МИБнинг “айблов ҳукми”

У ерда мени яна бир “сюрприз” кутаётган экан. Мен МИБга беш оклад жарима ва чироқни ёқтириш учун икки оклад тўлашдан ташқари яна туман электр таъминот идорасига уч миллион атрофида, аниқроғи 2 938 300 сўм жарима тўлашим лозимлигини маълум қилишди.

Мазкур йилнинг июль ойи бошлари эди, қоронғу тушиб бўлганида биз яшайдиган хонадонимизнинг эшиги тақиллади. Чиқдим. Кўча эшиги олдида уч киши, улардан бири маҳалламиз раиси туришар эди. Табиийки уларни уйга таклиф қилдим.

— Биз Миробод туман Мажбурий ижро бюросиданмиз, сизга тегишли электр ҳисоблагичнинг пломбаси йўқ экан, шунга далолатнома тузиш учун келдик, — дея улардан бири ҳужжатини кўрсатди ва ўзини Абдуолим Абдуризаев деб таништирди.

Маълум бўлишича, МИБ ходимлари кундузи ҳам уйимизнинг биз яшайдиган қаватига чиқишган ва зинапоя майдончасидаги электр ҳисоблагични текширишиб, пломбаси йўқлигини аниқлашган, маҳалламиз раисини эса гувоҳ сифатида бошлаб келишган экан. Бироқ, Абдуолим Абдуризаев айт­ган далолатнома деганлари бошимга катта ташвиш келтиради ва оиламиз учун ўта безовталикка сабаб бўлади, деб сира-сира ўйламаган эдим.

Хуллас, у далолатнома тузди. Сўнг:

— Хонадонингизга берилаётган электр энергияси ўчирилади, беш минимал оклад, яъни бир миллион ўн уч минг сўм миқдорида жарима ва яна икки минимал оклад, яъни тўрт юз қирқ минг сўм миқдорида кассамизга пул тўлаганингиздан сўнг сизга электр улаб берилади, — деди.

Бу гапни эшитиб, кимдир бошимга қаҳратон қишда совуқ сув қуйиб юборгандай бўлди.

— Мен нафақадаги одамман, аёлим ва беш яшар қизим бор. Бунинг устига электр ҳисоблагич ташқарида туради, кимдир уй йўлагида эҳтиётсиз ҳаракатлар қилганида пломба узилиб тушгандир, электр токидан қонунга хилоф фойдаланиш деган нарсани билмаймиз, фойдаланган электр энергияси учун пулни ҳар ойда канда қилмай тўлаб турибман, — деб тавалло қилдим.

— Бунинг иложи йўқ, — деб Абдуолим гапни қисқа қилди.

— Агар электр энергиясидан ўғрилик билан фойдаланган бўлсак, исботлаб беринг, айбимизга иқрор бўлайлик, — дедим ноилож.

Бу гапим Абдуолим Абдуризаевга мутлақо кор қилмади. Қандайдир қоғозларни қатъиятлик билан тўлдирди ва имзо қўйиш учун менга узатди. Мен у пайтда Абдуолим Абдуризаевни ўз соҳасини билимдони, тажрибали мутахассис, деб ўйлаганим, ҳатто яқингача прокуратурада терговчи бўлиб ишлаганини айтганини эшитганим, ташқарида турган электр ҳисоблагичнинг пломбаси йўқлигига ўзимни айбдор ҳисоблай бошлаганим учун у тузган далолатномага шартта имзо қўйиб бердим. Чунки у МИБ ходими, қонун ва меъёрий ҳужжатларни мендан кўра яхши билади, айни шу қонун ва меъёрий ҳужжатлар талабидан келиб чиқиб мен билан ҳуқуқий муносабатларга киришмоқда, деган хулосага келган эдим-да. Лекин бу хулосаларим нотўғри эканини, Абдуолим Абдуризаев мавжуд қонун ва меъёрий ҳужжатлардан анчайин бехабар эканини, ёки хабардор бўла туриб қасддан мени тўқиб чиқарилган айб билан ҳуқуқбузарлик содир этганликда айблаб, жаримага тортганини кейинчалик билдим.

Гапнинг очиғи, ўша пайтда ўзим ҳам қўйилган айб тўқиб чиқарилганини ва шу туфайли жаримага тортилганимни билмас эдим. Бўлиб ўтган воқеадан кейин шу ишга тааллуқли барча меъёрий ҳужжатларни топиб ўрганиб чиқдим ва шунинг учун ишонч билан айтаманки, Абдуолим Абдуризаев хонадонимга асоссиз равишда кириб борган, мени асоссиз равишда ҳуқуқбузарлик содир этганликда айблаган ва асоссиз равишда жаримага тортган ҳамда асоссиз равишда хонадонимиздаги чироқни ўчиртирган. Нима учун Абдуолим ноҳақ эканлиги тўғрисида эса сал қуйироқда алоҳида тўхталаман, албатта.

