Қор остида қолган излар

Талабалигим ўтган асрнинг адабиёт ва санъат айни гуллай бошлаган саксонинчи йиллари бошига тўғри келган. Бойсуннинг чекка бир қишлоғидан Тошкентдай азим гўшага зиё излаб чиққан бир ўспирин учун шаҳарнинг осмон билан бўйлашган ҳашаматли иморатлари негадир, уйимиз ёнидаги чўққилар каби ҳайратланарли эмасди. Пойтахт кўчаларидаги тунги панорамалар ҳам чўпонларнинг кечаси ёқадиган гулханидай мени ўзига тортмаган бўлса-да, аммо бу ердаги маънавий ҳаёт қизиган тандирдек тафтли эди.

Баъзан қишлоқнинг бошидан адоғигача ахтариб тополмаган китобимнинг    муаллифи билан шаҳар кўчасида кутилмаганда дуч келишимни, вақт ўтгач эса бу одатий ҳолга айланиб қолишини ким ҳам ўйлабди дейсиз…  Сумбатини фақат телевизордагина кўрган машҳур ҳофиз ёки таниқли театр дарғаси билан бир автобусда кетишни хаёлга ҳам келтирмаганман.  Шаҳар ана шу жиҳатлари билан тоғ-тошлар орасидан эниб келган биздек ёшлар учун сеҳрли эди.

Китобга ўчлик, шеърга ташналик, мумтоз қўшиқларга мойиллик болалигимдан бор. Кўнгил истагига Тошкентдан малҳам топгандай бўлганман. Мен ўқиётган маданият институтининг номи унчалик маҳобатли бўлмаса-да, профессор Малик Муродов, Ғайрат Жалолов, Саодат Йўлдошева, Норқул Бекмирзаев сингари олимлар дарс берганлиги боис, биз талабалар учун бу даргоҳ жуда қадрли эди. Қолаверса, бахшичилик, айниқса Бойсун фольклорини излаш авж олган ўша кезларда устозларимнинг мени ўзларига яқин тутишларини кўриб, бу юртда туғилганимдан фахрланиб кетардим. Курсдошларим орасида “тилим узун”, кўксим тоғ қадар эди.

Баъзан қаердан эканлигимни сўраб қолишса: “Шукур Холмирзанинг юртидан”, “Усмон Азим билан бир жойданмиз”, “Эркин Аъзам ҳамшаҳрим бўлади”, “Шалола” ансамбли биздан-да”, “Шоберди бахшига яқин тураман”  деб жавоб қайтаришни хуш кўрардим. Бу азбаройи, мақтанчоқликдан эмасди. Аммо…

…Биринчи курсман. Бир куни дарсдан қайтдим. Ижара уйда яшайман. Институт ётоқхонаси олдидан ўтаётсам, учинчи қават деразасига қўйилган магнитофондан бир қўшиқ янграяпти. Эшитмай ўтиб кетишнинг иложи йўқ: овоз шунчалар нолага қоришиқ эди-ки, ҳар қандай дийдаси қаттиқ одамни ҳам эритиб юборар даражада:

“Менга бердинг кенг осмоннинг тиниғини,

Тошлар отдинг, териб олдим синиғини.

Қаҳратонинг қатронини тортдим мен, ёр,

Ағёр билди сўзларингнинг илиғини”…

Бор вужудим билан қулоқ тутдим. Сўзлар кўнгилга яқиндек, мусиқий оҳанг таниш, ҳофизнинг қўшиғини эса магнит ленталари орқали илк бор эшитишим эди. Матндан Бойсун диёрининг нафаси келиб турарди.

Қўшиқни ташлаб кетолмадим, ётоқхона томон юрдим. Қоровулдан изн сўраб, тепа қаватдаги қўшиқ таралаётган хонани топиб бордим. Эшик очиқ, “Куйди жоним”ни мириқиб тинглаётган хона эгаси мени кўриши билан жойидан турасолиб истиқболимга чиқди. Қарасам, қўшни факультетда ўқийдиган андижонлик Илҳом деган йигит. У ҳам ўша пайтлардаёқ Шерали Жўраевнинг қўшиқларини айтиб танила бошлаган, овози жуда ширали эди. Илҳом менинг не сабабдан келганимни дарҳол пайқади.

