“Шарқираб сой каби оққаним ростдир”

Ўзбек журналистикаси, адабиёти яна бир забардаст ижодкоридан айрилиб қолди. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси бошқаруви раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоир ва публицист Саъдулла Ҳаким 2020 йил 11 октябрда 69 ёшида вафот этди.

Cаъдулла Ҳаким 1951 йил 25 мартда Жиззах вилояти, Фориш туманидаги Гараша қишлоғида таваллуд топган эди. ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини тугатган (1977). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими (2002). Адибнинг “Ҳамал тонглари” (1981), “Сен кутган баҳор” (1986), “Ёз оқшоми” (1996), “Она сўз” (2000), “Сайланма” (2001), “Кўнгил юзи” (2006), “Юрт ўғлони” (2019) каби шеърий тўпламлари, “Эсимда қолган кунлар”, “Атом қаърига саёҳат” сингари публицистик асарлари чоп этилганди. Шунингдек, А.Пушкин, М.Лермонтов, С.Есенин, Гёте каби шоирларнинг кўплаб жўшқин асарларини ўзбекчага моҳирона таржима қилган, хассос сўз заргари эди.

Саъдулла ака ўта камтар, вақти бемаҳал гаприб кетавермайдиган камсуқум, аммо керакли сўзни ўрнида ишлатишни яхши кўрардиган инсон эди. Ҳар гал ишга келганларида, албатта, “Hurriyat”дан хабар олиб ўтарди. Ўзи газетачиликнинг қаттиқ нонини еб тажриба, маҳорат оширганиданми, газетага меҳри бўлакча эди.

Ишхонамиз ёнма-ён бўлганиданми, баъзан уюшма ходимлари ишда бор-йўқлиги унчалик билинмасди. Бирор юмуш билан сўраб чиқсак, улар ўз хоналарида компьютер клавиатурасини тақиллатиб, қизғин ишлаётган бўларди.

Юзлаб, балки минглаб инсонларнинг устози бўлган Саъдулла аканинг, ҳатто, овозини кўтариб гапирганини ҳеч ким эслолмаса керак. Устоз ўз соҳасини яхши билгани, жамиятда юз бераётган ўзгариш, ислоҳотларнинг туб моҳиятини англагани боис, қатор раҳбарлик лавозимларида муносиб ишлаб келди.  

Саъдулла Ҳаким шеърияти алоҳида олам, шоир ҳеч бир сатрни юкламасиз битмасди. Шу боис, унинг шеърларини шунчаки ўқиб бўлмайди, балки мушоҳада қилиб, талқинга ечим топиб ўқиган одам маънавий завқ олади. Ўзбек адабиётида ўз ўрнига, ўз мав­қеига эга ижодкор эди.

Минг бора афсусу надоматлар бўлғайки, бутун дунё аҳлининг тинчини бузган коронавирус балоси қанчалаб азиз инсонларни   орамиздан олиб кетди.

Саъдулла аканинг ўзи, аввало, санитария-гигиена қоидаларига қаттиқ риоя қилар, ўз-ўзини яккалашга кўп эътибор берарди. Қолганлардан ҳам шуни талаб қилар, ҳар гал саломлашиб, сўрашганимизда, ҳазил-чин аралаш самимият билан “Оралиқ масофани сақланг”, деб қўярдилар. Лекин, олам аҳлига офат келтираётган бу бало — “тожли вирус” Саъдулла акани ҳам четлаб ўтмади. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти баёнотида: “Бу дард билан ер юзи аҳолисининг ҳар 10 кишисидан бири касалланади”, дейилган. Ҳеч бир инсон “мен бу касалга чалинмайман” дея олмас экан. Чунки, ўзи миттигина, кўзга кўринмас бало қачон ва қаерда пайдо бўлишини дунёнинг манаман деган олимлари ҳам аниқ айтиб беролмаяпти.

Нетонгки, “дард ўткинчи, шифо эса Ўзидан”, деганлари рост. Сабаб кўп, аммо лавҳда битилган калом ўзгармасдир.

Саъдулла ака ёш ижодкорларнинг қоралама шеърларини, публицистик хабар, мақолаларини ҳам кузатиб борарди. Муаллифни ёнига чақириб эринмай хато ва камчиликларини тушунтирар, энг муҳими, тузатишларига ҳам ўзи кўмаклашиб юборарди.         