Хуллас, Абдуолим келган куннинг эртасига мен бошқа шаҳарга кетишим керак эди. Кетдим. Кетганимдан кейин эрталаб МИБ одамлари келиб чироқни ўчиришган. Аёлим ва беш ёшли қизим чироқ ўчирилганидан кейин уйни қулфлаб қариндошиникига кетишга мажбур бўлишган. Мен тўрт кундан кейин, якшанба куни уйга келдим. Уйда чироқ йўқ. Душанба куни МИБга бордим.

У ерда мени яна бир “сюрприз” кутаётган экан. Мен МИБга беш оклад жарима ва чироқни ёқтириш учун икки оклад тўлашдан таш­қари яна туман электр таъминот идорасига уч миллион атрофида, аниқроғи 2 938 300 сўм жарима тўлашим лозимлигини маълум қилишди. Ҳисоблаб кўрдим, битта пломба йўқлиги учун мен ҳаммаси бўлиб тўрт ярим миллион жарима тўлашим керак экан. Мен бир ярим миллионга етиб-етмай пенсия оламан, демак бу жарималар “гулдаста”сини тўлашим учун оиламиз емай-ичмай юрсак роппа-роса уч ой керак бўларкан.

Бир одам менга электр ҳисоблагич уйингизнинг ичида эмас, таш­қарисида бўлса, сиз тўламайсиз, деб қолди. Буни эшитиб, анча енгил тортдим. Миям ҳам сал тиниқлашди. Бу масалада ким билан гаплашишим керак деб сўрасам Ҳусниддин Рузумов деган суриштирувчига учранг, деб айтишди. Чунки ҳуқуқбузарликка оид ишим айнан шу суриштирувчи Ҳусниддинга берилган экан.

Ҳусниддин Рузумовнинг хонасига кириб, хонадонимга тегишли электр ҳисоблагич ичкарида эмас, ташқарида, зинапоя майдончасида жойлашган, шунинг учун мени жарималардан озод қилишингиз керак, деб айтдим. Лекин, тўғрисини айтсам, айтганимга минг марта пушаймон бўлдим. У сўзларимни эшитиб, қошларини чимирди, нигоҳини менга қаратиб, деди:

— Электрдан сиз фойдаланасизми?

— Мен!

— Телевизор кўрасизми?

— Кўраман!

— Холодильникдан (музлатгичдан демоқчи Ш.А.) сиз фойдаланасизми?

— Фойдаланаман!

— “Энергосбит” билан сиз шарт­нома тузганмисиз?

— Тузганман!

— Модомики шундай экан, жарималарни ҳам сиз тўлайсиз, — деб хулоса қилди у.

Ҳусниддин Рузумовнинг менга берган юқоридаги саволлари бир қарашда тўғри саволлар, аммо у шу саволларига асосланиб, мени айбдорга чиқармоқчи бўлганлиги нотўғри. Мени айблаш учун у саволлар бериши керак эмас, электр энергиясидан фойдаланишга доир ҳуқуқий ҳужжатларни кўрсатиб, менинг айбдорлигимни факт ва далиллар билан исботлаб бериши керак эди. Шундай қилганида мен ҳам: “Э, аттанг!” деб айбимга иқрор бўлиб тил тишлаб қолармидим. Бундай қилиш ўрнига эса у: “Жарималарни ҳам сиз тўлайсиз”, деб устимдан судья сингари “ҳукм чиқариб” қўяқолди.

МИБ суриштирувчиси Ҳусниддин Рузумов хонадонимизга боргани йўқ, лекин унинг қўлида Абдуолим Абдуризаев томонидан берилган далолатнома ва бошқа ҳужжатлар бор. Улардаги айблар, бугун бу гапни ишонч билан айтаманки, бошдан-оёқ тўқиб чиқарилган. У айни шу тўқиб чиқарилган айблар битилган ҳужжатларни ўқиб, менинг ҳуқуқбузар эканлигимга юз фоиз ишонч ҳосил қилди ва мени узил-кесил ҳуқуқбузарга айлантирди-қўйди.

Агар у Бош вазирнинг имзоси қўйилган ва 2018 йил 12 январда матбуотда эълон қилинган 22-сонли қарорни ўқиб, унга амал қилганида, албатта, бутунлай бошқача хулосага келган бўлармиди. Бахтга қарши, у мазкур меъёрий ҳужжатга мутлақо амал қилмади ёки амал қилишни истамади, унинг бош мақсади ноқонуний йўл билан бўлса ҳам жарималарни тўлаттириш бўлган.

Мен Ҳусниддиндан:

— Жаримани тўламагунимча чироқни ёқиб бермайсизларми? — деб сўрадим.

— Йўқ! — қатъий жавоб берди у.

