Баҳодир Матлюбов: “Ички ишлар ходими халқ хизматкори бўлиши керак”

Одам осойишта ва тинч заминда туғилиши мумкин. Бироқ барибир ҳаётининг давомида кечадиган  осо­йишталиги ва тинчлиги унинг ахлоқ тамойиллари, яшаётган муҳити ва истиқомат қилаётган мамлакатининг чиқарган қонунлари-ю олиб бораётган сиёсати билан узвий боғлиқ бўлади.

Шу маънода, ҳар бир мамлакатда ички ишлар органлари тизими мавжуд. Бу соҳа вакилларининг мамлакат осойишталиги йўлида бетиним хизмат қилишини яхши биламиз. Буни ҳаёт деб қўйибди, ҳамиша қувончу таш­вишлар ичида яшаймиз. Шу боис, уйини ўғри урган ҳам, бирор ноҳақликка учраган  ҳам, биров билан муштлашган ҳам ички ишлар органларига мурожаат қилади. Бу соҳа вакиллари эса ҳар доим ўзгалар ташвишини елкалаб яшашга маҳкум!

 Биз бугун соҳанинг ўзига яраша машаққатли ва шарафли юмушлари, ички ишлар органлари ходимининг халқ орасидаги нуфузи, мамлакатимизда малакали кадрлар тайёрлашда таълим даргоҳларининг ўрни ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси бошлиғи, генерал-лейтенант, доцент Баҳодир Аҳмедович Матлюбов билан суҳбатда бўлдик.

— Баҳодир Аҳмедович, аввало, ички ишлар органлари тизимидаги фаолиятингиз, бу соҳага қизиқишингизга нималар сабаб бўлганлиги ҳақида гапирсангиз?

— Мен ички ишлар органлари тизимида ишни 1973 йилда бошлаганман. У пайтда ушбу тизим учун кадрлар етишмаслиги муаммоси мавжуд эди. Ўша пайтдаги комсомол ташкилотининг йўлланмаси билан бу соҳага ишга келиб, Самарқанд шаҳар ички ишлар бўлимида жиноят-қидирув бўлими инспектори вазифасида иш бошлаганман.

Бу соҳа менга олдиндан бегона эмас эди, чунки отам ҳам ички ишлар органлари тизимида меҳнат қилган. Шунинг учун болаликдан шу соҳага қизиққанман. Мени бу тизимга ишга қабул қилган устозим, генерал-майор Тилла Абдуллаев Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи эди. Менинг дастлабки қадамларимда бу инсоннинг хизматлари кўп бўлган.

— Сиз иш бошлаган даврда ички ишлар органлари тизими ходимларининг кунлик иш фаолияти қандай бўлган?

— Самарқанд шаҳар ички ишлар бўлимининг жиноят-қидирув бўлимида 32 киши ишлаганмиз. Бизга иш бўйича ҳудудлар бўлиб берилар ва шу бўйича иш олиб бориларди. Биз эса янги ишга келган, жиноят-қидирув фаолияти ҳақида ҳеч қандай тушунчага  эга эмасдик. Бироқ ўшанда устоз­ларнинг ўрни ва кўмаги катта бўлган. Яъни, устоз-шогирд анъанаси яхши ривожланган эди. Носир Саидов деган катта инспектор бўларди, эринмасдан бу соҳанинг ҳар бир сир-синоатини тушунтириб, устозлик қилганди.

Эрталаб ишга келганимизда йўриқномавий йиғилиш ўтказиларди, ходимларга бир кунлик ишлар бўлиб бериларди. Кейин ҳудудларга чиқиб кетардик. У пайтларда ҳозиргидек шароит, хизмат автоуловлари ва техникалари йўқ эди. Битта хизмат хонасида 9 киши ўтирардик. Кундузги соат 09.00да чиқсак, хизмат давомида ҳар соатда 02 (навбатчилик қисми)га телефон қилиб, янги топшириқлар олардик, кечқурунги соат 23.00да ишимиз бўйича ҳисобот берардик. Янги жиноят ҳолатлари бўлса, топшириқ олиб, уни бажаришга киришардик.

Ички ишлар органлари тизимида самарали ишлаш учун, албатта, Жиноят-процессуал кодекси, Жиноят кодекси ва бошқа қонунларни мукаммал билиш талаб этилади. Иш жараёнидаги ҳар бир хатти-ҳаракатга баҳо бериш, самарали ишлаш учун  кодекс ва қонунларни билмаса бўлмайди. Мен кодексларни ёд билардим, уларга ўзгартишлар киритилса, ўша жойига янги таҳрирни киритиб, елимлаб ёпиштирардик, юпқагина китоб, вақт ўтган сари қалинлашиб кетарди.

