Қўшработ билан “ҳеч ким”нинг иши йўқ

Халқимизда шундай гап бор: “Айтсам тилим, айтмасам дилим куяди”. Самарқанд вилояти, Қўшработ тумани марказидан 70-85 километр узоқда жойлашган “Жонбулоқ” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Жонбулоқ, Мижғон, Қорабоғ, Бўронбулоқ, Кўкқовға ва бошқа қишлоқларда 320 дан зиёд хонадон бўлса, аҳолиси 2200 дан кўпроқни ташкил қилади. Шу кунгача ҳамқишлоқлар билан тинч-тотув яшаб келаётувдик, нима бўлдию адирликларни “эга”ли қилиш тараддудига тушиб қолган туман ҳокимлиги аҳолининг тинчини бузди…

Қўшработ тумани, асосан, тоғ ён-бағирлари, адирликлар, даштликлардан иборат. Бошоқли дон экинлари кўпроқ лалми ерларга экилади. Шу боис, аҳолининг катта қисми ишсиз, тирикчилиги, асосан, чорва билан. Қора қозони ҳам оиладаги қора ва ушоқ моллар ҳисобига қайнаб туради. Бироқ кейинги пайтларда шу танти, оқкўнгил халқнинг ичига чироқ ёқса ёришмай қолди.

Аслида, туман ҳокимилиги мутасаддиларининг вазифаси аҳоли турмуш тарзи, яшаш шароитини яхшилаш билан мунтазам шуғулланиш керак. Уларнинг бирдан бир вазифаси шу эмасми ўзи? Лекин мутасаддилар қачон дала қишлоқларга келиб, одамлардан ҳол сўраганини ҳеч ким эшитмаган, эслолмайди.

Шу кунларда қишлоқ ерларини фермер хўжаликларига бўлиб берилгани одамларнинг бироз ғазабини қўзғатди. Эндиликда ҳар бир фермер хўжалиги 500-600 гектарлик ер “эга”си, уёққа ўтсанг ҳам наридан юр дейди, буёққа ўтсанг ҳам яқин келма дейди. Қишлоқ аҳли ҳовлисидаги чорвасини ўтлатгани далага олиб чиқолмай қолди. Мабодо, моли фермерларга тегишли далага кириб қолса борми, ер “эга”лари молларни ҳайдаб кетиб, икки-уч кунлаб қўлбола қилинган томга “қамаб” қўяяпти. Оч-наҳор қолган чорва молларининг ҳолини кўриб, тилсиз жониворларга озор бериш мусулмончиликка тўғри келармикин, десангиз ҳурматли фермерларимиз Р.Очилов, С.Ўсаров, А.Исломов, М.Исмоилов, Ш.Ражабов, О.Тўйчиев ва “Гуландом она” хўжалиги иш юритувчиси Мақсуд исмли кимсалар буни тушунишни ҳам исташмаяпти. 

Тўғрида, бу даштликдаги қишлоқларда на бир корхона, на бир кичик цех бор, очган билан юритишга шароит йўқ. Одамлар ишсиз, энди рўзғорини нима билан тебратади? Буни туман ҳокими ҳеч ўйлармикин… Ахир, аҳоли ҳовлисидаги чорва молларини, қўй-эчкиларини, ҳатто, бузоқларини ҳам боқадиган жой топа олмай қолди. Саросимага тушган одамлар ҳокимликка бориб, фермер хўжаликларига ерни, ҳеч бўлмаганда, қишлоқлардан 3-5 километр узоқроқ жойдан беришларини талаб қилишди. Жавоб эса битта: “Эпласанг молингни уйингда боқ, йўқса…”

Ана сизга туман ҳокимлиги мутасаддиларининг аҳолига бўлган муносабати. Дейлик, Жонбулоқ қишлоғига қарашли 20574,6 гектар ер майдон бор, бу ерларнинг  75 фоизи тоғу тошлардан иборат. Қолган 25 фоизи лалми ва яйлов ерлар. Айнан, шу лалми ерлар фермерларга бўлиб берилган. Йўлингиз тушса, бир қизиқиб разм солинг-а, “мен эга” деяётган фермер ерларидаги ўт-ўланлар қуриб-қақшаб ётибди, қаров йўқлигига ўзингиз гувоҳ бўласиз. Эй, садқаи ер дейсиз-да. Энди аҳоли додини кимга айтсин? Қаерга борсин?

