“Газеталар шарҳи” кимга ёқмайди? Ёхуд такроран Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси эътиборига

Муштарийларимизнинг ёдида бўлса, газетамизнинг шу йил 3 июнда чиққан 18-сонида “Газеталар шарҳи” қайта тикланса…” деб номланган мақола эълон қилинган эди. У кўп йиллар олдинги “Ўзбекистон” телеканалининг тонгги дастурлари қаторида берилган “Газеталар шарҳи” кўрсатувини яна телеэкранга қайтариш ҳақида эди. Тўғри, мақола эълон қилингач бу борада анча-мунча ижобий фикрлар билдирилди, таҳририятимизга ҳам кўплаб қўнғироқлар бўлди, муштарийларимиз томонидан бу фикр қўллаб-қувватланди. Аммо орадан қарийб 4 ойдан ошибдики, ҳеч қандай амалий натижа бўлмади.

Яхши эслаймиз, “Газеталар шарҳи” бундан йигирма йилларча олдин ҳар куни тонгда жонли эфирга узатиладиган 15 дақиқалик кўрсатув бўлиб, унда шу кунги “тандирдан узилган” марказий газеталар қисқача шарҳланар эди. Кўрсатувга юртимизнинг таниқли журналистлари, ноширлари бошловчилик қилишган. Муҳими, ушбу кўрсатув аудитория танламаган, яъни турли ёшдаги ҳар хил соҳа вакиллари учун ҳам қизиқарли эди.

Шарҳлаш учун газеталарнинг ўша кунги сонларидаги энг долзарб мавзудаги мақолалар танлаб олинарди. Шу боис ҳам кўрса­тувнинг томошабинлари кўп эди. Ҳамма вақт ҳам газеталарни чиққан куниёқ респуб­ликанинг барча манзилларига етказиб бериш, табиийки, мушкул иш бўлиб келган. Ёки барчанинг ҳам эрта тонгдан туриб газета сотиб олиш имкони бўлмайди. “Ўзини зиёли, деб билган ҳар бир одамнинг нонуштаси газета мутолааси билан бошланади”, деган гап бежиз айтилмаганидек, ўша йилларда кўпчилик оилаларнинг эрталабки нонушта билан кўрадиган тонгги дастурларидан бири шубҳасиз бу — “Газеталар шарҳи” бўлган.

Аммо кўрсатув фаолияти юқорида айтилганидек, номаълум сабабларга кўра тўхтаб қолганди. Ва яқин 20 йиллар ичида эфир юзини кўрмади. Қизиғи, шундай бўлишига қарамасдан, ушбу кўрсатув ҳамон кўпчиликнинг ёдида. Ўтган ўн йиллар давомида телевидениеда қанчадан-қанча кўрсатувлар ташкил этилмаган дейсиз? Йигирма йилни қўйинг, яқин бир-икки йилда эфирга узатилган ва ҳозир фаолият кўрсатмаётган нечта кўрсатувнинг номини айта оласиз? Бироқ шунча йиллардан буён “Газеталар шарҳи” кўпчиликнинг ёдида эканлиги ҳам унинг эл орасида нечоғли аҳамиятли бўлганидан дарак бериб турибди.

Бу дастурнинг қайта тилга олинганига сабаб, халқимизда унга эҳтиёж катта. Биринчидан, ҳанузгача матбуот нашрларини мамлакатимиз бўйлаб етказиб бериш билан боғлиқ муаммолар бор. Гарчи карантин қоидалари енгиллаштирилган бўлса-да, пандемия хавфининг таъсири бу борадаги ишларга ҳалал бериб турибди. Шунинг учун ҳам матбуот ва телевидениенинг ҳамкорлигига ҳар қачонгидан-да сезиларли эҳтиёж мавжуд. Сўзимиз исботи сифатида ҳамюртларимизнинг ижтимоий тармоқларда қолдирган айнан шу хусусдаги фикрларидан айримларига эътибор қаратинг-а.

Фозил ФАРҲОД, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ахборот сиё­сати масалалари бўйича маслаҳатчиси: — Ўсмирлик кезларимизда берилган “Газеталар шарҳи” кўрсатуви жуда қизиқ бўларди. Унинг йўқ бўлиши Ўзбекистонда маълум вақт ОАВ эркинлигининг бўғилиши билан боғлиқ, деб ўйлайман. Худога шукр, бугун матбуот эркинлашди. Нафақат матбуот, бошқа оммавий ахборот воситалари ҳам. Бир-икки ойча аввал “Ўзбекистон 24” телеканалида “Газеталар шарҳи” кўрсатувининг қайтадан тас­вирга олинишига оид саъй­-ҳаракатлар бош­ланганидан хабарим бор. Ҳатто, кўрсатувнинг кўрик варианти тайёрланган эди, бундан хурсанд бўлгандим. Лекин у яна қандайдир сабабларга кўра эфирга кетмади, назаримда. Кўрса­тувни ташкил қилиш унча мушкул иш эмас аслида. Аввало, бунинг учун газеталарни яхши кўрадиган фидойи инсонлар керак, холос.

Умида РАШИДОВА, ўқитувчи: — Бундай кўрсатув, албатта, бўлиши керак. Ичида дадил ва ўткир сўзи бўлган газеталар, мақолалар шарҳланса, фойдадан холи бўлмайди. Айниқса, “Матбуот тарқатувчи” АК ва “Ўзбекистон почтаси” АЖ каби ташкилотларнинг фаолиятида сусткашликлар мавжуд бўлган бир пайтда матбуотимиз билан таништирувчи телелойиҳага эҳтиёж юқори.

