“Оққон — оғир касаллик, аммо бедаво эмас”

Инсон ҳаёти, хусусан, организмида қон ўта муҳим ўрин тутади. Шундай экан, қон билан боғлиқ касалликларнинг хавфлилигини тасаввур қилиш қийин эмас. Ҳозирги кунда айниқса, болаларда оққон касаллигининг ортиши кишини ташвишлантиради. Илмий тилда лейкоз деб аталадиган хасталикни даволаш, олдини олиш давомида нималарга эътибор қаратиш зарур? Қуйида шу хусусдаги саволимизга жавоб олиш мақсадида Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-­амалий тиббиёт маркази директори, тиббиёт фанлари доктори Абдураҳмон ҚАЮМОВ билан суҳбатлашдик.

—      Халқ орасида оққон деб юритиладиган қон раки, яъни лейкозни жуда мураккаб, давоси мушкул хасталик, деб эшитганмиз. Лейкозга чалинганларнинг сони йилдан-йилга ошиб бораётгани, айниқса, болаларда кўп учраётгани хавотирли. Бунинг сабаблари нимада? Ушбу касалликнинг наслдан-наслга ўтиш аломатлари аниқланганми?

—      Ҳа, оққон касаллиги бу онкологик ҳолат — қон раки. Халқ тилида оққон дейилса, тиббиётда лейкоз ёки лейкемия деб аталади. Касаллик келиб чиқишининг аниқ сабаблари ҳануз тиббиётга номаълум, профилактик меъёрлари ҳам йўқ. Бу касаллик ёш танламайди. Бунга болалар ҳам, катта ёшдагилар ҳам чалиниши мумкин.

Лейкоз жуда мураккаб хасталик бўлиб, XXI асрдагина даволаниши мумкин бўлган касалликлар рўйхатига киритилди. Мамлакатимизда бундан 20 йиллар олдин ҳам оққонни самарали даволаш усуллари ҳали ўрганилмаган эди. Ҳозирги вақтда эса касалликни енгувчи даво муолажалари йўлга қўйилган.

Лейкоз бу — қонда ёш бласт ҳужайраларнинг патологик равишда кўпайиши натижасида юзага келадиган касаллик. Унга чалинган беморларнинг сони йилдан-йилга ошиб бораётганини, биринчи навбатда, юқори технологияли диагностика усулларининг йўлга қўйилганлиги билан боғлаш мумкин. Бундай дейишимизга сабаб, авваллари касалликка чалинган бемор оғирлашмагунча, ҳатто ота-онаси ҳам билишмаган. У пайтда касалликни аниқлаб берадиган махсус технология йўқ эди.

Касалликнинг наслдан-наслга ўтиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Аммо боланинг тез-тез шамоллаши, турли дори воситаларини пала-партиш қабул қилиши, яшаш манзилида кимё корхоналари, радиация фони баланд бўлиши касалликни келтириб чиқарадиган асосий манба бўлиб қолмоқда.

Ҳали айтганимиздек, оққон касаллиги жуда мураккаб касаллик ҳисобланади. Чунки, қон бутун танамиз бўйлаб ҳаракатлангандан кейин ҳар битта ҳужайрамиз, ҳар битта аъзомиз зарарланиши мумкин. Шунинг учун ҳам даволаниш вақти жуда узоқ давом этади. Бунда ҳар бир органни даволашга тўғри келади.

—      Ушбу хасталикдан бутунлай фориғ бўлишнинг имкони, яъни давоси борми? Бу борада қандай илмий изланишлар қилинмоқда?

—          Касаллик рўйхатга киритилгани билан, ҳали беморларнинг ўртача 60-70 фоизи лейкоз хасталигидан тузалмоқда, холос. Афсуски, 100 фоиз тузалишлари учун стандарт давоси ишлаб чиқилмаган. Лекин, айтайлик, соғайган болалар бошқа болалар каби мактаб ва тўгаракларга, спорт–соғломлаштириш   марказларига бориши, умуман олганда одатдагидек ҳаёт кечиришлари мумкин. Илмий изланишлар натижасида бу касалликни молекуляр-генетик, цитохимик диагностикаси ривожланди. Шундан келиб чиққан ҳолда, даволаш таргет усулда, яъни касалликни илдизига йўналтирилган даволаш усуллари амалга оширилмоқда. Бу беморни клиник, диагностик, молекула даражасида, генетик усулларни қўллаган ҳолда диагностика ва даво усуллари мониторингини амалга ошириш имкониятини беради.

Ҳозирда беморлар халқаро стандартларга асосланган, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган протоколлар асосида даволанмоқда. Охирги 10 йил ичида лейкозга чалинган 400 дан ортиқ бемор болалар бутунлай тузалиб кетган.

—      Ушбу касалликнинг белгилари нималарда намоён бўлади? Асосан нималарга эътибор қаратиш керак?

—      Энг ёмони, оққон касаллигининг алоҳида белгилари йўқ. Тиббиётда бу “сирли хасталик” ҳам дейилади. Касаллик асосан умумий ҳолсизлик, камқувватлик, тез чарчаш, тери қаватларининг оқариши, иситма кўтарилиши, қўл ва оёқларда оғриқлар пайдо бўлиши каби белгилар билан бошланиши мумкин. Боласи оғриган ота-оналарга келсак, боланинг бурун-милкидан қон кетиши, лимфа безларининг катталашиши, баданида кўкаришлар пайдо бўлишига аҳамият беришлари ва дарҳол шифокорга мурожаат этишлари керак.

—          Демак, касалликка эрта ташхис қўйилганда беморнинг соғайиш имконияти ошади, шундайми?

—          Албатта. Касалликка эрта ташхис қў­йилиши, беморнинг бутунлай тузалиш имко­ниятини оширади. Ҳали айтганимдек, бу қисқа муддат ичида тузаладиган касаллик эмас. Касалга чалинганларни ўз вақтида аниқлаб, вақтида даволашни давом эттириш жуда муҳим.

—          Юртимизда лейкознинг қандай турлари кўп учрамоқда?

—          Ўзбекистонда ҳам, халқаро статис­тика кўрсаткичларида ҳам   ўткир лимфобласт лейкоз турлари кўп учрайди.      

— Ижтимоий тармоқларда лейкоз билан оғриган беморларнинг дори-дармони учун хайрия уюштирган постларга   тез-тез кўзимиз тушади. Айтингчи, даво учун ишлатилинадиган препаратлар шу даражада қимматми?

—          Ҳозирги кунда лейкоз касаллигининг диагностикаси молекуляр–генетика даражасида ривожланганлиги сабабли даво самараси ҳам молекуляр-генетика кўрсаткичлари мониторинги билан биргаликда амалга оширилади. Бу янги, замонавий, юқори технологик даво усулларини қўллашни талаб этади. Бундай даво протоколларида кўзда тутилган дори воситалари — цитостатикларни қўллаш ва умуман онкогематологик касалликларни даволаш фақат бизда эмас, бутун дунёда қиммат туради. Бутун дунёда онкогематологик бемор болалар ва катталарни даволашда ҳомийлар, волонтерлар, турли хил нодавлат жамғармалар жалб этилади. Бунинг натижасида беморларнинг тузалиш самараси сезиларли ортиши мумкин.

“Hurriyat” мухбири

Феруза РАҲИМОВА

суҳбатлашди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 − 11 =