Швед академиясининг тонгги қўнғироғи

Ҳаммаси 2020 йилги Нобель мукофоти соҳибаси Луиза Глюк ҳақида

 

Халқаро Нобель мукофоти хусусидаги баҳсу мунозаралар ҳеч қачон тўхтаган эмас. Хусусан, ўзбек адабиётчилари ва ижодкорлари ўртасида ҳам бу баҳс зимдан давом этмоқда.  “Қачон ўзбек ёзувчилари орасидан Нобель мукофоти соҳиблари етишиб чиқади?” қабилидаги саволлар бир неча йиллардан буён қалам аҳлини безовта қилиб келади.  Безовта қиляпти, холос. Яъни, бу борада бирор-бир амалий иш қилинаётгани ҳақида ҳеч бир тушунчага эга эмасмиз. Орзу ёки ҳаваснинг ўзи билан эса иш битмайди.

Ҳатто айримлар Нобель ола олмаётганининг бош сабабини “Америка ёки Хитойда туғилмаганидан”, деб билиши хусусида гоҳо кулгули, чучмал фикр­ларни ижтимоий тармоқларда битишгани кўзга ташланиб қолади. Бироқ бунга бизнинг миллий табақалашувимиз, миллатимиз “гуноҳкор” бўла олмайди. Ижодкор учун муҳими — ёзиш. Вақтнинг  енгилмас бир ҳукми борки, унинг ўзи ёзганларимиздан  сарагини саракка, пучагини пучакка ажратади. Адабиёт ҳам, ижод ҳам таъма эмас, тантана қалблардаги тантана эканлигини қайта-қайта юрак­ларга қуяди.

Бугун америкалик ёзувчи-шоирлар мукофот борасида, дунёга донг таратишда жуда илғор. Уильям Фолькнер, Эрнест Хемингуэй, Жон Стейнбек, Тони Моррисон каби адабиёт юлдузларидан сўнг бу йил яна бир америкалик шоира — Луиза Глюк адабиёт бўйича Нобель мукофоти соҳиби бўлди.

Биз ушбу мақоламизда дастлаб, Нобель мукофоти тарихига қисқача эътибор қаратишни лозим топдик.  Альфред Нобель 1833 йил 21 октябрь куни Швеция — Норвегия иттифоқи Стокгольмда муҳандислар оиласида туғилган. У кимёгар, муҳандис ва ихтирочи бўлган. 1894 йилда Нобель энг йирик Бофорс металлургия концернини сотиб олди. Ҳаёти давомида Нобель ғаройиб  бойлик тўплаган. Даромадининг катта қисмини у 355 ихтироси эвазига ишлаб топган.

1888 йилда Aльфред Нобелнинг укаси Людвиг вафот этади ва газета мухбирлари унинг укаси эмас, балки Aльфред Нобелнинг вафоти ҳақида эълон берадилар. Бу эса Альфредга қаттиқ таъсир қилади.  Шундан сўнг у “Мен ўлсам, одамлар мени қандай эслайдилар?”, дея ташвишга тушади ва ўз ҳаётий позициясини ўзгартиришга қарор қилади. 1896 йил 10 декабрда Aльфред Нобель Италиянинг Сан-Ремо шаҳридаги вилласида мияга қон қуйилиши туфайли вафот этади.

1897 йил январда Aльфред Нобель томонидан 1895 йил 27 ноябрда тузилган васиятнома эълон қилинади. Бу васият дастлаб, унинг қавму қариндош­лари томонидан  шубҳа билан қабул қилинди. Нобелнинг кўплаб қариндош­лари ўзларини меросдан маҳрум деб ҳисобладилар ва васиятнинг ҳақиқий эмас, деб топилишини талаб қилиб чиқишади. Фақат 1897 йил 26 апрелда бу васият кучга киради ва ташкилий ишлар бошлаб юборилади. Нобелнинг кўрсатмасига биноан, 1897 йил апрель ойида васият кучга киргандан кўп ўтмай ҳайъат аъзолари тайинланади ва бу ишлари учун  Норвегия Нобель қўмитаси Тинчлик мукофотига сазовор бўлди.

1900 йилдан бошлаб Нобель фонди ташкил этилади. Айни пайтда Нобель мукофотининг миқдори 1,5 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Ва бу сумма ўша пайтда ниҳоятда катта маб­лағ бўлиб, унинг бугунги қиймати миллиард АҚШ доллардан ошади (бу баъзи манбаларда 1,1 миллион АҚШ доллари деб кўрсатилмоқда). Нобелнинг биринчи банкети 1901 йил 10 декабрда бўлиб ўтади. Унга 1300-1400 нафар одам таклиф қилинади.

