингизни чоғ қилади, иштаҳангизни очади. Карвак олмаси бош­­қа жойларда ўсмайди, дейдилар. Бу қуёш ҳаракати ҳамда тупроқ таркибига боғлиқ бўлса керак.

Гурвак тўғрисида ҳам шу фаразларни айтмоғимиз мумкин. Гурвак қуёш шуълаларини, сувни, тупроқни танлайди, дейдилар. Б.Рўзматов мақоласида масаланинг айнан ўша жиҳатларига эътибор қаратилибди. “Тахминимизча, “гурвак” атамаси негизида “қўр”, яъни иссиқлик аломати мужассам. Гурвак баҳор қуёшининг ҳарорати ила етиладиган эртапишар қовундир. Камина мамлакатимизнинг бошқа вилоятларида гурвак етиштирилишини эшитмаганман” деб ёзибди муаллиф. Аф­суски, ана шундоқ қовун шифобахшлиги хусусидаги гурунглар эртакка айланган. Ҳозирги даврда аввалги гурваклар йўқ. Менимча, бу ҳодиса деҳқонларимиздаги ташаббускорлик хислатлари сусайганига бориб тақалади. Деҳқон ерни, қуёшни, сувни жону дили билан севмас экан, ундаги ихлосу иштиёқ сўниб бораверади.

Табиат неъматлари, таомлар — аждодлардан мерос қадрият. Нафақат гурвак, балки ажойиб экинларнинг бошқа турлари ҳам юртимизда унутилиб бормоқда. Масалан, 1960 – йилларда Хоразмда уйлар гултарошлик услубида қурилган. Чунончи, қуёш нурлари ёз ойларида синиб тушиб, деворларни қиздирмаган. Ичкари салқин бўлиб турарди. Ҳар бир уйга кираверишда талак ­­­(тепадаги омборхона) бўлгувчи эди. Талакда чиройли йўсинда осиб қў­йилган ғуж-ғуж оқ жўхориларга кўзингиз тушар эди. Ана ўша оқ жўхори унидан жуган куртук деган таом қилинарди. Хоразмнинг хос таоми! Жуган унга кади (қовоқ) суви аралаштириб зоғора тайёрланар эди. Бугунги кунда бу хилдаги таомлар ўтмиш меросига айланди-ёв… Нега шундай? Нега биз борган сари қадриятларимизни йўқотмоқдамиз? “Гурвак курмакка айланмасин ёки Вамбери мақтаган Хоразм қовунлари қани?” сарлавҳали мақола мутолааси чоғида каминани шу сўроқлар ҳам безовта қилди, ўйга чўмдирди.

Пировардида “Гурвак…” қоғозда қолиб кетмаслиги керак” қабилида хулоса ясадим. Тўғри, бу тарздаги мақолаларни кўпчилик ўқийди. Аммо ўқиш баробарида фикрларга нуқта қўйилаверса – бундан не наф? “Ҳуррият”чилар қовунчилик соҳаси мутахассислари, фермер хўжалиги раҳбарлари, деҳқонлар фикр-мулоҳазаларини газета саҳифаларига олиб чиқсалар айни муддао бўлур эди.

Ҳа, дарвоқе, устозимиз, буюк ҳофиз Комилжон Отаниёзов Тошкент шаҳрида яшаганларида мухлислари ҳамиша ул зотга Хоразм мева-чеваларидан, қовунларидан жўнатиб турган эканлар. Ёдномада ёзилишича, журналист Ҳусаин Раҳмонов ота қадр­дони ҳовлисига “ тўлиб-тошиб” борганида устоз: “Оҳ-ҳо! Хоразм­ни Тошкентга кўчирибсан-ку?!” деган экан. Бу — фахру ифтихор белгиларидир. Чиндан ҳам Хоразм ери ўз неъматлари билан қадимги тамаддунни эслатиб туради.

Шермат Хўжа,

ҳофиз, шоир,

тадқиқотчи.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eight − 5 =