— Аши ҳопизди қўшиқларини ҳар кун эшитгим кевуради, — дея ширин лутф ила гап бошлади у магнитофон овозини сал пасайтиб, — сел қиворади одамми. Ўзини Сурхондарёдан деб эшитганман, исмини Холиқ дейишувди, бойсунлик бўса керак. Сиз ҳам ашиёқдансиз шакилли?..

— Болалигимда бир марта тўйда кўрганман, — дедим мен, — овозини шовқинда эшитолмаганмиз. Биз тарафларда тўйда одам босиб кетади, шунда ҳам биз болалар зўрға дарахтларнинг устига чиқиб томоша қилганмиз.  

— Ман сизга айтсам, ҳалиям бу қўшшиғлар машинақа эски магнитафонга  ёзиб олинган, агар студияда ёзилса борми, йиғлатворади! Ишонавуринг…  — У анжанча шевада тез-тез гапирганча давом этди. — Энди мамбусини би-ир эшитиб кўринг, дод деворасиз, — дея у яна магнитофонни  қўйди:

“Дунё қизиқ, қайдадир қизиган бозор эди,

Қайдадир бўёқларга кўмилган баҳор эди,

Қайдадир умидини йўқотган бемор эди,

Мен нону насиба деб йироқларда юрардим,

Гоҳо хитоб, гоҳида сўроқларда юрардим …”

Қўшиқ юрагимни дуриллатиб, суякларимгача сингиб кетгандек эди.    

Қисқа суҳбатимиздан сўнг Илҳомга муддаомни айтдим, эртаси куни курсдош дўстим билан келиб, қўшиқларни кассетага ёзиб олдик. Учиб қўнишга жой тополмасдим. Ўзимча яна бир чўққини кашф этгандек эдим.

Ўша кундан бошлаб кассетадаги қўшиқлар ижара хонамизда ҳар кун янграр, қишлоқдош талабалар эса менинг яна “хазина” топиб келганимдан хурсанд эди. Дарвоқе, ўқишдан бўш пайтимнинг кўпи  сара китоб бўладими, санъат асарими, дўконма-дўкон қидириш билан ўтарди. Абдулла Ориповнинг “Юзма-юз”ини, ҳатто Турғун Алиматов томонидан танбурда ижро этилган машҳур куйларнинг пластинкасини ойлаб ахтарган мендек ишқибозга Холиқ аканинг “запис”и йўлимда учраб қолганлиги ҳам қайсидир маънода  тасодифий бир туҳфадек эди. 

Машҳур шоиримиз айтганидек, йиллар “гулдурос солиб” ўтди. Олий даргоҳни тугатиб юртга қайтгач Бойсун туман газетасига ишга жойлашдим. Холиқ Хурсандовдек санъаткорни топиш ва у билан учрашишга анча пайтгача ҳайиқиб юрганим ҳам рост. Охири Бойсуннинг эски бир бобоки чойхонасида кўришиб қолдик. Ўртамизда давом этган узоқ суҳбат чоғида мен қўшиқчи деб юрганим — “Холиқ артист” билан эмас, у адабиёт бўладими, санъатми, тарих ё фалсафами, халқ оғзаки ижоди ёинки журналистиками, эҳе-е-е… барчасидан бирдай хабардор бўлган кенг мулоҳазали, фикри теран, тийнатида дардли туйғулар устун, мендан ўн беш ёшлар катта бўлган дониш бир одам билан бирга ўтирар эдим.

Гурунгимиз биринчи учрашувдаёқ қўр олди. Гап адабиётдан бошланиб, жадидчилик, уйғониш даврига ўтди, Абдулла Қодирийлар замонига ҳам бир-бир кириб чиқилди. Холиқ ака аждодларимизнинг аянчли ҳаёти, юрт тарихи ва миллат тақдирининг оёқости қилинганлиги ҳақида куюниб сўзларди. Мамлакатда коммунизм қурамиз деб жар солинаётган айни ўша кезлари бундай гапларни гапириш у ёқда турсин, эшитган ҳар қандай одамнинг ҳаёти таҳликада қолиши ҳеч гап эмасди.

Гап орасида Холиқ ака сўраб қолди:

— Мана, Амир қочганига, юртга қизиллар эгалик қилганига ҳам қарийб олтмиш беш йилдан ошаяпти. Сизга бир савол: шўролар мафкурасини ўргатиш учун Тошкентдан Бойсунга келаётган Абдулла Набиев дегич комсомолни Бешэркакда отган Салом калта ким бўлган?

