Ватанга муҳаббат она тили билан

21 октябрь — Ўзбек тили байрами кунига 7 кун қолди

Эсимда, 2019 йил 21 октябрь. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганлигининг ўттиз йиллигига бағишланган  тантанали маросимда қатнашиш учун пойтахтимиздаги “Тashkent Sity” халқаро ишбилармонлик марказининг қуриб битказилган илк объектларидан бири – Халқаро Конгресс марказида ўтирибмиз. Сарой маҳобатли, ҳашамдор ва гўзаллиги билан кишини ўзига тортади. У шунингдек, замонавий ва ҳашамдор безатилгани билан ҳам қатнашчилар эътирофига сазовор бўлди. Энг муҳими, давлат тили дея ҳужжатларга муҳрланган она тилимизга янгича эътибор, мавқеини яна бир поғона оширишга бағишланган мазкур тантана ҳеч қачон ёдимиздан чиқмаса ҳам керак… 

Саройга сенаторлар, депутатлар, ҳукумат аъзолари, фан, маданият, спорт ва санъат намояндалари, тилшунос олимлар, ёшлар, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган хорижий давлатлар элчихоналари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари ташриф буюрган. Байрам қатнашчилари қалбида чексиз шоду хуррамлик, кўтаринки руҳ ҳукм сурмоқда.

“Қарши олинг, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев!”, деб эълон қилганидан кейин ҳамма баробар ўрнидан турди ва анча вақт давомли қарсаклар янграб турди. Президентимиз шаҳдам қадамлар билан минбарга яқин келди ва  маросимга бағишланган нутқини бошлади.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллиги билан бутун халқимизни муборакбод этди. Сўнг миллатимизнинг рамзи ва ғурури бўлган Она тилимиз ва унинг моҳияти ҳақида дона-дона қилиб сўзлади. Нутқ содда, лекин жўшқин тарзда баён этилди.

 Ора-орада маросим қатнашчиларининг олқишлари янграб турганини ҳисобга олмаганда, ҳамма нутқни жон қулоғи билан тинглади.

Шу куни маросим қатнашчилари ўзбек тилининг давлат тили сифатида эъзозланишига ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилаётган қонун қабул қилинган кун тантанали тарзда нишонланаётганидан чексиз фахр-ифтихор туйганларини уларнинг кўзларидаги қувонч, юзларидаги табуссумдан билиб олиш мумкин эди.

Маълумки, тил — қомус, мадҳия, байроқ каби миллатнинг ўзлиги, мавқеи, обрў-эътиборини белгилайдиган муҳим воситалардан биридир. Шунингдек, тил миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойлигимиз ҳисобланади.

Президентимизнинг ана шу тантанали маросимдаги тарихий нутқида таъкидланганидек: “Кимда-ким ўзбек тилининг бор латофатини, жозибаси ва таъсир кучини, чексиз имкониятларини ҳис қилмоқчи бўлса, мунис оналаримизнинг аллаларини, минг йиллик достонларимизни, ўлмас мақомларимизни эшитсин, бахши ва ҳофизларимизнинг сеҳрли қўшиқларига қулоқ тутсин.

Туркий тилларнинг катта оиласига мансуб бўлган ўзбек тилининг тарихи халқимизнинг кўп асрлик кечмиши, унинг орзу интилишлари, дарду армонлари, зафарлари ва ғалабалари билан чамбарчас боғлиқдир.

Аждодларимиз, ота-боболармиз айнан она тилимиз орқали жаҳонга ўз сўзини айтиб келганлар. Шу тилда буюк маданият намуналарини, улкан илмий кашфиётлар, бадиий дурдоналар яратганлар”.

Шунингдек, кундалик ҳаётимизда ҳар куни қўлланадиган, эҳтиёжимизга айланган она тилимизнинг давлат ва жамият ҳаётидаги таъсири ва мавқеини янада ошириш бўйича муҳим ва долзарб вазифалар Президентимизнинг 2019 йилнинг 21 октябрида имзолаган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида аниқ-тиниқ белгилаб берилган.

Бундан ташқари, Фармонда давлат тилини ривожлантириш борасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, давлат тилини ривожлантириш бўйича дастурлар ва “Йўл хариталари”ни ишлаб чиқиш, уларнинг амалга оширилишини назорат қилиш, “Ўзбек тили байрами куни”ни нишонлаш бўйича ишларни мувофиқлаштириш, илмий асосланган янги сўз ва атамаларни истеъмолга киритиш, замонавий атамаларнинг ўзбекона муқобилларини яратиш ва бир хилда қўлланишини таъминлаш, географик ва бошқа топономик объектларга қонун ҳужжатларига мувофиқ ном берилиши борасидаги фаолиятни мониторинг қилиш ва мувофиқлаштириш, давлат тилини ривожлантиришга оид илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, бу соҳада халқаро ҳамкорликни амалга ошириш каби вазифалар айтиб ўтилган.

Бугун гувоҳи бўлиб турганимиздек, мамлакатимизда Президентимиз Фармонида кўзда тутилган вазифаларни амалга татбиқ қилиш борасида сезиларли ишлар олиб борилаяпти. Дастлабки муҳим қадамлардан бири, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилди. Бу ташкилотнинг аниқ мақсадга йўналтирилган тарзда иш олиб бораётганини эътироф этиш лозим. Янги департамент томонидан жойларда ўзбек тилига қандай эътибор берилаётгани ҳақидаги ўрганишлар натижаси ҳали бу борада кўплаб амалий ишлар олиб боришимиз кераклигини кўрсатиб берди.