— Ёш бўлгансиз, жиноят қидирув бўлимида ишлашнинг ўзига яраша мураккаб жиҳатлари бўлган бўлса керак?

— Ҳар бир иш ўз замонига қараб бўлади. У пайтда собиқ Шўро замони, чегаралар йўқ эди ва ўз-ўзидан жиноят олами ҳам бошқача тусда кечарди. Ўзи умуман жиноятчилик учун чегара деган нарсанинг ўзи йўқ. Жиноятчининг номи ҳамма жойда битта – жиноятчи, у на миллат, на минтақа танлайди. Ўша пайтдаги вазият билан ҳозиргисини солиштирсак, кескин фарқ қилади. Бугунги кунда бу соҳа вакиллари учун ҳамма шарт-шароит яратиб берилди. Ички ишлар вазирлиги, вазирлик Академияси, вилоят, туман ички ишлар органлари тамоман янгича қиёфада  ташкил қилинди.

Мен ишлаган Самарқанд шаҳридаги Сиёб ҳудудини оладиган бўлсак, уч нафар оператив ходим ўша ердаги ишларни олиб борардик. Агар ҳозир қарайдиган бўлсак, у ерда уч ходим ўрнига 30 нафар ходим ишлаётган бўлса, ажаб эмас. Қолаверса, бугун автотранспорт, компьютер техникаси, интернет, мобил алоқа каби тезкор алоқа усулларининг ҳаммаси яратиб берилмоқда. Демак, бугун ички ишлар органлари ходимлари яйраб ишлаши мумкин.

Инспектор, катта инспектор, бўлим бош­лиғи, Самарқанд вилояти Ички ишлар бош­қармаси жиноят қидирув бўлими бошлиғининг ўринбосари, Сиёб тумани ИИБ бошлиғи, Самарқанд вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари, Самарқанд вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари – Самарқанд шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи, Бухоро ви­лояти ИИБ бошлиғи вазифаларида ишлаганман. Кейинчалик Республика Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, Божхона қўмитаси раиси ва Ички ишлар вазири лавозимларида фаолият олиб бордим.

— У пайтларда террористик қўпорувчилик ҳаракатлари тез-тез содир этиларди. Бунга қарши курашиш қандай кечган?

— Биз вилоятда ишлаган пайтимизда жиноятчиларни билардик. Бироқ, очиғи ўзимиз ҳам терроризм нима, эктремизм нима тушунмасдик. “Ойнаи жаҳон” орқали билардик, холос. Бироқ кейинроқ бу ҳаракатларга қарши кескин курашишга тўғри келди. Бу офат бизга ўтиш даврида Афғонистон орқали кириб келган… Биздаги жиноятчилик, терроризм, экстремизм, наркобизнеснинг авж олишида Афғонистоннинг таъсири катта. Сурхондарё вилояти орқали 160 километр сув орқали ўтадиган чегарамиз бор.  Сув орқали бўлса ҳам бу чегаранинг мамлакатимизга катта  хавфи, таъсири бор!

Шунингдек, терроризм, экстремизмнинг яна бир асосий ўчоғи Фарғона водийси бўлганди. 1994–1997 йилларда Наманган, Фарғона, Андижонда жуда кўп жиноятлар содир этилди. Хонадонларга кириб, уларни ёппасига ўлдириб кетиш каби ҳолатлар бўларди-ю, ўша пайтда биз бунинг террорчилик ҳаракатлари эканлигини етарлича тушуниб етмаганмиз.

Эсимда бор, 1997 йил декабрь ойи эди. Сурхондарёда судланувчиларни сақлайдиган жой (изольятор)дан икки киши қочди. Иккови ҳам олий жазога ҳукм қилинган (ўша вақтда ҳали қонунчилигимизда олий жазо мавжуд эди) маҳбуслар эди. Биттаси афғон, биттаси ўзбек. Биз бир гуруҳ бўлиб бориб, 3–4 кун ўша ерда ишладик, улар чегарадан ўтиб кетмасиданоқ ушлашга муваффақ бўлдик. У ишни тугатишимиз билан Намангандаги мудҳиш қотиллик ҳақида хабар берилди. Давлат автомобиль назоратида ишлайдиган, майор Боқижон Убайдуллаевни хотин-болаларининг олдида қийнаб, бошини танасидан жудо қилишган ва бошини Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари хонадони дарвозасига осиб кетишган. Мен ўша заҳоти, Сурхондарёдан тўғри Наманган вилоятига жўнаганман ва ўша ерда 6 ой иш олиб борганмиз. Бу билан бизнинг соҳа ходимлари юрт ҳаловати учун ўз ҳаловатидан, осойишталиги ва хотиржамлигидан кечиб, кеча-ю кундуз тиним билмай  ишлашларини айтмоқчи эдим. 