Туман ҳокимлигига жўнатилган сўровномаларга ҳеч ким жавоб бермайди. Тан олиш керак, ҳокимлик вакиллари маҳалла ҳудудида фермер хўжаликларини ташкил этишгач, дарров аҳоли билан учрашди, ташвиқот-тарғибот ишларини олиб боришди. Ўшанда одамлар чорва молларини боқиш учун қишлоқ атрофидан жой ажратиб беришларини сўраб, ҳатто илтимос ҳам қилишди. Бироқ “Керак бўлса молингни ҳовлингда боқ! Шахсий молингни фермер даласининг уватига ҳам туширмайсан! Тўғри йўлдан ҳайдаб бориб, ҳайдаб қайтасан!” — деган ўта қатъий ва жиддий жавобни олишди. Энди буйруқни бажармасин-чи, моли қолиб, ўзини ҳам қамаб қўйишдан тоймайди бу жаноблар!

Бизни ўйлантиргани, наҳотки Қўшработдаги мутасаддилар муҳтарам Президентимизнинг 2019 йил 19 мартдаги “Чорвачилик тармоғини янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини дарров эсдан чиқаришди. Қарорнинг 6-банди 2-хатбошисида: “Чорвачилик билан шуғулланиш истагида бўлган фуқароларга озуқабоп экинлар етиштириш учун ҳар бир шартли бош чорва моли учун 0,5 гектардан туман ҳокимлиги захирасидаги бўш, лалми ва яйлов участкаларидан ҳақиқий даромад манбаига айлантириш шарти билан доимий ёки узоқ муддатли ижарага берилиши мумкин” деган қисмини, ҳатто ўқиб ҳам кўришмаган кўринади. Йўқ-са, қарор ижросини бажармасликдан бироз ҳайиқишармиди?..

Президентимизнинг 2017 йил 16 мартдаги “Чорвачиликда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори иловасида айтилган аҳолининг турмуш тарзини янада яхшилаш мақсадида чорва молларини аввал боқиб келган майдонларидан ер ажратилган ҳолда боқилишини ташкиллаштириш тўғрисидаги кўрсатмага эса бизнинг Қўшработда нега амал қилишмайди? Энг ёмони, бунинг бари аҳолида норозилик кайфиятини кучайтиришга сабаб бўлаяпти. Президентимиз ҳар бир гапида аҳолини рози қилайлик, деяпти-ю туманда эса…

Бир муаммони бошласанг иккинчиси еталашиб келаверади ўзи. Гапнинг индаллосини айтганда, маҳалламиз ҳудудини марказ билан боғловчи йўл шу пайтгача таъмирланмаган. Айниқса, ёзда чанг, қишда лой кечиб болалар боғчага, эй узр, боғчанинг ўзи йўқ, мактабга боришга қийналишмоқда. Одамлар туман марказидан озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келиш учун, албатта, эски резин этигини кийиб олиши керак. Йўқ-са, ёздаги чанг ҳам, қишдаги лой ҳам белгача чиқади.

Бизнинг қишлоқларимиз тоғлар орасидаги адирликларда жойлашган, эски илон изи йўлдан ихчамгина тошли-шағалли йўл қилса бўлади. Аммо буни ўйлайдиган, таъмирлайдиган инсонпарвар раҳбар ҳам керак-да. Ҳудудда Жиловдор ота зиёратгоҳи бор, узоқ-яқиндан одамлар келиб туришади. Табиати ҳам сўлим. Туман мутасаддилари, агар исташса, бемалол ички туризмни ривожлантиришлари учун жуда қулай жой бўлади. Бироқ яна шу муаммо, йўлнинг хароблиги…

Агар вазият шу зайлда давом этаверса, келгусида туман маркази билан қишлоқлар ўртасида алоқа бутунлай узилиб қолиши эҳтимолдан холи эмас. Айниқса, маҳалламиз туман марказидан анча узоқ бўлганлиги боис, дардга чалинган бирор беморни туман Марказий шифохонасига олиб бориш ҳам мушкул. Бундай пайт, беморнинг яқин қариндошларининг ҳам жон-жонида оғриқ туриши тайин.