Департаментнинг таклифи билан ҳар бир ташкилот раҳбарининг давлат тилида иш юритиш бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилгани, тан олиб айтиш лозим, ниҳоятда мақбул иш бўлди. Таъбир жоиз бўлса, бу жуда зарур ва муҳим вазифа олдинроқ жорий этилганда, тилимизни ривож­лантириш борасида янада кўпроқ фойдали ишлар амалга оширилган бўлар эди. Яъни, давлат идораларидан келаётган баъзи ҳужжатларнинг давлат тилида тайёрланмаётганлиги, мазмунсизлиги, бу ҳам етмагандек, матндаги ғиж-ғиж имловий ва услубий хатолар кўнглингизни хижил қиларди. Бу ҳақда  мурожаат қиладиган идора ёки маҳкаманинг ўзи йўқлиги боис, дардингиз ичингизда эди.

Очиғини айтиш керак, тилимизга эътиборсизлик, ҳар бир жабҳада, айтайлик, мактаб ўқувчилари дарс­ликларининг имловий хатолар билан босилиб чиқаётгани, кўчалардаги рек­лама, эълонлардаги  имловий ва қўпол хатолар, телерадиоэшиттиришлардаги шевалардаги хатоликлардан дилимиз оғриган, аммо дардимизни кимга айтиб, юрагимизни кимга бўшатишни билмаганмиз. Ҳайриятки, энди бу борадаги оҳимизни ҳам эшитадиган масъул­лар бор.

Мана, “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонун имзоланганига ҳам бир йил бўлаяпти. Бу ҳам бевосита шахсан давлатимиз раҳбарининг ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан оширишга катта эътибор бераётганидан далолат.

Эндиликда, Она тилимизнинг мавқеини тиклаш учун назаримизда, ишни оиладан, боғчадан бошлаш керак. Таълимнинг барча босқичларида ўзбек тилини замонавий ва инновацион технологиялар асосида ўргатиш, боғча, мактабларда ўзбек тили фанини янада чуқурроқ ўқитиш, она тилимизнинг ўрни, аҳамиятини ёшлар онгига атрофлича сингдириш борасида янгича ёндашувлардан фойдаланиш кераклиги шиддатли кечаётган давр, бугунги кун мезонлари талаби.

Аввало, ҳар бир ташкилот раҳбари ва жамоа халқимиз тақдири ва келажагига дахлдор бўлган она тилимизни асраш ва иш юритишда қўллашга жиддий эътибор бериши зарур.

Маълумотларга қараганда, дунё бўйича 50 миллиондан зиёд кишилар ўзбек тилида сўзлашади. Бу она тилимизнинг дунёдаги йирик тиллардан бирига айланиб бораётганидан далолат. Тилимизни янада кенг миқёсда тарғиб қилиш учун глобал тармоқ – Интернетнинг энг оммалашган сайтларида Ўзбекистон, ўзбеклар  ҳақидаги ранг-баранг материалларни жойлаштириб бориш мақсадга мувофиқ бўлади. Айниқса, ўзбек тили ва адабиётининг  асосчиси Алишер Навоийдан тортиб, мумтоз адабиётимиз вакилларидан Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб, Муҳаммад Ризо Огаҳий, Муқимий, Фурқат, йигирманчи асрнинг забардаст шоир, ёзувчилари Чўлпон, Фитрат, Абдулла Қодирий, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Шуҳрат, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Тўлепберген Қаипбергенов, Худойберди Тўхтабоев, Шукур Холмирзаев, Ўткир Ҳошимов, Ўлмас Умарбеков, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов,  Рауф Парфи, Тоғай Мурод, Муҳаммад Юсуф, Хайриддин Султонов, Сирожиддин Саййид асарларидан намуналар бериб борилса, улардан дунёнинг турли минтақаларида яшаётган ўзбеклар баҳраманд бўлади ва айтиш жоизки, тилимиз ва миллатимизнинг обрў эътибори, мавқеи  янада ошади.

Ўзбек тили сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда фаол қўлланиб, халқаро минбарларда баралла янграмоқда. Янги, жонли бир мисол, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 75-сессиясида она тилимизда сўзлаган нутқи тарихий воқеа бўлди. Жорий йилнинг 23 сентябрида видеоконференция шаклида ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида тарихда биринчи бор ўзбек тили янгради!

Чунки шу пайтгача ўтган БМТ сессияларида фақат рус тилида нутқ қироат қилинар эди. Айтиш керакки, ушбу нутқ дунёнинг турли давлатларида яшаётган ўзбекларгагина эмас, балки туркий халқларга ҳам алоҳида ифтихор, ғурур бахш этди. Яна бир жиҳат, дунёнинг нуфузли нашрлари шарҳида “Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев БМТнинг юксак минбаридан Навоий тилида дунё ҳамжамиятини ҳамкорлик ва бирдамликка даъват қилди”, дея эътироф этилди.

 Дунё миқёсида ўзбек тили билан боғлиқ жўшқин жараёнлар кечаётганини кузатган ҳолда айтиш лозимки, Она тилимизнинг нуфузи, обрўси, мавқеини оширишда бир мушт, бир куч бўлиб ҳаракат қилишимиз, амалий ишга киришишимиз керак.

Юсуф Ҳамдамов,

филология фанлари номзоди

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × 5 =