— Бугун Ички ишлар вазирлиги Академияси битирувчилари эртага посбон бўлишади, том маънода халқ ҳимоячисига айланишади. Эшитганимиз шуки, уларни ўқишга қабул қилиш жараёнида ташқи бекаму кўстлиги, бўйи, вазни, соғломлиги каби зоҳирий белгиларга асосий эътибор қаратилади. Айтинг-чи, кейинги йилларда ички ишлар органлари тизимидаги таълим соҳасида нималар ўзгарди? Бу ерда ўқиган соҳа вакиллари эртага жамиятимиз учун қай даражада керакли мутахассис бўладилар?

— Ички ишлар вазирлиги Академияси нафақат тизим учун малакали мутахассис ва раҳбар кадрларни етказиб берувчи, қолаверса, илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш, суд-ҳуқуқ тизими ва қонунийликни таъминлаш, жиноятчиликка қарши кураш ҳамда  ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги муаммоларни илмий тадқиқ этиш, халқаро ташкилотлар, миллий ва хорижий турдош олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни амалга ошириш билан шуғулланувчи етакчи олий таълим муассасаси ҳисобланади.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 29 июнь куни Акаде­мияга ташриф буюриб, унинг нуфузи ва мақомини ошириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича устувор вазифаларни белгилаб бердилар. Ушбу тарихий ташриф Акаде­миянинг янгиланаётган тараққиёт даврини бошлаб берди, десам айни ҳақиқатни айтган бўламан.

Илгари Академияда ҳам бошқа олий таълим муассасалари сингари ўқишга қабул имтиҳонлари тест шаклида ўтказилган. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясининг кундузги ва сиртқи таълим шаклларига номзодларни танлаш ва ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги 958-сон қарори билан Академияга жисмонан соғлом, маънавий етук ва интеллектуал салоҳиятли ва қобилиятли ёшларни танлаш ҳамда ўқишга қабул қилиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида, 2018/2019-ўқув йилидан бошлаб кундузги таълим шаклига ўқишга қабул қилиш тест синовларисиз, махсус касбий танлов ва якка тартибдаги суҳбат орқали амалга оширилиши белгиланди.

Шунингдек, ушбу қарор тартиб-талабларига мувофиқ 2020/2021-ўқув йилидан бошлаб Академиянинг кундузги таълим шаклига қабул фақат Ички ишлар вазирлиги академик лицейлари, ҳарбий академик лицейлар битирувчилари, шунингдек, ички ишлар органлари ходимлари таркибидан амалга оширилмоқда.

Кундузги таълимда ўқиш муддати тўрт йилдан уч йилга қисқартирилиб, битирувчиларга магистр даражасига тенглаштирилган олий маълумот (“юрист” малакаси) ҳамда “лейтенант” махсус унвони бериладиган бўлди.

Кадрлар тайёрлаш самарадорлигини ошириш мақсадида назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Ўқув жараёнида назария билан амалиёт уйғунлиги 50/50 даражага етказилди. Малакавий амалиёт муддати 1,5 ойдан 4 ойга қадар узайтирилди.

Хорижий ва миллий турдош олий ўқув юртлари билан масофавий видеоконференциялар ҳамда ўқув машғулотлари ўтказилмоқда. Шу билан бирга таълим жараёнларининг сифати ҳамда самарадорлигини узлуксиз назорат қилиб бориш учун Ўқув жараёнини мониторинг қилиш маркази фаолияти йўлга қўйилди. Бугунги кунда марказга ўрнатилган электрон таблоларга уланган 200 дан ортиқ кузатув камералари ёрдамида ўқув машғулотлари ва мустақил тайёргарлик жараёнлари назорат қилиб борилмоқда.

