Ижтимоий ҳаёт ва маданият муаммолари

Мамлакат — яхлит комплекс, ундаги барча соҳалар, институционал тизимлар бир-бирига узвий боғланган Бу эса мажмуавий ёндашув­ни, яъни барча соҳалар, тизимлар ва институтларга, улардаги ижтимоий муаммоларни ўрганишга яхлит ёндашишни тақозо қилади. Бундан ташқари, маданиятнинг универсал хусусияти, ижтимоий борлиқнинг барча соҳаларига, инсон ҳаёти ва фаолиятининг барча томонларига сингиб кетгани мавзумизга комп­лекс ёндашишни шарт қилиб қўяди.

Илмий адабиётларда маданиятни маънавий маданият ва моддий маданиятга классификация қилиш устувор ёндашиш бўлиб келган. Тўғри, унинг кейинчалик семиотик, этнологик, этнографик, лингвистик, антропологик, социологик, тарихий, феноменологик жиҳатлари ҳам алоҳида воқелик сифатида ўрганила бошланди. Бироқ маданиятнинг универсал ва комплекс хусусиятга эга ҳодиса экани инкор қилинган эмас. Баъзи адабиётларда маънавиятни маданиятдан алоҳида воқелик сифатида талқин қилишга интилиш учрайди, аммо улар ҳам пировард натижада маданиятнинг универсал, комплекс воқелик эканига иқрор бўлишади.

Ҳудудлар “жамият” деб аталган мураккаб инс­титутнинг бир қисми, йўналишидир. Унда икки — умумийлик ва хусусийлик мужассам.

Умумийлик жамият, халқ, миллат, давлат ва инсониятга хос белгиларни ифода этса, хусусийлик “умумийдан фарқлананувчи, ўзининг ички имманент белгиларига эга, нисбатан алоҳида мавжуд” объектдир. Нисбатан алоҳидалик хусусийликнинг, бизнинг мисолимизда, ҳудуднинг бош белгисидир.

“2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”даги етти устувор вазифаларга ижтимоий-маданий ривожланиш мақсади сингдирилган. Устувор вазифалар “инсон қадри учун” тамойилига, халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш, фаол фуқаролик жамиятини шакллантириш асосига қурилгани таъкидланади. Булар моҳиятан ижтимоий-маданий характерга эга талаблар ва вазифалардир. Шу билан бирга, устувор йўналишларнинг бешинчиси бевосита ижтимоий-маданий тараққиётга тааллуқли. У “маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш” деб белгиланган. Бу ўринда “маънавий тараққиётни” баъзи тадқиқотчилар қилганидек, “илоҳий нур” каби мифотеологик талқин қилмаслик керак, у моддий ва маънавий бойликлар йиғиндисидир. Шундай кенг талқин қилинса, “маънавий тараққиёт” тушунчаси жамият ҳаёти, реал ижтимоий муаммолар, инсон қадри, фаоллиги, турмуш фаровонлиги ва ахлоқий-маънавий императивлар, қадриятлар, моддият билан боғлиқ, умуман, моддий ва маънавий бой­ликлар йиғиндиси эканини тўғри англаймиз.

“Тараққиёт стратегияси”да инсон қадрини улуғлашга қаратилган дастлабки тадбирлар сифатида ижтимоий ҳимоя тилга олинади. Унда 2026 йилгача эҳтиёжманд аҳоли ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам билан тўлиқ қамраб олиниши кераклиги юклатилган. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоя­тида 1-4-синф ўқувчиларини бепул нонушта ёки тушлик билан таъминлаш белгиланган. Ижтимоий ҳимоя давлатнинг социал функцияларидан бири, у давлатнинг халқпарварлиги ифодасидир. Аммо ижтимоий ҳимоя текинтомоқ шахсларни шакллантириш омили эмас, балки уларни ижтимоий-иқтисодий ҳаётга қайтариш, тайёрлаш усулидир. У паллиатив хусусиятга эга чора.