Ҳудудга автобус қатнови йўлга қўйилса, маҳаллий бюджетга яхшигина тушум, аҳолига эса қулайлик бўларди. Арзимаган ишни битириш учун туман марказига бориб келиш аҳолига ниҳоятда катта қийинчилик туғдираяпти. Шу кунгача йўлни созлаш тўғрисида билдирган таклифларимиз, илтимосномаларимиз самара бермади. Мутасадди ташкилотларнинг топган баҳонаси доим бир хил: “Йўл белгилари ўрнатилмаган, йўлнинг ҳимоя тўсиқлари жойларда йўқ. Мумкин эмас”, бу нима дегани? Ахир қишлоқ оқсоқоли бориб, йўл белгисини, тўсиғини ўрнатиб берсинми?! Шу соҳада ишлаётган раҳбарлар нима юмуш билан банд ўзи?

Ваҳоланки, Президентимиз Самарқанд вилоят Кенгаши сессиясида вилоят ҳокими лавозимига тайинланган Эркин Турдимовга Қўшработ тумани “Жўш ота” МФЙ раиси Олим ака Носировнинг мурожаатини алоҳида ўрганишини тайинлаганди. Қўшработдан Жўшгача бўлган 45 километрлик йўлнинг ҳолатидан хабардор эканлигини айтганди. Унинг ниҳоятда серқатновлиги сабаб, икки табақали бетон  қопламали йўл қуриш зарурлигини таъкидлаб, бу ишга дарҳол киришишга топшириқ берган  эди. Мана орадан  2,5 йилдан кўпроқ вақт  ўтди. Аммо Қўшработ–Жўш  йўлига бетон  қоплаш у ёқда турсин, ҳатто асфальт ётқизилмади.

Энг ёмони, бу йўлдан Нуротадаги “Чашма” зиёратгоҳига борадиган қанчадан-қанча чет эллик ва маҳаллий сайёҳлар ўтишади…

Афсус, жойларда юқоридан берилган топшириқ вилоят раҳбарияти томонидан ҳам бажарилмаса, қуйи ҳокимлик вакилларидан нимани ҳам кутиш мумкин?.. Кейинги пайтларда баъзи раҳбарлар ижтимоий тармоқларда миллат қадриятига тегишли, ҳаё илмига пайванд аёллар ҳақида фикр билдиргани, албатта, ноўрин бўлди, демоқчи эмасман, аммо бу олиму уламолар поёнига етказиб айтадиган гап эди. Бу билан ҳеч бир раҳбар ишчан, халқ манфаатларини ўйлайдиган қилиб ўзини кўрсатолмайди. Уларнинг биринчи галдаги вазифаси Президентимиз айтганларидек, халқни рози қилишдир. Шу сабаб, ижтимоий тармоқда журналист Рўзимбой Ҳасан раҳбарнинг ўзбек аёлларига нисбатан билдирган фикрларига жавобан шундай фикр дебди: “Раҳбарда фаҳм-фаросат бўлиши керак! Айтадиган гапини етти ўйлаб, сўнг айтгани яхши. Акс ҳолда миллат аёллари учун ҳақорат бўлган гапни гапириб “қовун” тушираверади”. Амалда вилоят аҳолисининг ҳокимлик мутасаддилари фаолиятидан норозилиги кун сайин ошиб бораётгани сир эмас.   

Ҳа, нима ҳам дердик, ўзлари шахсий машинасида шаҳарма-шаҳар кезишади, аҳолига қулайлик яратайлик, дейилса дарров маблағ йўқлигини рўкач қилишади. Одамлар ҳайрон, йўл қурилиши, таъмирланишига давлат томонидан ажратилаётган катта-катта маблағлар Қўшработга тегишли эмасми?..

Статистик маълумотларга кўра, айни пайтда мамлакатимизда 80 минг километрлик ички йўлларни таъмирлаш режалаштирилгани маълум. Бизнинг йўлимиз ўгайми? Ё ички йўллар рўйхатига кирмайдими? Унда буёғи қандай бўлди? На ўтда бормиз, на сувда. Энди бу биз учун орзу бўлиб қолаверадими?..

Ўзим халқ депутатлари Қўшработ туман Кенгаши депутати сифатида фаолият юритар эканман, сайловчиларимдан тушаётган энг кўп мурожаат бу — мобиль алоқа тизимига оид эканини ҳам эслатай. Бизнинг ҳудудда фақат “Ўзтелеком” АК “ЎзМобайл” филиалининг СDMA стандартидаги антеннаси ишлайди. Бироқ бу антенна орқали тўғридан-тўғри интернет тизимига уланишнинг сира иложи йўқ. Шу сабаб, одамлар 99 кодли мобиль алоқа тизимини ўрнатиб беришларини сўрашади. Ҳатто, туман раҳбариятига ҳам кетма-кет мурожаатлар қилишди. Бунга ҳам раҳбарларнинг жавоби бор: “Ҳозирча янги аппарат йўқ, келса, албатта, ўрнатамиз”. Қойил, “бор дедим тутилдим, йўқ дедим қутулдим”, дегани шу бўлса керак-да…

Ҳудудда учта умумий ўрта таълим мактаби, битта қишлоқ врачлик пункти мавжуд. Интернет тармоғини-ку аста-аста тилга ҳам олмай қўйишаяпти, бу ерда, ҳатто шаҳар телефонлари ҳам бирда ишлаб,  бирда ишламайди. Бу кетишда рақамли технологиялар тизимига қачон тўлиқ ўтамиз?

