Виждонимиз

Фараз қилайлик, яна айтаман, фараз қилайликки, мен бирор бош­қарма бошлиғининг муовиниман. Вилоят миқёсидаги. Дейлик, коммунал хизмат бошқармасининг. Чекка туманнинг чекка ҳудудидаги кўп қаватли уйларни куз-қиш мавсумига ҳозирлаш керак. Бунинг учун миллионлаб фуқароларнинг пешона тери билан топган ҳалол маошидан тўлаган солиқларидан шакллантирилган бюджетдан миллионлаб маблағ ажратилган. Пешона тери билан топган ҳалол луқма деганимга ҳайрон бўлаяпсизми? Ҳа, бюджетнинг маблағларида заррача ҳаром аралашмаган бўлади. Ҳа-да ё бирон ким олган порасининг 12 фоизини давлатга тўлайдими?!

Хуллас, уйларни таъмирлаш, томларни яхшилаш, зарурини алмаштириш керак. Бунинг учун керакли ҳамма маблағ бор. Нақди нақд турибди. Лекин уста йўқ. Яъни, уйларни таъмирлаб, томини яхшиловчи уста. Мардикорга пул ўтказиш орқали ҳақ тўлай олмасам. Демак, давлат рўйхатидан ўтган бирор фирма ё корхонани топишим лозим. Бунинг учун эълон беришим керак бўлади. Шундай фирма ҳам топилди. Ишларни сифатли бажарди. Хизмат ҳақини пул ўтказиш йўли билан ҳисоб-рақамига ўтказиб бердим.

Вақт бир ерда тўхтаб турмайди. Вақт билан баробар таъмирланган уйлар ҳам. Кейинги йил яна таъмирга эҳтиёж бор. Яна эълон бериш, фирма қидиришга тўғри келади. Лекин… Лекин ўшандек фирмани ўзим очсам-чи? Масалан, бирор яқин қариндошим, боринг ана тўнғич ўғлим номида. Қандай эмас, қанддай бўлади! Ҳар йили вилоятда ҳазилакам уйлар таъмирланади, дейсизми? Ҳар бирига фирма қидириш даҳмазасидан қутуламан, бу — бир; қўшимча даромад ўзи келади, бу — икки; хизмат ҳақини ошириб қўйсам, ҳеч зоғ билмайди, бу — уч. Пул топишнинг шунақа йўли ҳам бор экан-да, биродар.

Ана энди ишни кўраверинг. Қарангки, таъмирталаб уйлар ҳам кўпайиб қолди. Ҳаммасини куз-қиш мавсумига тайёрладик. Аммо, ишни са-а-алгина пишиқроқ қилмасак, ҳеч ким эътибор ҳам бермас экан.

Ишимиздан оз-оз сифатни озайтирдик. Лек, хизмат ҳақига тегинганимизча йўқ. «Биров билмади». Яна такрор шундай қилдик. Яна ҳеч ким сезмади.

Ишимизу фирибимиз юришгандан юришди. Киссаларимиз қаппайганидан қаппайди. Ҳатто, қўшимча чўнтак тиктирдик камзулларимизга.

Бир куни бошлиққа бу қилмиш маълум бўлиб, нақ кирдикорим фош бўлаёзди. Магар бошлиқнинг камзулидаги қўшимча чўнтакка улуш солмаганимда бошимда ёнғоқнинг шохи синарди. Бошлиқ билан сўзимиз бир ердан бўлганидан кейин кетмонимиз учгандан учди. Шу қадар учдики, бизга туз-насиба берган Она Ердан узоқлашдик, бизга туз-насиба берган Она Элни ёддан чиқардик. Бошлиқнинг аймоқларига ҳам фирмалар очдик. Порталга тушган чала таъмир кўрган уйларнинг шикоятларини «Дастурга киритилмоқда…» дея ёпди-ёпди қилдик. Аммо…

Аммо бир куни терговга тушдик.

Сўроғимиз оғир кеч­ди. Терговчи ҳар ишимиздан воқиф чиқди. Ҳар босган қадамимиз унга маълум эди. Ҳар фирибимиз унинг қайдига ёзилган. Бу терговдан ал-омон чиқмоқ мушкул кўринарди. Чунки… терговчи — ВИЖДОНИМИЗ эди.

Ҳақ таоло ҳузурида, Виждонимиз олдида Ўзи юзимизни ёруғ қилсин!

Фаразга келсак, мендан на бошқарма бош­лиғи, на бошқарма бош­лиғининг муовини чиқади. Қўлимдан бунақа ишлар келмас экан. Ҳатто, хаёлим ҳам дош беролмаяпти бунга.

Отабек Исроилов.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

10 + seven =