Устоз розилигига эришиш ҳам бахт

Бундан қарийб икки ярим йил аввал Саъдулла Ҳакимов мени Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари сифатида жамоага таништиргани кечагидек кўз ўнгимда. Ўшанда раҳбаримиз “Холмурод, сиз бугундан янги жамоада фаолият бошлайсиз. Бу жамоага ҳам мослашишингиз,  ўз ўрнингизни топиш ва мустаҳкамлашингиз зарур ва муҳим” деган эдилар. Фаолиятим давомида устознинг бу каби ўгитларидан тўғри хулоса чиқарган ҳолда ишлашга, билдирган ишончини оқлашга астойдил ҳаракат қилдим. Яширмайман, иш жараёнида кичик бўлса-да хато қилган пайтларим, билиб-билмай у кишининг жаҳлини чиқарган дамлар ҳам бўлди. Шундай кезларда ҳам ёмон гап эшитмадим. Аксинча, “Сизни қўлингиздан бу ишларни аъло даражада бажариш келади, мен бунга ишонаман”, деб руҳлантирарди. Саъдулла ака нафақат мени, балки бутун жамоамиз аъзоларини, умуман, қабулида, суҳбатида бўлган ҳар бир инсонни, журналистни қўллаб-қувватлашга,  имконият даражасида ёрдам беришга ҳаракат қиларди.

Турли тадбирларни ўтказиш баҳонасида Саъдулла ака билан бирга қарийб барча вилоятларда бўлганман. Йўлга чипта, меҳмонхонага жой буюртма беришимиздан хабар топиши билан “Арзонроғини гаплашинглар, давлатни пулини совурмаслигимиз керак” деган гаплари бир неча маротаба қулоғимга чалинган.

Йигирма беш йилдан ортиқ журналистик фаолиятим давомида кўплаб инсонлар билан бир жамоада ишлаш насиб этди. Улар орасида Саъдулла Ҳакимов ўзининг юксак инсоний фазилатлари билан алоҳида ажралиб туради.

Ўтган икки ярим йил мобайнида пойтахтимизда кўплаб устоз журналистларнинг юбилейлари ва бошқа нуфузли тадбирлар бўлиб ўтди. С.Ҳакимов ўзи билан мен ҳам шундай тадбирларда иштирок этишимни, фаол бўлишимни истарди. У киши орқали жуда кўп таниқли, халқимиз ҳурмати ва давлатимиз раҳбари эътиборига тушган зиёли инсонлар билан яқиндан танишиш, уларнинг суҳбатини олиш  насиб этди. Бундан жуда миннатдорман. 

Оммавий ахборот воситаларидаги ҳар бир чиқишимга ўз муносабатини билдириб, зарур ҳолларда ўз маслаҳатларини бериб келган Саъдулла ака менга раҳбар сифатида ҳам, устоз сифатида ҳам, оддий ака сифатида ҳам кўп яхшиликлар қилган. Ўтган йили Хитойга бориб-келишимга ҳам у киши сабабчи бўлган эдилар. 2019 йил апрель ойининг охирларида хоналарига чақирди. Нима гап экан, деб кирдим. “Холмурод, шу йилнинг 13-19 май кунлари Хитойнинг Пекин шаҳрида Осиё давлатлари журналистлар уюшмалари вакиллари иштирокида катта халқаро конференция бўлиб ўтади, шунга бориб-келишингиз керак ” деди. Табиийки, бу топшириқни бажонидил, хурсанд бўлиб қабул қилдим. Энди ҳужжатларни тайёрлаш керак. Менда эса шу чоғ хорижга чиқиш паспорти йўқ эди. Шу пайтлари уни тўғрилаш камида уч ҳафтага чўзиларди. Вақт эса кам қолганди. Бир амаллаб 12 май куни “загран” паспортни, 13 май куни кечки соат 16:30 га самолётга чипта ҳам олдик. Аммо паспортга Хитой элчихонасининг визаси урилмаган, бусиз у давлатга киритмайди. Элчихона вакиллари эса бу ишни ортга сурмоқда. Қарасам, илк хориж сафаридан ҳам қолишга тўғри келяпти. Шундай ўй-хаёллар билан тушкин кайфиятда ўтирган эдим Саъдулла ака қўнғироқ қилиб қолди “Ишларингиз битдими, эртага учасизми энди”, деди. Вазиятни тушунтиргандим “Э…  аввалроқ айтмабсизда. Чораси йўқмикан”, деди. Мен элчихона ходими айтган гапни – илож йўқ эканини маълум қилдим. Шу билан мулоқотимиз тугади.