Тараққиёт стратегияси ҳудудларни ижтимоий-маданий ривожлантиришни маҳаллалар билан боғлайди. Уларни фаоллаштириш учун 8 та устувор йўналишлар белгиланган. 6-йўналишда “маҳалла ҳудудларида давлат-хусусий шериклик асосида спорт ва маданий иншоотлар, ижодий клублар, бандликка кўмаклашиш ва ўқитиш марказлари, тадбиркорлик объектлари каби инфратузилмалар яратиш бў­йича чора-тадбирлар амалга оширилсин”, деб кўрсатилган. Бу маҳалла ҳудудининг ижтимоий-маданий ривожланишига туртки беради. Шу билан бирга, маҳалла институтини ҳудудни ижтимоий-маданий ривожлантиришнинг бош субъектига айлантириш ҳақида бош қотириш керак. Маҳалла институтини жорий этиш ва ривожлантириш босқичларини ўрганиш кўрсатадики, у ҳали ҳудудий муаммоларни ҳал этишга қодир институтга айлантирилмади, унга маҳаллий ва марказий идоралар таз­йиқи ҳамон кучли. Бугун у оилавий низоларни ечиш, ободонлаштиришда қатнашади, холос.

Маҳаллани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, маданий хизматлар инфратузилмасини яратиш, тураржойлар комплекси барпо этиш, йўллар ва объектларни таъмирлашда у деярли ҳеч қандай таъсир ўтказолмайди. Маҳалла институти ҳокимларга қарам, уларнинг югурдаги бўлиб қолмоқда. Маҳалланинг юридик статусини қайта кўриб чиқиш, уни ташқи тазйиқлардан халос қилиб, ҳудуднинг чинакам эгасига айлантириш зарур.

Тараққиёт стратегиясига мувофиқ маҳаллаларда янги институт — ёшлар билан ишловчи 9 300 дан зиёд ёшлар етакчиси лавозими жорий этилди. У маҳаллаларни фаоллаштиришга хизмат қилишга даъват этилган. Жойларда маълум бир тажрибалар ҳам тўпланган. Маҳалла-туман-вилоят- республика вертикали шакллантирилган. Минг афсуски, бу борада ҳам ҳали аниқлик етишмайди. Ёшлар етакчисининг юридик статуси аниқ эмас, унинг ҳудудларни ижтимоий-маданий ривожлантиришдаги ўрни ва вазифалари, фуқаролар йиғини, маданият марказлари ва бўлимлари, мактаблар, ўқув юртлари, ўзини ўзи бошқариш органлари билан функционал алоқалари доираси белгилаб берилмаган. Умуман, ҳудудларни ижтимоий-маданий ривожлантириш кимнинг вазифасига киради? Бир қарашда бу вазифани Маданият бошқармалари ва бўлимлари бажариши керакдек, аммо уларнинг бу борадаги ҳуқуқий, молиявий, архитектура-қурилиш, санитария, йўл-транспорт, иқтисодий зоналар каби кўплаб тизимлар билан алоқалари   ойдинлик талаб этади. Шундай аниқ меъёр ва талабларнинг ишлаб чиқилмагани туфайли баъзи тарихий-маданий объектларга қарашли ерлар ва бинолар тадбиркорларнинг хусусий мулкига айлантирилган. Менинг фикримча, зиддиятларга тўла маданият соҳасидаги ушбу муносабатларни миллий тараққиётимизга мувофиқ келадиган қонунлар тўплами — Маданият кодексини қабул қилиш орқали ҳал этиш мумкин.

Президентимизнинг 2022 йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ёшлар билан боғлиқ қатор ҳудудий аҳамиятга эга муаммолар кун тартибига қўйилган. Унда ёшлар муаммоларини бевосита маҳаллаларда ҳал этиш зарурлиги кўрсатилган. Моҳиятан бу қарор ёшларнинг ҳудудий-маданий ҳаётини тубдан такомиллаштиришга қаратилган. Ёшлар етакчилари зиммасига:

— маданият ва санъатни тарғиб қилиш;

— соғлом турмуш тарзи ва спортни оммалаштириш;

— ахборот технологияларидан самарали фойдаланишни ташкил қилиш;

— маънавият ва китобхонликни тарғиб қилиш;

— ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш;

—тадбиркорлик ғояларини қўллаб-қувватлаш каби вазифалар юклатилган.

