“Ўзбек тилида” эмас, ўзбекча!

Хабарингиз бор, газетамизнинг шу йил 16 сентябрдаги 32-сонида таниқли адабиётшунос Зуҳриддин Исомиддиновнинг “Шап-шап деявермай…” сарлавҳали мақоласи она тилимизни қўллашда йўл қўйилаётган қатор камчилик, жузъий хатолар, атамалардаги ғализликлар хусусида эди.

Куюнчак ижодкорнинг қуйидаги мақоласи ҳам тилимизга эътибор ва жонкуярлик етишмаётганлиги ҳақида оғриқли мулоҳазалардан иборат. Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда, Она тилимиз — миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғидир. Шундай экан, унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиздир.

Сафар чоғи тайёранинг дилбар келини

Кўк юзини барчамизга тахти Сулаймон қилди.

Лекин эълон ўқиганда ўзбек тилини

Давлат тили бўлганига пушаймон қилди…

Халқимизнинг атоқли шоири Эркин Воҳидов томонидан ушбу шеърий сатрлар битилган замонда стюардессаларнинг бари бошқа миллат вакиллари эди. Қўлларидаги тайёр матнни ҳижжалаб ўқир, оддийгина “Ўзбекистон ҳаво йўллари” деган гапни ҳам “Узбакистан хава юлларий” дея, одам уқмайдиган тарзда талаффуз қилишарди. Ўзбекчада нима гап айтганини ундан сўнг ўқиладиган русча хабарни эшитиб билиб олардик.

Орадан ўттиз йилча вақт ўтди, бу орада бояги стюардесса қизлар ҳам тенгини топиб, бола-чақали бўлиб кетишди. Эри – ўзбек, туққан боласига ҳам ўзбекча исм қўйишган, аммо танглайи бошқа тилда кўтарилгани учунми, оналари тилида гаплашишади. Бу болачалар мактабга борди, институтларни битирди, баъзилари илмий иш қилиб, диссертация ёзди ҳамки, бояги гап – улар гапираётган, ёзаётган ўзбек тили… тил бўлиб дунёга келганига афсус еб, фарёд чекиб юрибди.

Гапингизга далил борми десангиз, мен ардоқли шоиримиз каби дилбар шеър бита олмайман, аммо келинг, қуруқ бўлмасин, “шеър каби ўқиладиган” бир-икки парчани назарингизга ҳавола этай:

“…гносеологик фаолиятнинг аксиологик асослари ёшлар интеллектуал маданияти тизимининг муҳим компоненти бўлган илмий-ижодий масъулиятнинг (прагматик тафаккур этикаси) эпистемологик мезони эканлиги… (диссертациядан)”, ё “Социолингвистик компетенцияни такомиллаштиришнинг назорат ва диагностика воситалари ўзлаштирилганлик даражасини аниқлаш кўрсаткичлари мажмуи асосида мақбуллаштирилган”.

“…инсон учун зарур бўлган ва ОАВ орқали талаб қилинадиган билим ахборотни қайта тиклаш механизми (таълим ва тарбияда муҳим ахборот)ни ишга тушириши прагматик ҳамда рационал хусусиятларга (фойдали амалий иш ҳаракатига ва ақлий жараён) ижобий таъсир этиши аниқлаб берилган”.

Боболаримизнинг бегона кўчаларда адашишга маҳкум этилган қадим забони, оталаримизнинг абгор этилган азиз сўзи, ҳар нодон кимсанинг қўлида хор бўлаётган оналаримизнинг мунис тили қани?.. Вой сенинг бу ҳолингга!

Мен бироз муддат Ўзбекистон Олий аттестация комиссиясида ишладим. Илм-фаннинг турли соҳасидаги бир талай диссертациялар бўйича эълонларни ўқидим. Тиббиёт, техника каби “тишим ўтмайдиган” фанларга тааллуқли ишларга тўқинмасдан, сизу бизга ўнғайроқ соҳадаги диссертация эълонларидан олдим уларни. Одатда, эълонда гап содда, лўнда баён этилади. Бироқ қандоқ ҳикмати бор эканки, бояги жумлаларни ҳарчанд ўқисам-да, ҳеч нарсани тушуна олмадим. Сиру асрори не дея ўйлай-ўйлай, бир нарса ёдимга тушди: бола чоғимиз бир амаки бўларди; бозорга келиб, дўнгроқ бир жойда туриб олганича, қўлини силтаб-силтаб, ҳеч кимга қарамай, узоқ гапирар, гапираверер, аммо нима деяётганини ҳеч ким тушунмасди.