Зиёдулла БОЙМУРОДОВ, нафақадаги ўқитувчи: — Чиндан ҳам “Газеталар шарҳи” яхши кўрсатув эди. Масалан, мен тонгда қанақадир пишир-куйдир, “ҳа-ҳа, ҳу-ҳу”лардан кўра ана ўшандай жиддий, ҳам фойдали кўрсатувлар бўлганини маъқул кўраман. Бугун кўплаб тонгги дастурлар кўнгилочар тусда бўлиб кетди. Телевизорда фақат енгил-елпи кўрсатувларни кўриб ўтирадиган одам, халқнинг дардини ҳис қилиши қийин.

Қаҳрамон ИСАКУЛОВ, ўқитувчи: — Бизнинг қишлоғимиз туман марказидан узоқда. Интернет тезлиги бўлса, мутлақо қониқарли эмас. Обуна бўлган баъзи газеталаримизнинг етиб келиши — муаммо. Обуна бўлсак ҳам, фақат педагогик газеталарга бўлганмиз. Тўғри, кунлик янгиликлардан, асосан, ҳар хил телеграм каналлари, ижтимоий тармоқлар орқали хабардор бўлиб турамиз. Лекин газеталар шунчаки ахборот ташувчи эмас-да, унда муносабат бўлади, таҳлил бўлади, мулоҳаза юритилади. Шундай экан, марказий газеталарда кўтариладиган мавзулардан телевидение орқали ҳам хабардор бўлиб турганимиз яхши эди.

Моҳинур АКМАЛОВА, талаба: — Бундай кўрсатув бўлиши жуда зарур. Уни бугунги замонавий техникалар асосида, албатта, қайта тиклаш керак. Шунда газеталарнинг ҳам сараги-саракка, пучаги-пучакка ажрала бошлайди.

Маъруфжон ДЎСТМУРОДОВ, докто­рант: — Янгиланаётган юртимиз учун “Газеталар шарҳи” каби лойиҳаларнинг қайта тикланиши ўта муҳим. Аслида, интернет сайтлари ҳам, телевидение ҳам, матбуот ҳам оммавий ахборот воситаси ҳисобланади. Таъбир жоиз бўлса, улар ака-укалардек гап. Шунинг учун ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлаши жоиз. Кўпчилигимиз охирги вақтларда нотўғри хулосалар қилдик. Газета-журналларнинг вақти ўтди, дедик. Қўпол қилиб айтганда, матбуотга нисбатан қуриётган дарахтга қарагандек қарадик. Лекин ўйлаб кўрмадикки, бу ҳам мамлакатимиз ривожида, ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлидаги энг муҳим омиллардан биттаси. Гарчи айримлар ҳис қилмаётган бўлса-да, босма нашрлар — таянч воситаларимиздан бири. Биз унинг ҳолсизланишига кулишимиз эмас, ёрдам беришимиз керак. Масалан, телевидение матбуотнинг заволидан қувонмаслиги зарур, аксинча, қўллаб-қувватлаш керак. “Газеталар шарҳи” эфирга узатила бош­ланса, худди мана шу иш амалга ошади. Бундан ташқари, бу лойиҳа фақатгина гезеталар учун эмас, балки халқимиз учун керак. Телетомошабин учун керак. Қизиқ, нега телевидениеда турли алмойи-жалмойи, енгил-елпи кўрсатувлар кетади-ю, ҳақиқий томошабин истайдиган кўрсатувни ташкил этиш пайсалга солинади?

…Кўриб турибсизки, одамлар ушбу кўрсатувнинг қайта юз кўрсатишини исташмоқда. Лекин уни ташкил этишга нима ҳалақит бераётган экан?

Бундан 20 йил аввалги “Газеталар шарҳи” балки чиндан ҳам ўша пайтда “кимгадир” хуш келмагани учун тўхтатилгандир. Ўз даврида ОАВларга нисбатан кескин чекловлар, “кўринмас” цензуралар бўлгани сир эмас. Лекин ҳозирда Юртбошимиз томонидан олиб борилаётган очиқлик сиёсати даврида бундай сусткашликнинг боиси нимада? Ёки масъуллар ташкиллаштиришга ҳафсала қилишмаяптими?

Бизнингча, ушбу кўрсатувни қайта ташкил этиш ортиқча меҳнат талаб этмайди. Таж­рибали журналист ёки шарҳловчи томонидан шу куни “тандирдан чиққан” газеталар ҳақида жонли эфирда 10-15 дақиқа маълумот бериб ўтиш, ўқишли, долзарб мақола ва хабарлардан воқиф этиш жудаям қийин иш бўлмаса керак.

Дарвоқе, “Hurriyat”нинг июнь ойидаги чиқишидан кейин ЎзА яъни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ўз веб-сайти орқали газеталар шарҳини йўлга қўйди. Фақат очиғини айтганда, ўта қолоқ усулда ташкил этилди. Ўқувчилар қизиқишини оширадиган тарзда ижодий ёндашилмади. Шунинг учун ҳам бир-икки ой тайёрланди-да, сўнг бу ҳам тўхтаб қолди.  

Умид қиламизки, бу галги таклиф ва мулоҳазаларимиздан сўнг севимли Миллий телевидениемиз мутасаддилари ушбу масалага жиддийроқ эътибор қаратади ва “Газеталар шарҳи” яқин кунларда тонгги дас­турларимиз қаторидан қайта жой олади.

 Шаҳзод ШОДМОНОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 1 =