Устоз юқорида айтганимиздек, жуда камтарин, узоқни ўйлайдиган, бировнинг дилини оғритмайдиган, каттани ҳам, кичикни ҳам бирдек кўрадиган, суҳбатдошини ҳурмат қиладиган киши эди.

Устоз одамларга яхшилик қилишни ўйларди. Ҳеч кимга ёмонликни раво кўрмас эди. Ҳатто, унинг дилини оғритган, ёмонлик қилганларни ҳам кечириб юбораверарди, кек сақлаб юрмас эди. Баъзи бировларга ўхшаб “фалон киши ундай, писмадончи бундай”, деган гап-сўзларни умуман тилга олмасди. Бундай майда гап-сўзлардан баланд инсон эди.

Барчага, яъни дўст биродарлари, яқинлари, жамоадошларига жуда эътиборли бўлиб, айниқса, ишга ниҳоятда масъулият билан ёндашарди. Бутун кучини, вақтини аямасди. Кўпинча гувоҳи бўлардик, анча кеч бўлган, Уюшмада ҳеч ким қолмаган вақтлари, ёинки дам олиш кунлари ҳам бир ўзлари хонасида ишлаб ўтирарди. Ҳалоллик ва холисликни яхши кўрарди. Шу боис, “Олтин қалам” бўладими ё бошқа турли танловларда кимгадир ён босганини кўрмаганмиз. Баъзида оғзига кучи етмаган, ёхуд ўзига мукофот тегмаганлар ҳар не десалар ҳам, устоз танлов ҳайъатига: “Ўзларинг ҳалол ва холис ҳал қилингизлар”, дерди, аммо аралашмасди.    

Ҳа, энди куйингандан бирор чора бўлсайди, айрилиқ азоби дилларни сирқиратади, бу жудоликни ўйлашнинг ўзи осон эмас. Ахир ҳақиқий сўз ишқибози, сўз деҳқони, бетакрор шоир бу дунёни тарк этди. Билганлар билди, билмаганлар билмади. Рости шуки, бағри осмон қадар кенг эди.

Аммо буни қарангки, худди яна юз йил ёнимизда юрадигандек, у кишига кўнглимиздаги илиқ сўзларни айтолдикми, йўқми, буниси энди армон…

Чинакам шоирларда ярим авлиёлик хис­лати бўлади деган гап бор. Саъдулла Ҳаким касалхонада даволанаётган чоғида ёзган қуйидаги шеърида бу беш кунлик дунёни ташлаб кетаётганини, “Сўзбондан сўз сўраб” кетишга чоғланганини олдиндан билгандек, сезгандек битган экан. Мана ўша шеър:

 

КЕТАЁТИРМАН

 

О, бу қандай шараф, кетаётирман,

Сендан сенга қараб кетаётирман.

 

Кўнглимни тоблади кундуз ва кеча,

Ой каби ярқираб кетаётирман.

 

Шарқираб сой каби оққаним ростдир,

Булоқдай шилдираб кетаётирман.

 

Билмайман, гуноҳим қанча, бир тараф,

Савобим бир тараф, кетаётирман.

 

Сен келсанг… йўлларим тезлашармиди,

Илинжим, йўл қараб кетаётирман.

 

Тилимда айланар бир сенинг номинг,

Боламдай эркалаб, кетаётирман.

 

Умр шомида тонг отмоқда, ажаб,

Воажаб, воажаб, кетаётирман.

 

Кўзим булоғининг очилди кўзи,

Ой нури жилдираб, кетаётирман.

 

Сўз деҳқони эдим, бир сўз айтгали,

Сўзбондан сўз сўраб, кетаётирман.

 

Келмоқ суруридан сўзламам энди,

О, бу қандай шараф, кетаётирман.

 

Сўнгги дам, сўнгги нафас битиклари, кўнгилни эзади, аммо сиз-у бизга яна бир бора бу дунёнинг барчага ҳам омонат эканлигини уқтиргандек бўлади. Зотан, алломалардан бири Баҳовуддин Валад айтганидек: “Ғойибдан чиқибмиз, ғойибга борурмиз”.

Устоз Саъдулла Ҳаким эса омонат бу дунё­дан кетар чоғи ёзганидек:

“Кўнглимни тоблади кундуз ва кеча,

Ой каби ярқираб кетаётирман…”, де­йишга ҳар кимнинг ҳадди сиғса бас.

Абдурасул ЖУМАҚУЛОВ

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 − two =