Ҳа, дедим, анов диссертациялар эълони билан танишиб чиққач, одам англамайдиган қилиб гапириш учун кишининг ё илми тошиб кетиши ёки хаёли қочиб кетиши даркор экан. Чунки ақли соғ одам, ҳатто атай уринса бунақа ёза олмайди. Мана диссертация, деб тақдим этиб, илмий даражага даъво қилувчиларнинг ўзи бунақа пойинтар-сойинтар гапларнинг маъносини тушунтириб бера олармикин? Уқтиролмаса гўрга, лоақал ўзи тушунармикин?

Йўқ. Бунақа “илмий” иш ҳеч кимга тушунарли эмас, биров англамайдиган диссертациянинг эса… кимга ҳам кераги бор?

Нега шунақа, дейсизми? Қулоғингизга айтай: бу ишлар аслида ўзбек тилида битилмайди. Аллақайси бир кўринмас одам уйида ўтириб, “соққа”сини олади-да, “тадқиқотчи”га ўрис ҳам ўқиб тушунмайдиган чулчут тилида “илмий иш” ёзиб беради, сўнг уни яна бир махфий кимса “узбек тили”га ўгиради. Сўзлардан “жумла”лар ямаб-ясқалади, пировардида, бунақа ғўлдирашга пул тўлаётган биз солиқ тўловчилар, гўсхўр бўлиб қолаверамиз.

Иш эгасига, “диссертациянгиз ўзбекча эмас экан”, деб даъво ҳам қилолмайсиз. “Законний” ўзбек тилида-ку! — дейди.

Бу жумбоққа қаранг: бояги матнлар, дарҳақиқат, ўзбек тилида, аммо… ўзбекча эмас. Ўзбек тилида дегани ўзбекча дегани эмас экан ҳали! Шунинг учун ҳам ишлаб чиқариш, илм-фан, тиббиёт, иш юритиш, техника, технологияларни давлат тилига ўтказиш деганда уларнинг сўзлари, жумлаларигина “ўзбек тилида” эмас, руҳан ҳам ўзбекча бўлишига эришишимиз керак. Ўқиган ё эшитган одам тушунсин уларни.

Ори рост, она тилимиз илгари форсий ва арабий, янги замонда эса рус тили таъсирида роса бойиди. Минг-минглаб янги сўзларни қабул қилиб олди, ифода имкониятлари ҳам кенгайди. Бунга мункир одам ноинсоф бўлади. Бироқ туя қанча, яғири ҳам шунча, деганларидай, бу таъсирланишнинг ҳаёни ортидан зиёни ҳам келишини фаҳмлаёлмай қолдик, ўзга тилларнинг ёт хоссаларини олиш туфайли асл миллий, туркона тил хусусиятлари бой берилаётгани билан сира ишимиз бўлмади.

Айниқса, сўнгги бир аср давомида шўрлик ўзбек тили рус тилининг ноғорасига хўп ўйнади. Ўйнай бериб-ўйнай бериб, охири боши айланадиган, оёғи чалишадиган бўлиб қолди. Энди қаерда, нимагаки кўзингиз тушса, барида рус тилидан ҳижжама-ҳижжа таржима қилиб олинганини кўрасиз.

Бошқаларни қўя туринг, ҳатто манаман деган тил усталарию устазодалари ҳам бемалол ўрис тили қолипидаги жумлаларни тузиб, сатрларга тизиб юришибди. Келинг, осилсанг баланд дорга осил, дегандек яқинда такрор чоп этилган беш жилдли “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”дан мисол берайлик. Унинг сарварағида “А.Мадвалиев таҳрири остида” деб битилган. Ажаб, нега энди “таҳрири остида”? Таҳрирнинг ости ё усти бўладими? Сарасоп солсангиз, она тилимизнинг шаън-шавкатини юксакка кўтариши, асл миллий жиҳатларини далиллаши керак бўлган бу китобдаги бояги жумла русча “под редакцией”нинг сўзма-сўз ўгирмаси бўлиб чиқади.

Бизда идора ходимлари бошлиқнинг “қўл остида” ҳисобланади, қайси бир иш уддаланса, у аллакимнинг “раҳбарлиги остида” битган саналади.