Академияда ўқитишнинг сиртқи таълим йўналиши 2018/2019-ўқув йилидан бошлаб йўлга қўйилди ҳамда ички ишлар органларида камида уч йиллик иш стажига эга, хизматда ижобий натижаларга эришиб келаётган олий ҳамда ўрта махсус маълумотли ходимлар танлов асосида ўқишга қабул қилиниб, таҳсил берилиб келинмоқда. Битирувчиларга “Жиноятларнинг олдини олиш ва фош этиш фаолияти” мутахассислиги бў­йича “юрист” малакаси берилади.

— Академиянинг илмий салоҳиятини юксалтириш, амалиётдаги муаммоларни илмий жиҳатдан тадқиқ этиб бориш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

— Давлатимиз раҳбари Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида: “Тизимда илмий даражали ўқитувчилар улуши ўртача 37 фоиз экани бизни қониқтирмайди. Ҳудудларда бу кўрсаткич янаям паст даражада сақланиб қолмоқда… Олий таълим тизимининг вазифаси фақат талабаларга дарс беришдан иборат эмас. Университет ва институтларимиз илм-фан соҳасида ҳам фаол ишлаши, ёшларни илмий ишларга, катта-катта ло­йиҳаларга жалб этиши керак”, деб алоҳида таъкидладилар.

Ҳозирда Академиянинг Олий ўқув юртидан кейинги таълим факультетида 6 та ихтисослик бўйича таянч докторантура, докторантура ва мустақил изланувчилик шаклларида олий малакали илмий ва илмий-педагогик кадр­лар тайёрлаш йўлга қўйилган бўлиб, унда жами 107 нафар тадқиқотчи, шундан 15 нафари фан доктори ва 92 нафари фалсафа доктори илмий даражасини олиш учун диссертация тадқиқоти устида ишламоқда.

Сўнгги уч йилда ходимларимизнинг 48 нафари диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилганлиги натижасида Академиянинг илмий салоҳияти 28 фоиздан 44,0 фоизга ўсди. Ҳозирги кунда Академияда 30 нафар фан доктори, 64 нафар фалсафа доктори ва фан номзоди, 22 нафар профессор ҳамда 55 нафар доцент фаолият юритмоқда. Яқин истиқболда Академиянинг бу борадаги илмий-­амалий салоҳиятини 60 фоизга етказиш режалаштирилган.

— Академияда хотин-қизлар таҳсил олгач, иш жараёнида қай даражада фаол бўлишади. Битирувчиларнинг ҳаммаси ҳам ишни давом эттиришадими?

— Давлатимизда хотин-қизларга бўлган эътибор, уларни қўллаб-қувватлашга қаратилган сиёсатга ҳамоҳанг тарзда сўнгги йилларда Академия кундузги таълимида қизларга ажратилган қабул ўринлари 5 фоиздан 10 фоизга оширилди.

Давлатимиз раҳбари Ўқитувчи ва мураб­бийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида: “буюк давлат ва жамоат арбоби Индира Гандининг “Битта қиз болани ўқитсангиз, бутун оилани ўқитган бўласиз”, деган сўзларида катта ҳаётий ҳақиқат борлиги”ни қайд қилган эдилар. Дарҳақиқат, қизларимиз бўлажак оила бекалари, уларни ўқитиш, дунёқараши ва маънавиятини юксалтириш, маърифатини ошириш келгусида у яратадиган оиланинг ҳар томонлама мус­таҳкам бўлишига хизмат қилади.

— Ички ишлар органлари соҳасида ишлашнинг жуда мураккаб ва қалтис жиҳатлари борлигини юқорида айтиб ўтдингиз. Шундай экан айтинг-чи, бу соҳа вакиласи бўлиш, аёлларимизни оиладан узоқлаштириб қўймайдими?

— Йўқ, узоқлаштирмайди. Чунки, аёл ҳамиша аёл бўлиб қолади. Биз Академияда қизларни оилага тайёрлаб боришга ҳам алоҳида эътибор қаратамиз. Жумладан, Академияда мунтазам равишда курсант қизларимизни тикувчилик, тўқувчилик, пазандалик каби ҳунарларга ўргатувчи турли курслар ташкил этганмиз. Республикамизнинг таниқли фан ва санъат арбоблари, катта тажрибага эга раҳбар аёллар, олималар, соҳа ходималари билан учрашувлар, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиб борилади. Академияда ташкил этилган Хотин-қизлар кенгаши мунтазам равишда курсант қизлар билан маънавий-тарбиявий ишларни олиб боради.