Нобель мукофоти ҳар йили 10 декабрь куни Норвегиянинг Осло шаҳрида ўз эгаларига топширилади. Унинг нима учун Норвегияда топширилишига Альфред Нобелнинг ўзи ҳам ҳеч қандай изоҳ бермаган. Олтин медаль ва Альфред Нобелнинг портретидан иборат мукофот Стокгольм филармониясида қирол Карл ХVI Гюстав қўлидан эгаларига топширилади.

1905 йилда австриялик баронесса Берта фон Суттнер Aвстрия ва Германиядаги тинчлик ҳаракатига қўшган ҳиссаси учун Нобель мукофотини олган биринчи аёл бўлди. Бундан ташқари, Берта Нобель билан яхши таниш эди; улар Aльфред ҳаётининг охиригача самимий ёзишмалар олиб боришган. Маълумки, айнан у ихтирочига ушбу номинацияда Нобель мукофотини беришга илҳом берган эди.

Номзодларни ким ва қандай танлайди? Нобель мукофотига даъвогарлар бир нечта илмий муассасалар томонидан танланади ва кўриб чиқилади. Aйнан, Швеция Қироллик Фанлар Aкадемияси физика ва кимё бўйича Нобель мукофотларини бериш ҳуқуқига эга ва иқтисодиёт бўйича Aльфред Нобель ёдгорлик мукофоти ҳам шу ерда танланади. Фанлар академияси 1739 йилда фанни ривожлантириш ва кашфиётларнинг амалий қўлланилишини рағбатлантириш учун мўлжалланган мус­тақил ташкилот сифатида ташкил этилган. Ҳозирги вақтда ушбу  академиянинг 450 нафар швед ва 175 нафар чет эллик аъзолари бор. Швециядаги энг донгдор тиббиёт муассасаси бўлган Каролина институти тиббиёт ва физиология соҳасида, Норвегия Нобель қўмитаси эса Тинчлик йўналишидаги совриндорларни аниқлаб беради.

Адабиёт йўналишида Нобель мукофоти 1901 йилдан буён топшириб келинади. Шу пайтга қадар мукофот 112 марта топширилган. Маълумки, 5 октябрдан бошлаб Швецияда Нобель ҳафталиги бошланган эди. Бу эса 2020 йил учун энг муносиб совриндорни аниқлаб берди.

2020 йилда Швед академияси Адабиёт йўналишида  америкалик шоира Луиза Глюк мукофотга лойиқ, деб топилганлигини эълон қилди. У “аскетизм(таркидунёчилик) жозибаси билан индивидуал мавжудликни универсаллаштира олгани учун” мукофотга лойиқ, деб топилди.  Луиза Глюк Нобель мукофоти олган америкалик ижодкорларнинг ўн учинчиси сифатида тарихга муҳрланди.

Луиза Глюк 1943 йилда Австрия — Венгриялик яҳудийлар оиласида дунё­га келган. Уильямс коллежида, Айова ва Бостон университетларида ўқитувчилик қилган. Унинг 12 та шеърий тўплами ва бир неча томлик эсселар китоб­лари чоп этилган.

“У замонавий Aмерика адабиётининг энг кўзга кўринган лирик шоирлардан бири, — деди Нобель қўмитаси раиси Aндерс Уилссон Швеция академиясида бўлиб ўтган матбуот анжуманида. —Унинг шеърияти юмор ва зукколикка бой”. Уилс­сон унинг шеърларидаги юқори ҳароратни алоҳида баҳолайди. Айниқса, шоиранинг 2014 йилда чоп этилган “Муқаррар ва хайрли тун” китоби менга  жуда  ёқади”, дея эътироф этди.

Швед академияси котиби Матс Мальм Луиза Глюкка эрталабки соат 7.00да қўнғироқ қилиб, Нобель мукофоти билан тақдирланганини айтганида у ҳайратда ва бахтиёр эди.

Шоиранинг 1968 йил­да илк “Тўнғич” деб аталган шеърий китоби чоп этилган, шундан сўнг “Муқаррар ва хайрли тун”, “Ёввойи гулсафсар” каби китоблари жаҳон бўйлаб ўз ўқувчиларини саралаган. “Ёввойи гулсафсар” китоби Американинг энг улуғ – Пулицер мукофоти  билан тақдирланган.

