“Ҳақиқий санъатни бизнес, деб билиш гуноҳдир”

Ўзбек санъатини улкан чаманзорга қиёслайдиган бўлсак, унинг бағрида ифори турли гул кўп, чечак кўп. Ҳар бирининг бул чаманда ўз таровати, ўз лутфи борлиги айни ҳақиқат. Бугунги ўзбек миллий санъатини ўзининг ноёб овози, такрорланмас миллий услуби билан бойитиб келаётган санъаткорлардан бири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ойбек Ҳамроқулов табиатан камсуқум, қалбида самимият мужассам, ўзбек мумтоз ғазалларининг чинаккам шайдоси, десак хато бўлмайди. Биз мумтоз ғазаллар ижрочиси, истеъдодли санъаткор билан суҳбатда бўлдик. 

— Сиз санъаткор оиласида вояга етгансиз, сиздан санъатга ошнолик қачон бош­ланган, деб сўрамоқчи эмасман, аммо бу бошқа соҳани танлашингизга халақит қилмаганми? Демоқчиманки, болалигингизда ким бўлмоқчи эдингиз?

— Мусиқага, санъатга бўлган иштиёқ болалигимдан шаклланган. Отам, биринчи устозим, Ўзбекистон халқ артисти Нуриддин Ҳамроқулов мени санъатга ошно этди. Шу боисдан, бошқа касбни эгаллаш истаги менда бўлмаган, десам янгилишмайман. Отамнинг санъатга бўлган меҳри, ўзгача ҳурмат билан ардоқлаши менга ҳам ўтган. Мен айнан шу муҳитда улғайдим. Болалигимда  ўзимча уларнинг қўшиқларни хиргойи қилиб юрардим. Бора-бора мусиқага бўлган иштиёқим мени санъат соҳасини танлашимга сабаб бўлди.

— Қизиқ, нега ажойиб овоз соҳиби, эл таниган санъаткор Ойбек Ҳамроқулов ҳақида интернет сайтларида, газета-журналларда дилкаш суҳбатлар йўқ ҳисоби? Буни ўзингиз хоҳламайсизми ёки сизни суҳбатга чақиришмайдими? Умуман, бўлажак таклифларга қандай қарайсиз?

— Таклифлар жуда кўп бўлади. Бироқ дидингга мос келадиган таклиф билан чиқадиган нашр ҳам бўлиши керак-да. Бу билан марказий нашрларга давоим бор, демоқчи эмасман. Кўпинча тузилган саволлар “куракда турмайдиган” даражада бўлади. Баъзида хизмат сафарларида бўламан. Шу сабабданми, чиндан ҳам газета-журналларда ҳеч жўяли чиқиш қилмаганман.

Қолаверса, турли хил ижтимоий тармоқлар, сайтлар, хусусий газеталарга интервью бериб, ўзимни ортиқча кўз-кўз қилишни ҳам унча хушламайман. Мана, ўзингиз кўраяпмиз, бўлди-бўлмадига суҳбатлашиб кетаверадиган хонандалар ҳақида интернет оламида ҳар хил, бўлар-бўлмас гап-сўзлар “болалаб” кетаяпти. Ҳатто, шахсиятига тегишаяпти. Бу албатта, ўзбек санъатига, қолаверса санъаткор шаънига яхши эмас. Бироқ телеканаллар томонидан ташкил этилдиган байрамона давралардаги дилкаш суҳбатларга вақт ажратиб, бориб тураман.

— Демак, бу борада биз омадли эканмизда? Сизни суҳбатга рози қила олдик?

— Албатта, яхши нашрлар, самимий суҳбатдошларга доим вақт топилади.  

— Мумтоз адабиётимизга ихлосингиз баланд, буни биламиз. Қўшиқ учун ғазал танлашда нималарга кўпроқ эътибор қаратасиз? Ғазал матни ром этадими ё унинг муаллифи?

— Биринчи навбатда, ғазалнинг ёки шеърнинг матни, албатта. Муаллиф иккинчи масала, яъни у оддий шоир, камтарин ижодкор бўлиши мумкин, аммо ёзган шеъри ўқиган, тинглаган қалбларга етиб бориб, дардманд қалбларга даво бўла олса, менга шунинг ўзи етади. Ростини ҳам айтай, мен кўпроқ ғазалларга мурожаат қиламан, сабабики, мумтоз шоирларимиз томонидан ёзилган бундай ноёб, қайта-қайта ўқиганингда ўзинг учун янгича маъно-мазмун, моҳият топадиган асарлардан хонанда бўла туриб қўшиқ ижро этмасликни мен ўзимга сингдира олмайман.