Шунақа чайнала бериб, пировардида она тилимиз ҳам рус тилининг “таъсири остида” ўзини йўқотаёзди. Бунинг ўрнига ўзбекча қилиб, “А.Мадвалиев таҳририда”; “қўлида юз киши ишлайди”; “вазир раҳбарлигида”; “ўзга тил таъсирида” десак, кифоя-ку? Нега энди албатта бир ниманинг остида бўлиши керак?

“Солиқ тўғрисида қонун қабул қилинди”, “Давлат раҳбари янги фармонни қабул қилди”, деб ёзади газеталар. Ажаб, қонун ё фармонни ким қабул қилади? Кимдан? Ахир қабул қилиш дегани – биров топшириб, бошқаси уни оладиган ҳолат-ку? Ўзбекчада қонун (фармон) қабул қилинмайди, чиқарилади. Унда, бояги “қонун қабул қилинди” дегани қаёқдан келиб қолди? Қаёқдан келарди, “закон принять”-да, асли! Бу қуриб кеткур “принимать” ўзбек тилини шунчалар бузяптики, нарёғи йўқ. “Принимать таблетку” деб ёзилган бўлса, ҳеч иккиланмай, “таблетка қабул қилиш” дейдиган бўлиб қолдик. Асл ўзбекнинг тилида таблеткани фақат аптекачи қабул қилиб олиши мумкин, яъни омбордан. Яна, “Қуёш ваннаси қабул қилиш” деган олифта гаплар чиққан. Хашагини очиб қарасангиз, бунинг тагида ҳам “Принимать солнечную ванну” деган ўша олабўжи ётганини кўрасиз. “Хапдори ичиш”, “офтобда тобланиш” деса, ёзса, буларнинг ё тилига тирсак чиқади, ё қўлига хасмол.

Хўп, бунақа ифода шакллари ўрисчада тили чиқиб, ўша тилда ўйлайдиган “узбек”ларнинг амали экан, дин-диёнатдан таълим берадиган домлалар-чи? Улар тилбузар бўлмай, аксинча, сизу биз янглишсак, тузатиб қўйишлари лозим ва “лобид” эмасми? Ҳазор таассуф ва сад бора таажжубки, манаман деган нотиқ ва носиҳ уламоларнинг айримлари ўзбек тилини истаган кўйига солишга жидду жаҳд этишаётир.

Айрим муллоларни кўргансиз, таъзим-тавозе авжида, пурнур юзларида нимтабассум билан даврага кириб келишади. Ундайлар олдида киши ўзини тўпори ҳис қилиб ҳам қолади. Ана қўшқават салом-аликлар, мана қўл ювганда ҳам, чой узатилганда ҳам қироат билан бир нималарни айтиб қилинадиган изҳори фазллар! Бироқ мулла акаларимиз ёзганда ҳам ана шунақа чайнала беришса, ўқишда қийналиб кетар экансиз. “Имоми Абдулваҳҳоб Шаъроний ўзларининг “Ал явоқит вал жавоҳир” номли китобларининг биринчи жилди, учинчи фаслида шундай ёзадилар”, деб ёзибди бир тақсиримиз. Хўп, мазмуни тушунарли, лекин таважжуҳи ортиқча эмасми? Нега имоми Абдулваҳҳоб, имом Абдулваҳҳоб-ку? Боз, бу муҳтарам зот нечта одамки, “ёзадилар” деб битилади? “Ёзади”, деса, раҳматлик хафа бўлиб қолармикин? “Ал явоқут вал жавоҳир” – “Ёқутлар ва дурлар” эмасми? Нимага энди ул зот “ўзларининг … китобларида ёзадилар”? Бошқа бировнинг китобида ҳам ёзишлари мумкин эдими (буниси русча “в своей книге”нинг ўзгинаси-ку!)? Боз, ўзбек тилида “китоби” дейилса кифоя эмасми? Янглиш равишда оммалашиб қолган “лар” қўшимчаси эса тожикидан кириб келган, туркий тилда, жумладан, ўзбекчада одамни шу грамматик шакл орқали иззатлаш урф эмас. “Дадамлар келдилар” сингари ялтоқ ифода шакллари шунинг касрига кўпайиб боряпти. Ахир, дада битта, келган одам ҳам бир киши-ку? Ҳурмат изҳор қилиш учун ҳадеб “лар, лар” қўшавериш шартми? Иккинчидан, “Ал явоқит вал жавоҳир” номли китоблари” нечта китоб? Битта асар бўлса, нега энди “китоблар” дейишимиз керак? Ўзига ҳурмат – “лар”, китобига ҳурмат – яна “лар”… Чарчаб…лар кетасан киши. Шунчалик экан, иззатини ошириб, “… китобларининг биринчи жилдлари, учинчи фаслларида шундай ёзадилар”, дея ўзбек тилини аросатдан олиб, жаҳаннам ўпқонига ташлаб юбора қолсинлар. Уламоларки “ота-онани эъзозлаш керак”, деган жўн гапниям пахтасини оқизиб, “эъзозлашлигимиз керак экан”, деб минғиллай беришса… яна кимдан хафа бўласан?