Уларни ташкил этиш ва ғоявий-тарбиявий аҳамиятини оширишда, аввало, маданият муассасалари иштирок этади. Бусиз асло мумкин эмас. Демак, ёшлар етакчилигига маданият ва санъатдан хабардор, бу соҳаларда махсус маълумотга эга ёшлар сайланиши даркор. Ҳудудлардаги ижтимоий-маданий ҳаётдан ва муаммолардан яхши хабардор бўлган ёшларни маҳаллий ҳокимият Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига йўлланма бериш ёки малака ошириш курсига юбориш тартибини жорий қилиш мақсадга мувофиқдир.

Ёшлар етакчисининг функциялари, Президентимиз қарорида кўрсатилганидек, Маданият марказлари билан ўхшаш. Улар ўртасидаги фарқ кам. Маданият марказларининг тадбирлари кенг аҳолига, ёшлар етакчилариники эса ёшларга йўналтирилган; биринчиси Маданият вазирлигига, иккинчиси маҳаллий ҳокимиятга бўйсунади. Аммо иккала тизим ҳам ҳудудни ижтимоий-маданий ривож­лантиришга хизмат қилади. Асосий функ­цияларининг яқинлиги уларни ҳамкорлик қилиб ишлашга ундайди. Бизда ҳокимиятга яқин ҳар қандай шахс­­ни, лавозимни мутлақлаштиришга интилишдек стереотип мавжуд. Эсда тутиш керакки, тадбиркорлар билан ишлашга даъват этилган ҳоким ёрдамчилари ҳам, маҳаллалардаги ёшлар етакчилари ҳам аҳоли ва ёшлар ўртасида маданий, тарғибий, тарбиявий ҳамда ташкилий ишларни олиб борувчилардир. Улар маданият ходимлари тажрибасига таянишга, улар билан ҳамкорлик қилишга мажбур. Ушбу ижодий ҳамкорлик пировард натижада ҳудудни ижтимоий- маданий ривож­лантиришга олиб келади.

Ҳудудларни ижтимоий-маданий ривожлантиришда иқтисодиёт соҳасининг роли катта. Иқтисодиёт яратадиган моддий неъматлар, бинолар, майдонлар, уй жиҳозлари ўз навбатида моддий маданият намуналаридир. Шунинг учун ҳар қандай иқтисодий фаолият, моддий неъматлар маданиятшунослар предмети бўлиши мумкин. Иқтисодий-маданий жараёнларсиз умумий, ижтимоий тараққиёт йўқ. Демак, маданият иқтисодиётдан нафақат предметини қидиради, шунингдек, уни ўзининг таъсири, элементлари ва социогуманистик мероси билан бойитади. Шу тарзда иқтисодиёт бир томондан, инсоннинг биологик, физиологик ва социал эҳтиёжларини қондирса, иккинчи томондан, маданият таъсири остида инсон ён-­атрофини гўзаллаштиради, турмушини фаровон қилади, табиий бойликларидан самарали фойдаланиб, урбанизацион ва цивилизацион тараққиётни таъминлайди.

