Журналистика музейи ташкил этилса…

Яқинда “Маданий мерос” агентлиги пойтахтимиздаги “Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси” биносида   “27 iyun – Маtbuot va ommaviy axborot vositalari kuni” номли кўргазма ташкил қилди. Кўргазмалар фойесидан мамлакатимиз матбуоти, радио ва телевидениеси тарихига оид кўплаб экспонатлар жой олди ва айтиш лозимки, тарих саҳифаларида акс этган ҳар бир ҳужжат, қўлёзма ва суратлар ташриф буюрган иштирокчиларда жуда катта таассурот қолдирди. Ҳали кўпчиликка маълум бўлмаган ноёб тарихий лавҳалар акс этган ва бир неча кун давом этган ажойиб кўргазмадан ёшу қарининг кўнгли тўлди десак, ҳеч бир муболаға бўлмайди.

Ўзбекистон журналистикаси 150 йилдан зиёд тарихга эга. Туркистонда 1872 йилда илк бор ташкил этилган “Туркистон вилоятининг газети”дан сўнг ўтган даврда яна қанчадан-қанча газеталар, журналлар чоп этилди. ХХ асрнинг бошларида миллатнинг гули бўлган жадид боболаримиз Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Абдулҳамид Чўлпон томонидан, аввало, халқни кундалик янгиликлардан хабардор қилиш, қолаверса, уларнинг орасида илм, маданият, маърифат тарқатиш мақсадида ташкил этилган “Тараққий”, “Ҳуррият” “Хуршид”, “Тужжор”, “Самарқанд”, “Садои Туркистон”, “Садои Фарғона”,”Шуҳрат”, “Ойина” каби нашрлар ташкил этилгани, омма томонидан илиқ кутиб олинган бу босма нашрлар ўзида шўро тузумининг жирканч манфаатларини ифода этмаганликлари сабабли узоқ умр кўрмаганлари, газета ташкил этганларнинг эса бошига тушган кулфату ғавғолар баёнининг ўзини бир неча китоб қилса арзийди.

Илк бор бундан 105 йил муқаддам Туркис­тонда “Иштирокиюн” газетаси ташкил этилди, бу республиканинг биринчи газетаси бўлиб, “Қизил Ўзбекистон”, “Совет Ўзбекистони”, “Ўзбекистон овози” номлари билан узоқ ва машаққатли йўлни босиб ўтди. Атоқли адиб, журналист Шароф Рашидов бош муҳаррирлик қилган, Ғафур Ғулом, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Зулфия, Саид Аҳмад, Одил Ёқубов каби ўзбек халқининг атоқли адибларининг сара мақола, очерклари босилиб чиққан, маҳоратли журналист, ёзувчилар етишиб чиқишига ўзига хос мактаб ҳисобланган бу довруғли нашр ҳақида қанча ёзса, гапирса ҳам оз.

Яқинда ўзининг 90, 100 йиллигини нишонлаш арафасида турган мамлакатимиз газета ва журналлари ҳақида ҳам ана шундай илиқ сўзларни айтиш мумкин.

1927 йилнинг феврали Ўзбекистонда мунтазам радиоэшиттиришлар бошлангани билан тарихда муҳрланиб қолди. Ўзбекистон – телевидениенинг ватани, пойтахт Тошкент эса у илк ихтиро қилинган шаҳар. 1956 йилнинг 7 ноябри. Бу қутлуғ сана – яъни Ўзбекистонда илк телевидение кўрсатувлари бош­ланганини тарих саҳифаларида зарҳал ҳарфлар билан дарж этса арзийди. Радио ўзининг қарийб юз йиллик тарихий фаолиятида ноёб овоз соҳиблари Қодир Маҳсумов, Туйғуной Юнусхўжаева каби қатор дикторлар, қўлтиғида репортёри, қўлида микрофони билан республикамизнинг энг чекка ҳудудларидан ҳам бир-биридан мазмунли, жарангдор эшиттиришлар тайёрлаган ажойиб овоз соҳиблари учун катта мактаб бўлди. Йигирманчи асрнинг мўъжизаси бўлган телевидение ўзининг жонли овози, жозибадор тасвири ва яна бошқа қатор хусусиятлари билан ҳар бир ўзбек хонадонининг тўридан жой олди. “Зангори экран” фидойилари, улар босиб ўтган қарийб 70 йиллик тарихий йўл ҳақида китоблар яратилди, илмий ишлар ёзилди, жуда кўплаб илмий, публицис­тик мақолалар эълон қилинди. Аммо санъат ва журналистикани ўзида мужассам этган телевидение, ундан етишиб чиққан истеъдодли дикторлар, бошловчилар, ҳар бир кўрсатув тайёрлашда бош-қош бўлган режиссёрларнинг машаққатли меҳнати-ю ва шавқ-завқлари ҳақида яна кўп ва хўп ёзса арзийди.