Ўзбек тили – ўзбек тафаккурининг ифодаси. Ҳар бир халқ қанақа ўйласа, ўшандай гапиради, ўшанга монанд қилиб ёзади. Худога шукур, ҳали бизнинг эл ўз ўйидан, ўз сўзидан айниб, ўзгариб кетганича йўқ.

Бироқ нима қилайликки, ичимизда анов тилда ўйлаб, манов тилда гапирадиган подабузарлар ҳам бор, йўқ эмас. Масалан, ўзбек одам “Мен она тилимизни бой тил, деб биламан”, деб гапирса, ўрисча ўйлаб, кейин уни ўзбекчага “таржима” қилиб сўзлайдиган замонавий узбек “Мен ўйлайманки, она тилимиз жуда бой…” деб чайналади. Чунки бу ифода “Я думаю, что…”нинг қолипида қуйилади. Водариғ, шу кунларда “Мен ўйлайманки…” деб гап бошлайдиганларнинг уруғи бирам кўпайдики!

Одамлар қизиқ: ғалати қилиб гапирсангиз, сизни бу жуда билимдон бўлса керак дейди, ҳеч ким тушунмайдиган қилиб ёзсангиз, ҳаммадан ўткири шу деб ўйлайди. Туриб-туриб, мен ҳам ўзимга-ўзим, алмойи-алжойи қилиб бир нутқлар сўзлай, қарсак зўр бўлади, жумлаларнинг оёғини осмондан келтириб мақолалар ёзай, ҳар ёқдан олқиш ёғилади, дейман-у… қўйинг энди!

Нурбек Алимов деган сиёсатшунос инимиз ЎзА сайтида “Ҳиндистон ва Покистон. Уйқудаги урушнинг уйғониши” деган мақола чиқарибди. Ана тилу мана, мана услуб: “Ҳар бир мамлакатнинг миллий ривоятлари қарама-қарши версиялар атрофида айланади ва Кашмир резолюцияси бу икки мамлакатнинг ҳар бири, янги ривоят асосида ўзларининг миллий ўзига хослигини ўзгартиришлари кераклигини англатади”.

Наузанбиллоҳ, бу нима деяпти ўзи? Икки-уч топқир ўқисам ҳам, ҳеч балони тушуна олмаяпман-ку? Балки, давоми сал силлиқроқ, равонроқдир?

“Дарҳақиқат, Ҳиндистонда умумий қўрқув исломофобик риторика ва гуруҳлар ўртасидаги қутблашиш эди”. Нима… нима эди?!

Мунча жумбоқ билан бошимизни гаранг қилган муаллиф бир пайт сал юмшатган бўлиб, “Лекин бу ерларда ИШИД каби террористик гуруҳларнинг тарқалиши қийин, гарчи унинг эстетикаси исёнчиларнинг янги авлодини қамраб олган бўлса-да”, деб таскин ҳам беради. Бу жумла… калишини пойма-пой кийган одамга ўхшамайдими? Боз, эстетика бир нимани қамраб олгани-чи? Э йўқ, бу одам ўзбекча фикрлаётгани йўқ, исми ўзбекча экан, холос.

Шу мақола охирида “Келажак истиқболлари” деган кичкина бир сарлавҳа ҳам келади. Ажабо, келажак бошқа-ю истиқбол дегани ўзга тушунчами? Унда, бу муаллиф инимиз эртага худди шундай муваффақият билан “Истиқбол келажаклари” деб ёзса ҳам, ҳайрон бўлманг.