Эртаси куни таваккал қилиб, сафарга тайёр ҳолатда ишхонага келдим. Устозимиз ишга мендан кўра анча вақтли келган экан. Мени кўриши билан “ишингиз нима бўлди”, деди кулиб. Нима деб жавоб беришни билмай ўйланиб турганимда: “Ҳозир элчихонага боринг-да шу ерда ишлайдиган бир қизга (исмини ёзишни маъқул кўрмадим) учрашинг, виза масаласини ҳал қилиб беради, фақат виза учун 25 доллар кўп тўлайсиз”, деди жилмайиб. Менга оқ йўл тилашни, сафар давомида нималарга алоҳида эътибор қаратишим лозимлигини айтишни унутмади.  

Маълумки, ҳар хил ҳолатга тушганингизда раҳбарингиз, дўстингизнинг сизга бўлган муносабатидан унинг қандай инсон эканини янаям яхшироқ биласиз, сиз учун очилмаган қирралари очилар экан. Сир эмас, шу йилнинг август ойида коронавирусга чалиниб, бир ҳафта Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази шифохонасида даволандим. Шифохонада пайтим Саъдулла ака ҳар куни эрталаб ва кечқурун қўнғироқ қилиб аҳволимни сўраганларида, тиббий текширувларим натижаларини олиб таниш шифокорлари, ҳатто шифокор қизига кўрсатиб даволаниш бўйича ўз маслаҳатларини берганлари… Рости, устознинг кўрсатган бу каби оқибат ва одамгарчилигидан ҳайрон қолганман. Ўзим учун тегишли хулосалар чиқарганман.

Ўйлаб қарасам, ўзидан кўра ходимлари манфаатини, соҳамиз, давлатимиз равнақини кўпроқ ўйлайдиган Саъдулла акадан фақат бир марта қаттиқ гап эшитган эканман. Қисқаси, ўтган йилнинг март ойида Саъдулла Ҳакимов қарийб ўн кун хизмат сафари билан Кореяда бўлишига тўғри келган эди. Шу пайт “Нуроний” жамғармасидан “Меҳнат фахрийси” унвонига журналистлар орасидан номзод сўраб қолди. Номзодлар рўйхатини ишлаб-ишламаган телеграм орқали зўрға ака билан келишдим. Шу рўйхат ва тегишли ҳужжатларни жамғармага жўнатган ҳам эдик, тезлик билан яна бир кишининг номзодини беришни сўрашди. Корея сафарида бўлиб турган раҳбаримиз билан яна боғланишнинг иложи бўлмагач, ўйлаб-ўйлаб, ҳеч кимдан сўрамасдан С.Ҳакимов ҳужжатларини уларга тақдим қилдим.

Саъдулла ака Кореядан келиши билан бундан хабар топди. Бу ишим учун мени роса койидилар: “Мендан кўра бу унвонга муносиблар кўп, нега сиз менинг номзодимни бердингиз” деб. Кўп ўтмай тегишли ҳужжатга мувофиқ “Меҳнат фахрийси”га айландилар.

Ҳа, Саъдулла ака ана шундай камтар, олижаноб, ходимлари учун меҳрибон, отадек улуғ инсон эди, десам адашмаган бўламан. Шу билан бирга талабчан ҳам эди. Берган топшириқлари натижасини сўраш ёдидан чиқмасди. У киши билан боғлиқ кўплаб воқеа-ҳодисалар хотирамда бир умрга муҳрланиб қолди. Устоз бемор бўлиб қолганларида аввалига телефонлашиб турдик. Овозлари буғилиб қолганларидан сўнг эса телеграм орқали ёзишдик. Устознинг менга ёзган охирги гапи “Раҳмат, Холмурод!” деб тугаган. Бу сўзлар менга устозни розилигига эришганимни англатади гўё, таскин беради.  Руҳларингиз доимо шод, охиратингиз обод бўлсин, Устоз.

Холмурод САЛИМОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий

уюшмаси раиси ўринбосари

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

six + nineteen =