— Босмачи! — деб жавоб бердим мен, институтда ёдлаб олган гапимни такрорлаб.

— Ҳа-а, яшанг! Ўзимам шундай жавоб беришингизни кутбедим. Ана энди босмачи, деган сўзга икковлашиб изоҳ топайлик-чи, — куюниб менга тушунтирмоққа чоғланди Холиқ ака, — Паданг деган тоғ қишлоғида яшаб, ўз қавмини ёвдан ҳимоя қилган Салом калта босмачи саналадими ёки узоқ ўзга юртлардан Бойсунга бостириб келиб, халқнинг калла кўтарган зўрларини ўққа тутганларми? Ҳеч эсдан чиқарманг, халқ ҳимоясига чиққан боболаримизни ёмон кўрсатиш учун бизга атайин шундай ўқитишган, калламизнинг қопқоғига “босмачи” деган сўзни жойлаштиришган! Аслида Салом қўрбошининг иккита ўқи, қизилларнинг олдига тушиб чопган Абдулла Набиевга ўхшаганларни қаҳрамон қилган. Мени ҳам айтди дерсиз, ҳали кунлар келиб Салом калталар миллат қаҳрамонига айланади…

Мен бу гаплардан лол эдим, институтда “СССР тарихи”, “Илмий коммунизм” деган фанлардан бешга ўқиган ва ҳали иш бошлаганига унча кўп бўлмаган мендек мухбир бола бутунлай бошқа дунёга кириб қолганди. Истиқболига ошиққаним — менинг назаримдаги “Холиқ артист”нинг қалби тўла  дард, сўзлари орифона эди. Олдимда ҳаётнинг аччиқ синовлари кўзларигача соя солган  ҳақиқий бир файласуф ўтирарди.

Холиқ ака берилиб сўзларкан, гап охирида қўшиб қўйди:

— Сиз ҳақингизда таҳририятга ишга келган довурларингиз эшитгандим. Ёзганларингизни ўқиб турибман. Очил Пардаевдай қаттиққўл муҳаррирнинг қўлига тушибсизми, сиздан ёмон журналист чиқмаслигига ишонаман. Лекин майда-чуйда мавзуларга ўралашиб қолманг, баландлаб юринг…      

Суҳбатга қизиқиб, кеч тушганини ҳам сезмабмиз. Холиқ ака билан хайрлашиб қайтарканман, ўша дамлардан бошлаб менинг ғўр тасаввуримда инқилоб бошлангандек эди. Энг муҳими, “баландлаб юринг” деган гапи мени бошқа ўзанга буриб юборганди.        

  * * *

Бойсунда Шукур Холмирзаев билан бир синфда ўқиган Қаюм ғижжакчи деган одам бор эди. Кўп йиллар “Шалола”нинг бадиий раҳбари сифатида фаолият кўрсатган Қаюм Абулхаев Бойсуннинг санъатини элга танитганлардан бири.

1974 йилда “Шалола” ансамбли Польшанинг Закопанье шаҳрида ўтган жаҳон тоғли ўлкалар фольклор жамоаларининг фестивалида “Кумуш болта” совринини қўлга киритиб, ўзининг бетакрор репертуари билан довруғи достон бўлганини кўпчилик яхши билади. Орадан йиллар ўтиб, аниқроғи, ўтган асрнинг 85-йилларида “Шалола”нинг довруғи анча пасайиб қолганди. Ансамблнинг Зикир Умаров, Шойим Абдураимов сингари жонкуярлари нафақага чиққан, жамоада асосий ўзак ҳисобланган Қаюм Абулхаев, Хайрулло Насриддиновлар эса вилоят театри ва бошқа жойларга ишга ўтиб кетишган эди.

Яхши эслайман, буни сезган туман раҳбарлари ансамбль обрўсини қайта тиклашга яна жиддий киришишди. Дарёни ўзанига қайтариш эса ҳазилакам иш эмас. Ўша йиллари ноҳақлик қурбони деймизми, тақдир тақозосими — нима бўлгандаям, ўзи бир машҳур қўшиғида айтганидек: “гоҳо хитоб, гоҳида сўроқларда” саккиз йилча юрган Холиқ ака оиласи бағрига қайтган, қурилиш ташкилотларидан бирида оддий вазифада ишлар, ансамблни эпласа — шу одам эплаб кета оларди. Худди шундай бўлди ҳам. Катталарнинг ишончи ва таклифи билан Холиқ Хурсандов маданият уйи қошида “Бойсун” фольклор этнографик ансамблини тузди. Ўзининг най навоси ила элни мафтун этган, отаси Зикир ака каби санъат фидойиси бўлган Ҳабиб Умаров ансамблнинг мусиқа раҳбарлигига танланди.