Академия курсантлари орасида иқтидорли, қобилиятли ва намунали қизлар кўпчиликни ташкил этади. Жумладан, 2019-2020 йилларда таълим даргоҳини имтиёзли дип­ломга тамомлаган 15 нафар курсантларнинг 6 нафарини қизлар ташкил этади. Масалан, битирувчилардан Хидиралиева Муҳаббат Муроджон қизига ўқишдаги эришган ютуқлари учун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг буйруғи билан рағбатлантириш тариқасида “катта лейтенант” махсус унвони берилган.

— Академия билан танишиш жараёнида музейни, Чўлпон бурчагини томоша қилдик. Ўта жиддий, салобатли ички ишлар органлари ходимлари, курсантлар ва тинг­ловчиларнинг адабиётга бўлган қизиқиши ва тарбия олишдаги кўмаги айни муддао эканлиги ҳақида гапириб берсангиз?

— Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг 20 май куни Тошкент шаҳридаги Адиблар хиёбонига ташрифи чоғида ҳайкаллари қад ростлаган ҳар бир адибни республикамиздаги олий таълим муассасаларига бириктириш юзасидан қарор қабул қилган эди. Ушбу қарор билан аллома адиб, жадидчилик ҳаракати етакчи намояндаларидан бири, ёзувчи ва шоир – Абдулҳамид Чўлпоннинг бой маънавий меросини ўрганиш вазифаси ИИВ Академиясига юклатилди. Айтиш жоизки, ўтган қисқа давр ичида Чўлпоннинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш, уни мадҳ этишга бағишланган маънавий тадбирлар Академия ҳаётининг узвий бир қисмига айланди. Академияда энг билимли ва иқтидорли курсантларни муносиб рағбатлантириш мақсадида “Чўлпон” стипендияси жорий этилди, ҳудудда адибнинг бюсти ўрнатилди.

— Айтишларича, Ички ишлар вазирлиги Академияси 50 гектарга яқин майдонни эгаллайди. Замонавий услубдаги спорт комплекси, Ахборот-ресурс ҳамда Маънавият ва маърифат марказлари – ҳар бири бир олам. Бу борада Баҳодир Аҳмедович, Сизнинг  раҳбар сифатида катта ҳиссангиз борлиги кўриниб турибди?

— Мустақиллик йилларида Академия спортчилари турли мусобақаларда 700 дан ортиқ медални қўлга киритган бўлса, 2019 йилнинг ўзида спортчиларимиз Жаҳон, Осиё ва республика миқёсидаги нуфузли мусобақларда 54 та олтин, 33 та кумуш ва 29 та бронза медалини қўлга киритди. Курсантларимиз орасидан 3 нафар жаҳон чемпиони ва 2 нафар Осиё чемпиони етишиб чиқди.

Академияда янги қад ростлаган Ахборот-ресурс маркази ҳақида алоҳида тўхталиш лозим. Бир вақтнинг ўзида қарийб 1000 кишини ўзига сиғдира оладиган Ахборот-ресурс марказининг фондида бугунги кунда турли мазмундаги жами 500 мингдан ортиқ ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар жамланган бўлиб, яқин давр ичида ушбу кўрсаткични 1 миллионтага етказиш кўзда тутилган.

Бугунги кунга қадар таълим даргоҳимиз хорижий мамлакатларнинг 12 та турдош олий таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Баённома ва Меморандумларни имзолади. Булар орасида Хитой, Россия, Туркия, Ҳиндистон, Беларусь, Арманистон ва Қозоғистон каби мамлакатлар бор.

— Мана, ўзингиз ҳам ички ишлар органлари тизимида узоқ йиллардан буён ишлаб келасиз. Яхши кадрлар билан бирга бироз жоҳилроқ, халқнинг дардини, ташвишини тушунмайдиган кадрлар ҳам бор. Бу каби иллатлар қачон бартараф этилади?

— Ўзбек халқида бир нақл бор: “гуруч курмаксиз бўлмайди”. Ички ишлар органлари тизимида ҳам ватанпарвар, юксак маънавиятли, профессионал, бир сўз билан айтганда, яхши кадрлар билан бирга, салбий тавсифланадиган кадрлар ҳам учраб туради. Лекин бундай салбий тавсифланадиган кадрлар тизимда жуда камчиликни ташкил этади.

Айтиш керакки, ички ишлар органлари тизимида бундай тоифа ходимлар билан иш олиб борадиган махсус хизматлар ва бўлинмалар ташкил этилган бўлиб, улар томонидан доимий равишда ҳуқуқий тарбиявий ҳамда маънавий-маърифий ва психологик ишлар олиб бориш асосида ушбу ходимларни ҳам яхшилар қаторига қўшиш чоралари кўрилади.