Ҳафсалам пир бўлиб ўрнимдан туриб, чиқиб кетаётган эдим, Ҳусниддин тўхтатди.

— Агар чироқни биронта одам топиб ёқтиргудай бўлсангиз, устингиздан жиноят иши очамиз, шуни билиб қўйинг! — дея дағдаға қилди.

— Агар беш минимал жарима ва чироқни ёқиб бериш учун икки минимал жаримани бугун тўласангиз, чироқни ёқиб берамиз, қолган жаримани (у салкам уч миллионни кўзда тутаяпти) ўн кунга кечиктириб туришимиз мумкин, — деб қўшиб қўйди.

— Мен ўн кун ичида шунча пул топа олмайман, — деб гапнинг пўскалласини айтдим.

— У сизнинг муаммоингиз, — деди Ҳусниддин лоқайд.

Шу куни чироқни ёқиб беришларини сўраб Миробод туман Мажбурий ижро бюроси раҳбари ўринбосарига ҳам кирдим, МИБ Тошкент шаҳар идорасига  бориб раҳбарлар ҳузурида ҳам бўлдим. Ҳеч қанақа ўзгариш бўлмади. Хуллас, кечки пайт бир амаллаб қарз қилиб, беш минимал оклад ва чироқни ёқиб бериш учун икки минимал оклад миқдорида, салкам бир ярим миллион сўм жаримани тўлашга мажбур бўлдим. Шундан сўнг чироқ ёқилди. Чироқ ёқилгач, компьютер ёнига ўтириб, Бош вазир имзолаган қарорни қидира бошладим ва ниҳоят топдим.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 22-сонли қарори “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” деб номланган ва у 2018 йил 12 январда қабул қилинган экан. Мен ушбу қарорни синчиклаб ўқиб чиқдим, айниқса, унинг 98-бандидаги қоидаларга келганимда кўзим “ярқ” этиб очилгандай бўлди. Чунки Абдуолим Абдуризаев далолатномани мутлақо нотўғри, Бош вазир имзолаган қарорга хилоф равишда тузганини, Ҳусниддин эса қошларини чимириб, кўзларини менга қадаб бутунлай ёлғон гапирганини, уларнинг мақсади нима қилиб бўлса ҳам мендан мажбуран пул ундириш бўлганини ва ниҳоят, чироқни ўчиртириб қўйиб мени ва оиламни иложсиз аҳволга солиб қўйишганликларини билдим.

Яна шуни билдимки, Мажбурий ижро бюроси ходимлари беш минимал оклад миқдорида жарима ва икки минимал оклад миқдорида жарима ҳамда яна салкам уч миллион жарима, жами тўрт ярим миллион миқдорида жарима та­йинлаб, устига устак, чироқни ўчириб қўйиб менга нисбатан, нафақат менга, балки аёлим ва беш ёшли норасида қизимга нисбатан ҳам зўравонлик қиличини ишга солдилар. Чунки мен оилам билан яшаган хонадонда электр мажбуран ўчирилгани учун беш кун чироқ бўлмади. Мазкур қарорнинг 98-бандига биноан ташқарига ўрнатилган электр ҳисоблагичга зарар етказилганда мен, яъни истеъмолчи эмас, бошқа ташкилот жавоб бериши аниқ қилиб ёзиб қўйилган. Шунда бу қарорни МИБнинг масъул ходимлари Абдуолим Абдуризаев ҳам, Ҳусниддин Рузумов ҳам ўқимаган экан-да, шулар туфайли мен қасддан ҳуқуқбузарга айланибман, МИБ идораларида сарсон-саргардон бўлиб юрган эканман-да, деган аламли хулосага келдим.

22-сонли қарорнинг 98-бандида:

“Электр энергиясини ҳисобга олиш асбоблари зинапоя майдончаларида ўрнатилган тақдирда уларнинг сақланиши ва бутлиги учун хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати ҳамда тасарруфида уй-жой бўлган идора, ташкилот жавоб беради.

Зинапоя майдончаларида ўрнатилган электр энергиясини ҳисобга олиш асбобларига зарар етказилганда ёки ўғирланган тақдирда, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати ва идора, ташкилот уларни ўз ҳисобидан тиклаши шарт.

Кўп квартирали уйлардаги хонадонлар ва хусусий хонадонлар ичида ўрнатилган ҳисобга олиш асбобларининг сақланиши ва бутунлиги учун истеъмолчи жавоб беради”.

Ушбу 98-бандни, бахтга қарши, Абдуолим ва Ҳусниддин каби МИБ ходимлари ва яна баъзи бировлар ўқимаган, ўқиган бўлса ҳам уқмаганлар ёки мен ва менга ўхшаганларни мавжуд талабларга хилоф бўлса-да жарима тўлашга мажбур қилиб, ўзларини ишбилармон қилиб кўрсатмоқчи бўл­гандир. Лекин нима бўлганда ҳам МИБ ходимлари Бош вазирнинг қарорини очиқдан очиқ, қасддан инкор қилишгани исбот талаб қилинмайдиган фактдир.