Бу пайтга келиб мен Холиқ ака билан ҳафтада бир-икки бор ҳамсуҳбат бўлиб турганим боис, қилаётган ҳар бир ишидан бохабар эдим. У ишни фольклор қўшиқларини тўплашдан бошлади. Ўша йили тумандаги мактаблар, билим юртлари ўртасида унутилиб кетган “Марҳабо талантлар” танлови қайта тикланди, аммо йўналиши ўзгартирилди. Танлов шартларининг учтаси фольклор, халқ оғзаки ижоди ижросига қаратилган бўлиб, мақсад — халқ  фольклорини излаб топиш, уни сайқаллаштирган ҳолда катта саҳналарга олиб чиқишдан иборат эди. Мен ҳам ўшанда Холиқ аканинг қистови билан ҳайъат аъзолигига жалб этилгандим. Мактаб ўқувчилари олиб чиққан кўпгина саҳна намойишларини кўриб, халқ ижодиёти ҳали тадқиқ этилмаган қайнаб ётган булоқ эканига ўшанда амин бўлгандим.

Холиқ акани шу пайтлари катта кўпкарига тайёргарлик кўраётган чобағонга қиёс этганман. Уни бир қарасангиз қариялар даврасида, эртаси қайсидир тоғ қишлоғида, индинига ҳунармандлар орасида кўрардингиз. Фольклор қўшиқларини ёзиб олиш, ансамбль учун бойсунча кўҳна либосларни тиклаш, Наврўз удумлари ёки деҳқону чорвадорнинг анъаналарини ўрганиш билан машғул эди.

Адашмасам, саксон олтинчи йил эди. Мен яшайдиган Пулхоким қишлоғида Саттор ака деган бир ямоқчи бўлиб, ўзининг мўъжазгина пойабзал тузатиш устахонасида одамларга махси, юган ва шунга ўхшаш нарсалар тикиб берарди. Бир куни устахона олдидан ўтаётсам мўкки (теридан тикиладиган пойабзал) тикаяпти, ҳайрон қолдим. Сабаби, одамларнинг мўкки киймай кетганига ҳам қирқ йиллар бўлган. Бориб қаршисидаги ўриндиққа чўкдим. Қарасам, ёнбошида бир нечта тайёр мўккилар, териси кармакда яхшилаб ийланган бўлса керак — қип-қизил, ялтиллаб турибди.

— Қариганда мўкки билан бизнес қилай депсиз-да, — дедим салом-аликдан сўнг ҳазиллашиб.

— Э-э, нимасини ойтасиз мухбиржон, биздай жомоқчилардиям излайдиган одам боракан бу дуняда. Биздан сўрасангиз, обрийимиз кўтарилип кетган, — соддалик билан тўлиб-тошиб сўзларди уста. — Бурноғи кун бир “Вилис” тўхтади. Ичидан Олпамишдай савлатли бир жигит тушди. Бакумлари узун, кўзлари жониб турипти. Сўрап-сўрап мени товип кепти. Некилли, маъмилалари зўракан. Нима хизмат десам, менга мўкки тигип беринг дийди. Олдиниға мени оҳмақ қилаяппа деп вўйладим. Қорасам чиппа-чин ойтаяпти. Майли дедим, жонимминан дедим. Размири неччи бўсин десам, қирқ, қирқ бир бўлаберсин, бир хил мўккидан йигирмата тигинг, пулини нақ берамиз дийди. Ҳойранлар қолдим. Кейин гапдинг туйирини ойтди. Мўкки артисларга кийиб вўйнағали керагимиш. Лабзлашдик, бойнағи жигитдинг оти Холиқ экан, олдидан анча пул ташлап кетди. Шундан бери тирмашип тигип жотиппиз-да!..

Уста билан ҳангомалашиб, уйга қайтдим. Бир ойлар аввал Холиқ ака мендан Бойсунда мўкки тикадиган уста қаерда борлигини сўраганининг маънисини энди тушунгандим. Кейин эшитишимча, бойсунча жанда деган матонинг ҳам қаерлардадир сақланиб қолган кўҳна нусхаларини топиб, тўқиш учун ҳунармандларга буюртма берибди. Ансамблга либос танлаш баҳонасида жанда ҳам шу тариқа ҳаётга қайтганди.