— Барча куйлаган қўшиқларингиз ўз мухлисларини тезда топа олди. Бу борада сиз ўзингизни омадли санайсизми? Ё бунинг бошқа сири ҳам борми?

— Менинг назаримда бу омадга боғлиқ эмас. Чунки, аввало, омадга яраша меҳнат қилишингиз, халққа ёқадиган шеърни танлай олиш, унга мос равишда мусиқа басталаш маҳорати, овоз билан ишлай олиш қобилиятингиз ҳам бўлиши керак. Масалан, мен бирор-бир қўшиқни басталаб, ёзганимдан кейин бир муддат “токча”га ташлаб қўяман. Орадан маълум вақт ўтгандан сўнг, ёзиб олинган нусхасини қайтадан тинг­лаб, сўзларини, мусиқасини таҳлил қилиб, ўзгартирадиган жойлари бўлса, қайтадан ишлаб, кейин кўнглим тўлсагина мухлисларимга тақдим этаман.

Мана, сизга бир мисолни айтаман. Яқинда куйлаганим, шоир Азим Суюн шеъри билан “Ҳай-ҳай бу қиз” деган қўшиқни куйини 2003 йили басталаганман. У анча йиллар архивимда турди, неччи маротаба ўзгартиришлар, тузатишлар киритилди. Ва ниҳоят, ўзимга маъқул келган шаклга келтириб, тақдим қилдим. Қай даражада чиқди буни энди халқимиз баҳолайди.

— Ҳар бир хонанданинг ўзи ёқтирган қўшиқчиси, қўшиғи бўлади. Сиз кимларнинг ижодига кўпроқ қизиқасиз?

— Мен, асосан, устоз-санъаткорларимизни эшитаман. Комилжон Отаниёзов, Ортиқ Отажонов, Бобомурод Ҳамдамов буларни устоз, деб билганман. Ёшларни ҳам тинглаб тураман, яхши хонандаларимиз етишиб чиқмоқда. Баъзиларидан эса кўнг­лим тўлмайди. Бир қарасанг турк­дан, бирда эрондан, бирда араб қўшиқларидан кўчириб ўғирланган мусиқалар, бу кимга керак? Ҳар бир санъаткор яратаётган қўшиғининг сўзи, мусиқаси устида ўзи ишлаши, тер тўкиши, меҳнат қилиши керак.

Тўғри, бир пайтлари озарбайжонча, кейин арабча, туркча, эронча усулда қўшиқ айтиш урф бўлганди. Европага ҳам тақлид қилиб кўрилди, аммо уларнинг бирортасини халқимиз қабул қилолмади, ҳозир эслолмайди ҳам. Халқнинг дилида яшаб келаётган қўшиқлар фақатгина миллий санъатимиз намуналари. Шунинг учун бугун турли ажнабий куй ва қўшиқларнинг ҳиди келадиган, олди-қочди сўзлар билан айтилган ашулаларнинг умрини, машҳур ибора бор-у — “бирров”, ана шунга ўхшатса бўлади.

Демак, меҳнат ва илҳомсиз яратилган қўшиқ ҳақиқий санъатни севгувчи халқнинг қалбидан ўрин ололмайди. Чиройли ижро, такрорланмас мусиқалар билан қалбларга кириб борсагина, уни эътироф этсанг арзийди. Умид қиламанки, миллий мусиқамизни янгича кўриниш, услубларда кўйлаб ёш хонандаларимиз ҳам санъатимиздан муносиб ўрин эгаллайди. 

— Ойбек Ҳамроқулов санъатни бизнес деб тушунадими?

— Йўқ. Булар бошқа-бошқа нарсалар. Шахсан мен бу соҳага бизнес, деб эмас, чинакам санъаткор бўламан, деб кириб келганман. Албатта, иқтисод ҳам керак, уни рад қилиб бўлмайди. Бироқ санъатга бизнесни қориштириб  қўйиш гуноҳдир. Бундай ўткинчи, енгил-елпи хаёллар билан санъатга кириш мен учун хиёнатдек гап. Шоу-бизнес қиламан, деётган баъзи “хонандалар”нинг дардсиз, дидсиз чиқишлари саҳнани бутунлай эгаллаб олиши ҳам нотўғри, назаримда. Фавқулодда танилиш, моддият илинжидаги ҳаракатлар вақтинчалик. Бундайларнинг “машҳурлиги” ҳам узоққа бормайди.   