Модомики, Мажбурий ижро бюроси ходимлари Бош вазирнинг қарорини очиқдан очиқ оёқ ости қилаётган экан, бу идора  Ўзбе­кис­тон Республикаси Бош вазиридан ҳам юқори турадими? Ёки у ишлайдиган ташкилот Ўзбекис­тон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорини хоҳласа бажарадиган, хоҳламаса бажармайдиган ҳуқуқга эга органми?

Мен бу саволларга жавоб топа олмайман. Лекин мен Асосий Қонунимиздан ҳуқуқий-демократик давлатда барча ишлар қонунлар асосида олиб борилиши лозимлигини биламан. Бироқ, Абдуолим ва Ҳусниддин каби МИБ ходимлари қонун ва меъёрий ҳужжатларга асосланмай, ўзбошимчалик билан иш юритишаётганларининг туб сабабларини билмайман.

МИБ ходимлари томонидан чиқарилган қарорлар ўша заҳоти кучга кириши ва хонадонга берилаётган электр энергияси дарҳол ўчирилиши ва белгиланган жарима тўланмагунча ёқиб берилмаслиги мажбурийми? Нима учун уларнинг қарорлари ижроси учун муддат белгиланмаган? Нима, улар суддан ҳам юқори турадими? Мамлакатимизда Маъмурий судлар институти ташкил этилган бўлишига қарамай нима учун фуқароларнинг маъмурий жавобгарлиги масаласини айни шу маъмурий судлар эмас, Абдуолим ва Ҳусниддин каби МИБ ходимлари ҳал қилишмоқда? Нега?

Охирги гапим шуки, МИБнинг ҳисоб рақамига мен ноқонуний равишда тўлаган жарима пулни ким қайтариб беради? Хонадонимиз беш суткадан кўпроқ электр энергиясини олишдан маҳрум этилганимиз ва бошимизга тушган руҳий азобларимиз учун маънавий зарарни ким ва қачон қоплайди? МИБнинг ўзими ёки ноқонуний текшириш олиб борган Абдуолим Абдуризаев ва ноқонуний жаримани тўлашга мажбур қилган Ҳусниддин Рузумовми?

Бунинг устига МИБ ходимлари Миробод туман электр таъминот идораси фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судига мазкур жаримани жавобгардан, яъни мендан ундириш тўғрисида даъво ариза киритди. Судда даъвогар вакилига сўз берилганда у бир марта эмас, бир неча марта: “Хонадон ичкарисига ўрнатилган электр ҳисоблагичнинг пломбаси йўқлиги учун…”, жарима белгиланганини таъкидлади. Мен: “Сиз электр ҳисоблагичнинг қаерга ўрнатилганини кўрганмисиз?” — деб савол берганимда у: “Мен ўзимга берилган ҳужжатлар асосида гапираяпман”, деб жавоб берди. Хуллас, суд ва даъвогарнинг вакили мен яшайдиган манзилга келишди ва электр ҳисоблагич хонадон ташқарисида ўрнатилганини ўз кўзлари билан кўришди. Шундан сўнг даъвогар вакили судга бошқа қорасини кўрсатмади.

Суд қонун талабидан келиб чиқиб ишни кўрмасдан қолдириш тўғрисида ажрим чиқарди.

Мен шу йил август ойида юқорида номлари тилга олинган МИБ ходимларининг ўзбошимчаликлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори номига ариза ёзган эдим. Орадан тўрт ойдан кўпроқ вақт ўтди, аммо нима учундир аризамга ҳалигача жавоб берилгани йўқ. Очиғи, бунга ҳам тушунмай турибман.

Яна бир гап. Менинг қонимни қайнатган ушбу воқеа бўлиб ўтганидан сўнг уч-тўрт кун ўтгач, электр ҳисоблагичларни янгисига алмаштириш учун МИБ номидан яна икки нафар одам хонадонимизга келди. Мен электр ҳисоблагични хонадоннинг ичига ўрнатиб беришни илтимос қилган эдим, улар: “Йўқ, электр ҳисоблагич фақат шу ерда туради!” — деб кескин жавоб беришди ва янги электр ҳисоблагични эскисининг ўрнига қўйиб кетишди.

Демак, бир кунмас бир кун яна Мажбурий ижро бюросидан Абдуолимга ўхшаган биронтасининг келиши ва Ҳусниддинга ўхшаган яна бири мени жаримага тортиши хавфи бартараф этилмабди-да, деб ўйладим.

Шоҳрух Акбаров,

ҳуқуқшунос-журналист.

Javob qoldiring

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 − 4 =