Ана шу босиб ўтилган йилларнинг ҳар бири – газета саҳифасида босилган мақола, радио орқали эфирга узатилган эшиттириш, телевидение орқали намойиш этилган кўрсатув заҳматкаш журналистларнинг қалб қўри, пешона тери эвазига юзага келган. Айтиш лозим, бу ижод маҳсулларининг ижтимоий ҳаётимиз ривожида, таълим-тарбияда ўз ўрни, таъсири бўлган. Ҳа, ҳар бир таҳририят ёки муҳарририятда дастлабки ижодини хабар, кичик мақола ёзишдан бошлаган ёш мухбир, йиллар ўтиб, таниқли журналист, қалами ўткир публицист, жозибадор овоз соҳиби – радиожурналист, таъсирчан кўрсатувлар тайёрлайдиган маҳоратли тележурналистга айланди. Газета, радио, телевидение таҳририятларида маҳоратли журналистлар мактаби шаклланди, ёшлар илк ёзиш сабоқларини ана шу мактаблардаги устозлардан олдилар ва катта авлод вакиллари анъаналарини давом эттирмоқдалар. Устоз-шогирд анъаналари бардавомлиги ҳам ана шунда.

Ижод қилиш, изланиш, ёзиш… Бу машаққатли касб ҳақида машҳур ёзувчи, таниқли ижодкорларнинг фикрлари, хотираларини ўқиганмиз. Албатта, бу ҳақда бундан кейин ҳам ёзилади, айтилади. Чунки ҳар бир мақола ортида инсон тақдири ётиши, ҳар бир эшиттириш, кўрсатув қанчалик меҳнатлар эвазига юзага келишини шу соҳада ишлаган, унинг азобини тортиб, ширин дамларини ҳис қилган журналист билади. Айтиш керак, қалб қўри билан ёзилган ҳар бир мақола, бор куч, иқтидори эвазига тайёрланган ҳар бир эшиттириш ёки кўрсатув ўзининг мазмун-моҳияти, таъсирчанлиги билан минглаб муштарий, тинг­ловчи ва томошабинларнинг эътибори ва эътирофига сазовор бўлади. Айниқса, дунёда ахборот маконлари кўпайиб, глобаллашув жараёнлари ривожланиб кетган бир даврда мухбир, журналистнинг холис фикри, мунозарали мақоласи, муаммоли эшиттириш, ёки кўрсатувини тақдим этиб, яхши обрўга эга бўлиши шунчаки осон иш эмас. Биз фикрлар хилма-хиллиги ривожланган мамлакат, рақобатлар майдони кенгайган бир даврда яшаяпмиз. Шундай экан, фикр-мушоҳадамиз, ижодий маҳсулимиз ҳам шунга яраша бўлиши керак. Қолаверса, ҳозирги ўқувчи, тингловчи, томошабин, ҳар куни ижтимоий тармоқларни кузатиб, улардаги янги, муҳим маълумотлардан мунтазам хабардор бўлиб борадиган обуначи танлаб ўқиб, танлаб эшитиб ва танлаб кўриш имкониятига эга. Катта меҳнатлар эвазига юзага келган кичик бир мақола, қисқа эшиттириш ёки кўрсатув бўлсин, ўзининг мазмуни ва аҳамияти билан тарихда қолади. Иборали қилиб айтганда, ҳар бир ортда қолган кун, кундалик ҳаётимизда рўй берган катта-кичик воқеа, вақт ўтгач, тарихга айланади.

Айтилганлардан хулосамиз шуки, узоқ ва бой тарихга эга, машаққатли ҳамда шарафли йўлни босиб ўтган Ўзбекистон журналистикасининг ўтмишини ёрқин ифодалаб турадиган музей ташкил қилинса, мақсадга мувофиқ бўлур эди. Ўзбекистондаги бу соҳадаги тажриба ҳақида қисқача тўхталиб ўтмоқчимиз. Масалан, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг биносида радио ва телевидение тарихини ёрқин ифодалаб турадиган бой музей ташкил этилган. Аммо режим асосида фао­лият юритадиган ташкилот бўлганлиги боис, бу бинога ҳамманинг ҳам кириш имкони йўқ. Самарқандда матбуот музейи ташкил этилган. Ўзбекистон журналистика ва оммавий ахборот коммуникациялари биносининг қаватларида ҳам Ўзбекистон журналистикаси тарихидан ҳикоя қилувчи газеталар, юртимизда илк бор пайдо бўлган ва қўлланилган радио ҳамда телевидение техникаларидан намуналар қўйилган. Булар биз билганларимиз.

