“Ўсаётган кучли дарахтман”

Халқимизнинг улуғ шоири Шавкат Раҳмон ҳаёт бўлганида 70 ёшга кирар эди

Адабиёт ва санъатда ижодкор овози илк машқлариданоқ ажралиб, ёмғирдан кейинги камалакдек товланиб туради. Овози, сози, «қўли» бор санъаткоргина асрлар қаъридан ҳам бўй-бастини ўз иқтидори ила намоён этади: Маъмуржон Узоқов, Комилжон Отаниёзов, Таваккал Қодиров, Раҳим Аҳмедов, Рўзи Чориев, Чингиз Аҳмаров, шунингдек, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Рауф Парфи сингари ижодкорларнинг ҳар бир қўшиғу асарларида нафаси, “қўли”, овози таралиб адабиёт ва санъатни мангуликка етаклайди. Шундай ижодкорлар сафида атоқли шоир, таржимон Шавкат Раҳмоннинг ҳам овози, шеърий санъати одимламоқда.

Шавкат Раҳмоннинг 1978 йилда нашр этилган «Рангин лаҳзалар» илк шеърий китоби ёш шоирнинг ҳеч кимга ўхшамаган овози борлигини ва шеъриятга янги руҳ олиб кирганлигини, адабиётимиз осмонига яна бир ёрқин юлдуз қўшилганлигини аён этди. У биринчи китобиданоқ шеърият мухлисларини, адабиёт аҳлини фавқулотда бадиий кашфиётлари, гўзал ташбеҳлари, рангин туйғулари ила ром этди:

Оқ сукунат

портлар ёбонда,

кун нурида ёниб, ярақлаб,

чопиб кирди совуқ шаҳарга

ялангоёқ,

яшил дарахтлар.

Бир зумдаёқ

ухлаб ётган тор

кўчаларга тарқаб кетдилар.

Деразага юзин босиб

болалардай

боқди катталар.

Шеър баҳорнинг совуқ шаҳарга келганини, сукунатдек ётган эски қорлар эриб, дарахтлар яшилликка бурканганлигини ҳолатлар орқали акс эттираётир. Биз ўқиб юрган баҳор келди, қорлар эриди, гуллар очилди қабилида эмас, ҳолатлар чизиш, бадиий бўёқлар билан баҳорни куйлаётир. Янги кунга болаларгина эмас, катталар ҳам ҳайрат билан боқаётир.

Шавкат Раҳмоннинг қай бир шеърини ўқиманг, суврат ва сийрати, руҳий олами — шеър. Шоирнинг «Юрак қирралари» китоби фикримизни тасдиқлайди. 1981 йили чоп этилган ушбу китобга адабиётшунос Аҳмад Аъзам матбуотда тақриз ёзиб, «шеърлар шаклан бир хил» дея, танқид қилган эди. Назаримда, танқидчи шеърларнинг ички дунёсига кириб боролмаган. Зеро, шеър шоирнинг руҳиятидан туғилади. Ҳар бир шоир китобининг яралиш вақти бўладики, ўша дамдаги шеърлар беихтиёр шакл жиҳатдан бир хилликни талаб қилади.

Шавкат Раҳмон шеъриятида мажозий фикрлаш йўлидан бориб, кўпроқ табиат тили орқали оғриқли юракнинг изтироб — дардларини туямиз ва улар беихтиёр ўзимизнинг ҳам изтиробимизга айланади:

Ўсаётган кучли дарахтман,

шохларимда пишар сўзларим,

ўйчан кузак келгувчи йўлга

икки тоғдай боқар кўзларим.

Шеърни ўқирканмиз, образга айланган Дарахт тилидан инсон қисмати рўйрост очиб берилади. Беихтиёр оғир ўйларга толамиз. Ич-ичингдан кечанг, бугунинг ва эртанг кечади. Одам одамни кўролмаслиги, ғайирлик каби иллатлар кечади. Ҳа, шоир шеърларида чуқур теранлик мужассам. Сатрлари бадиий рангларга бурканганлиги ила ўзига хослик касб этади.