Луиза Глюк Нобель мукофоти олган ўн олтинчи аёл шоирадир. Яқин йиллар ичида Жанубий Африкадан Надин Гордимер, америкалик Тони Моррисон, польшалик Ольга Токарчук, белоруслик Светлана Алексиевичлар ушбу мукофотга лойиқ деб топилган эди.  Қуйида сизга Нобель мукофоти соҳибаси Луиза Глюкнинг адабиёт ҳақидаги баъзи мулоҳазаларини туҳфа этмоқдамиз:

Болаликдаги мутолаа ҳақида

“Мен ёлғиз фарзанд эдим. Дунё билан ўзаро муносабатим ғайритабиий тарзда кечарди. Ўқиётганимда энг бахтли инсонга айланардим. Шеър мутолаа қилар эканман, саҳифадаги овозга эврилиб кетардим. Уильям Блейк, Т.С.Элиот, Уильям Батлер Йейтс менинг ҳамроҳларим эди. Уларнинг нафақат ўқитувчилигини, балки улар билан узоқ муддатли мулоқот қилишим кераклигини ҳис қилдим. Дастлабки шеърларим уларга жавоб беришга уриниш эди”.

Мен нега шеър ёзаман?

“Мен маъно кашф этиш учун ёзаман. Тажриба доимо  ниманидир англатишини истардим. Муҳими, менинг кимлигим эмас, шунчаки ҳеч нарса бекорга сарфланмаслиги керак. Ёзиш вазиятдан қасос олишнинг бир туридир. Омадсизлик, йўқотиш, оғриқ: агар сиз улардан мўъжиза ярата олсангиз, демак, бу воқеалар сизни мағлуб этмабди”.

Овоз чиқариб ўқиш ҳақида

“Мен кўзларим билан эшитаман. Баланд овозда ўқишни ёқтирмайман – жуда камдан-кам ҳоллар бундан мус­тас­но. Овоз чиқариб ўқиганда шеърлар содда, изчил шаклга айланади: гирдоб бир томонлама ҳаракатли кўчага айланади”.

Шоирлик мақоми ҳақида

“Шеър ёзиш шоирликни англатмайди. Шоирлик – камдан-кам ҳодисадир. Албатта, мен яширинча, улардан бири бўлсам керак деб ўйлайман. Мен буни интилиш мумкин бўлган буюк чўққи, деб ўйлашни истар эдим. Ўйлайманки, мен бунинг уддасидан чиқа оляпман”.

Шуҳрат ҳақида

“Бир пайтлар актриса бўлишни хоҳлаганман. Кейин билдимки, мен чексиз олқишларга бурканишни орзу қилган эканман”.

 

SR. Энди эса сиз —  “Hurriyat” муҳиблари учун Луиза Глюкнинг қуйидаги иккита шеъри илк бора она тилимизга ўгирилиб, тақдим этилмоқда.

 

Ёввойи гулсафсар

Менинг изтиробим сўнгида

Эшик бор эди.

Мени тингла: ўлим қандай аталишини

Эслаяпман мен.

Сершовқин баландлик

Силкинади қарағай новдаси.

Олдинда – бўшлиқ. Қуруқшаган ернинг устида

Хира тортар ялтироқ гардиш.

Ўзимни қорамтир тупроққа

Кўмилган ҳолатда ҳис қилиб

Тирик қолиш жуда даҳшатли.

 Бироқ ҳаммаси ўтди: қўрқув на даркор,

Қалб билан қолишга кучим етмайди,

Гапирмоқ, тўсатдан тугатмоқ, мустаҳкам заминни

Салгина эгиб. Ва мен ким бўлдим,

Гажак чакалакзорни қушлар чўқийди.

Буни эслолмайсан

Чиқиб кетаётиб бошқа дунёдан

Мен сенга яна гапиришим мумкинлигин айтаман

Унутишдан қайтиш қайтади

Ўз овозимни топиш учун:

Улкан фаввора отилиб чиқди.

Ҳаётим кўксида тўқ-кўк гуноҳ бор,

Уммонга ҳаво ранг бўёқ тушади.

 

Баҳорги қор

Тунги осмонга қара:

иккита мавжудлик, икки хил куч бор.

Мен ёнингдаги деразада

сени кузатяпман.

Кеча боғдаги намиққан  замин устига ой кўтарилди.

Бугун  ер ой каби порлаяпти

ёруғлик қобиғи остидаги ўлик борлиқ  каби.

Кўзни юмиш мумкин.

Олдин янграб ўтган фарёдингни, фарёдингни эшитдим

ва талаб уларда хулосаланган.

Нима қидирганингни кўрсатдим сенга:

имонмас,  ҳокимият олдида балки тиз чўкиш

зўравонликка суянгувчи  куч.

                                       Гўзал Бегим

 

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen − seventeen =