Бугун юртимизда иқтисодиётнинг янги-янги йўналишлари, объектлари ва тузилмалари пайдо бўлмоқда. Масалан, 180 та маҳсулот чиқараётган Ангрен, 160 га яқин турли маҳсулотлар чиқараётган Навоий эркин иқтисодий зоналари йирик комплекслар ҳисобланади. Шунингдек, бугун Республикамизда тадбиркор ёшларнинг 186 та иқтисодий савдо-сотиқ, ишлаб чиқариш ва турли хизматлар кўрсатувчи марказлари, ҳар бир туман ва шаҳарларда IT парклар, 2 мингдан ошиқ “Обод маҳалла”, “Обод қишлоқ”, янги “сити”-марказлар, тураржой массивлари қад кўтарганки, уларнинг ҳар бири маданият муассасалари учун тайёр аудиториядир. Аммо улар ижтимоий-маданий жараёнларга жалб этилаётганича йўқ. Тўғри, айрим янги массивлар ва IT паркларда пуллик хизматлар кўрсатувчи компьютер тузатувчи устахона, ўқув заллари, ўқув қуроллари сотувчи масканлар, аксарият янги массивлар олдида очиқ спорт майдонлари, саломатлик йўлаклари бор. Бу жойларга ҳали маданият марказларининг назари тушмаган. Ушбу иқтисодий соҳалар ва янги массивлардаги аҳолининг дам олишини уюштириш, уларда миллий маданият ва санъатга қизиқиш уйғотиш маданият ходимларимизнинг вазифаси ҳисобланади. Бироқ маданият ва санъат ходимлари иқтисодиёт талабларини ўрганишдан йироқда. Рақамли иқтисодиёт концепциясини олайлик. Бу қандай воқелик? У иқтисодий ривожланишимизга нималар беради? Бу борада қандай билимларга эга бўлиш даркор? Ушбу муаммоларни ҳал этишга маданият муассасалари ҳам ўз ҳиссасини қўшиши зарур. Республикамизда 600 мингга яқин тадбиркорлик субъектлари мавжуд, аммо уларнинг маънавий эҳтиёжларини қондириш маданият ва санъат ходимларининг вазифасига ҳали айланмади. “Рақамли Ўзбекистон — 2030” концепциясини тарғиб этиш биз, маданиятшунослар учун ҳам улкан изланишлар майдонидир. Биз иқтисодиётга қандай хизмат қилсак, у ҳам бизга шундай хизмат қилади, бизни моддий қўллаб -қувватлайди. Иқтисодиёт — маданият драйвери, уни ҳудудларни ижтимоий-маданий ривожлантиришга йўналтириш маданият ходимларининг ҳам вазифасидир.

Ҳудудларни ижтимоий-маданий ривожлантиришда ҳар бир соҳа, институт ва объектнинг ўрни бор. Жамиятимиз ҳаётида, кишиларимиз онгида “Учинчи Ренессанс” ғояси шаклланмоқда. Бу улкан мавзу, муаммо.

Уни позитив воқеликка айлантириш учун бутун интеллектуал салоҳиятни, ижодий кучларни ҳаракатга келтириш зарур. Бу борада ҳам маданият ва санъат ходимлари бирор ташаббусни илгари суришгани йўқ ҳали. Жамиятни тубдан янгилашга қаратилган Янги Ўзбекистон ғоясини кенг оммалаштириш ва объектив воқеъликка айлантириш борасида ҳам соҳамиз ходимлари орқада қолмоқда. Ижтимоий ҳаётдаги янгиликларни тез илғаб, уларни маданият ва санъат воситалари орқали оммалаштириш бизнинг асосий вазифамиз эмасми ахир? Назариямиз бизни ижтимоий ва ижодий фаол, ён-атрофимиздаги янгиликларга ҳозиржавоб бўлишга, фидойилик кўрсатиб, элни, оммани юксак маданиятли, гўзал ахлоқли ва ватанпарвар қилишга ундайди. Аксарият маданият ходимларимиз маоши пастлигидан, муассасалари эски, асбоб-ускуналар, воситалар етишмаслигидан нолишади. Бу касбий стереотипга айланган. Менинг фикримча, бу касбий ва маънавий-ахлоқий заифлик белгиси, у маданият ходимига ярашмайдиган қусурдир.

Комплекс ёндашув ҳудудлардаги   ҳар бир институтга, объектга мувофиқ келадиган ижтимоий-маданий вазифаларни белгилаб олишни тақозо этади. Инчунун, маданият ва санъат соҳаси ижтимоий ўзгаришлардан орқада қолмаслиги, балки уларни тез илғаб олиб, янгиланишлар тарафдори ва жарчиси бўлиши керак.

Виктор АЛИМАСОВ,

фалсафа фанлари доктори

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × five =