— Санъаткорлар, ҳатто кечагина саҳна кўрган қўшиқчилар катта саҳнада яккахон концертини қўйишни хоҳлайди. Сиз нега жимсиз?

— Бу менинг оғриқли нуқталаримдан бири. 2000 йиллар эди, “Зарафшон”да, “Туркистон”да кон­­­церт бергандим. Мухлисларнинг ёдидан ҳам чиқиб кетган бўлса керак. Лекин режамда бор, бу борада янги қўшиқлар тайёрлаяпман, карантин тугаб, концертларга рухсат берилса, “Халқлар дўстлиги” санъат саройида концертимни қўяман, иншооллоҳ.

— Биламиз, сизнинг кўплаб мухлисларингиз бор. Аллоҳ берган ноёб неъмат — ширали овозингиз бор. Сўрамоқчи бўлганим, ўзингиз кимларгадир устоз­лик қилишга ҳам маҳоратим етарли, деб ўйлайсизми?

— Устозлик — улуғ мақом. Бу мен учун қийин жараён. Ҳали у даражага етиб келдим, деб айта олмайман. Сизга бир мисол келтирсам, устозларимиз Ортиқ Отажонов ҳамда Бобомурод Ҳамдамовлар Комилжон Отаниёзов хонадонларида 3 йил қолиб хизмат қилган экан. Доим шу ерда бўлиб, Комилжон аканинг овозини, услубини ўрганиб, кейин катта санъатга кириб келишган. Бугун эса ёшларимиз бунга чидай олишмайди, бардошлари етмайди. Мен болалигимдан отамнинг ёнларида бўлиб, уларни доим кузатганман. Овозлари, услуби, ёндашувлари барчасини кўриб, билиб кейин оқ йўллари билан санъатга кириб келганман. Бу жуда мураккаб жараён…

— Саҳнада санъаткорнинг сурат ва сийрати қанчалик даражада яқин, ҳамоҳанг бўлиши керак? 

— Бу энг муҳим ҳолатлардан бири. Санъаткорнинг нафақат сурати, сийрати, сўзи, услуби, ҳаттоки қадди-қомати ҳам бир-бирига мос бўлиши керак. Агар хонандада булардан биронтаси бўлмаса, ижод тугал бўлмайди, кемтик бўлиб қолади. Мабодо, сизда ташқи кўриниш унчалик даражада “мос” эмас, аммо Аллоҳ томонидан фақат сизгагина инъом этилган, ноёб овозингиз билан мухлисларни маҳлиё қилиб қўйишигиз керак. Ана ўшандагина улар сизнинг ташқи кўринишингизни унутишиб, овозингиз сеҳридан баҳраманд бўлишади, тан олишади.

— Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовда шундай гап бор: “Ижодкорда қишлоқнинг қалби, шаҳарнинг ақли бўлиши керак…” Бу ҳақда сизнинг фик­рингиз қандай?

— Албатта, нафақат ижодкор, санъаткорда ҳам бу сифатлар бўлиши керак. Ўзи санъаткор, ижодкор, шоир, ёзувчи — булар битта тушунча. Ҳаммамизнинг ҳам мақсадимиз халққа маъқул келадиган асарлар, қўшиқлар яратиш. Агар санъаткорнинг илҳом манбаи бўлган қалбида қишлоқнинг жайдари, соф, самимий, соддадиллик бўлса, зўр асарлар ярата олиши аниқ. Санъаткор томонидан куйланган қўшиқ бўладими, шоирнинг ёзган шеъри, асари, ҳаттоки рассомнинг чизган суратида ҳам бу уйғунлик бўлиши лозим. Ўзида бу сифатларни мужассам эта олмаган ижодкордан яхши асарни кутиш қийин.

— Бугун нималар билан бандсиз, мухлисларга қандай “совға”лар тайёрлаяпсиз?