— Олдинлари (ҳатто ҳозир ҳам) рўзғорини судрайман деб кўчада мардикорлик қилаётган йигитларни ички ишлар органлари ходимлари қувлаб юрганига кўп бор гувоҳ бўлганмиз. Яъни, ИИБ ходимлари ҳамиша ҳам халқ осойишталигини сақлайвермаган, осойишталигини бузган ҳоллар ҳам кўп бўлган. Ўша пайтларда Ички ишлар вазири бўлиш Сизга ҳам осон кечмаган экан-да…

— Саволингиз ўринли. Сиз кўтарган масала бир қарашда инсон ҳуқуқлари ва эркинларини чеклаш, халқ осойишталигини бузишдек кўринади. Бироқ масаланинг асл моҳиятига эътиборни қаратадиган бўлсак, амалда ундай эмаслиги маълум бўлади. Негаки, ўтказилган тадқиқотлар натижалари шуни кўрсатадики, жамоат жойларида содир этилган жиноятлар, хусусан безорилик, ўғирлик, талончилик, тан жароҳатлари етказиш билан боғлиқ ва бошқа жиноятлар, жамоат жойларида спиртли ичимликларни истеъмол қилиш, майда безорилик каби ҳуқуқбузарликларнинг аксарияти (60-70 фоизи) муайян касб-ҳунарга, доимий иш жойига эга бўлмаган, бир сўз билан айтганда, юқорида сиз қайд этган шахслар томонидан содир этилади. Бу эса ушбу тоифа шахслар билан доимий равишда профилактик тадбирларни олиб боришни тақозо этади.

Масаланинг яна бир жиҳати борки, бу борадаги профилактик ишларни олиб боришда айрим ходимлар ўзларига юклатилган вазифаларни бажаришда, фуқаролар билан мулоқотга киришишда касб маданияти талаб­ларига етарли даражада риоя этмаслиги ҳолатлари ҳам кўзга ташланади. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, сўнги йилларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ташкил этилди. Ҳозирги кунда Ички ишлар вазирлиги мазкур вазирлик билан узлуксиз равишда ҳамкорлик қилиб келмоқда.

— Аслида ички ишлар органлари ходимлари халқнинг тинчлиги ва осойишталиги учун кеча-ю кундуз тиним билмаса ҳам узр, оддий халқ бу тизим вакилларини ҳамиша ҳам хуш кўравермайди. Нега ички ишлар органлари ходимлари ва оддий халқ ўртасида улкан бўшлиқ бор? Бу қонунлар халқ ҳаётидан узоқлигиданми ёки оддий халқ қонунларни тушунмаслиги сабабли ички ишлар органлари ходимлари билан ораларида тез-тез келишмовчилик ҳолатлари юзага келадими?

— 47 йиллик иш тажрибамга кўра, оддий ички ишлар органи ходимидан тортиб турли раҳбарлик лавозимларида ишлаб, Ички ишлар вазири даражасигача бўлган фаолиятим давомида доимо “ички ишлар органи ходими халқ хизматкори бўлиши керак”, деган ҳаётий принцип асосида ишни ташкил этишга ҳаракат қилганман.

Ва айтиш керакки, айнан шу йўлда ички ишлар органларининг марказий аппаратларидаги штат бирликларини қисқартириб уларнинг қуйи тизимларга берилганлиги, ички ишлар органларининг маҳалла фуқаролар йиғинлари билан узлуксиз ҳамкорлиги ҳамда уларга фаолияти натижалари бўйича ҳисобот бериши тартиби йўлга қўйилганлиги ҳамда бош­­қа бир қатор ишлар амалга оширилганлигини алоҳида эътироф этиш мумкин.

Масаланинг яна бир томони шундаки, ички ишлар органлари кеча-ю кундуз тиним билмай ишласа-да, кўп ҳолларда биз ўзимизнинг фаолиятимизни, унинг натижаларини, керак бўлса, жиноятчиликка қарши курашдаги ютуқларимизни етарли даражада кўрсатиб бера олмаяпмиз. Бу каби камчиликларимизни бартараф этиш учун, энг аввало, оммавий ахборот воситалари, жумладан, сизлардек журналистлар билан доимий равишда ҳамкорлик қилиб боришимиз талаб этилади.

— Мазмунли суҳбат учун ташаккур!

 

Гўзал БЕГИМ суҳбатлашди.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two × 2 =