Агар назарда тутганимиз, алоҳида журналистика музейи ташкил қилинса, албатта, ундан журналистикамизнинг ўтмиши ва яқин тарихини ёрқин ифода этадиган турли газеталар, журналлар, босма ускуналар, радио, телевидениега оид кўплаб расмлар, аудио, видео ёзувлар жой олади. Тасаввур қилинг-а, музейга кириб келдингиз. Табиат инъом этган соҳир овоз эгаси Қодир Маҳсумовнинг иккинчи жаҳон уруши тугагани ҳақидаги жиддий, қалбларга титроқ соладиган залворли овози жаранглаб турибди. Шундоққина рўпарангизда эса телеэкран орқали Ўзбекистон телевидениесининг биринчи диктори Иқбол Олимжонова томонидан айтилган илк сўзлар жаранглаб турибди: “Ҳурматли ўртоқлар! Бугун барчамизда ниҳоятда қувончли кун. Шу дақиқадан бошлаб, нафақат Ўрта Осиёда, балки Шарқда илк телемарказ ўз ишини бош­лади”.

Музей бўйлаб юришни давом эттирасиз. Кўзингиз оддий, ихчамгина патефонга тушади, қулоғингиз остида, буюк санъати, юксак истеъдоди, булбулдек овозини дунё тан олган Муҳиддин Қориёқубов, Ҳалима Носироваларнинг сеҳрли овозлари жарангларини ҳис қиласиз, беихтиёр ажойиб ҳиссиётлар қамраб олади, сизни. Ҳа, булар ўтган асрнинг 30-йилларидаги патефонлар. Лаппак (пластинка)ни қўйиб, учида игна қўйилган гўшакни секин туртиб қўйсангиз етарли, ён-атрофни майин куй садолари қоплайди. Кейин сизни илк бор кашф қилинган овоз ёзиб олиш ускунлари ўзига тортади. Уларнинг давомидан ўрин олган газета чиқаришга мўлжалланган босма ускуналар, замонавий телерадиоаппаратуралар, ёзиб олиш ва тасвирга олиш техникалари, монтаж столлари ҳақида-ку гап йўқ. Музейнинг кейинги хонасига ўтдингиз. Қарангки, бунда журналистикадек масъулиятли соҳада узоқ йиллар хизмат қилган кекса авлод вакиллари бисотларидаги ижод намуналарини тақдим этишибди. Яъни, таҳририят томонидан тажрибали мухбирнинг ижтимоий аҳамиятга молик танқидий-таҳлилий мақоласини газетанинг эртага чиқадиган сонига қўйиш режалаштирилган. Газета саҳифаланган, аммо “цензура” деган ташкилотнинг зардаси билан мақола газета саҳифасидан олиб ташланган. Газетада босилмай қолган мақоланинг асл нусхаси, ўзида тарих саҳифаларини муҳрлаган фотосуратлар, аҳамиятга молик ёзувли овоз ёки маълум сабабларга кўра, эфирга узатилмай қолган кўрсатувлар. Ҳали яна сиз, биз билмаган, сиру синоатга бой қанчадан-қанча қўлёзма, очилмаган қўриқ бўлиб ётган бир-биридан қизиқарли манбалар бор, ҳамкасбларимиз қўлида. Вилоятлардаги узоқ йиллар ҳаётини тунни тонгга улаб ижод қиладиган касб билан боғлаган кекса журналистларнинг архивларида ҳам музей учун яхши бир тарихий манба бўлишга арзийдиган қўлёзма, ҳужжат ва ашёлар бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Буларнинг ҳар бири музейнинг бой экспонатлари қаторидан муносиб жой олишга арзийди.

Ташкил этиладиган “Ўзбекистон журналис­тикаси музейи” республикамизда фаолият юритаётган 150га яқин музейлар ичида кенг оммага, келажагимиз бунёдкорлари бўлган ёшлар, айниқса, журналистикага қизиқувчиларга соҳа тарихини жонли тарзда ифода этадиган, қизиқарли манбалар, ёзувлар, турли хил ноёб ашёларга бой тарихимизнинг ҳали қирраси очилмаган сир-синоатли манбалар, замонавий техника, технологиялар асосида сўзлайдиган ва ҳар куни ёшу қарининг оёғи узилмайдиган кўргазмали маънавият ўчоғига айланишига шубҳа йўқ. Музей нафақат мамлакатимиз аҳолиси, шунингдек, узоқ-яқиндан ташриф буюрадиган сайёҳлар учун ҳам қизиқарли бўлиши табиий.

Юсуф ҲАМДАМОВ,

Ўзбекистон Миллий университети доценти,

филология фанлари доктори

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five − 3 =