“Бойсун” фольклор этнографик жамоасининг репертуари бир йил ичида янги халқ қўшиқлари билан бойитилиб, ҳали саҳнада норасмий чиқишларнинг ўзиёқ ҳайрон қоларли даражада эди. 1987 йилда эса ансамбль учун ҳақиқий парвозлар даври бошланди.

Бошда бойсунча дўппи, елкада жанда матосидан бўлган чўғдек желак, бобоки оқ иштон, оёқда мўкки — бу либослар танланганининг ўзи халқона санъат эди. 1987 йилда фольклор-этнографик ансамблларининг республика танловига “Бойсун” бутунлай янгиланган репертуар, жўшқин ижодий кайфият билан борди.

“Бор ҳо, кел ҳо, ҳамалам ҳа,

Йўл қайда?

Йўлни топиб кел, ўйнагали кел,

Куйлагали кел, сайилга кел ҳо-оо-ооо!..”, деб бошланувчи дастурдан ўрин олган “Суст хотин”, “Майда-ё майда”, “Наврўз экан”, “Ким олади-ё, шугинани-я” сингари фольклор қўшиқларининг довруғи бутун мамлакат бўйлаб ёйилди. “Кампир топайми, дадажон?” қўшиғидаги:

“Қари кампир, мовпишак деб сўкдингми сен,

Хотин бўлиб обрўйимни тўкдингми сен…”

ёки:

“Қари кампир менга кулиб қарамадинг,

Эрта туриб соқолимни тарамадинг…”,

сингари “йўқолиб” кетган фольклор қўшиқлари Холиқ ака томонидан саҳнага мослаштирилган ҳақиқий топилдиқ, қайта кўз очган халқ санъатининг жонли ифодаси эди.

Ана шу муваффақиятли чиқишлар катта шуҳрат келтирди. Ансамблга “Халқ ансамбли” деган юксак мақом берилди. Бойсунга эса фольклоршунослар, кинорежиссёрлар оқиб кела бошлади. Шундан сўнг “Ўзбекфильм” Эдуард Давидов режиссёрлигида ушбу юрт  қўшиқларини ўзида акс эттирган “Бойсунда қор эриганда” фильмини суратга олди. “Ўзбеккинохроника” студияси томонидан (режиссёр Темурмалик Юнусов, сценарий муаллифи Холиқ Хурсандов) “Унутилган оҳанглар” фильми мухлисларга ҳавола этилди. Шунингдек, “Шарқ бозори”, “Қадимий ўйинлар”, “Кўпкари — мардлар ўйини” сингари ҳужжатли фильмлар ҳам халқ қадриятлари, миллий анъаналари ва фольклорини ўзида мужассам этган эди.

Ансамбль қисқа вақт оралиғида Россия, Афғонистон, Туркия, Франция каби қатор хорижий мамлакатларни кезиб чиқди. 1990 йил “Бойсун” 40 кишилик жамоа билан Буюк Британияда бўлиб ўтган мусиқа фестивалида қатнашиб, ушбу мамлакатнинг ўнта шаҳрида ўз санъатини намойиш этди. Шу йили жамоани хориж сафарларида ўтган фестивалларга муносиб тайёрлай олгани учун Холиқ Хурсандовга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони берилганини бутун бойсунликлар шараф билан кутиб олдилар.

Баъзан, Холиқ ака шунча ижодий ишларга қандай улгурган экан, деган савол миямда айланади. У ҳофиз, фольклоршунос, катта жамоанинг бадиий раҳбари бўлиш билан бирга ёзувчи, яхшигина драматурглиги йиллар ўтиб бир-бир намоён бўла борарди. Унинг “Чопон кийган аёл” қиссаси (1998 йилда) “Ёшлик” журналида босила бошлагунча Холиқ аканинг ёзувчилик бобида ҳам яхшигина истеъдод эгаси эканини сезмаганман. Негаки, суҳбатларда у ўз ижоди, ёзаётган нарсалари ҳақида ҳечам гапирмасди. Шундан сўнг “Термиз оқшоми” газетасида “Ўлганлар ёлғон гапирмайдилар” номли қиссаси, “Нидо” номли ҳикояси эълон қилинди. Кейин билсам, ҳикоялари талабалик йилларида “Гулистон” журналида ҳам чиққан экан.