— Бугун пандемия муносабати билан биз ҳам, асосан уйда, лекин қизғин ижоддамиз. Шу кунларда ўтаётган вақт ҳақида бир қўшиқ тайёрладим. Яқинда мухлисларга тақдим этмоқчиман. Ундан ташқари, архивимдаги 10 тача қўшиқларимни қайта ёзиб, ишладим. Насиб бўлса, октябрь ойининг охирларига уни ҳам халқимизга улашиш режамда бор. 

— Кўплаб мухлисларингиз томонидан ёд олиниб, қайта-қайта хиргойи қилинувчи “Соҳибқироним бор мани” қўшиғингизнинг ижроси тарихи ҳақида гапириб берсангиз?

— Бу қўшиқни биринчи бор устоз-санъаткор Комилжон Отаниёзов ижро этган. Мен ҳам уларга ҳавас қилиб ушбу қўшиқни дастлаб, ўзимча хиргойи қилиб юрар эдим. Кунлардан бир куни Чирчиқ шаҳрига тадбирга бордик. Илк маротаба шу ашулани ижро этиб кўрдим. Қўшиқни эшитган меҳмонлар яна айтиб беринг, деб илтимос қилишди. Хоразмлик Равшанбек деган акамиз бор. Шу акамиз “Ойбекжон, шу қўшиқни сен айтишинг керак,  мана кўрасан каттагина шов-шув бўлади. Қўшиқ айнан сенга мос тушди”, деб қолди. Ҳа, айтаман дедимда, негадир қунт қилмадим. Орадан бир муддат ўтгандан сўнг шу акамиз билан яна бир хизматда кўришиб қолдим. Яна қўшиқни айтишимга даъват қилдилар. Шундан сўнг созанда Бунёдбек Абдуллаев билан биргаликда уйда аранжировка қилдик-да, эртаси куни студияга бориб ёздик. Кейин бу қўшиққа раққоса Иродахон Исмоиловани жалб қилдик. У пайтда синглимиз талаба эди. Оналаридан рухсат олдик, қўшиққа рақсни ҳам қўшдик. Орадан озгина вақт ўтар-ўтмас Равшанбек ака айтганидек қўшиқ ўз мухлисларини топ­­ди. Санъаткорлар тили билан айтганда машҳурликка эриша олди.

— Ойбек Ҳамроқуловнинг китобни танлаб ўқиши қанчалар ҳақиқатга яқин?

— Агар яхши асар бўлса, китоб­нинг шеър ёки бошқа жанр­да бўлишининг фарқи йўқ. Бадиий, тарихий, шеърий китоб­лар, мумтоз шоирларимизнинг ғазаллари — доимий ҳамроҳим. Дўстларим ҳам китобни севганимданми, менга кўпроқ китоб совға қилишади. Бундан хурсанд бўламан.

Таниқли адиб Асқад Мухторнинг “Китобнинг ўқилгани — бойлик, сотиб олингани эмас”, деган гапи бор. Шу боис китоб олсам, аввал обдан ўқиб, кейин жавонга жойлайман.

— Китоб жавонингиздан ўрин олган кимларнинг китобларини “жавоним жавоҳирлари”, деб баҳолайсиз?

— Навоий, Фузулий, Ҳилолий, Низомий китобларини жавоним жавоҳирлари, десам адашмайман. Шунингдек, Мирзо Бобурнинг “Бобурнома”, Мирмуҳсин қаламига мансуб “Темур Малик” романи, Хайриддин Султоновнинг “Бобурийнома” сингари асарларни севиб мутолаа қиламан.

Айниқса, мумтоз ғазалларга жуда қизиқаман, қайта-қайта ўқийман, тушунмаган сўзларни луғатлардан топиб, ўрганаман. Юрагимга яқинларини танлаб, сўзларини такрорлаб, маъносини англаганим ҳамоноқ куйи ҳам пайдо бўла бошлайди. Шу аснода қўшиқларимнинг оҳанги ҳам, сўзи ҳам, куйи ҳам яралади.

— “Ҳуррият”чиларга тилак­ларингиз?

— Биринчи навбатда, бугунги мураккаб, таҳликали даврда ҳам ўз мухлислари учун газетанинг ҳар бир сонини пешма-пеш етказиб бераётган таҳририятнинг барча ходимларига алоҳида раҳматимни айтиб қоламан. Илоҳим қаламингиз ўткир, сўзингиз салобатли бўлсин.

Суҳбатдош:

Ислом АСИЛБЕКОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

six + 1 =