Аксига олгандай, бу йил пандемия сабаб мактаб ўқувчилари, талабалар, ўқитувчилар онлайн дарсларни кўриш, тинглаш борасида фақат орзу қилишмоқда.

Депутатлик фаолиятим жараёнида аҳолидан тушаётган сўровномаларнинг яна бир қисми мактабгача таълим муассасаси очиш тўғрисида бўлаётгани ҳам бор гап. Аммо маҳалла ҳудудида 70 дан 100 нафаргача 3 ёшдан 6 ёшгача боғча ёшидаги болалар бўлишига қарамай, ташкил этишга ҳаракат йўқ. Тумандаги Мактабгача таълим бўлими мутасаддилари “оч қорним, тинч қулоғим” қабилида иш юритишаяпти. Буларни сўраб-суриштирадиганлар ҳам борми?..

Қизиқ, ҳатто маҳалламизда биронта солиқ тўлайдиган, расман ташкил этилган дўкон ҳам йўқ экан. Ол-а, эгасизлик ҳам шунчалик бўладими? Ахир улар ҳам давлатга солиқ тўлаши, сотаётган маҳсулотнинг сертификати бўлиши керак-ку! Агар озиқ-овқат маҳсулоти сифатсиз бўлса, бундан қанча одамлар азият чекади? “Қўлбола” дўконимиз мудири ҳужжати бўлмагач, унда жавобгарлик ҳисси ҳам бўлмайди-да. Аммо бемалол савдо қилаверади…

Энг ёмони, карантин кучайган пайтда маҳаллага келтирилган биринчи эҳтиёжга молик молларни тушириб оладиган ва аҳолига тарқатадиган дўкон бўлмагани боис, ташқарида қолган озиқ-овқат маҳсулотларини, карантин талабларини бузиб, аҳоли бир-бирини ур-йиқит қилиб, тала-тала қилишди. Маҳалламиз раисининг карантин қоидаларига  риоя қилиш тўғрисидаги талабига биров эътибор ҳам қаратмади.

Яна бир гап, аҳоли эҳтиёжининг катта қисмини ҳар душанба куни Мижғон ва Кўкқовға қишлоқларида бўлиб ўтаётган норасмий бозорлар қондиради. Ҳар душанба куни тадбиркору савдогарлар, анча юқори нархларда бўлса-да, аҳолига турли хил озиқ-овқат, кийим-кечак ва хўжалик молларини олиб келиб сотишади. Бу яхши, албатта. Ҳеч йўқдан кўра, бор-да. Аммо сотилаётган молларнинг сифат даражасини, санитария-гигиена талабларга мослигини текширадиган Санитария эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари, маҳаллий бюджетга солиқ тушумларини амалга оширадиган туман солиқ идораси, ҳатто бундай бозорларнинг мавжудлигини ҳам билишмаса керак, ёки…

Бу маскандаги она табиат туҳфаси бўлмиш —  баланд-баланд тоғлар бағри сирли-синоатли. Бу фикримни тошларга ўйиб ёзилган турли битиклар, расмлар, ёзувлар, ёвдан ҳимоя қилган “Тош қўрғон”, “Қиз қўрғон”, “Қирқ қиз қўрғони” ҳамда “Сўгал тош” шифохонаси яққол тасдиқлайди.

Туман Кенгаши депутати сифатида бу тарихий жойларнинг сир-синоатини ўрганадиган олимларни, экотуризм вакилларини расман маҳалламизга таклиф қилган бўлардим. Эҳтимол, бу манбаларда тарихимиздан сўзловчи ёрқин саҳифалар бекиниб ётгандир. Бу сир-синоатларни ўрганадиган вақт келди, деб ўйлайман.

Омон ҲАЙИТОВ,

Халқ депутатлари Қўшработ туман Кенгаши депутати  

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × two =