Холиқ ака Бойсунда ишлаб юрган пайтларим мен учун энг яқин дилкаш суҳбатдош, бирон-бир чигалли ёки чалкаш мавзуларга ойдинлик киритиш учун эса тирик энциклопедия эди. 2005 йилнинг баҳорида мен вилоят марказига ишга келдим. Холиқ ака билан  орамиздаги масофа узоқ бўлгани билан бир-икки ойда учрашиб турардик. Кейинги йилларда унинг қаламига мансуб “Ўлдинг, азиз бўлдинг”, “Қайсар чолнинг қилиғи”, “Дард кўрмаган эрка болам”, “Погон таққан одамлар”, “Муҳаббатим — қисматим”, “Кампир топайми, дадажон” сингари драматик асарлари республика ва кўпгина вилоятларнинг театрларида саҳна юзини кўрганини эшитиб, кўнглимда фахр туйиб қўярдим. Холиқ ака хокисор, лекин катта  ижодкор эди.

* * *

2015 йил март ойининг бошлари. Бойсун майсага бурканган, йўл четларида бойчечаклар бодраб чиққан пайт. “Сурхон ёшлари” газетасида муҳаррирман. Тошкентдаги катта ижодкорлар билан яқин алоқа боғлаганмиз. Таклифимизга биноан Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон, шоир Эшқобил Шукур, ёзувчи Набижон Боқий таҳририятимизга келадиган бўлишди. Кутиб олдик. Режамизга кўра улар билан дастлаб, Деновда “Алпомиш” китобининг тақдимотида қатнашдик. Газета ходими Сирожиддин Иброҳим, ёш ижодкор Хуршид Қаршиев ҳам биз билан бирга. Эртаси куни Вахшивордаги Сўфи Оллоёр бобонинг қабрини зиёрат қилиб Бойсунга, Пулхокимдаги бизнинг уйга келдик. Эртаси Хуршид аканинг таклифига кўра, шаҳарга борадиган бўлдик. Мақсад — ёзувчи Эркин Аъзамнинг онасидан бирров хабар олиш ва Холиқ ака билан дийдорлашиш, сўнг эса Термизга эниб кетиш эди. Жўнадик. Йўлда Хуршид ака Холиқ Хурсандов тўғрисида унинг биз билмаган жиҳатларини йўл-йўлакай гапириб борди.

Дастлаб, ёзувчининг онасидан хабарлашдик. У ердан чиққач меҳмонлар билан Бойсуннинг марказидан бир-бир сих кабоб ейишга тушдик. Кабобчини яхши танийман. Дўстимиз, “Бойсун” ансамблининг аъзоси Ҳамро метарчи. Машҳур Ражаб метарчининг ўғли. У меҳмонларни дарҳол таниб, истиқболига пешвоз чиқди. Мен кабоб буюрар эканман, муддаомизни — бу ердан чиқиб Холиқ аканинг уйига меҳмонга боришимизни айтдим. Ҳамронинг қиёфаси бирдан ўзгарди, мени ёнига чақириб, секин шивирлади:

— Дўстим, хабарингиз йўқ шекилли, мен ҳам бир соатлар бўлди шу ёқдан келганимга, уч кун бўлди. Бугун Холиқ аканинг еттисини бераяпти…

Мен музлаб қолган эдим. Кабобни тўхтаттириб, Холиқ аканикига жўнадик. Дарвоза олдида одам кўп. Шу кириш билан бир соатлар қолиб кетдик. Термизга қайтарканмиз, йўлда Хуршид ака ҳам, бошқалар ҳам хомуш эди.

* * *

Орадан йиллар ўтди. Бойсуннинг чўққилари неча бор қор остида қолди, тоғнинг ёлғизоёқ йўлларидаги излар кўмилди. Институт ётоқхонасида Холиқ аканинг қўшиқлари ёзиб олинган кассета эса уйимда ҳалиям сақланади. Ўшанга қирқ йилча вақт бўлибди. Ҳозир бетакрор қўшиқлари компьютерим ва телефонимда ҳам бор. Сал ғуссага ботсам, уларни қайта-қайта эшитгим келаверади. “Ўлдинг, азиз бўлдинг” деб ёзган Холиқ ака мен учун илгари ҳам азиз эди, ҳозир ҳам шундай…

Исроил ШОМИРОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven + 10 =