Шоирнинг «Рангин лаҳзалар», «Юрак қирралари», «Очиқ кунлар», «Гуллаётган тош», «Ҳулво» сингари китобларини ўқирканмиз, ҳар бир китобда, гарчи шеърий сатрлар бир хил бўлса-да, руҳан янгиланишга интилганини илғаймиз.

«Очиқ кунлар» номли китобида шеърий фикрлар очиқ бўлса, «Юрак қирралари» тўп­ламида фикр табиат билан уйғунлашиб, манзаралар орқали очилади.

Шавкат Раҳмон Москвада ўқиб, кўп­лаб чет мамлакатлар адабиётини, хусусан, испан шеъриятини ўрганиб, шеъриятимизни янгилашга катта ҳисса қўшган. Унинг ижодида, оз бўлса-да, эркин вазндаги шеърлар учрайди. Шоир бу шаклни унчалик хуш кўрмаганиданми, ёхуд ёзаётганлигидан кўнгли тўлмаганиданми, асосан бармоқ вазнида, вазмин оҳангда шеърлар ёзган. Қизиқ, «бармоқ»даги айрим шеърларнинг шаклини ўзгартиришданми, шеърга бошқача руҳ бахш этишгами эркин сатрларни сингдирган. Ҳаттоки, бир сўз ҳам бир мисра вазифасини ўтаб, шеър оҳангдорлигини янада кучайтирган. Бу тажрибани у «Зангори овоза» номли биринчи китобимга муҳаррирлик қилганида менга ҳам ўргатган эди. Ўша-ўша, «бармоқ»даги шеърларимда ҳозиргача, ўринли бўлса сўзларни, сатрларга сочиб юбораман.

Ҳа, Шавкат Раҳмон шеърияти мавзулари асрлар, йиллар, лаҳзалар ичра ўқиладиган шеърият. Шундай, ҳақиқий санъатга айланган асарлар қўлдан-қўлга, юракдан-юракка кечаверади. У ўлмас шеъриятдир.

Севимли шоиримиз Шавкат Раҳмон ўзининг шеърларига қанчалик талабчан бўлган бўлса, ўзгаларнинг ҳам қўлёзмасига шунчалик синчков кўз ташлар эди. Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида муҳаррир бўлиб ишлаётганида унга берилган қўлёзма бўш, бадиий заиф бўлса, муаллифи ким бўлишидан қатъи назар, қайтарарди, — муҳаррирликдан бош тортар эди. У шеърият бўлими мудири вазифасида иш юритганида қўлёзмаларнинг тозаланиш, сараланиш даври бўлган эди. У Адабиётнинг покланишига, Шеърият ривожига Абдулла Қаҳҳор монанд ўз ҳиссасини қўшди. Ҳа, Шавкат Раҳмон диёнатли, виждони пок, ўз вазифасини суиистеъмол қилмас, бетакрор шоир, одил муҳаррир эди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси «Дўрмон» ижод боғи ҳудудидан бир қанча ижодкорлар учун «дала ҳовли» қуришга ер ажратганда, Шавкат Раҳмонга ҳам жой берилган эди. Мен кўп бор гувоҳ бўлганман, уй қуриш учун тупроқни бир ўзи белкурак билан қазиган. Чарчаганидан захда ётиб ҳам қоларди. Оқшомлари кўпинча менинг автоуловимда шаҳарга қайтар эдик. Йўл суҳбатимиз адабиёт ва оиламиз келажаги мавзусида бўлар эди. Шавкат ака оиласини қадр­лар, севар эди. Ҳар бир фарзандининг ташвишида яшар эди. Шода-шода терлари сингиган ўша дала ҳовлида бугун Шавкат Раҳмоннинг оила аъзолари, аёли Манзура опа бошчилигида истиқомат қилишмоқда. Ўша боғ ҳовли ва Ватанимизнинг чексиз сарҳадларидан шоирнинг мағрур шеърий овози таралаётир. Ҳа, ҳақиқий шеърият, ўз овозига эга. Шоир овози асрлар оша жаранглаб тураверади.

Турсун Али

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eight − five =