Рус тилининг зуғуми билан ўзбекнинг асл ўзбекча, қулай сўзлари ҳам ўрисбашара бўлиб боряпти. Масалан, “қора седана” дегани чиқибди. Ўзи, седана “сиёҳ дона” – қора дон” дегани эди-ку! Ёки қалампирни олинг. Ҳозир уни билармонлар “қизил қалампир” (“қизил гармдори”) дейишади. Нимагаки, бу неъмат рус тилида “красний перец”да. “Чёрний перец” ҳам бор, бу энди мурч. Бироқ шоввозлар униям боягидай “аниқ” ўгириб, “қора мурч” дейишаётир. Эсиз қалампир, увол мурч! Ундан ҳам аввал, эссиз она тилим, ўзбек тили…

Расул Ҳамзатовнинг “Доғистоним” деган асаридаги бир ривоятни тингланг: бефарзанд қари подшоҳ тўртинчи хотинидан ниҳоят, ўғил кўрибди. Шоҳ уни валиаҳд бўлади, бир кун келиб тахтимга ўтириб, юрт сўрайди, деб ният қилибди. Уч ёшидан бошлаб, гўдакни энг лазиз, шоҳона егуликлар бериб боқибдилар. Бироқ бу маъсум бола кундан-кунга ранги сўлий бошлабди, не-не ҳозиқ табиблар дардига даво топа олишмабди. Чорасиз қолган шоҳ, кимки ўғлимни шифоласа, давлатимнинг ярмини бераман, деб жар солдиради. Шунда бир табиб кенжа маликани – боланинг онасини ёлғиз топиб, бу сир орамизда қолади, гўдакнинг отаси ким эди, айтмасанг, ўлиши аниқ, деб сўрайди. Малика зор-зор йиғлайди, мен шоҳнинг кенжа аёлиман, ундан фарзанд бўлмаслиги маълум эди, ўтган йили тоғ оша отамнинг уйига кетаётиб, бир кеча азамат бир чўпоннинг чайласида тунаб қолганман, деб бўйнига олади. “Ана энди давоси топилди, – дейди у. – Бола бунақа оғизда эрийдиган ҳолвалар билан эмас, отаси еган овқат билан одам бўлади”. Сўнг гўдак учун чўпонлар тоғда пиширадиган кўмоч ёпишибди. Тошдай қаттиқ, чўғда куйган кўмочнинг ҳиди димоғига кирган чалажон бола, кўз очиб, ўша ёққа интилибди, кўмоч устига оч арслон каби ўзини ташлаб, ҳеч тўймай ебди, ўшани ея-ея, дарди арибди, орадан йиллар ўтгач, паҳлавон бир эр йигит бўлиб етишибди…

Энди бу қиссадан Расул оға чиқарган ҳиссани қаранг: “Ҳар бир миллий адабиёт ёки тил ўз она элининг қут бўларли таомларидан қочиб, ёт юртларнинг емишига мазахўрак бўлса, бу адабиётга, бу тилга дард ёпишади, энди уни ҳеч бир табиб даволай олмайди ва у муқаррар ўлади”, дейди шоир. Тўғри-да, бир тилга бошқа эл тилига хос жиҳатлар мос келмайди, тиқиштира бериш беморга бошқа гуруҳ қонни қуйишдай гап – ҳалок этади, гўрга элтади.

Афсуски, бугунги ўзбек адабий тилида Абдулла Қодирийга, Абдулла Қаҳҳорга, Миртемирга хос бўлган жиҳатлар анча бой берилди, унинг илдизи она заминдан узила бошлади, ўзи бирмунча заифлашиб, сунъийлашиб қолди. Идоралардаги қоғозлар “ижросини таъминлаш” каби ғалча иборалар билан тўлиб-тошди, суд қарорларини ўқисангиз, бир-бир ярим бетлик, чувалган жумлалардан ҳеч нимани тушуниб бўлмайди. Илм-фан тили эса ҳалигидек. Ҳатто бадиий адабиёт тилини ҳам жин чалиб кетди: “Жин урсин, шунақага ўхшайди, – Қаноатшо қўли билан отининг ёлини таради” каби ажи-бужи ифода шакллари урчиб кетди. Ё тавба, ўзбек “жин урсин” деб гапирадими ҳеч жаҳонда? Ахир бу… “чёрт побери”инг ўгай боласи-ку?

Тилимизнинг томир уришини пайқашимиз қийинлашди, пойинтар-сойинтар ёзишга, телевидение ё радиога чиққанда эса ундан ҳам бешбаттар қилиб сўзлашга ўрганиб қолдик.

Нима деб ёзсак, гапирсак, “ўзбекчада шунақа ёзиладими, шунақа деб айтиладими”, деб бир ўйлаб боқайлик – хижолатпазликка ўрин қолмайди.

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 − thirteen =